Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Олий хўжалик суди кассация инстанцияси томонидан 1998 йилда кўрилган ишлар бўйича суд амалиётининг таҳлили (Таҳлил Олий хўжалик суди Раёсатининг 1999 йил 25 мартдагиқарори билан тасдиқланган)

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

ТАҲЛИЛ

Олий хўжалик суди Раёсатининг

1999 йил 25 мартдаги қарори

билан тасдиқланган.




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ХЎЖАЛИК

СУДИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ ТОМОНИДАН

1998 ЙИЛДА КЎРИЛГАН ИШЛАР БЎЙИЧА СУД

АМАЛИЁТИНИНГ ТАҲЛИЛИ



Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 1999 йил 1-ярим йиллигининг иш режасига кўра судлов ҳайъатлари кассация инстанциясида кўрилган ишлар амалиётини умумлаштирдилар.

01.01.98 йилдан 01.01.99 йилгача кассация тартибида 422та иш кўриб чиқилган. Кўрилган 422та ишдан 21 та иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув  қарорлари ва апелляция қарорлари бекор қилинган ёки ўзгартирилган.

Кўрилган ишларнинг аксарият кўпчилиги шартнома муносабатларидан келиб чи??ан низоларни ташкил қилади - 301 (149та қарор бекор қилинган ёки ўзгартирилган), мулк ҳуқуқи ҳақидаги - 22 (11), пудрат шартномасидан келиб чи??ан низолар -32 (17), ижара муносабатларидан - 28 (9), хусусийлаштириш билан боғлиқ бўлган - 29 (21).

Суд қарорларини бекор қилиш ёки ўзгартиришнинг асослари бўлиб, асосан, хўжалик судлари судьялари томонидан иш материалларини чуқур ўрганмасликлари, иш ҳолатларини етарли даражада аниқламаган ҳолда қарорларни чиқариш ҳисобланади.

213 та бекор қилинган ёки ўзгартирилган ишлардан 120таси моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўлланилиши оқибатида, 93таси эса - процессуал ҳуқуқ нормалари бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилгани туфайли бекор қилинган ёки ўзгартирилган.

Умумлаштириш натижалари бўйича судлов ҳайъатлари хўжалик судларига қуйидаги маълумотларни етказишни лозим топди.


1. Давлат корхонасини ҳиссадорлик жамиятига айлантиришда ижтимоий инфраструктура объектларини уларга фойдаланишга берилиши ҳиссадорлик  жамиятида бу объектларга нисбатан мулк ҳуқуқини келтириб чиқармайди.

Ҳиссадорлик жамияти жавобгарлар Давлат мулкини бошқариш қўмитасига ва шерик жавобгар - тадбиркор фуқарога нисбатан буфет ва ошхонага мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерини ҳақиқий  эмас, деб топиш ҳақидаги даъво билан хўжалик судига мурожаат қилган.

Биринчи инстанция суди, ҳиссадорлик жамиятининг аввалги раҳбарияти таъсис шартномасининг низом фондига кирган биноларни 5 йил ичида фуқаро ва ташкилотларга сотишни таъқиқловчи Таъсис шартномасининг 2.3.-бандини бузганлигини асос қилиб, даъво талабларини қаноатлантирган. Бундан ташқари буфет ва ошхона бинолари шартноманинг 1.1-бандига асосан ҳиссадорлик жамияти жамоасига ижтимоий инфраструктура объектлари сифатида тассаруф этиш ҳуқуқисиз бепул фойдаланиш учун берилган бўлсада, ҳиссадорлик жамияти эса уларни жамоа аъзоси бўлмаган фуқарога сотганлигини биринчи инстанция суди кўрсатган.

