Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Олий хўжалик суди судлов таркибларида кассация босқичида 2001 йилнинг биринчи ярмида кўрилган ишлар юзасидан суд амалиётининг Умумлашмаси (Олий хўжалик суди Раёсатининг 23.08.2001 й. Қарори билан тасдиқланган)

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

УМУМЛАШМА

Олий хўжалик суди Раёсатининг

2001 йил 23 августдаги қарори

билан тасдиқланган.




Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди

судлов таркибларида кассация босқичида

2001 йилнинг биринчи ярмида кўрилган

ишлар юзасидан суд амалиётининг

УМУМЛАШМАСИ



Олий хўжалик судининг 2001 йил иккинчи ярим йиллиги иш режасига кўра Олий хўжалик суди судлов таркибларининг 2001 йил биринчи ярмида кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича суд амалиёти ўрганиб чиқилди.

Республика хўжалик судлари томонидан 2001 йилнинг биринчи ярмида 15635 та ишлар мазмунан кўрилган бўлиб, шулардан 384 таси кассация босқичида кўрилган, бу жами кўрилган ишларнинг 2,5 фоизини ташкил этади.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан хўжалик судларида мазмунан ҳал этилган ишлар сони 1364 тага камайган бўлса-да, кассация босқичида кўрилган ишларнинг сони 7 тага кўпайган.

2001 йилнинг 1-ярмида 43 та хўжалик иши ХПКнинг 180-моддасига асосан иш юритувга қабул қилинмасдан хўжалик судларига қайтарилган.

Кассация шикоятларини кўриб чиқиш учун қабул қилмасдан қайтарилишига асосан, мансаб мавқеи кўрсатилмаган шахслар томонидан шикоятларнинг имзоланганлиги, давлат божи тўловлари билан боғлиқ масалалар ҳал этилмаганлиги, кассация шикоятидан воз кечилганлиги ва протест чақириб олинганлиги ҳолатлари сабаб бўлган.

Тошкент шахар хўжалик суди бўйича 11 та, Хоразм вилоятида 4 та, Бухоро, Қашқадарё, Жиззах, Навоий вилоятларида 3 тадан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Сирдарё, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятларида 2 тадан, Наманган, Сурхондарё вилоятларида 1 тадан ишлар талаб даражасида расмийлаштирилмаганлиги учун қайтарилган.

Кассация шикояти ва протестини қайтариш ҳақида чиқарилган ажримлар устидан шикоят ёки протест келтирилмаган.

Кассация тартибида, иш юритувга қабул қилинмасдан қайтариб юборилган ишларни қуйидаги мисолларда кўриш мумкин:

Олий хўжалик судининг 2001 йил 30 апрелдаги ажрими билан Қўқон шаҳар 55-автокорхонанинг Фарғона вилоят хўжалик судининг 2001 йил 10 февралдаги ҳал қилув қароридан норози бўлиб берган кассация шикояти шикоят бериш муддати узрсиз сабаблар билан ўтказиб юборилганлиги сабабли кўриб чиқиш учун қабул қилинмасдан қайтарилган. Бундан ташқари, кассация шикояти ишда иштирок этувчи шахсларга юборилмаган ҳамда тегишли тартибда ва миқдорда давлат божи тўланмаган.

"Черметик" очиқ акциядорлик жамиятининг Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2000 йил 25 декабр кунги чиқарган ҳал қилув қарори ва 2001 йил 19 мартдаги апелляция судлов ҳайъати қарори юзасидан берган кассация шикояти - уни имзолаш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан имзоланганлиги ҳамда ҳал қилув қарорини қабул қилган хўжалик судини четлаб ўтган ҳолда юборилганлиги сабабли қайтарилган.

Судлов таркиблари томонидан ЎзР ХПКнинг 152-моддаси 1-қисми талабларига амал қилинган ҳолда вилоят хўжалик судларининг судьялари, ташкилотлар, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг иш фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар юзасидан 38 та хусусий ажримлар қабул қилинган. Шундан 25 таси вилоят хўжалик судлари бўйича 40 та судьяга нисбатан қабул қилинган.

Қонунларни қўллашда хатоликларга йўл қўйган иш ҳолатларига етарли баҳо бермаслик оқибатида суд ҳужжатларининг бекор бўлиши ва ўзгартирилишига сабабчи бўлган Фарғона вилоят хўжалик судининг 7 та, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд вилоят хўжалик судларининг 6 тадан, Жиззах, Бухоро, Навоий вилоят хўжалик судларининг 4 тадан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоят хўжалик судларининг 3 тадан судьяларига нисбатан хусусий ажримлар қабул қилинган.

Прокуратура органларига 1 та, турли ташкилотларга эса 12 та шундай ажримлар ва 3 та хабарномалар юборилган.

Кассация босқичида кўрилган ишларнинг 47%, яъни 181 таси бўйича суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган, 147 таси (38%) бўйича суд ҳужжатлари бекор қилинган, 15 таси (15%) ўзгартирилган.

Кассация босқичида кўрилган ишларнинг сифати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бирмунча пасайган. Яъни, 2000 йилнинг биринчи ярмида жами кўрилган ишларнинг 42,7%и бекор қилинган ва ўзгартирилган бўлса, ушбу кўрсаткич жорий йилнинг 1-ярмида 53% ни ташкил этган.

Қашқадарё (84%), Қорақалпоғистон Республикаси (80%), Жиззах (76,5%) Самарқанд (54%), Фарғона (63%) ва Навоий (57%) вилоят хўжалик судларининг иш сифати бир мунча ёмонлашганлиги ушбу судлар фаолиятида жиддий нуқсонлар борлигидан далолат беради.

Судьялардан Ким Ю. (Қорақалпоғистон Республикаси), Х.Тўрахонов (Андижон), Ю.Назаров, Ш.Мамадиёров (Жиззах), М.Турсунов, О.Қудратов, Я.Бозоров, С.Маматқулова (Қашқадарё)ларнинг кассацияда кўрилган ишлари 100% бекор қилинган ва ўзгартирилган. Ушбу судьялар раислигида кўрилиб кейинчалик бекор қилинган ва ўзгартирилган ишлар сони 4 тадан 12 тагачани ташкил этган.

Бундан ташқари судьялардан И.Жўраев (Навоий) томонидан ҳал қилинган ишларнинг қарорларини 5 тадан 4 таси, Э.Сатторовнинг 6 тадан 4 таси, Т.Гусейнованинг 7 тадан 5 таси, Х.Назарованинг 6 тадан 5 таси (ҳаммаси Самарқанд вилояти) кассация тартибида бекор қилинган ва ўзгартирилган.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар судьялардан келгусида ўз ишларига нисбатан ўта жиддий ёндашиш лозимлигини тақозо этади.

Ишларни кўришда судьялар томонидан иш ҳолатларини тўла ўрганмаслик, уларга тегишлича баҳо бермаслик оқибатида бир қатор суд ҳужжатлари асосли равишда бекор қилинган ёки ўзгартирилган.

"Ўзпетрол" қўшма корхонаси Андижон вилоят хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар Андижон вилоят "Нефть маҳсулотлари корхонаси" билан тузилган ижара шартномалари бўйича автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияларидан фойдаланганлиги учун тўланиши лозим бўлган 267208 сўм 63 тийин ижара ҳақи ва тўлов кечиктирилганлиги учун ҳисобланган 267208 сўм пеняни ундиришни сўраган.

Вилоят хўжалик суди даъвони рад қилган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича 1998 йил 16 апрелда даъвогар ва Андижон нефт базаси ўртасида 163-сон ёқилғи қуйиш станциясини ижарага бериш тўғрисида 3-сон шартнома тузилган. Шартнома тузилгандан сўнг 1998 йил 18 апрел куни томонлар ўртасида далолатнома тузилиб, ёқилғи қуйиш станциясини Андижон нефть базаси вакиллари "Узпетрол" қўшма корхонасидан қабул қилиб олганлар. Шартноманинг 4.1-бандида ойлик ижара ҳақи 10000 сўм этиб белгиланган ва ижара ҳақи олдиндан ҳар ойнинг 28 кунигача ойма-ой тўлаб борилиши белгиланган. Шунингдек шартноманинг 6.3-бандида ижарачи ҳар ойнинг охирида ижарага берувчига электр энергияси, алоқа, иситиш, газ, канализация, сув, ердан фойдаланганлик учун ва шартномада кўзда тутилмаган бошқа барча харажатларнинг тўлови учун тўлов ҳужжати тақдим этиши белгиланган. Ушбу шартномага ўзгартиришлар киритилиб ижара муддати ойма-ой 1998 йил 30 июнга, 1 августга, 1 сентябрга қадар узайтириб келинган.

1998 йил 11 майда даъвогар ва Андижон вилоят "Нефть маҳсулотлари корхонаси" ўртасида 164-сон ёқилғи қуйиш станциясини ижарага бериш тўғрисида 9-сон шартнома тузилган. 1998 йил 13 майдаги далолатнома билан ёқилғи қуйиш станцияси Андижон нефт базасига топширилган ва шартнома муддати 1998 йил 11 июлга қадар узайтирилган.

1998 йил 1 октябрда даъвогар ва Андижон вилоят "Нефть маҳсулотлари корхонаси" ўртасида 167-сон ёқилғи қуйиш станциясини ижарага бериш тўғрисидаги 69-сон шартнома тузилган, бу шартнома ҳам аввалги шартномаларда кўрсатилган шартларда тузилган. Тузилган 5 та шартномадан 1 таси Андижон нефт базаси ва 2 таси жавобгар билан тузилган, лекин даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилишда фақат битта жавобгар Андижон вилоят "Нефть маҳсулотлари корхонаси"ни кўрсатган, шунингдек иш ҳужжаларига 1999 йил 31 декабрда тузилган, Андижон нефть базасининг думалоқ муҳри билан тасдиқланган солиштириш далолатномасини қўшган. Ушбу далолатномага кўра Андижон нефть базасининг даъвогарга 267208 сўм 63 тийин қарзи мавжудлиги кўринса-да, далолатномани имзолаган шахснинг кимлиги кўрсатилмаганлиги сабабли биринчи инстанция суди уни далил сифатида қабул қилмаган. Суд мажлисида Андижон вилоят "Нефть маҳсулотлари корхонаси" вакили иштирок этган холос. Андижон нефт базаси тузилган шартномалар бўйича томон ҳисоблансада, иш кўришда иштирок этмаган. Тузилган солиштириш далолатномасида нефт базасининг муҳри қўйилган бўлиб, унда даъвогар олдида қарздорлиги кўрсатилган, аммо ҳақиқатда ҳам шу қарзнинг мавжуд ёки йўқлиги бухгалтерия ҳужжатлари билан солиштириб кўрилмасдан, даъвони рад этиш тўғрисида асоссиз хулосага келинган. Апелляция инстанцияси томонидан ҳам бу ҳолатлар текшириб кўрилмасдан, ҳал қилув қарори асоссиз равишда ўз кучида қолдирилган.

Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг қарори билан иш бўйича қабул қилинган суд қарорлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриб чиқиш учун юборилган.

"Колгансир" ўрмон хўжалиги даъво аризаси билан мурожаат этиб, Бахт шаҳар, 52-сон АТП корхонасидан 1010000 сўм ижара ҳақини ундириб беришни сўраган.

Сирдарё вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаби қисман қаноатлантирилган.

Апелляция судлов ҳайъатининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ишдаги мавжуд ҳужжатлардан аниқланишича, Сирдарё туман ҳокимининг 1996 йил 21 декабрдаги 620-сон қарорига асосан "Шоликор" ширкатлар уюшмаси ҳудудидаги ер майдони шу ҳудудда теракзорлар барпо этиш мақсадида Сирдарё вилоят ўрмон хўжалиги бошқармасига қарашли "Сирдарё" (ҳозирги "Колгансир" ) ўрмон хўжалигига ажратилган.

Бундан олдинроқ, яъни 1982 йилда Сирдарё туман ижроия қўмитасининг 385-сон қарорига кўра шу ер майдонларидан 5 гектари Бахт шаҳар, 52-сон АТП корхонасининг ёрдамчи хўжалигига фойдаланиш учун ажратилган бўлиб, ундан ҳозиргача белгиланган мақсадда фойдаланиб келинган.

Ер майдонлари ўрмон хўжалигига 1996 йилда берилган бўлса-да, бу ташкилот томонидан бошқа ташкилотларга берилган ер майдонларини қайтариб олиш, улар билан белгиланган тартибда шартномавий муносабатлар ўрнатиш борасида ҳеч бир ҳаракатлар қилинмаган. Фақатгина Сирдарё туман ижроия қўмитасининг жавобгарга ажратилган ер майдони тўғрисидаги қарори, туман ҳокимининг 2001 йил 13 февралдаги 214-сон қарори билан бекор қилинган ва ер майдони ўрмон хўжалигига ўтганлик ҳужжати берилган.

Вилоят хўжалик суди ушбу иш юзасидан қабул қилган ҳал қилув қарори билан жавобгар 52-сон АТП корхонасидан 1912500 сўм миқдорида ижара ҳақини ундирган. Холбуки, ижара ҳақи ундирилишида Ўзбекистон Республикасининг "Ижара" тўғрисидаги Қонунига асосан жавобгарнинг ерга муддатли эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи бўлмаган, даъвогар ва жавобгар ўртасида ижара шартномаси тузилмаган ва улар ушбу масалада қонуний муносабатларга киришишмаган.

Ўзбекистон Республикасининг "Ижара" тўғрисидаги Қонунининг 5-моддасида "томонларнинг ихтиёрийлиги ва тўла тенг ҳуқуқлилиги асосида маълум муддатга шартнома тузиладиган ижара шартномаси ижара муносабатларини юзага келтиришга асос бўлади" деб кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 539-моддасига кўра "мулк ижараси шартномаси муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт" эканлиги кўрсатилган бўлиб "Ижара" тўғрисидаги Қонуннинг 7,12-моддаларида ижара шартномаси тузилгандан кейин мулк ижарачига белгиланган тартибда берилиши, ижара ҳақи миқдорлари ва уни тўлаш тартиблари белгиланган.

Даъвогарнинг ижара ҳақини талаб қилиш билан боғлиқ важлари асослантирилмаганлиги ва томонлар шартномавий муносабатларга киришмаганликларини инобатга олган ҳолда вилоят хўжалик судининг мазкур иш бўйича чиқарган қарорлари кассация судлов ҳайъати томонидан тўлиқ бекор қилиниб, даъвогарнинг даъво талабини рад этиш ҳақида қарор қабул қилган.

Олий Хўжалик суди кассация инстанцияси қарорлари асосида бекор қилиниб янгидан кўриш учун юборилган ишлар қуйи судлар томонидан қай даражада ҳал этилаётганлиги назоратдан четда қолиб кетаётганлиги, бундай ишларни қайта кўришда судьяларда жиддий ёндашувнинг ҳар доим ҳам мавжуд эмаслиги оқибатида айрим хўжалик ишлари бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари иккинчи бор ҳам кассация тартибида бекор қилинган.

Даъвогар Қашқадарё вилоят прокурорининг 6-МКК манфаатларини кўзлаб жавобгар "Санам" ҲЖдан 1768800 сўм ундириш тўғрисидаги даъвоси вилоят хўжалик судининг 1999 йил 10 феврал кунги ҳал қилув қарорига кўра рад этилган.

Олий хўжалик суди кассация судлов ҳайъатининг 2000 йил 14 июндаги қарори билан биринчи босқич судининг қарори бекор қилиниб иш янгидан кўришга юборилган.

Суднинг ҳал қилув қарори бекор бўлишига ишга алоқадор бўлган ҳужжатлар тўлиқ талаб қилиб олинмаганлиги ва иш ҳолатларига атрофлича баҳо берилмаганлиги сабаб бўлган. Судлов ҳайъати ўз қарорида ишни янгидан мазмунан кўришда қайд этилган камчиликларни бартараф этиш, низога алоқадор бўлган тегишли ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва уларни муҳокама қилиш лозимлигини кўрсатган.

Шунга қарамасдан вилоят хўжалик судининг 2000 йил 27 июлдаги ажримига асосан ЎзР ХПКнинг 88-моддаси 6-банди қўлланиб, даъво кўрмасдан қолдирилган. Апелляция инстанциясининг 2000 йил 22 сентябр кунги қарори билан биринчи инстанция суди ажрими бекор қилиниб, иш мазмунан кўришга юборилган. Хўжалик судининг 2000 йил 23 ноябр кунги ҳал қилув қарорига кўра даъво қаноатлантирилган.

Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг 2001 йил 4 июл кунги қарори билан биринчи босқич судининг мазкур иш юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарори иккинчи бор бекор қилинган ва даъвони рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилинган.

Юқори суд органининг кўрсатмалари бўлишига қарамасдан низони ҳал этишга юзаки ёндашилганлиги туфайли суд қарори иккинчи бор бекор бўлган. Қарийб 2 йил давомида сансалорликка солинган ушбу низо юзасидан Олий хўжалик суди томонидан қонуний қарор қабул қилиниб тўғри хулосага келинган.

Етарли асослантирилмаган, бирмунча юзаки суд қарорларининг қабул қилинишига судьялар томонидан ишларни кўришга яхши тайёргарлик кўрмасликлари, иш ҳолатларини чуқур ўрганмасликлари сабаб бўлган.

Ишларни кассация тартибида кўриш жараёнида қуйи судлар томонидан йўл қўйилаётган айрим камчиликлар қуйидаги аниқ мисолларда ўз ифодасини топган.

Иш хўжалик суди томонидан ишда иштирок этувчи, мажлис вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган шахслардан биронтасининг йўқлигида кўрилган бўлса, қабул қилинган суд қарори бекор қилинади.

Даъвогар "Ер қазувчи" ШҲЖ Қашқадарё вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб жавобгар "Қарши саноат ва уй-жой қурилиш" трестига қарашли 15-механизациялашган кўчма колоннаси билан тузилган шартномалар бўйича бажарилган ишлар баҳосидан 2716930 сўм асосий қарз ва тўлов кечиктирилгани учун 1358465 сўм пеня ундиришни сўраган. Вилоят хўжалик судининг 2000 йил 12 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман 2716930 сўм асосий қарз ва 1071000 сўм пеня миқдорида қаноатлантирилиб, даъвонинг қолган пеня ундириш қисми рад қилинган.

Апелляция судлов ҳайъатининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Вилоят прокуратураси ходимлари томонидан апелляция протестининг томонларга юборилишида йўл қўйилган камчиликлари хусусида апелляция инстанцияси томонидан хусусий ажрим ҳам қабул қилинган.

