Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.07.1995 й. 294-сон "Акционерлик-тижорат "Пахта-банк"ни ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.07.1995 й.

N 294



АКЦИОНЕРЛИК-ТИЖОРАТ "ПАХТА-БАНК"НИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Қишлоқда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, пахтачиликка ва у билан боғлиқ тармоқларга банк хизмати кўрсатишни яхшилаш, ушбу соҳада ҳисоб-китобларни такомиллаштириш ва унинг янги шаклларини ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "Ўздеҳқончиликсаноатбанк" республика акционерлик-тижорат банки муассисларининг ушбу банк негизида акционерлик-тижорат "Пахта-банк"ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилаб қўйилсинки, "Пахта-банк" молиявий, мулкий ва бошқа мажбуриятлар ва талаблар бўйича "Ўздеҳқончиликсаноатбанк"нинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.


2. Қуйидагилар "Пахта-банк"нинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

пахта етиштирувчи хўжаликларни ва пахта етиштириш ҳамда уни қайта ишлаш билан боғлиқ ташкилотларни ривожлантириш учун молиявий маблағларни жамлаш;

пахта етиштирувчи хўжаликларга, пахта заводларига, пахтачиликка хизмат кўрсатувчи ўзаро боғлиқ тармоқларнинг бошқа корхоналари ва ташкилотларига комплекс банк ва валюта-инвестиция хизмати кўрсатиш;

пахта етиштириш, уни қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш билан боғлиқ хўжаликлар ва ташкилотларга улар билан фьючерс битимлар тузиш орқали бўлғуси ҳосил ҳисобидан аванс бериш;

ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш, шунингдек, хўжаликлар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиниши ва берилган кредитларнинг қайтарилиши устидан амалий назоратни таъминлаш;

векселлар, давлат қисқа муддатли облигациялари, акциялар ва бошқа қийматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш;

хўжаликларда белгиланган тартибда "Пахта-банк"нинг бўлинмаларини ташкил этиш йўли билан банк хизмати кўрсатишни мижозларга яқинлаштириш;

кредит карточкалари жорий этиш ва электрон банк хизматлари кўрсатиш.


3. "Пахта-банк" акционерларига ўн кун муддатда белгиланган тартибда таъсис йиғилиши ўтказиш ва банк Уставини тасдиқлаш таклиф этилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки "Пахта-банк"ни давлат рўйхатидан ўтказсин ва унга белгиланган тартибда тегишли лицензия берсин.

Марказий банкка "Ўздеҳқончиликсаноатбанк" томонимдан ижарага олинган хизмат биноларини қолдиқ қиймат бўйича ҳақ тўлаш асосида "Пахта-банкка бериш тавсия этилсин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Б.С. Ҳамидов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                 И. Каримов