Ишдан бўшатилган ходимни суд қарори бўйича ишга тиклаш тартиби

03.10.2024
author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– Ходимни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги суд қарорини ижро этиш тартиби ва муддатлари.

– Ходимнинг аввалги ишига тикланишини расмийлаштириш.

– Тикланган ходимнинг ўрнига ишга қабул қилинган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш.

Суднинг ходимни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги қарорини қандай ва қачон ижро этиш керак

Ишдан бўшашга рози бўлмаган ходим бу ҳақда фуқаролик ишлари бўйича судга шикоят қилишга ҳақли. Ходимдан ташқари меҳнат шартномасини ноқонуний равишда бекор қилиш тўғрисидаги низо юзасидан судга қуйидагилар мурожаат қилишга ҳақли:

– ходимларнинг вакиллик органи;

– Давлат меҳнат инспекциясининг мансабдор шахслари;

– адлия органлари;

– прокурор.

Суднинг ноқонуний равишда ишдан бўшатилган ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги қарори дарҳол ижро этилиши лозим. Агар иш берувчи бундай қарорнинг ижросини кечиктирса, суд унга ходимга кечикишнинг бутун вақти учун ўртача иш ҳақини тўлиқ миқдорда тўлаш мажбуриятини юклайди.

Шу тариқа, агар суд ходимни аввалги ишига тиклаган бўлса, ташкилот:

  • иш берувчи бунга рози бўлиши ёки бўлмаслигидан;
  • қарор кучга кирган- кирмаганлигидан;
  • шикоят қилинадими-йўқми, қатъи назар, ушбу қарорни дарҳол ижро этиши шарт.

Қарор бор – ижро бўлиши керак. Яъни, иш берувчининг суд қарори устидан шикоят қилиш нияти унинг ижросини кейинга қолдириш мумкинлигини англатмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ходимни аввал ишга тиклаш, кейин эса судга шикоят билан мурожаат қилиш керак.

Қарорда бу ҳақда ёзилмаган бўлса, уни дарҳол ижро этиш керакми?

ФПКнинг 255-моддасига мувофиқ, суд  қарорни дарҳол ижрога қаратганда, бу ҳақда қарорда кўрсатилади. Лекин баъзан суд бундай қилмайди. Бироқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам иш берувчи ишдан бўшаган ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги суд қарорини дарҳол ижро этиши шарт, чунки бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатда тўғридан-тўғри белгиланган.

«Дарҳол ижро этиш» деганда нимани тушуниш керак?

Иш берувчи қарор эълон қилинган куни ходимни ишга тиклашга мажбурми? Агар у иш куни охирида, соат 17:00 да эълон қилинган бўлса-чи? Қонун бу саволга бевосита жавоб бермайди. Албатта, агар имконият бўлса, ишга тиклаш тўғрисида суд қарори эълон қилинган куни буйруқ чиқариш мақсадга мувофиқ. Ходим тўғри суд залидан ўз иш жойига боришга ҳақли, иш берувчи эса уни ишга қўйишга мажбур.

Тегишинча, шу куннинг ўзида унинг ўрнига ишга қабул қилинган ходим билан меҳнат шартномасини бўйича  бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқариш керак. Лекин, одатда, шаклланган амалиётга кўра, ходим суд қарори чиқарилган куннинг эртасига ўз меҳнат вазифаларини бажаришга киришади.

Тегишинча, иш берувчи ходимни ишга тиклаш ва у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни бекор қилиш тўғрисида суд қарори чиқарилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай чиқариши лозим. Шу муносабат билан, ишга тикланган ходимнинг ўрнида ишлаётган ходим шу куннинг ўзида ишдан бўшатилиши керак.

Агар қарор тарафларнинг қўлига топширилмаган бўлса, уни дарҳол ижро этиш керакми?

Қоида тариқасида, суднинг қарори эълон қилинган куни тарафларга берилмайди.

Одатда, у қарор қабул қилинган кундан бошлаб 5 кун ўтгач, баъзан кечроқ ҳам  берилиши мумкин.

Агар қарорни ўқиб эшиттиришда иш берувчининг вакили иштирок этган бўлса, жавоб битта –  ходимни суднинг  қарорини олмасдан туриб ишга тиклаш керак (ахир иш берувчининг вакили уни эшитди).

Қарор иш берувчининг вакилисиз эълон қилинган тақдирда (масалан, сиртдан иш юритишда), иш берувчи ходимнинг уни ишга тиклаш тўғрисидаги оғзаки гапига асослана олмайди. Бу ҳолда ходимдан қарорни тақдим этишни талаб қилиш ёки уни тегишли суддан олиш керак.

Эътибор беринг

Агар жавобгар суд мажлисига вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинганига қарамай келмаган, келмаганлигининг узрли сабаблари тўғрисида хабар бермаган ва ишни унинг иштирокисиз кўриш тўғрисида илтимос қилмаган бўлса, даъвогар бунга эътироз билдирмаган тақдирда, иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилиши мумкин.

Суд мажлисига келмаган тарафга сиртдан чиқарилган қарорнинг кўчирма нусхаси қарор чиқарилган кундан эътиборан 5 кундан кечиктирмай тилхат остида топширилади ёхуд почта орқали ёки электрон ҳужжат тарзида юборилади.

Ходимнинг аввалги ишига тикланиши қандай расмийлаштирилади

Биринчи навбатда ишдан бўшатилган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни бекор қилиш ва уни аввалги ишига (лавозимига) тиклаш керак.

Бу меҳнат шартномасини бекор қилиш ва ходимни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги буйруқни бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқариш йўли билан амалга оширилади. Худди шу буйруқ билан ходимга етказилган моддий зарарнинг ўрни суд томонидан белгиланган миқдорда қопланиши ва маънавий зиённи компенсация қилиш назарда тутилади.

Ходимга қонунга хилоф равишда ишдан бўшатиш натижасида етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш қуйидагилардан иборат:

– мажбурий прогул вақти учун мажбурий ҳақ тўлаш;

– меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (мутахассислар маслаҳати, иш юритиш харажатлари ва б.) компенсацияси.

Маънавий зиённи компенсация қилиш миқдори иш берувчининг ҳаракатларига берилган баҳо ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади, лекин ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.

Вазият
Юқори турувчи суд биринчи инстанция судининг ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги қарорини бекор қилди
Биринчи инстанция судининг қарорига кўра, иш берувчи ишга қайта тикланган ходимга мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлади, маънавий зиён ва суд харажатларини қоплади – жами 20 млн сўмдан ортиқ. Бироқ кейинчалик апеллация инстанция суди биринчи инстанция судининг қарорини бекор қилди.
– Ходим қонунга хилоф равишда ишдан бўшатиш натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш ҳисобидан иш берувчига тўланган барча суммаларни қайтариб бериши керакми? Агар шундай бўлса, қайта ундириш қандай амалга оширилади?
– Умумий қоидага кўра, агар ижро этилган суд ҳужжати бекор қилинган бўлса, жавобгарга бекор қилинган суд ҳужжати бўйича ундан даъвогар фойдасига ундирилган барча нарса қайтариб берилиши керак. Бу «қарор ижросининг бурилиши» деб аталади.
Лекин меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича истисно амал қилади. Бу ҳолда бекор қилинган суд ҳужжати даъвогар томонидан берилган ёлғон маълумотларга ёхуд у тақдим этган қалбаки ҳужжатларга асосланган тақдирдагина ижронинг бурилишига йўл қўйилади.
Яъни, агар ходимингиз биринчи инстанция суди муҳокамаси жараёнида ёлғон маълумотлар берган ёки қалбаки ҳужжатлар тақдим этган ҳамда уларга асосланиб унинг фойдасига қарор чиқарилган бўлса, унга тўланган суммаларни қайтариб ундиришни талаб қилишингиз мумкин.
Агар бундай далиллар аниқланмаса, пулни қайтариб ололмайсиз.
Агар юқори турувчи суднинг ажримида суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала бўйича кўрсатмалар бўлмаса
Агар ходим ҳақиқатан ҳам судга қалбаки ҳужжатларни тақдим этган бўлса, апелляция инстанцияси суди суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилиши ёки уни биринчи инстанция судининг ҳал этиши учун топшириши шарт эди.
Агар унинг қарорида бундай кўрсатма бўлмаса, иш берувчи биринчи инстанция судига тегишли аризани умумий даъво муддати доирасида ва давлат божи тўламасдан ўзи беришга ҳақли. Аризага биринчи инстанция суди қарорининг ижро этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни илова қилинг.
Ариза берилган кундан эътиборан 10 кун ичида суд мажлисида кўриб чиқилади.
Агар суд аризани қаноатлантирса, ундирилган пул маблағларини қайтариш учун ижро варақасини беради.

Ишга тиклаш тўғрисидаги буйруқ асосида қоғоз меҳнат дафтарчасига (мавжуд бўлган тақдирда) қуйидаги намуна бўйича янги ёзув киритинг: «_______-сонли ёзув ҳақиқий эмас, аввалги ишига тикланган». Меҳнат дафтарчасининг 4-устунида эса тиклаш тўғрисидаги буйруққа ҳавола қилинг.  Нима учун ҳанузгача қоғоз меҳнат дафтарчаларини юритиш ва уларни қандай тўғри тўлдириш кераклиги ҳақида тавсияда ўқинг.

Вазият
Ходимни тиклаш керак бўлган лавозим энди йўқ
Ноябрь ойида ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди. У ишдан бўшатишни ноқонуний деб ҳисоблаб, судга мурожаат қилган. Март ойида суд уни ишга тиклаш тўғрисида қарор чиқарди. Бироқ корхонанинг штат жадвалида бу ходим илгари эгаллаган лавозим энди йўқ.
Бундай вазиятда иш берувчи қандай йўл тутиши керак?
– Штат жадвалига (штат бирлигига) тегишли буйруқ чиқарган ҳолда ходим эгаллаган лавозимни яна киритишга тўғри келади. Ахир суд қарори билан ходим айнан аввалги ишига тикланган. Шунинг учун иш берувчи ходимга аввалги лавозимни ва аввалги меҳнат вазифаларини бажариш имкониятини тақдим қилиши шарт.
Ходим ишга тикланганидан кейин, агар ушбу бирликка эҳтиёж бўлмаса, уни қисқартириш мумкин, лекин бутун тартиб-таомилни қайтадан бажаришга тўғри келади. Яъни, агар иш берувчи штат қисқартирилиши муносабати билан ходимни ишдан бўшатмоқчи бўлса, қонунда назарда тутилган барча ҳаракатларни, жумладан, ходимни бўлажак ишдан бўшатиш тўғрисида камида 2 ой олдин огоҳлантириши (МК 165-м.), бошқа иш таклиф қилиши. ва ҳ.к.ларни бажариши керак.

Ходимнинг аввалги иш жойига тикланганлиги далили электрон меҳнат дафтарчасида қандай акс эттирилади

Агар қоғоз меҳнат дафтарчасини тўлдиришдан ҳамма нарса тушунарли бўлса, электрон меҳнат дафтарчасига нисбатан аниқ жавоб йўқ. Ҳозирги вақтда ЯММТда бундай функционал мавжуд эмас. Шунинг учун иш берувчининг ходимнинг ишга тикланиши тўғрисидаги маълумотларни ЯММТга киритиш бўйича ҳаракатларига аниқлик киритиш учун (71) 200-70-30 рақамига ёки «Электрон меҳнат дафтари» Телеграм-каналига мурожаат қилинг.

Ишга қайта тикланган ходимнинг ўрнида ишлаётган ходим билан қандай йўл тутиш керак

Бу ходим билан меҳнат шартномасини бўйича бекор қилиш керак. Бу асос «тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича» ишдан бўшатишга тааллуқли. Бундай ишдан бўшатишнинг босқичма-босқич тартиб-таомили тавсияда батафсил баён этилган.

Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал