Кундузги бўлим талабаларини ишга қабул қилишдаги чекловлар ва ҳуқуқларни ҳисобга олиш

preview

«Бизнинг ташкилотимизда тўлиқсиз иш кунида (4 соат) таржимон сифатида 3-курс талабаси ишлайди. У ўқиётган институтда машғулотларга қатнаш эркин тарзда йўлга қўйилган. У институтга икки ҳафтада бир марта  3–4 соатга боради,  қолган вақт талабаларга мустақил тайёрланиш учун берилади.

Ҳар куни соат 9:00 дан 18:00 гача тржимон-талаба ишда бўлади. Август ойида у иккинчи ташкилотга ўриндошлик асосида таржимон сифатида ишга жойлашди.

3-курс талабаси бир вақтнинг ўзида бир нечта ташкилотларда ишлаш ҳуқуқига эгами?»

Меҳнат қонунчилиги нормаларини kadrovik.uz илтимосига кўра эксперт ва «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС изоҳлади:

 

Амалиётчи-мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Меҳнат қонунчилиги талабага иш ва кундузги ўқишни бирга олиб боришни тақиқламайди. Агар у асосий иш жойи бўйича ишга жойлашган бўлса – у ҳолда тўлиқ саккиз соатлик иш кунида ҳам ишлаши мумкин. Кундузги ўқитиш шакли бўйича таълим олаётган талабалар ўқиш йилидан қатъи назар, ўқишдан бўш вақтларида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга .

Аммо талабани сизнинг вазиятингизда бўлгани каби иш жойида 9:00 дан 18:00 гача бўлган ҳолатда тўрт соатлик иш куни учун меҳнат шартномаси бўйича расмийлаштириш – ноқонуний.

Агар иш берувчи талаба-ходимнинг ўқишдан бўш вақтида иш вақти режимини белгиласа, талабани ишга қабул қилиш мумкин. Бу шарт меҳнат шартномасида келишилиши керак.  Талаба эса меҳнат шартномасини имзолагач, унинг шартларини бажариши шарт.

Агар ишлайдиган талаба ишда бандлиги сабабли ўқув режасини бажармаса, иш берувчи бунинг учун жавобгар саналмайди.

Шунингдек, ОТМ талабаларига, агар улар вояга етган бўлса ва МКнинг 433-моддасида назарда тутилган ўриндошлик бўйича ишлаш учун бошқа чекловлар бўлмаса, ўриндошлик асосида ишлашлари тақиқланмайди. Асосий иш жойидаги иш берувчи ўз ходимларига, ҳатто улар талаба бўлса ҳам, ўриндошлик асосида ишлашни тақиқлай олмайди.

Кундузги таълим шаклида ўқиётган талаба билан ўриндошлик асосидаги  иш тўғрисида меҳнат шартномасини тузаётиб, у фақат ўқишдан бўш вақтларидагина ишлаши мумкинлиги ҳақидаги талабни бажариш керак. Кундузги таълим шаклида ўқиётган талабанинг иш режимига келсак, бир нечта вариантлар мавжуд:

  • ўриндошлик асосида ишлашда ходимларнинг мазкур тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлмайдиган иш вақти режимини ўрнатиш ;
  • асосий ишидан бўш бўлган кунларда кундузги таълим шаклида ўқиётган талабани тўлиқ иш кунида иш билан таъминлаш ;
  • талаба учун иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни ёки мослашувчан иш вақти режимини назарда тутиш .

Иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни юритиш чоғида ўриндошлик асосидаги иш вақтининг (сменанинг) умумий давомийлиги ҳисобга олинаётган давр учун ўриндошлик лавозими бўйича иш вақти нормасининг ярмидан кўп бўлмаслиги керак. Меҳнатга ҳақ тўлаш ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда амалга оширилиши керак.

Амалда барча иш берувчилар ҳар доим ҳам ишнинг табиати туфайли кундузги таълим шаклида ўқиётган талабалар ишини ташкил қилиш учун барча талабларга риоя қилиш имкониятига эга эмаслар. Мисол учун, «ўқишдан бўш вақт» корхонадаги иш режимига тўғри келмайдиган, талаба учун эса мослашувчан иш вақти режимини белгилаш мумкин бўлмаган вазиятда. Иш берувчи шу сабабларга кўра талабага ишга қабул қилишни рад этиши ҳам мумкин.

Эътибор беринг: мутахассисликка эга бўлмай талаба маълум бир маълумот ёки мутахассисликни талаб қилмайдиган лавозимларда ишлаши мумкин. Талабани ишга қабул қилишда сиз Ходимларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторида кўрсатилган таълим даражасига қўйиладиган энг кам талаблар билан танишишингиз зарур. Ушбу талаблар бюджет ташкилотлари учун мажбурийдир, хусусий ташкилотларга эса тавсия этилади.

Классификаторда белгиланган ҳар бир лавозим ва касб бўйича таълим ва малака даражасига қўйиладиган талаблар Малака даражаларига эришиш схемасига мувофиқ тегишли лавозим (касб)нинг малака даражасидан келиб чиққан ҳолда иш берувчилар томонидан мустақил белгиланади . Ҳар бир ходимнинг малака даражасини аниқлашда нафақат унинг маълумоти, балки касбий тажрибаси, билимлари ҳамда шахсий ва ишбилармонлик фазилатларини ҳам ҳисобга олинг.

Талабаларни ишга қабул қилишни расмийлаштириш, уларнинг меҳнат дафтарчаларини юритиш, меҳнат шартномаларини ЯММТ тизимида рўйхатдан ўтказиш Меҳнат кодекси ва Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ умумий асосларда амалга оширилади.

Кундузги таълим шаклида ўқиётган талабаларга имтиҳон сессияларида иштирок этишлари учун ўқув таътиллари тақдим қилинмайди .

Кундузги таълим шаклида ўқиб туриб ишлаш-ишламаслик қарорини талабанинг ўзи қабул қилади. Сиртқи ва кечки таълим шакллари иш ва ўқишни бирга олиш бориш учун мўлжалланган.