Апелляция инстанцияси, суднинг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Кассация судлов ҳайъати биринчи ва апелляция инстанцияси судлари Ўзбекистон Республикаси "Давлат рўйхатидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонунининг (07.05.93й., 23.09.94й., 31.08.95 йилдаги ўзгаришлар ва қўшимчалар билан) 19-моддаси 2-бандини эътиборга олмаганлигини кўрсатиб, "давлат корхонасининг мулкини сотиб олишда, унинг баҳосига корхона балансидаги ижтимоий инфраструктура ва табиатни муҳофаза қилиш объектларининг нархи қўшилмайди", яъни бу объектлар давлат мулкида қолади ва уларни тассаруф қилиш ҳуқуқи Давлат мулкини бошқариш қўмитасида қолишини таъкидлаган. Ижтимоий тизимдаги объектлар ҳиссадорлик жамиятига фақатгина фойдаланиш учун берилганлиги учун жамият уларни ушлаб туриш ёки тассаруф қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, чунки ушбу объектларнинг мулкдори бўлмаган.

Шунинг учун Давлат мулкини бошқариш қўмитаси "Давлат рўйхатидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонуннинг 7-моддасига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.03.94 й. 171-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.03.94  й. "Ўзбекистон  Республикасида мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида"ги Фармонини бажариш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ фуқарога буфет ва ошхона биноларига мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерини асосли берган.

Юқорида баён этилганларга асосан кассация судлов ҳайъати суд қарорларини бекор қилиб даъвогарни даъвосини рад этган.


2. Хусусийлаштирилган мулкка берилган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери, уни берган орган томонидан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин эмас.

Жамоа корхонаси судга мурожаат қилиб жавобгар Давлат мулкини бошқариш бошқармасининг аввал берилган ордерга даъвогарнинг розилигисиз ўзгарти-ришлар киритиш ҳақидаги буйруғини бекор қилишни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъвони рад этган.

Апелляция инстанция суди иш юритувини тўхтатиб қўйган.

Кассация инстанцияси судлов ҳайъати суд қарорларини қонунийлигини текширганда биринчи инстанция суди томонидан Фуқаролик кодексининг нормаларини нотўғри қўллаганлиги аниқланган (197-моддаси), идоравий норматив актларни, мулкчилик тўғрисидаги қонунларни ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси нормаларини бузиб, давлат ордерига ўзгартиришлар киритиб, мулкдорни хусусий мулкидан маҳрум қилган Давлат мулкини бошқариш бошқармасининг ҳаракатларига керакли баҳо бермаган.

Судлов ҳайъати юқоридаги норматив актларга асосланиб, Давлат мулкини бошқариш бошқармаси аввал берилган ордерга ўзи ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга эмаслигини, аммо бу масала суд тартибида ҳал қилинишини таъкидлаган.

Давлат мулкини бошқариш бошқармаси мулк ҳуқуқини вужудга келтирувчи давлат ордерига ўзгартиришлар киритишнинг суд тартибини бузганлиги учун, кассация судлов ҳайъати суд қарорларини бекор қилиб, даъвони қаноатлантирган.


3. Мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришда ушбу мулкни тасарруф қилиш ҳуқуқига эга органлар, агарда сотилаётган объектдан бошқа объектлардан мустақил фойдаланиш мумкин бўлса, мулкни қисмлаб сотишга ҳақли.

Даъвогар - хусусий фирма, жавобгарлар - Давлат мулкини бошқариш бошқармаси ва Кўчмас мулк биржасига ресторан ва туристик комплексига мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерини беришни сўраб хўжалик судига мурожаат қилган.

Биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантирган.

Апелляция инстанцияси, ҳал қилув  қарорини бекор қилган ва ишни қайта кўриб чиқишга юборган.

Апелляция қароридан норози бўлган даъвогар кассация шикояти келтириб, биржада туркомплексни сотиб олганини, туркомплексда жойлашган ресторан меҳмонхона паспортига киритилганини ва шунинг учун ресторан туркомплекснинг бир қисми ҳисобланишини, сотиб олинган объектнинг нархига озиқ-овқат блокининг баланс нархи киритилганини кўрсатиб, апелляция қарорини бекор қилишни сўраган.

