Тажрибаси бўлмаган ёш номзодларнинг қобилиятини қандай тўғри баҳолаш мумкин

preview

«Мен ёш авлодни сира тушунмайман. Институтни тугатмасдан, тажрибага эга бўлмасдан туриб ҳамма нарсани биладиган ва уддасидан чиқадигандек ишга жойлашишга келишади.  Маош қанчалигини, қандай бонуслар борлигини, қанча вақтдан кейин мартаба кўтарилишини дарҳол сўрашади. Уларда аввалги иш жойларидан тавсияномалар йўқ. Энг камида телефонда, курьер сифатида ишлашган ёки амалиёт ўташган. Уларни  қандай баҳолаш мумкин?»

Иш тажрибаси бўлмаган номзод сизнинг компаниянгизга мос келиш-келмаслигини суҳбатдаёқ қандай аниқлаш мумкинлигини kadrovik.uz илтимосига кўра HR-маслаҳатчи Иринa ШАКИРОВА тушунтирди:

 

Амалиётчи-мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Катта эҳтимол билан гап Z авлоди (зумерлар) ҳақида кетмоқда. Булар тахминан 1996-97 йиллардан 2012 йилгача туғилган одамлардир. Уларни ишга олганда самарали ўзаро таъсир қилиш ва низолашмаслик  учун ушбу авлоднинг ўзига хос хусусиятларини тушуниш муҳим.

 

Ёш  ходимлар – зумерлар ҳақида нималарни билиш керак:

Z авлоди вакиллари кўп вақтларини виртуал муҳитда – ижтимоий тармоқларда, турли истеъмол сервисларида, ахборот ва таълим каналларида ўтказадилар. Улар смартфонларда «яшайдилар».  Замонавий технологиялардан дадил ва фаол фойдаланадилар, бу уларга ҳар қандай маълумотни осонгина олиш ва уни тезда ўзлаштиришларига ишонч беради.  Барча истеъмол серверлари шундай тузилганки, улар тармоқда эҳтиёжларни «топади», тармоқдаги одамнинг профилига мос равишда контент ва реклама таклиф қилади, бундай ходимлар иш берувчи уларга «мослашишини», доимий равишда уларни нима қизиқтирса, шуни таклиф қилишини, иш ёрқин, ранг-баранг, динамик бўлишини кутишади. Зумернинг ҳар доим виртуал маконда қўллайдиган ижтимоий тармоқ профили, ёрқин ифодаланган «мен»и бор. Шунинг учун улар ҳаётий ва касбий тажрибанинг етишмаслигини муҳим деб ҳисобламайдилар, улар шахсий ютуқларидан қатъи назар, ўзларини шахс деб ҳисоблашади (ҳозирча улар кўп бўлмаслиги мумкин).

Бу авлоднинг ёш ходимлари ўзлари кўп иш қилишга интилишади, мақсад жамоавий натижаларга эмас, балки индивидуал натижаларга қаратилган. Улар прагматик ва ишбилармон. Уларнинг ҳаётий устуворликлари – яхши квартира, саёҳат, вақтни қизиқарли ўтказиш. Улар блогерларнинг эрталабдан кечгача офисда ишламасдан қандай қилиб кўп пул топишларини кўришяпти, шунинг учун ҳам улар яхши маош тўланадиган, лекин улардан ортиқча нарса талаб қилмайдиган иш қидиришади. Ўз вақтларини қадрлашади, кўпроқ эркинликни хоҳлашади. Агар ротация, фаолиятни ўзгартириш, мартаба кўтарилиши, иш ҳақини мажбурий ошириш билан қизиқарли лойиҳалар имконияти бўлмаса, уларнинг аксарияти компанияда узоқ ушланиб қолмайди.

Олдингизга зумер номзодлар келганда буларнинг барчасини эътиборга олиш керак.

 

Тажрибаси йўқ номзодларнинг шахсий фазилатлари, потенциали, у ёки бу бўш иш ўрнига мувофиқлигини қандай баҳолаш керак

Ёш зумер номзодларни баҳолаш учун  «Касб танлаш» мавзусидаги суҳбатдан фойдаланиш мумкин. Номзод ўз танлови ҳақида гапираётганда ўзининг муносабати, қадриятлари, мотивацияси ва бошқа муҳим жиҳатлари ҳақида гапиради деб тахмин қилинади, унга кўра у вакансия талабларига мос келиш-келмаслиги ҳақидаги хулосага келиш мумкин бўлади. Касб танлаш мавзуси суҳбат давомида номзод ҳақида жуда кўп фойдали маълумотларни берадиган бир қатор қўшимча саволлар билан тўлдирилади.

