Ходим бир ойдан кам ишлаган бўлса, таътил учун компенсация тўланадими

preview

«Ходим 10 августда иш бошлади, 30 августда эса унинг хоҳишига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинди. Агар ходим ҳатто бир ой ишламаган бўлса, унга фойдаланилмаган таътил учун пулли компенсация тўлаш керакми?»

Саволга kadrovik.uz илтимосига кўра «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

 

Экспертларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Агар иш даври ўн беш кун ёки ундан кўпроқни ташкил қилган бўлса, иш берувчи ходимга меҳнат таътилининг фойдаланилмаган кунлари учун пулли компенсация тўлаши шарт.

Агар ходим ўн беш кундан кам ишлаган бўлса – унга фойдаланилмаган таътил учун пулли компенсация тўланмайди.

 

Ишдан бўшатилгандан кейин компенсация қилинадиган таътил кунларини қандай ҳисоблаб чиқариш керак

Ходимнинг меҳнат таътили олиш ҳуқуқини берувчи иш йили меҳнат шартномаси бўйича ҳақиқатда иш бошланган санадан эътиборан ҳисоблаб чиқарилади . Таътил олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига иш йили давомида ҳақиқатда ишланган вақт, шунингдек  МКнинг 226-моддаси 1-қисмига мувофиқ баъзи бошқа даврлар ҳам киритилади.

Эътибор беринг
Ходимнинг иш жараёнида ҳар йилги асосий меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига киритилмайдиган даврлар бўлган-бўлмаганлигини текширинг: прогуллар ва ишдан четлаштириш (МКнинг 226-м. 1-қ. 4,5,6-хатбошида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).

 

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга барча фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланади . Агар ходим тўлиқ иш йилида ишламаган бўлса, компенсация қилинадиган таътил давомийлиги ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисобланади.

Бу ерда МКнинг 224-моддасида белгиланган қоида қўлланилади: ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлиги ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилининг тўлиқ миқдори ўн иккига бўлинади ҳамда тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтирилади. Бунда ўн беш календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган ортиқча кунлар бир ой деб яхлитланади, ўн беш календарь кундан ками эса ҳисобга олинмайди.

 

Ҳисоблашга мисоллар

Ходим 10 августдан 30 августгача – 21 кун ишлади.  Ушбу кунларни бир ойгача яхлитланг ва меҳнат таътилининг белгиланган давомийлигидан келиб чиқиб мутаносиб пулли компенсация тўланг.

Айтайлик, ҳар йилги асосий таътилнинг давомийлиги 21 календарь кунни ташкил қилади, пулли компенсация эса фойдаланилмаган таътилнинг икки куни учун тўланиши керак. Бу рақам қандай пайдо бўлди?

21 кунлик таътилни 12 га бўламиз ва 1 ойлик ишга кўпайтирамиз (21 : 12 х 1).  1,75 ҳосил бўлади. Кейинчалик МК 224-моддасининг яна бир қоидасини қўллаймиз: «ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда меҳнат таътили кунлари умумий давомийлигини ҳисоблашда олинган 0,5 га тенг ва ундан кўп ўнликлар бир кун деб яхлитланади, 0,5 дан ками эса ҳисобдан чиқариб ташланади».  Шундай қилиб, 1,75 ни 2 кунгача яхлитлаймиз.

Агар асосий таътилнинг давомийлиги 30 кун бўлса, юқоридаги формулага амал қилиб, пулли компенсация (30 : 12 х 1) тўланиши керак бўлган уч кунлик фойдаланилмаган таътил ҳосил бўлади ва ҳоказо.

Агар ходим қўшимча таътил олишга ҳақли бўлса , у ҳолда компенсация қилинадиган таътил кунларини аниқлаб, асосий ва қўшимча таътилни жамлаш керак. Мисол учун, ходимнинг асосий таътили – 30 кун, битта соҳада узоқ йиллик иш стажи учун қўшимча таътиллар – 2 кун, ноқулай иш шароитлари учун – 4 кун. Барча таътилларни жамлаймиз – 36 кун ҳосил бўлади. Кейин формула бўйича уч кунлик фойдаланилмаган таътилни оламиз, бунинг учун иш берувчи ходимга пулли компенсация тўлаши керак (36 : 12 х 1 = 3).

 

Тўловни тўламаганлик учун жавобгарлик

Ишдан бўшатишда ходимга фойдаланилмаган меҳнат таътили учун унга тўланиши керак бўлган пулли компенсацияни тўламаслик меҳнат қонунчилигини бузиш сифатида қаралади ва МЖтКнинг 49-моддаси бўйича (жарима – 5-10 БҲМ) жавобгарликка сабаб бўлади.

Бундан ташқари иш берувчи ходим тегишли тўловларни, шу жумладан меҳнат шартномасини бекор қилишда тўланадиган тўловларни кечиктирганлик учун молиявий жавобгар саналади. Агар иш берувчи МКнинг 172-моддасида белгиланган тўлов муддатларини бузган бўлса, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт. Ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланади .