2026 йилдан бошлаб иш берувчилар касаллик ва декрет тўловларини тўлашни тўхтатади: Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисидаги янги Қонун қабул қилинди

preview

Президент томонидан «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги ЎРҚ-1101-сон Қонун имзоланди. Ушбу Қонун нафақа тўлаш тизимини тубдан ўзгартиради. 2026 йил 1 январдан вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳамда ишдан бўшатиш нафақасини иш берувчилар эмас, балки Ижтимоий суғурта жамғармаси тўлайди. Янгиликлар ҳақида батафсил нашрда ўқинг.

 

Янги қонун билан нималар жорий этилади

09.12.2025 йилдаги ЎРҚ-1101-сон Қонун 2026 йил 1 январдан кучга киради ва давлат ижтимоий суғуртаси учун ҳуқуқий асосни яратади.

Иш берувчи учун асосийси: қонун айрим нафақалар тўловини Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига ўтказади. Энди иш берувчи ушбу суммаларни ходимларга тўғридан-тўғри тўламайди.

Қонуннинг амал қилиши тиббий суғурта, шунингдек ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан суғурта қилиш соҳасидаги муносабатларга татбиқ этилмайди – улар бошқа ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Тавсия

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини (ОСГОР) қандай тузиш кераклиги ҳақида Kadrovik PRO экспертларининг тавсияномасида ўқинг.

 

2026 йилдан нафақалар қандай тўланади

2026 йилга қадар касаллик ва бошқа нафақаларни иш берувчи ўзи ҳисоблаб, ўз ҳисобидан тўлаб келган. 2026 йил 1 январдан бошлаб ушбу тўловлар Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади. Бундай тўловларга қуйидагилар киради:

  1. Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси. Проактив шаклда тўланади.
  2. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси. Ходимларга проактив шаклда тўланади.
  3. Ишдан бўшатиш нафақаси. Жисмоний шахснинг аризасига кўра тақдим этилади.

Иш берувчи учун нималар ўзгаради: нафақалар миқдорини ҳисоблаш, уларни ўз маблағлари ҳисобидан тўлаш ва бу билан боғлиқ ҳужжатлар айланишини юритишнинг ҳожати йўқ. Барча тўловлар Жамғармадан тўғридан-тўғри ходимга ёки иш берувчи орқали амалга оширилади.

Иш берувчилар Жамғарма нафақаларни тўғри ҳисоблаши ва тўлаши учун ходимлар тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимларига (ЯММТ) ўз вақтида ва тўғри тақдим этишлари керак бўлади.

Эътибор беринг

Иш берувчи суғурталанган шахслар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш мажбуриятини сақлаб қолади, аммо энди нафақа тўлаш бўйича молиявий юкламани зиммасига олмайди.

 

Кимлар учун мажбурий, кимлар учун эса ихтиёрий ижтимоий суғурта амал қилади

Қонун ижтимоий суғуртани мажбурий ва ихтиёрий турларга ажратади.

Мажбурий ижтимоий суғурта қуйидагиларга тааллуқли:

  • меҳнат шартномалари бўйича ходимларга;
  • юридик шахслар раҳбарларига;
  • хизматлар кўрсатувчи, ишларни бажарувчи ёки интеллектуал мулк объектларини яратувчи ФҲШ бўйича ижрочиларга.

Деҳқон хўжаликларининг вақтинчалик мавсумий ходимлари бундан мустасно.

Ихтиёрий ижтимоий суғурта қуйидагиларга тааллуқли:

  • ўзини ўзи банд қилган шахсларга;
  • якка тартибдаги тадбиркорларга;
  • деҳқон хўжаликлари аъзоларига;
  • деҳқон хўжаликлари раҳбарларига;
  • компаниялар таъсисчилари ва бошқа фуқароларга.

Ушбу жисмоний шахслар ижтимоий суғурта тизимига кириш ёки кирмасликни мустақил ҳал қилади. Бундан ташқари, улар суғуртага минимал бадалларни ўтказади.

 

2026 йилдан ходимларга нафақалар нимани ҳисобидан тўланади

Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси бир неча манбалардан шаклланади. Суғурта суммалари қуйидагилардан шакллантирилади:

  • ижтимоий солиқ ва ЖШДСдан ажратиладиган бадалларнинг бир қисмидан – мажбурий ижтимоий суғурта тааллуқли бўлган ходимлар учун;
  • суғурта бадалларидан – ихтиёрий ижтимоий суғуртада иштирок этувчи жисмоний шахслар учун.

Жисмоний шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлари бадалларни ҳисоблаб чиқариш объекти бўлиб ҳисобланади. Бадал ставкаси даромад миқдорига нисбатан фоизларда ҳисобланади.

Ижтимоий суғурта бадалларини ҳисобга олишнинг аниқ тартибини Вазирлар Маҳкамаси қонун эълон қилинганидан кейин уч ой мобайнида – 2026 йил мартга қадар тасдиқлаши керак.

 

Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисидаги Қонун ишга нималарни киритади

Қонун суғурта қилдирувчи сифатидаги иш берувчи учун тушунарли мажбуриятларни белгилайди.

Биринчиси: ҳисобга туриш. Иш берувчи Давлат ижтимоий суғурта жамғармасида рўйхатдан ўтади. Рўйхатга олиш ижтимоий солиқни тўлаш мажбурияти юзага келган пайтдан ёки ходимга даромад ҳисобланган пайтдан бошлаб амалга оширилади.

Иккинчиси: бадалларни ўтказиш. Белгиланган ставкалар бўйича суғурта бадалларини ўз вақтида тўлаш керак. Меҳнат шартномалари бўйича ходимлар учун бу ЖШОДС ва ижтимоий солиқнинг бир қисми орқали, ФҲШ бўйича ижрочилар учун – кейинчалик қонуности ҳужжатларида аниқланадиган тартибда амалга оширилади.

Учинчиси: керакли маълумотларни тақдим этиш. Иш берувчи давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларга тааллуқли ҳужжатларни текшириш учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига тақдим этади.

Кадрлар бўйича мутахассис суғурта стажини ҳисоблаш учун ходимларнинг ҳисобланган даромадлари, суғурта бадаллари учун ушлаб қолинган суммалар ва иш даврлари тўғрисидаги маълумотларнинг тўғри узатилишини таъминлаши керак.

 

Суғурта стажини ким юритади ва бу ҳақида кадрлар бўйича мутахассис нималарни билиши зарур

Иш стажи ҳисобини суғурталовчи юритади: Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси. Жамғарма барча суғурта қилдирувчилар ва суғурта қилинган шахсларнинг ягона ҳисобини юритади. Маълумотларнинг тўғрилиги бошқа давлат органлари билан электрон ахборот алмашинуви орқали автоматик тарзда текширилади.

Бу кадрлар бўйича мутахассис учун нимани англатади: ходимлар тўғрисидаги маълумотларни ЯММТга ўз вақтида ва тўғри етказиш зарур, чунки ушбу маълумотлардан суғурта стажини ҳисоблаш учун фойдаланилади. Маълумотлардаги хатолар ходимлар томонидан нафақаларни олишда муаммоларга олиб келиши мумкин.

Нафақа олиш учун зарур бўлган энг кам суғурта стажини Вазирлар Маҳкамаси қонуности ҳужжатларида қонун эълон қилингандан кейин уч ой ичида – 2026 йил март ойига қадар белгилаши керак.

Эслатиб ўтамиз

Суғурта стажи – бу суғурталанган шахс учун суғурта бадаллари тўланган давр. Нафақалар олиш ҳуқуқи ва уларнинг миқдори стажга боғлиқ.

 

2026 йилдан нафақа тайинлашда иш берувчиларнинг роли нимадан иборат бўлади

Нафақалар турига қараб турлича тайинланади. Касаллик нафақаси ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси – автоматик равишда, ходимнинг аризасисиз, проактив шаклда тайинланади. Суғурталанган шахс тўғрисидаги маълумотлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот тизими орқали суғурталовчига автоматик тарзда узатилади. Иш берувчи бу жараёнда минимал даражада иштирок этади. Асосийси, ходим тўғрисидаги маълумотлар тизимга тўғри киритилган бўлиши керак.

Ишдан бўшатиш нафақаси фақат ходимнинг аризасига кўра берилади. Агар ходим ишдан бўшатиш нафақасини олишни истаса, у учта усулда мурожаат қилиши мумкин: тўғридан-тўғри суғурталовчига, иш берувчи орқали ёки давлат тизимлари орқали электрон шаклда. Агар мурожаат иш берувчи орқали бўлса, уни суғурталовчига етказилишини таъминлаш керак.

Эътибор беринг

2026 йил 1 январдан бошлаб иш берувчи ишдан бўшатиш нафақасивақтинчалик меҳнатга лаёқатсизликҳомиладорлик ва туғиш нафақасини мустақил равишда ҳисобламайди ва тўламайди. Иш берувчи фақат маълумот тақдим этади.

 

Янгиликлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text212363_2026_yildan_boshlab_ish_beruvchilar_kasallik_va_dekret_tulovlarini_tulashni_tuhtatadi