Биржа савдоси натижасига мувофиқ мехмонхона хусусий фирмага сотилган ва олиш-сотиш шартномаси тузилиб, унга ресторан киритилмаган.

Меҳмонхонани олиш-сотиш бўйича тузилган шартномага мувофиқ объект босқичма босқич сотиб олиниши лозим эди.

Тўловларни амалга ошириш жадвали бузилган ҳолда  сотувчи Давлат мулкини бошқариш бошқармаси мазкур шартномани ҳаракатини тўхтатиш ҳуқуқини ўзида сақлаган.

Шунга асосан сотувчи, объект учун тўловлар тўлиқ тўлангандан сўнг тақсимлаш далолатномасини (баланси) тузиши лозим эди. Шунинг учун олиш-сотиш шартномаси шартига мувофиқ объектнинг нархи тўлиқ тўланиб, мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери берилгандан сўнг даъвогарда сотиб олинган объектга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келиши лозим эди.

Даъвогарнинг объект учун туркомплекс билан рестораннинг баланс нархидан кўп сумма тўланган, бинобарин, бутун объект учун тўлов амалга оширилган деган важи нотўғри ҳисобланади, чунки давлат мулкини "ким ошди" савдоси орқали сотилишида мулкдор - Давлат мулкини бошқариш бўлинмалари Кўчмас мулк биржасида мавжуд бўлган бозор нархларига асосланиб сотилаётган объектнинг нархини аниқлашга ҳақли.

Биринчи инстанция суди туркомплексни олиш-сотиш шартномасига, яъни ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат сифатида етарли баҳо берилмаган ва тақсимлаш далолатномаси (баланси) йўқлиги сабабли объектни ресторан билан бирга сотиш ҳақида нотўғри хулосага келган.

Шундай қилиб, сотишга тегишли бўлган объектнинг бир қисмига тегишли бўлган тақсимлаш балансининг йўқлиги бутун объект учун мулк ҳуқуқини келтириб чиқармайди.

Шунинг учун кассация судлов ҳайъати, ҳал қилув қарорини моддий ҳуқуқ нормалари бузилганлиги туфайли, апелляция инстанцияси қарорини эса ишни асоссиз қайта кўриб чиқишга юборгани учун (ЎзР ХПКнинг 168-моддаси) бекор қилиб даъвони рад этиш ҳақида янги қарор чиқарган.


4. Жамоа корхонасининг умумий мулкидан улушни аслича (натурада) ажратиш ҳақидаги талаб, агар ҳиссадорлик жамоа мулки ташкил қилинганда қўшилган улуш қиймати ажратилаётган улуш қийматига муттаносиб бўлса қаноатлантирилиши мумкин.

Хўжалик суди жамоа аъзоларининг жамоа корхонасидан чиқиш ва дўконнинг асосий маблағларидан улуш ажратиш тўғрисидаги даъвосини кўриб чи??ан.

Биринчи инстанция суди дўконнинг талабларини қаноатлантириб, уни жамоа корхонаси таркибидан чиқиш ва улушини аслича ажратиш ҳуқуқини тасдиқлаган.

Апелляция инстанция суди, ҳал қилув  қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Судлар қарорларни чиқаришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 18 июлдаги 366-сонли "Объектларнинг хўжалик жамиятлари ва ширкатлари таркибидан чиқиши тартиби тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига хавола қилиб, айнан жамият ёки ширкатдан чиқиш тўғрисида хохиш билдирган объект меҳнат жамоаси аъзолари умумий йиғилишининг қарори асос бўлади, деган 2-бандининг 1- қисмига асосланишган.

Аммо мазкур Низомнинг хўжалик жамияти ёки ширкати акционерлари ёки пайчилари умумий йиғилишининг қарори, умумий йиғилишида камида 60 % овозга эга бўлган акционерлар ёки пайчилар катнашган бўлса у қонуний ҳисобланади, агар йиғилишида қатнашаётганларнинг 3/4 қисми қарорни ёқлаб овоз бергандагина, қабул қилинган ҳисобланади дейилган 2-бандининг 2-қисмини судлар эътиборга олмаган. Мазкур қонунда жаъми 94% овозга эга пайчилар (яъни жамоа корхонаси мулкдорларининг 94%) дўконнинг жамоа мулкидан чиқишга розилик бермаган.

3-сонли дўконни жамоа корхонаси таркибидан чиқиш ҳақидаги муаммо бу ҳиссадорлик мулки аъзосининг жамоа мулкига бўлган мулк ҳуқуқини аниқлаш муаммоси ҳисобланади. Ушбу ҳуқуқни белгилаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 366-сон қарорига ҳилоф бўлмайди, чунки бу қарор ажралиб чиқиш тартибини белгилаб, хўжалик аъзоларининг мулк ҳуқуқини белгилашни бошқа норматив актларга ҳавола қилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 223-моддасига мувофиқ, улушли мулкдаги мол-мулк иштирокчилар ўртасида  уларнинг келишувига мувофиқ тақсимланиши мумкин, агар талаб қилинган асл ҳолида ажратиладиган улушнинг қиймати мутаносиб бўлса.

Кассация судлов ҳайъати, меҳнат жамоаси аъзоларидан фақат биттаси жамоа корхонасининг пайчиси эканлигини, корхона мулкида унинг 1 % улуши борлигини, дўконнинг нархи эса жамоа корхона мулкининг 20 % ини ташкил қилишини аниқлаб, меҳнат жамоасининг талабларини асоссиз деб топиб, биринчи ва апелляция инстанция судларининг қарорларини бекор қилган. Даъвони рад этган.


5. Реестр ёпиладиган пайтда акционерлар реестрида рўйхатда бўлган акция эгалари дивидендларни тўлаш вақтидан қатьий назар дивидендлар олишга ҳақлидирлар.

"Фойкон" ХИФ Бошқарув компанияси судга мурожаат қилиб, ҳиссадорлик жамиятидан 1996 йил учун диведендларни ундириб беришни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъвони рад этган.

Апелляция суди, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантирган.

Апелляция инстанцияси суди янги қарор қабул қилишда акционерларнинг умумий йиғилишининг 03.03.97 й. баённомасига асосан кузатув кенгаши зиммасига аудитор текшируви ўтказилганидан сўнг умумий йиғилиш ўтказиш юклатилганлигига, чунки йиллик ҳисобот чоп этилишидан олдин жамиятнинг ревизия комиссияси Ҳиссадорлик жамиятнинг 1996 йилдаги молиявий-иқтисодий ҳолатининг аудит текшируви ўтказилмаганлигига асосланган. Даъвогар 16.04.97 йилда Давлат мулкини бошқариш қўмитасининг минтақавий бошқармасидан 745та давлат улушидаги акцияларни сотиб олган, дивидендлар тўлаш ҳақидаги қарор эса 28.06.97 йилда қабул қилинган, шунинг учун даъвогар дивидендлар тўланишини талаб қилишга ҳақли.

Апелляция инстанцияси судининг хулосаси нотўғри ҳисобланади, чунки у "Акционерлик жамиятлар ва акционерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 56-моддасини қоидаларини инобатга олмаган ҳолда хулоса қилган. 03.03.97 йилдаги акционерларнинг умумий йиғилишида акционерлар реестрини ёпиш ҳақида қарор қабул қилинган ва 1996 йилда дивидендлар оладиган шахслар рўйхати тасдиқланган, ушбу рўйхатда даъвогар йўқ бўлган. 1996 йилнинг дивидендлари ҳажмини аниқлаш аудиторлик текшируви якунлангунга қадар апрел ойига қолдирилган.

