Мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ходимни ишдан четлаштириш тартиби

20.01.2025
author avatar

Михаил ГАСАНОВ

author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

- Мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ходим қачон ишдан четлаштирилади

- Ишдан четлаштириш қанча муддатга амалга оширилади

- Ишдан четлаштириш даврида иш ҳақи ҳисобланадими ёки йўқми

- Ишдан четлаштириш қандай расмийлаштирилади

Мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ходим қачон ишдан четлаштирилади

Бундай четлаштириш фақат қонун ҳужжатларига мувофиқ МКнинг 360-моддасига кўра мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши керак бўлган ходимларга нисбатан амалга оширилади.

Шундай қилиб, иш берувчи ўз ҳисобидан қуйидаги шахсларнинг дастлабки (меҳнат шартномаси тузилаётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) мажбурий тиббий кўрикдан ўтишини ташкил этиши шарт:

- 18 ёшга тўлмаган шахслар;

- умумбелгиланган пенсия ёшига етган шахслар;

- ногиронлиги бўлган шахслар;

- ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда, тунги ишларда, шунингдек транспорт воситалари ҳаракати билан боғлиқ ишларда банд бўлган ходимлар;

- озиқ-овқат саноати, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқларда иш билан банд бўлганлар;

- умумий ўрта таълим ташкилотлари, мактабгача таълим ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан банд бўлган педагог ва бошқа ходимлари.

Мажбурий тиббий кўриклар ташкилотларга тиббий хизматлар кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари, улар бўлмаган тақдирда эса – ташкилот жойлашган ердаги ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилади.

Ходимнинг тиббий кўрикдан ўтмаганлиги сабаби аҳамиятга эга эмас. Бу иш берувчи қуйидаги ҳолларда ходимни ишдан четлаштириши шартлигини англатади:

  • ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаганда;
  • ходим узрли сабабларга кўра (вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, ҳарбий йиғинларда бўлиш ва б.) ўз вақтида тиббий кўрикдан ўта олмаган бўлса;
  • тиббий кўрик асосида меҳнат шартномасида келишилган ишни бажариш соғлиғи ҳолатига кўра ходимга тўғри келмаслиги ёки атрофдагилар учун хавф туғдириши мумкинлиги аниқланган бўлса;
  • иш берувчининг ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини ўз маблағлари ҳисобидан ташкил этиш мажбуриятини бажармаганлиги ходимнинг тиббий кўрикдан ўтмаганлигига сабаб бўлган бўлса.

Ишдан четлаштириш қанча муддатга амалга оширилади

Ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтгунга қадар ишдан четлаштирилади.

Кўриб чиқилаётган ҳолатда, ишдан четлаштирилган ходимга ўртача иш ҳақини сақлаб қолиш масаласи ходимнинг мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаганлигида унинг айби бор-йўқлигига қараб ҳал этилади.

Ишдан четлаштириш даврида иш ҳақи ҳисобланадими ёки йўқми

Ушбу ҳолатда ишдан четлаштириш даврида ходимга ўртача иш ҳақини сақлаб қолиш масаласи ходимнинг тиббий кўрикдан ўтмаганлигида унинг айби бор-йўқлигига қараб ҳал этилади. Агар иш берувчининг ўзи тиббий кўрик ўтказилишини ташкил этмаган бўлса, бунда ходимнинг айби йўқ ва унга ишдан четлаштирилган давр учун ўртача иш ҳақи ҳисобланиши керак. Агар иш берувчи ходимнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаган бўлса-ю, ходим узрсиз сабабларга кўра ундан бўйин товласа ёки бош тортса, ишдан четлаштириш даврида ходимга иш ҳақи сақланмайди.

Ишдан четлаштириш қандай расмийлаштирилади

Ходимни ишдан четлаштириш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс имзолайдиган иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Эътибор беринг
Ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқни тузиш ва ходимни у билан таништиришнинг умумий қоидаларини тавсияда қаранг: Ишдан четлаштириш нима ва у қандай ҳолларда амалга оширилади.

Буйруқда қуйидагиларни кўрсатинг:

- ходимни ишдан четлаштириш сабабини унинг Ф.И.Ш. ва лавозими (касби, мутахассислиги)ни кўрсатган ҳолда МКнинг 151-модда 2-қисми 5-хатбошига ҳавола билан;

- ишдан четлаштириш муддати. Бу ҳолда ишдан четлаштиришнинг аниқ муддатини олдиндан белгилаш мумкин эмас. Шунинг учун буйруқда ходимни ишдан четлаштиришга асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгунга қадар, яъни: «...ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтгунга қадар» ишдан четлаштирилиши кўрсатилади;

- бухгалтерияга ходимнинг тиббий кўрикдан ўтмаганлигида унинг айби бор-йўқлигига қараб ишдан четлаштирилган давр учун иш ҳақини ҳисоблаш ёки ҳисобламаслик тўғрисида фармойиш.

Агар ходим тиббий кўрикдан бўйин товласа ёки бош тортса, иш берувчи томонидан гувоҳлар иштирокида тузилган тегишли далолатнома буйруқ чиқариш учун асос бўлади.

Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал