Қўшимча таътил кунлари дам олиш кунларига тўғри келди: ходим бунга рози эмас

preview

«Ходимга 2023 йил 1 декабрдан 22 декабргача йигирма бир календарь кундан иборат меҳнат таътили тақдим қилинди, шунингдек унда компанияда беш йилдан ортиқ иш стажи учун  қўшимча икки кун бор. Қўшимча таътил кунлари 23 24 декабрь, яъни шанба ва якшанба кунларига тўғри келмоқда. Ходим корхонамизда шанба ва якшанба кунлари шундоқ ҳам дам олиш кунлари саналган бундай таътилга рози эмас.

Биз 2023 йил 23–24 декабрь кунлари учун қўшимча икки кунни тўғри тақдим этдикми? Бу кунларни, масалан, 25–26 декабрга кўчириш мумкинми? Агар қўшимча таътил кунларини иш кунларига ўтказиш мумкин бўлса, бундай буйруқни қандай расмийлаштириш керак

Саволга kadrovik.uz илтимосига кўра «Норма» эксперти Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:

 

Амалиётчи-мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Меҳнат кодексининг 222-моддаси 1-қисмига мувофиқ ҳар йилги меҳнат таътилининг умумий давомийлигини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар ҳар йилги асосий энг кам таътил ёки ҳар йилги асосий узайтирилган таътилга қўшиб жамланади.

Ходимга 1 декабрдан 21 + 2 календарь кун давомийлигидаги таътилни тақдим қилар экансиз, сиз меҳнат қонунчилигиини бузмайсиз.

Ходим ва иш берувчининг келишувига кўра ходимнинг таътилини кўчириш  эмас, балки қисмларга бўлиш мумкин. Масалан:

таътилнинг биринчи қисмини 1 декабрдан 22 декабргача;

таътилнинг иккинчи қисмини – 25 декабрдан 26 декабргача тақдим этиш.

Таътилни қисмларга бўлиш вариантлари, шунингдек Меҳнат кодексининг 231-моддасида қуйидаги қоидага мажбурий риоя қилинган ҳолда назарда тутилган: бундай таътилнинг ҳеч бўлмаганда бир қисми (биринчи қисм бўлиши шарт эмас) ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаслиги керак.

Бу вазиятда сиз ушбу қоидага риоя қилган бўлар эдингиз: таътилнинг биринчи қисми йигирма бир календарь кун (камида ўн тўрт календарь кун), иккинчиси – икки календарь кун (таътилнинг қолган қисми) давомийлигида бўлар эди.

Ушбу муаммони ҳал қилишнинг яна бир мумкин бўлган усули бор: ходим иш стажи учун тақдим қилинадиган қўшимча кунлар ўрнига пулли компенсация олишга ҳақли, чунки бу кунлар фойдаланиш  мажбурий бўлган минимал таътил давомийлигидан ошади  . Қўшимча таътил кунлари учун компенсация олиш учун ходимга ўз хоҳишини ёзма равишда: иш берувчи номига ариза ёзиш орқали билдириш кифоя.