Жамият  акционерларининг  28.06.97  йилдаги  умумий йиғилишида 1996 йилнинг аудиторлик текшируви хулосаси асосида ревизия комиссиясининг ҳисоботини тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинган ва ҳиссадорлик  жамиятининг 1996 йилдаги молиявий-хўжалик фаолияти ҳисоботига ўзгартиришлар киритилган ҳамда 1996 йил учун тўланадиган дивидендлар ҳажми аниқланган. Умумий йиғилишида ХИФларнинг вакиллари ҳам  иштирок этган, улар ичида 745та овоз билан "Фойкон" ХИФнинг вакили ҳам бўлиб, реестри ёпилаётганда реестрга кирган акционерларга дивидендлар тўлаш ҳақидаги қарорга эътирозлар билдирмаган.

Шунинг учун жамият 745та акция учун дивидендларни 03.03.97 йилда реестр ёпилаётган кунга ушбу акцияларни эгаси бўлган Давлат мулкини бошқариш минтақавий бошқармасига тўлаган.

Ушбу ҳолатларга асосан кассация судлов ҳайъати апелляция инстанцияси қарорини бекор қилиб, ҳал қилув  қарорини ўзгаришсиз қолдирган.


6. Агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида товарларни сотиб олувчи томонидан олиб кетиш кўрсатилган бўлса ва сотиб олувчи ушбу мажбуриятни бажармаган ҳолда, у ўз айби билан товарларни тўлиқ етказиб берилмагани учун жарима талаб қилишга ҳақли эмас.

Даъвогар "Ситора" ХФ жавобгар "Дилором" ХЖдан ҳар бир кечиктирилган кун учун етказиб берилмаган товарларнинг суммасидан 5 % дан 2674950 сўм неустойкани ундириб беришни сўраб судга мурожаат қилган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. Апелляция инстанцияси суди ҳал қилув  қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Кассация судлов ҳайъати, иш материалларини ўрганиб чиқиб тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 2.1-бандига биноан маҳсулот етказиб бериш узи олиб кетиш йўли билан амалга оширилиши қайд этилганлигини аниқлаган. Ушбу шартноманинг 3.1-бандига асосан сотиб олувчи товар учун эркин нархда тўлаши лозим бўлган.

Шартнома ижро этиш юзасидан жавобгар товарларни ишлаб чиқарган ва бу ҳақда даъвогарга хат билан хабар берилган.

Аммо маҳсулотни тайёр бўлганлигини билган ҳолда, шартномани 2.1 бандини бузиб, даъвогар маҳсулот учун пул тўламаган ва уни олиб кетиш учун ҳеч қандай ҳаракат қилмаган. Маҳсулот учун вақтида пул тўланмаганлигини даъвогар тан олиб, бу ҳолатни ҳисоб рақамида пул маблағлари йўқлиги билан изохлаган. Бундай ҳолатларда шартнома мажбуриятларини лозим даражада бажармаслиги даъвогарнинг маҳсулот етказиб бермаганлик учун жарима тўлашни рад қилиниши учун асос бўлиб ҳисобланади.

Кассация судлов ҳайъати суд актларини бекор қилиб, даъвони рад этган.


7. Қарорда қайд этилган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, қарорни бекор бўлишига асос бўлади.

Даъвогар "?иждувоний" ХФ жавобгар "Ҳарбийсавдо" дан компьютерларни вақтида етказиб бермагани учун 12913865 сўм пеня ундиришни сўраб судга мурожаат қилган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. Жавобгардан 3326940 сўм пеня ундирилган. Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация судлов ҳайъати иш материалларини кўриб чиқишда биринчи ва апелляция инстанцияси судлари тақдим қилган иш материалларига ва тарафлар ўртасида  тузилган шартномага керакли баҳо бермаганликлари аниқланди. Даъвогар компьютерларни етказиб беришни ўзи тўхтатиб қўйган ва жавобгардан ўтказилган суммага халқ истеъмоли молларини етказиб беришни сўраган.

Жавобгар олдин тўланган суммага даъвогар буюртмасига биноан маҳсулот етказиб берган, даъвогар товарларни қабул қилган, шунинг учун даъвогарнинг пеня ундириш ҳақидаги талаблари асоссиздир.

Кассация судлов ҳайъати қарорларни бекор қилиб, даъвони рад этган.


8. Жавобгарнинг қарзни тан олиши солиштирув далолатномаси билан тасдиқлангани, суд томонидан ўтказиб юборилган даъво муддатини тиклаш учун узрли сабабдир.

Даъвогар "Сортсемовош" бирлашмаси жавобгар "Ойбек" жамоа хўжалигидан асосий қарзни ундиришни сўраб судга мурожаат қилган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво муддати ўтказиб юборилгани учун даъво рад этилган.

Апелляция судлов ҳайъати қарорни ўзгаришсиз қолдирган.

Кассация судлов ҳайъати биринчи ва апелляция инстанцияси судлари томонидан 1997 йил 1 мартдан бошлаб амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси янги Фуқаролик кодексининг даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунга қадар берган аризасига мувофиқ   қўлланилади деган 153-моддаси инобатга олинмаган.

Аммо биринчи инстанция суди даъво муддатини ўз ташаббуси билан қўллаган, бу амалдаги Фуқаролик кодексига мувофиқ эмас, чунки жавобгар суд мажлисида бу тўғрисида сўрамаган. Шунингдек судлар тарафлар ўртасида  солиштирув далолатномаси даъво муддати ўтиб кетганидан сўнг тузилгани ва ушбу далолатномага асосан жавобгар шартномага мувофиқ етказиб берилган уруғлар учун қарзини тасдиқлаганига ҳам  эътибор берилмаган.

Ушбу ҳолатларга мувофиқ судлар ФКнинг 159-моддасига асосан даъво муддатини тиклаб, низони мазмунан кўриб чиқишлиги лозим эди.

Кассация судлов ҳайъати қарзнинг мавжудлиги ҳақида имзоланган солиштирув далолатномасини даъво муддатини тиклаш учун узрли сабаб деб топди ва аввалги суд қарорларини бекор қилиб жавобгардан асосий қарзни ундирди.


9. Ишга даҳлдор бўлмаган шахсни суд фақат даъвогарнинг розилиги билан алмаштиришга ҳақлидир. Даъвогар уни бошқа шахс билан алмаштиришга рози бўлмаган тақдирда суд низони мазмунан кўриб чиқишга мажбур.

Даъвогар - хусусий аптека, жавобгар - Давлат мулк қўмитасининг давлат ордерини қисман ҳақиқий эмас деб топишни сўраб судга мурожаат қилган.

Суд ишни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг 38-моддасига асосланиб хусусий аптекани ишга даҳлдор бўлмаган тараф деб топиб, даҳлдор даъвогар деб "Дори-Дармон" Давлат акционерлик бирлашмасини топган. Суд жараёнида "Дори-Дармон" ДАБ низоли бинога нисбатан даъво талабларидан бош тортганлиги сабабли иш юритуви тугатилган.

Апелляция инстанцияси суднинг ажримини ўзгаришсиз қолдирган.

Кассация судлов ҳайъати биринчи инстанция суди ЎзР ХПКнинг 38-моддаси талабларини бузиб, дастлабки даъвогарни бошқа шахс билан унинг розилигисиз алмаштириб, бу билан хусусий аптекани ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан махрум қилганини аниқлаб, биринчи ва апелляция инстанцияси судлари қарорларини бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқиш учун юборди.


10. Ҳокимиятнинг фермер хўжалигига ер беришдан бош тортиши билан боғлиқ бўлган низолар хўжалик судларига тааллуқли.

Даъвогар - фермер хўжалиги, жавобгар - туман ҳокимиятини фермер хўжалигини кенгайтириш учун ер беришга мажбур қилишни сўраб судга мурожаат қилган.

Биринчи инстанция суди даъвони рад этган.