Келинг, бундай суҳбатнинг баъзи саволларини кўриб чиқайлик:

1. Ўрта мактабни тугатаётганингизда ким бўлишни хоҳлаган эдингиз? Нима учун?

Бу саволга жавоб ким қарор қабул қилганини кўрсатади: шахснинг ўзи ёки унинг ота-онаси, номзод қанчалик мустақил. У қандай сабабларни кўрсатади, унинг қизиқиш доираси қандай. Унинг бу танловга танқидий муносабати борми, ўзи нима деб ўйлайди.

 

2. Мақсадингизга эришдингизми? Нима тўсқинлик қилди? 

Жавоб одамнинг йўлини, унинг муваффақиятсизликка ёки ўзгаришларга муносабатини, агар улар   бор бўлса, очиб беради.

 

3. Қандай қилиб муваффақиятга эришдингиз?

Агар номзод дастлаб хоҳлаган нарсасига эришган бўлса, биз унинг сабаб-оқибат муносабатларини шакллантира оладими ёки йўқми, унинг «муваффақият модели»ни билиб оламиз.

 

4. Дастлабки мақсаднинг ўрнига нимани танладингиз? Нима учун? Мақсадга эришдингизми?

Агар дастлабки режа ўзгарган бўлса, бу қандай содир бўлганини, одам қандай қарор қабул қилишини ва ўзгаришларга қандай муносабатда эканлигини билиш мумкин бўлади.

 

5. Нега бу вакансияни танладингиз?

Номзод учун ҳал қилувчи бўлган танловнинг мотивациясини билиб оламиз.

 

6. Сизда муваффақиятлар бўлганми? Энг катта муваффақиятингизни тасвирлаб беринг? Нега бу муваффақият деб ўйлайсиз?

 Номзодда мавжуд ўзини ўзи баҳолаш ва муваффақият мезонларини аниқлаймиз.

 

7. Сизда муваффақиятсизликлар бўлганми? Улардан бирортаси ҳақида гапириб беринг. Бунинг олдини олса бўлармиди?

Жавоб инсон ўз хатоларини тан олиш, улар учун жавобгар бўлиш, вазиятни таҳлил қилиш ва хулоса чиқариш қобилияти бор-йўқлигини кўрсатади

 

8. Ўз олдингизга қўйган мақсадингизга эриша олмаган вазиятда қандай ҳаракат қиласиз?

Бу ерда биз инсоннинг қанчалик мослашувчанлиги, мақсад сари интилиши, тўсиқларни енгиб ўтишни биладими, турли хил вариантларни кўриб чиқадими, тушунишимиз мумкин. У қандай ҳаракат қилади – мустақилми ёки ёрдам сўрайдими?

 

9. Агар барибир ўхшамаса?

Бу ерда номзод ўз йўл-йўриғи ва эътиқодига аниқлик киритади.

 

10. Нимани кучли томонларингиз деб ҳисоблайсиз? Нима учун?

Кўп одамлар устунликлари ва камчиликлари ҳақидаги саволга жавоб бериш учун олдиндан тайёргарлик кўришади, аммо биринчиликни жой-жойига қўйиш қизиқарли бўлиши мумкин. Бу бизга одам ўзи талабгор бўлаётган вакансия талабларини қанчалик тушуниши ҳақида тасаввур беради. Масалан, номзод ностандарт вазиятларда (колл-марказ оператори) мустақиллик зарур бўлган позицияни эгаллашни хоҳлайди, ижрочиликни эса ўзининг фазилати деб атайди. Демак, унинг вакансия ҳақидаги тасаввури адекват эмас.

 

11. Нималарни заиф томонларингиз деб ҳисоблайсиз? Нима учун?

Жавоблар, шунингдек, вакансия талаблари билан ўзаро боғлиқ бўлиши керак.

 

Кўриб турганимиздек, бундай суҳбатда ҳатто иш тажрибасига эга бўлмаган одам ҳам сизга мос келиш-келмаслиги ҳақида кўп маълумот беради.

Зумер авлодининг ўзига хос хусусиятларига келсак, уларни ҳисобга олиш, тушуниш ва бундай номзодларни ўзгача бўлгани учун душманлик билан кутиб олмаслик керак. Биз биргаликда яшашимиз ва ишлашимиз керак, демак, янги авлод ходимлари томонидан қабул қилинадиган самарали иш шаклларини излашимиз керак. Бир-бирига нисбатан бундай ҳаракатнинг имкони бор ва жуда қизиқарли.

 

Эътибор беринг

Сиз «Ходимларни қидириш ва саралаш» масофавий курсимизда кадрларни бошқариш бўйича кўникмаларингизни оширишингиз мумкин.

Суҳбат давомида номзоднинг баҳосини батафсил кўриб чиқадиган «Номзод билан суҳбат» модулини танланг.