ЯММТга нотўғри киритилган маълумотларни қандай таҳрирлаш ва ўчириш мумкин
Кадрлар бўлими ходими қандай ҳаракат қилиши керак
Кадрлар ҳисобини юритиш жараёнида иш берувчи томонидан ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги ёзувларни «Ягона миллий меҳнат тизими» ИДАКга нотўғри киритиш ҳолатлари кузатилиши мумкин. Агар хато аниқланса, иш берувчи маълумотларни тузатиш учун «ЯММТ» ИДАК дирекциясига расмий сўров билан мурожаат қилиши мумкин.
Кадрлар бўлими ходими учун босқичма-босқич ҳаракатлар алгоритми
1. Электрон меҳнат дафтарчасига қандай ўзгартишлар киритиш зарурлигини аниқланг (ишга қабул қилишда меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказиш, меҳнат шартларини ўзгартириш ёки ходимни ишдан бўшатиш).
2. Ходимларни ишга қабул қилиш, меҳнат шароитларини ўзгартириш ёки ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқларни сканерланг. Буйруқлар талабларга жавоб беришига ишонч ҳосил қилиш муҳим – улар ташкилотнинг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак. Сканерланган нусхаларни PDF форматида сақлаб қолинг.
3. Қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган ходимлар тўғрисидаги маълумотлар жадвалини тайёрланг:
- ходимнинг Ф.И.О.;
- ЖШШИР;
- Қабул қилинган, ўзгартирилган ёки ишдан бўшатилган сана.
4. Ташкилотнинг фирма бланкида «ЯММТ» ИДАК дирекциясига хат тузинг. Хатда муаммонинг моҳияти (масалан, меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказишда лавозимнинг нотўғри номланиши ёки меҳнат шартларини ўзгартириш санаси нотўғри киритилганлиги ва ҳоказо) ва унинг келиб чиқиш сабабларини баён этинг. Хатни бажарувчининг алоқа маълумотлари: унинг Ф.И.О., лавозими ва тескари алоқа учун телефон рақамини кўрсатинг. Хат ташкилот раҳбари ёки ваколатли шахс томонидан имзоланиши керак. Имзо ташкилот муҳри билан тасдиқланган бўлиши лозим (агар ишлатилса).
5. Ҳужжатларни my.mehnat дирекциясига юборинг. Шуни ёдда тутиш керакки, улар фақат PDF форматида қабул қилинади. Ҳужжатларнинг фотосуратларини юборишга йўл қўйилмайди.
6. Ҳужжатлар жўнатилгандан сўнг «ЯММТ» ИДАК дирекциясидан жавобни кутиш зарур. Хатларга ишлов бериш уларнинг келиб тушиш тартибига қараб амалга оширилади, шунинг учун жавоби бироз вақт талаб қилиши мумкин. Мурожаат кўриб чиқилгач, дирекция электрон меҳнат дафтарчаларига ўзгартиш киритиш учун рухсат беради ёки ўзи ўзгартиш киритади.
Ходим қандай ҳаракат қилиши керак
Электрон меҳнат дафтарчасига ўзгартиш киритиш учун ходим мустақил равишда my.gov.uz портали орқали ариза бериши мумкин. Бунинг учун у ариза тўлдиради ва тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади.
Ходим учун босқичма-босқич ҳаракатлар алгоритми
1. ЯИДХПда рўйхатдан ва/ёки авторизациядан ўтиш my.gov.uz сайтида ёки my.gov.uz сайтидаги қидирув сатрида: «Ягона миллий меҳнат тизимидаги фаолият тўғрисидаги маълумотларни таҳрирлаш учун ариза бериш» деган ёзув киритилади.
2. Ходим сервисдан фойдаланиш тартиби билан танишиб чиқиши лозим. «Хизматдан фойдаланиш» бўлимига ўтиб, «Кейинги» тугмасини босиш ва оммавий оферта шартларини қабул қилиш керак.
3. «Ариза берувчи тўғрисида маълумот» бўлимида шахсий маълумотларни тўлдириш ва ЯММТга киритилган меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш.
Хато ёзувни танлаб, таҳрирлаш учун қалам белгисини (✎) босиш керак.
Ҳаракатни танлаш:
✔️ «Ўзгартириш» (агар ёзув тузатишни талаб қилса).
✔️ «Ўчириш» (агар ёзув хато бўлса ва уни тузатиб бўлмаса).
4. Тузатиш зарурлигини тасдиқлайдиган қуйидаги керакли ҳужжатларни юклаш:
- Меҳнат дафтарчаси нусхаси (мавжуд бўлса).
- Буйруқ нусхаси (қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида).
- Меҳнат шартномаси нусхаси (мавжуд бўлса).
5. «Изоҳлар» бўлимида хатони батафсил тавсифлаш ва қандай ўзгартишлар киритиш кераклигини кўрсатиш.
6. Ариза 15 иш куни ичида кўриб чиқилади. Маълумотлар етарли эмаслиги сабабли рад этилган тақдирда, ходим тўлиқ ҳужжатлар тўплами билан тузатилган ариза бериши лозим.
Қўшимча маълумот олиш учун тг-каналдаги техник қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилиш ёки қўллаб-қувватлаш хизмати рақамига қўнғироқ қилиш мумкин: (71) 200 73 30.
- Ишга қабул қилиш ЯММТда қандай расмийлаштирилади
- Ўзгартиришларни киритиш учун электрон меҳнат дафтарчасига кириш ҳуқуқини олиш тартиб-таомили
- Ходим аввалги иш стажи ҳақидаги маълумотларни электрон меҳнат дафтарчасига қандай киритиши керак
- Ишга қабул қилиш қандай расмийлаштирилади ва меҳнат шартномаси қандай тузилади
- Чет эл фуқаросига Ўзбекистонда ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат бериш тартиби


Канал в телеграм