Апелляция инстанцияси ҳал қилув қарорини бекор қилган ва низони хўжалик судига тааллуқли эмас, деб иш юритувини тугатган.

Кассация судлов ҳайъати кассация шикоятини кўришда, даъвогар туман ҳокимияти қошида ташкил қилинган ер муаммолари бўйича комиссияга барча тегишли ҳужжатларни тақдим қилганлигини аниқлади. Бундан ташқари, комиссиянинг 6 та аъзосидан 5 таси ер майдони бериш тўғрисидаги хулосага имзо қўйган, аммо шунга қарамай даъвогарга ер ажратилмаган.

Ўзбекистон Республикаси "Де??он хўжалиги тўғрисида"ги Қонуннинг 5-моддаси 2-қисми 7-бандига мувофиқ ҳокимият фермер хўжалигининг илтимосномасини рад этса, ушбу қарорнинг асосларини кўрсатишга мажбур эди.

Апелляция инстанциясининг ушбу низони судга тааллуқли эмас, деган хулосаси нотўғри, чунки "Де??он хўжалиги тўғрисида"ги Қонуннинг 5 ва 7-моддаларида ер ажратишни рад этиш тўғрисидаги қарор юзасидан манфаатдор тараф томонидан судга мурожаат қилиши мумкинлиги таъкидланган.

Ҳокимият хузуридаги комиссиянинг ҳаракатларига нисбатан юридик шахс лаёқатига эга бўлган де??он хўжаликлари судга даъво билан мурожаат қилишга ҳақли ҳамда ушбу низо хўжалик судларига тааллуқли.

Кассация судлов ҳайъати, иш юритувини тугатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилди.


11. Тарафлар ўртасида  низони МДХ давлатлари хўжалик (арбитраж) судига бериш ҳақида ёзма келишув мавжуд бўлса, суд жавобгарнинг қарор чиқарилгунига қадар берган аризасига биноан иш юритувини тугатади. Талабдан воз кечган тақдирда ҳам  низонинг шартномавий тааллуқлилиги ўзгармайди.

Баку шаҳри "Чингиз" фирмаси ва қарши шаҳридаги "Юлдуз" фирмалари ўртасида маҳсулотни етказиб бериш шартномаси тузилган. Ушбу шартномага мувофиқ "Юлдуз" фирмасига товарлар етказиб берилган, лекин уларнинг ўз вақтида нархи тўланмаган. Шунинг учун маҳсулот етказиб берувчи қарз суммасини ундиришни сўраб судга мурожаат қилган. Низони кўриб чиқиш жараёнида жавобгар иш юритувини тугатиш ҳақида илтимоснома тақдим қилган, чунки  тарафлар ўртасида  тузилган шартномада таъкидланганидек шартнома шартларини бажармаганликдан келиб чи??ан низолар Озарбайжон Республикаси Арбитраж судида ҳал қилинади. Биринчи инстанция суди ушбу иш бўйича иш юритувини тугатган.

"Чингиз" фирмаси суднинг ажримига ва тузилган шартномага асосан Озарбайжон Республикаси Арбитраж судига мурожаат қилмай, "Чилонзор" фирмаси фойдасига талабидан воз кечган. "Чилонзор" фирмаси ўз навбатида яна Қашқадарё вилоят хўжалик судига мурожаат қилган. Биринчи инстанция суди низони мазмунан кўриб чи??ан, жавобгар ҳал қилув  қарори чиқаришга қадар низони ушбу судга тааллуқли эмаслиги тўғрисида ариза киритган. Апелляция инстанцияси ҳал қилув  қарорини ўзгаришсиз қолдирган ва жавобгар - "Юлдуз" фирмаси кассация шикояти билан Олий хўжалик судига мурожаат қилган.

Кассация судлов ҳайъати, МДХ давлатлари ҳукумати бошлиқлари имзолаган Хўжалик фаолиятидан келиб чикувчи низоларни ҳал қилиш тартиби тўғрисидаги Битимнинг 4-моддаси 2-бандига биноан қабул қилинган суд қарорларини бекор қилиб, иш юритувини тугатган, чунки жавобгар шартномада тарафлар шартнома шартларини бажаришда мавжуд бўлган низоларни Озарбойжон Республикаси Арбитраж судига тааллуқлилигини аниқлагани учун ушбу низони Ўзбекистон Республикаси судларида кўриб чиқишига рози бўлмаган. Даъвогарга даъво аризаси билан Озарбайжон Республикаси Арбитраж судига мурожаат қилиш тартиби тушунтирилган.


12. Қўшимча ҳал қилув қарорини суд фақат Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 149-моддасида белгиланган тартиб ва шартларда қабул қилиши мумкин.

Даъвогар- "Промэнергомонтаж" жавобгар- "Кузбасс-Сурхон" қўшма корхонасидан 1047073 сўм бажарилган ишлар баҳоси  ва тўлов кечиктирилгани учун 3794214 сўм пеняни ундиришни сўраб судга мурожаат қилган.

Суднинг ҳал қилув қарорига асосан даъво қисман асосий қарз ҳажмида қаноатлантирилган, пеня ундириш қисми кўрилмасдан қолдирилган. Аммо суд 3299320 сўм миқдорида қўшимча пеняни ҳам ундириш ҳақида қўшимча қарор қабул қилган. Суднинг ушбу қарорига жавобгар томонидан кассация тартибида шикоят келтирилган.

Кассация судлов ҳайъати биринчи инстанция суди пеня ундириш қисмини тўғри ҳал қилмасдан қолдирганини аниқлаган, чунки даъвонинг бу қисмида низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига даъвогар риоя қилмаган. Шундай қилиб, низо бу қисмида мазмунан кўриб чиқилмаган, қўшимча ҳал қилув қарори чиқаришга асослар бўлмаган. Кассация инстанцияси жавобгарнинг шикоятини қаноатлантириб, суднинг қўшимча ҳал қилув қарорини бекор қилган ва ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган, чунки даъвогар ЎзР ХПКнинг 89-моддасига биноан даъвони кўрмасдан қолдириш учун асос бўлган ҳолатларни бартараф этиб, у хўжалик судига умумий тартибда яна мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигини кўрсатган.


13. Тўғри ҳал қилиш учун қўшимча жавобгар сифатида жисмоний шахсни жавобгарликка тортиш керак бўлган низо хўжалик судига тааллуқли эмас.

Хусусий фирма, фуқарога берилган автомобилларга бензин куювчи станцияга мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерини ҳақиқий эмас, деб топиш ва автомобилларга бензин қўйиш станциясини мулкдор-фуқаро вафот этганлиги, тўловлар эса хусусийлаштириш пайтида фирманинг ҳисоб рақамидан  тўланганлиги сабабли хусусий фирмага ўтказишни сураб хўжалик судига мурожаат қилган.

Суднинг ҳал қилув  қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Апелляция тартибида иш кўрилмаган.

Ҳал қилув қароридан норози бўлган марҳумнинг беваси кассация шикояти билан мурожаат қилиб ушбу ҳал қилув қарори унинг меросга бўлган ҳуқуқларини бузганлиги учун ҳал қилув  қарорини бекор қилишни, ишни тааллуқлилиги учун умумий судга кўриб чиқиш учун юборишни сўраган. Биринчи инстанция суди низони ҳал қилаётганда жисмоний шахсга берилган автомобилларга бензин қуювчи станцияга мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерини бекор қилишда меросхўрлар сифатида марҳумнинг беваси ва унинг болаларини ишга жалб ?илмасдан низони мазмунан ҳал қилиниши мумкин бўлмаган ҳамда бу билан уларнинг қонуний ҳуқуқлари бузилиши ҳолатини инобатга олмаган.

Судлов ҳайъати ЎзР ХПКнинг 23-моддаси 3-қисмига мувофиқ ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш юритувини тугатган.