Вилоят прокурори кассация протестида суд томонидан жавобгар суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида тегишли равишда хабардор қилинмаганлигини, бир томонлама қарор қабул қилинганлигини, даъвогар ҳам ишни ўзининг иштирокисиз кўриб чиқиш ҳақида суд мажлисига қадар розилик бермаганлигини, балки суд мажлисидан кейин факс орқали хабар юборганлигини, суд бундай ҳолатда ХПКнинг 88-моддасига мувофиқ ишни кўрмасдан қолдириши лозим бўлса-да, томонлар иштирокисиз кўриб чиқиб ҳал қилув қарори қабул қилганлигини, даъвогар низони судгача ҳал этиш тартибига риоя қилмаганлигини, иш ҳужжатларига даъвогар пулини тўлашни талаб қилаётган ва бажарилган ишларни тасдиқловчи Ф-2 шаклидаги далолатномалар қўшилмаганлигини, томонлар ўртасида тузилган шартномани ҳар иккала томондан ҳам ваколатсиз шахслар имзолаганлиги, суд бу қарама-қаршиликларни бартараф этмасдан, даъвони қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилганлигини кўрсатган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, томонлар ўртасида 1999 йил 1 ноябрда шартнома тузилган бўлиб, шартномани даъвогар номидан унинг раҳбари Ю.В.Самохвалов ва жавобгар номидан унинг раҳбари М.Худойқулов тузганлиги кўрсатилган. Лекин шартномани даъвогар томонидан исми-шарифи кўрсатилмаган шахс имзолаган, сўнгра даъвогардаги шартнома нусхасига, унинг раҳбари томонидан қўшимча имзо қўйилган, жавобгар томонидан эса шартномани Ж.Қиличев имзолаган. Унинг ишда мавжуд бўлган тушунтириш хатида кўрсатишича бу вақтда таъминотчи вазифасида ишлаган ва шартномани имзолаш ҳуқуқи бўлмаган. Бундан ташқари иш материалларида даъвогар томонидан шу бажарилган ишларнинг ҳажми ва баҳосини тасдиқловчи Ф-2 шаклидаги далолатномалар мавжуд эмас, даъвогар бажарилган ишлар учун 2716930 сўм талаб қилган ва тўлов кечиктирилган кунларга 1358465 сўм пеня ҳисоблаган, лекин ишда бу пеня қайси вақт учун қандай ҳисобланганлигини тасдиқловчи ҳисоб-китоблар мавжуд эмас, суд мажлисида ҳам бу ҳолат аниқланмаган ва қайси ҳисоб-китоб бўйича 1071000 сўм пеня ҳисобланганлиги асослантирилмаган.

Ишни кўриб чиқиш 2000 йилнинг 12 сентябр кунига тайинланган, лекин иш ҳужжатларида ажримнинг жавобгарга юборилганлиги ва уни жавобгар олганлиги тўғрисида ҳеч қандай далил мавжуд эмас. Шунингдек апелляция судлов ҳайъатининг қарорида ва суд мажлиси баённомасида жавобгар томонидан Ж.Қиличев иштирок этганлиги ва судга тушунтириш берганлиги қайд қилинган. Аммо унинг вакил сифатидаги ваколатини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат ишга қўшилмаган. У ўзининг тушунтириш хатида апелляция судлов ҳайъатининг мажлисида иштирок этмаганлигини, шу куни умуман Қарши шаҳрида бўлмай, хизмат сафарида бўлганлигини кўрсатган.

Хўжалик суди томонидан процессуал ҳуқуқ нормалари жиддий тарзда бузилган ҳолда жавобгар вакили суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмасдан туриб низо шошма-шошарлик билан ҳал қилинганлиги ва асоссиз қарор чиқарганлиги учун вилоят хўжалик суди томонидан мазкур хўжалик иши бўйича чиқарилган суд қарорлари кассация тартибида бекор қилинган ва янгидан кўриш учун юборилган.

Бой берилган даромадни ундириш ҳақидаги даъво талаблари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланмаганлиги ва асослантирилмаганлиги уни рад қилиш учун асос бўлади.

"Феникс и Ко" МЧЖ Навоий вилоят хўжалик судига мурожаат қилиб "Экспресс-Сервис" ТИЧКдан 2.737.980 сўм неустойка ва 26.799.661 сўм миқдорида бой берилган даромад, жами 29.537.641 сўм ундириб беришни сўраган.

Вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво 29.450.721 сўм миқдорида қаноатлантирилган.

Жавобгар ўзининг кассация шикоятида ҳал қилув қарорининг пеня ундириш қисмини ўзгаришсиз қолдириб, бой берилган даромадни ундириш қисмини бекор қилишни сўраган.

Кассация инстанциясида аниқланишича, 1999 йил 27 декабрдаги 1 ва 2-сон шартномаларга мувофиқ даъвогар жавобгарга кредитдан фойдалангани учун 2460000 сўм фоизлар билан 41.000.000 сўм миқдорида қарз берган. Қарзни тўлаш муддати 2000 йилнинг 27 феврал кунига белгиланган. Жавобгар қарзни ўз вақтида тўламаганлиги туфайли даъвогар судга мурожаат қилиб 2000 йил 4 июлдан 2000 йил 4 сентябргача бўлган муддат учун пеня ундиришни сўраган. Ундан олдин Навоий вилоят хўжалик судининг 3/411-сон иш юзасидан чиқарилган қарори билан жавобгардан даъвогар фойдасига 2000 йил 28 февралдан 2000 йил 3 июлгача бўлган муддат учун қарз суммасини қайтармаган ҳар бир кунига 0,1 фоиздан ҳисоблаб 5.499.740 сўм ундирилган.

Даъвогарнинг пеняни ундириш ҳақидаги талаблари 1 ва 2-сон шартномаларнинг шартларида қайд этилган ва ҳисоб-китоблар билан тасдиқланган, шунинг учун биринчи инстанция суди томонидан асосланган равишда ундирилган.

Шунингдек, даъвогар қарз ўз вақтида қайтарилмагани учун унга бой берилган фойда шаклида 29.537.641 сўм миқдорида зарар етказилган деб ҳисоблаб, бу талабини қуйидаги шартномалар билан асослаган: сотиб олувчи сифатида "Навоийсавдо" ОТҲЖ билан 50.367.600 сўмлик маҳсулот етказиб бериш шартномаси;

Сотувчи сифатида "Каримов Ж.А." ХК билан 39.000.000 сўмлик ҳисоб-китоб шартномаси;

Сотувчи сифатида "Азимут" МЧЖ билан 45.600.000 сўмлик ҳисоб-китоб шартномаси.

Тузилган шартномаларга мувофиқ даъвогар 50.367.600 сўмлик халқ истеъмоли ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиб, кейинчалик уларни 84.600.000 сўмга сотишни режалаштирган. Даъвогарнинг фикри бўйича жавобгар 43.460.000 сўм миқдоридаги қарз ва фоизларни ўз вақтида қайтарганда, даъвогарнинг маҳсулот айланмаси 72.997.641 сўмни ташкил қилиб, 29.537.641 сўм миқдорида даромад олар эди. Аммо бой берилган даромадни ҳисоблашда даъвогар томонидан корхонанинг даромади 29.537.641 сўм деб нотўғри олинган. Суд томонидан ушбу шартномалар юридик оқибат туғдириш нияти бўлмаган ҳолда, номигагина тузилган битим (қалбаки битим) эканлиги аниқланган ва уларнинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги таъкидланган. Бундан ташқари фуқаролик ҳуқуқида бой берилган даромад олинмаган фойда, олинмаган фойда эса мажбурият бажарилган тақдирда кредитор томонидан қилинган харажатлардан келиб чи??ан ҳолда ҳисобланади. Шунинг учун даъвогар томонидан бой берилган даромад деб кўрсатилган сумма тегишли ҳужжатлар ва ҳисоб-китоблар билан тасдиқланмаган ва асослантирилмаганлиги учун кассация тартибида даъво талабларининг бу қисми рад этилган.

Ҳал қилув қарори етарлича асослантирилмаганлиги ва суд хулосаларини тасдиқловчи ҳужжатларнинг ишда мавжуд эмаслиги, қабул қилинган суд қарорининг бекор қилинишига сабаб бўлган.

Даъвогар Самарқанд вилоят ҳокимлиги адлия бошқармаси "Қаҳрамон" фермер хўжалиги манфаатини кўзлаган ҳолда хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар "Янгиқўрғон" жамоа хўжалигидан 3067705 сўм асосий қарз, 1084008 сўм пеня, 437129 сўм жарима, жами 4588842 сўмни ундириб беришни сўраган.

Вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгарнинг мол-мулкидан 3034955 сўм асосий қарз, 1262560 сўм пеня, жами 4297515 сўм ундирилган, даъвонинг қолган 291327 сўмлик қисми эса рад этилган. Шунингдек жамоа хўжалигига етказилган моддий ва мулкий зарар қисман 4,9 минг сўм миқдорида "Янгиқўрғон" жамоа хўжалиги бош ҳисобчиси Ф.Қўчқоровдан ундирилган.

Ишдаги мавжуд ҳужжатлардан кўринишича, тарафлар шартномавий-ҳуқуқий муносабатда бўлишган. 2000 йил 1 мартда тузилган 1-сон шартномага ҳамда 2000 йил 4 июндаги далолатномага биноан "Қаҳрамон" фермер хўжалиги "Янгиқўрғон" жамоа хўжалигига 2000 йил март, апрел, май ойларида 3526110 сўмлик хизмат кўрсатган бўлиб, шундан 611917 сўмлик ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ва 31750 сўмлик меҳнат ҳақи чегириб қолинган ва фермер хўжалигига тўланиши лозим бўлган сумма 2882443 сўмни ташкил этган.

Лекин тарафлар ўртасида 2000 йил 1 августда тузилган солиштириш далолатномасида мавжуд қарз 3034955 сўмлиги, 2000 йил 4 декабр ҳолатига тузилган маълумотда эса сўм эканлиги кўрсатилган. "Янгиқўрғон" жамоа хўжалиги бош ҳисобчиси Ф.Қўчқоровнинг ёзган тушунтириш хатида хўжаликнинг қарзи 2882443 сўм, механизация ҳисобчиси Д.Тошқувватовнинг тушунтириш хатида эса хўжаликнинг қарзи 2914193 сўм эканлиги баён этилган. Ҳақиқатда бажарилган ишлар бўйича аниқ ҳисоб-китоблар тегишли мутахассислар иштирокида кўриб чиқилмаган.

Хўжалик процессуал кодексининг 46-моддасига кўра низони тўғри ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган маълумотлар ва ҳолатлардан хабардор ҳар қандай шахс гувоҳ сифатида сўралиши мумкин. Хўжалик ишида "Янгиқўрғон" жамоа хўжалигининг собиқ раиси А.Абдирасулов, ҳисобчилар Ф.Қўчқоров, Д.Тошқувватов ва бригадирлар имзолаган шартнома, далолатномалар, тушунтириш хатлари, маълумотномалар, ишларни тракторчи Н.Аҳмедов томонидан бажарилганлигига доир ҳужжатлар мавжуд бўлишига қарамасдан суд томонидан ишга гувоҳ тариқасида жалб этилмаганлар.

Бундан ташқари ишда 1999 йилда ҳақиқатда топширилган маҳсулот учун 153512 сўм қарзни ундириш ҳақидаги даъво талабларини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмас. Ушбу низонинг 2000 йилнинг 1 март куни тузилган хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномага умуман алоқаси йўқдир. Суд қонун талабларига тўла риоя қилмаган ҳолда низони тўғри ҳал этиш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни талаб қилиб олмаган.

Бундан ташқари иш жавобгар вакилининг иштирокисиз кўрилган. Чунончи, суд мажлиси баённомасига кўра, суд мажлиси вилоят адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси О.Элмуродов ва фермер хўжалиги бош ҳисобчиси З.Уроков иштирокида 2000 йил 27 декабрда ўтказилган. Ҳал қилув қарори эса 2 кун ўтгандан кейин - 2000 йил 29 декабрда қабул қилинган. Кўриниб турибдики, иш хўжалик суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 124-моддаси талабларига зид равишда жавобгар мажлис вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмасдан, унинг вакили йўқлигида кўрилган.

Даъво аризасида 2000 йил 4 июндан 7 декабргача бўлган давр учун кечиктирилган ҳар бир кун учун 5828 сўмдан ҳисобланиб, жами 186 кунга 1084008 сўм миқдорида пеняни ундириш сўралган бўлса-да, биринчи инстанция суди ўз ташаббуси билан даъво талабларидан четга чиқиб, асоссиз равишда 2000 йил 4 июндан 28 декабргача - 208 кун учун ҳар бир кунга 60070 сўмдан ҳисоблаб, жами 1262560 сўм пеняни ундирган.

Ҳал қилув қарорида қарзнинг жавобгар мол-мулкидан ундирилиши нотўғри кўрсатилган. Чунки, Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг 217-моддасига мувофиқ, хўжалик суди қонуний кучга кирган суд ҳужжатининг ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришга ҳақли. Бу ҳақда алоҳида ажрим чиқарилиши кўзда тутилган.

Жамоа хўжалигига етказилган 4,9 минг сўм миқдоридаги моддий зарарнинг ҳал қилув қарори билан Ф.Қўчқоровдан ундирилиши ҳам белгиланган тартибга зиддир. Хўжалик юритувчи субъектларга ҳақиқатда етказилган моддий зарарлар айбдор шахслардан суднинг чиқарган ажримига асосан ундирилади.

Судлов ҳайъати вилоят хўжалик суди ишни кўришда юқорида қайд этилган ҳужжатларни талаб қилиб олмасдан, ишга гувоҳларни жалб қилмасдан ва мавжуд ҳужжатларни тарафлар вакилларининг иштирокида атрофлича ўрганмасдан, уларга ҳуқуқий баҳо бермасдан барвақт хулосага келганлиги сабабли, ҳал қилув қарорини бекор қилган ва иш янгидан кўришга юборилган.

Ишдаги мавжуд ҳужжатлар ва далилларга тўғри баҳо берилмаганлиги сабабли апелляция инстанциясининг қарори бекор қилиниб, ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилган.

Даъвогар "Ватанпарвар" ташкилоти Андижон вилояти кенгаши Наманган вилояти хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб жавобгар Андижон шаҳридаги "Шохруҳ XV" фирмаси билан тузилган олди-сотди шартномаларини бекор қилишни сўраган.

Вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Апелляция тартибидаги шикоят асосида иш шу инстанцияда кўрилиб, ҳал қилув қарори бекор қилинган.

"Ватанпарвар" ташкилоти апелляция суди қароридан норози бўлиб Олий хўжалик судига кассация тартибида шикоят қилган.

Ишдаги мавжуд ҳужжатлардан аниқланишича 1992 йил 13 ноябрда Андижон вилояти "Ватанпарвар" спорт техника клуби ва "Мазмун" ишлаб чиқариш тижорат фирмаси ўртасида олди-сотди шартномаси тузилган бўлиб, унга кўра Андижон шаҳри, Чинобод кўчасидаги 10-хонадон сотилганлиги тўғрисидаги шартнома томонларнинг вакиллари А.Скиданов ва И.Шукуровлар томонидан имзоланган. 1992 йил 11 ноябрда Андижон шаҳар 1-нотариал идорасида 3-265- сон билан тасдиқланган.

Нотариус томонидан ушбу шартномани нотариал тасдиқлашда томонларнинг муомалага лаёқати тегишли ҳужжатлар асосида текширилмаган, олди-сотди предмети бўлган Чинобод кўчасидаги 10-уй Андижон бирлашган техника мактабига қарашли бино эканлигига, сотилаётган ҳовли-жой сотувчининг балансида бўлмаганлигига, уй-жой учун тўлов 1992 йил 10 октябрда 56-сон тўлов топшириқномаси билан сотувчи ҳисоб рақамига эмас, балки ОС ОСО "Ватанпарвар" ташкилоти ҳисобига ўтказилганлигига баҳо берилмаган.

Низоли мулк иккинчи марта 1994 йил 16 сентябрда "Мазмун" ҲЖ дан "Шохруҳ XV" фирмасига сотилган ва шу куни Андижон шаҳар 3-сон нотариал идораси томонидан рўйхатдан ўтказилган.

Андижон шаҳар 3-сон нотариал идораси томонидан шартномани тасдиқлаш вақтида хатога йўл қўйилиб олди-сотди шартномасида юридик шахслар қатнашган бўлса-да, сотувчи К.Нурматовдан олувчи Г.Азизовга уй олди-сотди шартномаси сифатида рўйхатга олинганлиги, унда юридик шахсларнинг номи ва манзили кўрсатилмаганлиги, томонлар имзолаган ва нотариусда сақланаётган шартномада Чинобод кўчаси 10-уйдаги бино сотилганлиги кўрсатилмаганлиги, мулкни сотиш унинг эгаси бўлган "Мазмун" фирмаси эмас, балки "Мазмун" ҲЖ томонидан сотилаётганлигига баҳо бермаган, нотариус томонидан маблағ ҳақиқатда ўтказилганлиги текширилмаган. Бундан ташқари биринчи олди-сотди шартномаси учун ўтказилган 980 минг сўм маблағ 1993 йил 31 майда 94-сон тўлов талабномаси билан "Мазмун" ҲЖга "Ватанпарвар" кенгаши томонидан қайтарилган. "Мазмун" ҲЖ Андижон шаҳар ҳокимининг 1994 йил 3 мартдаги 259-сон қарори билан давлат рўйхатидан чиқарилган. ҲЖ нинг таъсисчиси "Мазмун" тижорат фирмаси бўлган.

Кўриниб турибдики, олди-сотди шартномаси 3-сон нотариал идорасидан рўйхатдан ўтказилган пайтда амалда бу жамият рўйхатдан чиқарилган ҳамда шартнома предмети бўлган Чинобод кўчаси 10-уйда "Ватанпарвар" ташкилоти Андижон вилояти кенгаши Андижон бирлашган техника мактаби жойлашган булган.

Юқорида баён қилинганларга кўра, судлов ҳайъати ишда мавжуд ҳужжатлар ва далилларга тўғри баҳо берилмасдан қабул қилинган вилоят хўжалик суди апелляция инстанциясининг қарорини бекор қилиб, асосли равишда биринчи босқич суди қарорини ўз кучида қолдиришни лозим деб топган. Кассация шикояти қаноатлантирилган.

Судлов таркиблари

Суд амалиёти

ва статистикасини

таҳлил қилиш бўлими