Ваколатли давлат органларининг талабига кўра ходимни ишдан қандай
Тавсияда:
– қандай давлат органлари ходимни ишдан четлаштиришни талаб қилишлари мумкин;
– ишдан четлаштириш қандай муддатга амалга оширилади;
– ишдан четлаштириш даврида иш ҳақи ҳисобланадими ёки ҳисобланмайдими;
– ишдан четлаштириш қандай расмийлаштирилади;
– қонунга хилоф равишда ишдан четлаштиришнинг ҳуқуқий оқибатлари қандай бўлади.
Иш берувчидан ходимни ишдан четлаштиришни фақат қонун ҳужжатларига мувофиқ шундай ҳуқуқ берилган давлат органларигина ва фақат қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда талаб қилиши мумкин. Бундай давлат органлари, хусусан, қуйидагилар бўлиши мумкин:
- судлар;
- давлат санитария назоратини амалга оширувчи органлар;
- Давлат меҳнат инспекцияси;
- Электр энергетикада назорат инспекцияси ва бошқалар.
Шундай қилиб, Давлат меҳнат инспекциясининг мансабдор шахслари белгиланган тартибда меҳнат муҳофазаси бўйича ўқитилмаган, йўриқномадан ўтказилмаган ва билими текширувдан ўтказилмаган шахсларни ишдан четлаштириш тўғрисида таклифлар киритишга ҳақлидир .
Давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар санитария қоидаларини, нормаларини ва гигиена нормативларини, эпидемияга қарши тартибни мунтазам равишда бажармаётган ҳамда юқумли ва паразитар касалликлар тарқалиши хавфини туғдирувчи шахсларни ишлаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятларини ва бажариладиган ишларнинг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда ишдан четлаштиришни талаб қилишга ҳақли .
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергетикада назорат инспекцияси электр энергетика объектлари ва истеъмолчиларнинг раҳбарларига электр қурилмалари ва иссиқлик қурилмаларини ишлатишда техник ишлатиш ва техника хавфсизлиги талабларини билиш юзасидан текширишдан ўтмаган ёки ушбу талабларни бузувчи шахсларни энергия қурилмаларида ишлашга қўймаслик тўғрисида кўрсатмалар беришга ҳақлидир .
Ишдан четлаштириш тартиб-таомили суд санацияси жараёнида қарздор ташкилот раҳбарига нисбатан қўлланилиши мумкин.
Демак, суд ташкилот раҳбарини ҳам (моҳиятига кўра, у ҳам ташкилот ходими ҳисобланади) суд санацияси режасини бажармаганлиги ёхуд лозим даражада бажармаганлиги учун ўз вазифасини бажаришдан четлаштиришга ҳақли. Бу кредиторлар йиғилишининг, мажбуриятларни бажариш таъминотини берган шахсларнинг ёки санация қилувчининг илтимосномасига биноан амалга оширилади. Бундай ҳолларда суд қарздорнинг раҳбари вазифасини бажаришни санация қилувчи бошқарувчининг зиммасига юклатишга ҳақли .
Жиноят-процессуал кодексида процессуал мажбурлов чоралари қаторида айбланувчига, судланувчига нисбатан суднинг ажримига асосан, терговчининг, суриштирувчининг илтимосномасига кўра ишдан четлаштириш каби чоралар кўрилиши мумкинлиги назарда тутилган. Башарти айбланувчи, судланувчи ўз иш жойида қолса, жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга ёки жиноят оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга тўсқинлик қилади ёхуд жиноий фаолиятини давом эттиради, деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд бўлса, улар лавозимидан четлаштирилиши мумкин .
Судья илтимосномани кўриб чиқиб, айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида ёки айбланувчини лавозимидан четлаштиришни рад қилиш ҳақида ажрим чиқаради. Судьянинг айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги ажримида қуйидагилар кўрсатилади:
- лавозимидан четлаштириладиган шахс ҳақидаги маълумотлар;
- унинг иш жойи;
- лавозимдан четлаштириш учун асослар;
- айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига қўйиладиган талаб.
Суднинг айбланувчини, судланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги ажрими ташкилот раҳбари учун мажбурий бўлади. У ажримни олиши билан дарҳол уни ижро этиши ҳамда бу ҳақда суриштирувчини, терговчини, прокурорни ва судни хабардор қилиши шарт.
Ишдан четлаштириш муддати
Ишдан четлаштириш муддати у ёки бу давлат органи томонидан қабул қилинадиган ишдан четлаштириш тўғрисидаги тегишли ҳужжатда кўрсатилади. Қоидага кўра, ишдан четлаштириш бунинг учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгунига қадар бутун даврга: ходим техника хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ўқувдан ҳамда билим ва кўникмалари текширувдан ўтгунига қадар амалга оширилади.
Процессуал мажбурлов чораси сифатида ишдан четлаштириш ҳақида гапирадиган бўлсак, иш берувчи ходимга қуйидаги ҳолатларда аввалги ишини бериши шарт:
- суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд томонидан айбланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораси бекор қилинганда;
- терговчининг айбловни бекор қилиш тўғрисидаги қарори мавжуд бўлганда. Бир вақтнинг ўзида мазкур қарор билан терговчи айбдорга нисбатан қўлланилган жиноятнинг олдини олиш чорасини, мол-мулкига хатловни, лавозимдан четлаштиришни бекор қилади ва ушбу шахсга уни айбланувчи сифатида қонунга хилоф равишда ишга жалб қилинганлиги оқибатида етказилган зиён қопланишига бўлган ҳуқуқини тушунтиради;
- судланувчига нисбатан суднинг оқлов ҳукми чиқарилганда.
Ишдан четлаштириш даврида иш ҳақини ҳисоблаш
Ваколатли давлат органларининг талабига кўра ходимни ишдан четлаштириш даврида унга иш ҳақи ҳисобланмайди . Бунда агар ходим ваколатли давлат органларининг талабига кўра қонунга хилоф равишда ишдан четлаштирилган бўлса, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ходимга етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланади ҳамда маънавий зиён компенсация қилинади.
Ишдан четлаштиришни расмийлаштириш
Ходимни ишдан четлаштириш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади, буйруқни ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс имзолайди . Ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқни тузиш ва ходимни буйруқ билан таништиришнинг умумий қоидалари ҳақида «Ишдан четлаштириш қандай расмийлаштирилиши керак» тавсиясида ўқинг.
Буйруқда қуйидагиларни кўрсатинг:
- ишдан четлаштириш қайси давлат органининг талабига кўра амалга оширилаётганлигини;
- ходимни ишдан четлаштириш учун асос бўлган аниқ сабабларни, бунда МКнинг 151-моддаси 2-қисми 2-бандига ҳавола келтирилади ҳамда ходимнинг Ф. И. Ш. ва лавозими (касби, мутахассислиги) қайд этилади;
- ишдан четлаштириш муддатини;
- давлат органи ишдан четлаштиришни қандай қонун ҳужжатига асосан амалга оширилаётганлигини (ушбу ҳужжатнинг моддаси ёки бандига ҳавола);
Масалан, қарздор юридик шахснинг раҳбарини ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқда «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Қонуннинг 96-моддаси 4-қисмига ҳавола берилиши лозим. Кейин эса ишдан четлаштириш суднинг ажримига асосан қандайдир сабаблар (қарздорнинг раҳбари суд санацияси режасини бажармаганлиги ёхуд лозим даражада бажармаганлиги ёки қарздорнинг раҳбари қарздорнинг, кредиторларнинг, мажбуриятларни бажариш таъминотини берган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этганлиги) бўйича амалга оширилганлиги кўрсатилиши лозим.
Айбланувчига, судланувчига ишдан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораси қўлланилишига асос қилиб суднинг тегишли ажрими кўрсатилади.
Бундан ташқари, буйруқда ваколатли органларнинг талабига кўра ишдан четлаштириш даврида ходимга иш ҳақи ҳисобланмаслигини қайд этишни ёддан чиқарманг.
Қонунга хилоф равишда ишдан четлаштиришнинг ҳуқуқий оқибатлари
Ўзини қонунга хилоф равишда ишдан четлаштирилган деб ҳисобловчи ходим белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин. Шикоят қилиш тартиби ишдан четлаштириш қайси органнинг – суднинг ёки кузатув ва назорат ваколатлари берилган давлат органининг талабига кўра амалга оширилганлигига боғлиқдир.
Ходим жиноят ишлари бўйича суднинг ажрими билан ишдан четлаштирилганда
Жиноят ишлари бўйича суднинг ажримига асосан ишдан четлаштириш устидан Жиноят-процессуал кодекси қоидаларига мувофиқ шикоят қилиш мумкин. Демак, ЖПКнинг 258-моддаси 5-қисмига мувофиқ судьянинг айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан 72 соат ичида айбланувчи, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили, лавозимидан четлаштирилган айбланувчи ишлаган тегишли ташкилот раҳбари томонидан апелляция тартибида шикоят берилиши ёхуд прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин. Шикоят, протест ажримни чиқарган суд орқали берилади, мазкур суд 48 соат ичида уларни материаллар билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт. Шикоят ёки протест бериш суднинг айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги ажрими ижросини тўхтатиб қўймайди. Апелляция инстанцияси суди ушбу материалларни шикоят ёки протест билан бирга улар келиб тушган пайтдан эътиборан 72 соатдан кечиктирмасдан кўриб чиқиши керак.
Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини, протестини кўриб чиқиб, ўз ажрими билан:
- судьянинг ажримини ўзгаришсиз, шикоятни ёки протестни эса қаноатлантиришсиз қолдиришга;
- судьянинг ажримини бекор қилиш ва айбланувчига нисбатан лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллашга ёки мазкур процессуал мажбурлов чорасини бекор қилишга ҳақли.
Ходим ваколатли давлат органининг қарори билан ишдан четлаштирилганда
Ваколатли органларнинг (уларнинг мансабдор шахсларининг) ходимни ишдан четлаштириш тўғрисидаги кўрсатмалари устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки маъмурий судга шикоят қилиш мумкин .
Ходимни ишдан четлаштиришнинг қонунийлигини исботлаш вазифаси бундай талабни қўйган давлат органи зиммасига юклатилади. Агар ушбу орган ўз қарорининг тўғрилигини исботловчи ишончли далилларни тақдим этмаса – ишдан четлаштириш қонунга хилоф деб тан олиниши лозим.
Агар ишдан четлаштириш қонунга хилоф тарзда амалга оширилганлиги белгиланса, ходимга:
аввалги иши берилади, яъни ходим ишдан четлаштирилгунга қадар бажарган иши ва аввалги меҳнат шартлари тикланади;
- моддий зарар қопланади. Қоплаш қуйидагиларни ўз ичига олади:
– қонунга хилоф равишда ишдан четлаштирилган бутун даври учун ходимга мажбурий прогул вақтига ҳақ тўланади;
– қонунга хилоф равишда ишдан четлаштириш устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (мутахассислар маслаҳатлари, иш юритувига доир харажатлар ва бошқалар) учун компенсация тўланади;
- маънавий зиён компенсация қилинади, агар қонунга хилоф равишда ишдан четлаштириш сабабли ходимга маънавий ёки жисмоний азоблар етказилган бўлса.
Моддий зарар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади ҳамда маънавий зиён компенсация қилинади. Кейинчалик Давлат бюджетидан сарфланган маблағлар мазкур давлат органларининг айбдор мансабдор шахсларидан регресс – тўланган қоплаш суммасини ушбу шахсдан қайта талаб қилиш тартибида ундирилади.
- Ваколатли давлат органларининг талабига кўра ходимни ишдан қандай четлаштириш мумкин
- Соғлиғи ҳолатига кўра 4 ойгача муддатга бошқа ишга вақтинча ўтказишга муҳтож бўлган ходим ўтишни рад этган ёки иш берувчида бундай иш бўлмаган тақдирда, уни ишдан четлаштириш тартиби
- Мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ходимни ишдан четлаштириш тартиби
- Ишга алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида келган ёки шундай ҳолатда бўлган ходимни ишдан четлаштириш тартиби
- Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш учун ходимларнинг вакиллик органининг розилиги қандай олинади


Канал в телеграм