Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Даъвони кўрмасдан қолдириш бўйича суд амалиётининг таҳлили (Таҳлил ОХС Раёсатининг 1998 йил 25 августдаги қарори билан тасдиқланган)

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

ТАҲЛИЛ

Олий хўжалик суди Раёсатининг

1998 йил 25 августдаги қарори

билан тасдиқланган.




ДАЪВОНИ КЎРМАСДАН ҚОЛДИРИШ БЎЙИЧА

СУД АМАЛИЁТИНИНГ ТАҲЛИЛИ



Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг иккинчи ярим йиллик иш режасига биноан, учта хўжалик суди, яъни Тошкент, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари фаолияти мисолида даъвони кўрмасдан қолдириш юзасидан чиқарилган ажримлар бўйича суд амалиёти умумлаштирилди. Тошкент шаҳар хўжалик суди томонидан кўрилган 58 та иш, Тошкент вилоят хўжалик суди томонидан кўрилган 24 та иш ва Сирдарё вилоят хўжалик суди томонидан кўрилган 27 та иш таҳлил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 88-моддасини қўллаш бўйича суд амалиётини умумлаштириш шуни кўрсатдики, хўжалик судлари, асосан, даъвони кўрмасдан қолдириш асосларини тўғри қўлламоқдалар.

Шуни таъкидлаш керакки, даъвони кўрмасдан қолдириш институти, илгари амалда бўлган 1993 йилдаги ХПК билан солиштирганда, ўзгаришларнинг жиддийлиги билан аҳамиятлидир. Агарда, 1993 йилдаги ХПКнинг 77-моддасида даъвони кўрмасдан қолдириш асослари 5 та бўлган бўлса, янги Кодекснинг 88-моддасига биноан улар 8 та белгиланди.

Кўпгина ўзгаришлар янги Ўзбекистон Республикаси ХПКда мустаҳкамланган хўжалик процессида музокара тамоили билан боғлиқдир. Мисол учун 1993 йилдаги ХПКда хўжалик судига даъвони кўрмасдан қолдиришга асос қилиб даъвогар томонидан даъвони кўриш учун керакли ҳужжатларни узрли сабабларсиз тақдим этмаслик каби асослар назарда тутилган. Янги кодексга эса бундай нормалар киритилмаган. Музокаранинг бошланишида процесснинг ҳамма босқичларида тарафларнинг фаоллигини оширишни назарда тутиб, даъвогар томонидан даъво талабларини асословчи материалларни тақдим этмаслик билан боғлиқ ҳамма оқибатлар даъвони рад қилишга асос бўлиши мумкин.

Аввалги ХПК нинг 88-моддасида назарда тутилган даъвони кўрмасдан қолдирилган асослардан фарқли янги Кодексда, даъвогарнинг манфаатини кўзлаб прокурор, давлат ва бошқа идоралар томонидан қилинган даъво (ХПКнинг 43-моддаси 5-қисми, 44-моддаси 2-қисми) даъвогар томонидан рад этилганда даъво кўрмасдан қолдирилишини назарда тутади. Ушбу кўрсатилган асослар рўйхати тўла ҳисобланиб хўжалик суди томонидан кенгайтирилиб шарҳланиши мумкин эмас.

Шунга қарамай, судлар баъзан ўз фаолиятларида даъвони кўрмасдан қолдириш учун янги Кодексда назарда тутилмаган асосларни қўллашга йўл куядилар. Чунончи, 1998 йил 17 февралда Сирдарё вилоят хўжалик суди томонидан даъвогар "Жахонгир" магазинининг "Боёвут" МТА ДХЖдан 203900 сум дебиторлик қарзи, ҳамда 787054 сум миқдорида пеня ундириш тўғрисидаги даъвоси бўйича 38-сонли хўжалик иши кўрилган.

1998 йил 29 январдаги ажрим билан даъво иш юритишга қабул қилинган. Суд томонидан сўралган ҳужжатлар тақдим этилмагани туфайли ишни кўриш 1998 йил 17 февралга қолдирилган, суд томонидан талаб қилинган ҳужжатлар даъвогар вакили С.Убайдуллаев томонидан тақдим қилинмаганлиги сабабли даъво кўрмасдан қолдирилган.

Бундай ҳолатда, ХПКда бу мотив билан даъвони кўрмасдан қолдириш асослари кўзда тутилмаганлиги сабабли, даъво мазмунан кўриб чиқилиши керак эди.

Даъвони асоссиз кўрмасдан қолдирилиши ҳолларига эътиборни жалб қилиш лозимлигини таъкидлаш керак. Жумладан Тошкент шаҳар хўжалик суди 1998 йил 15 апрелда "ФАМ" қўшма корхонанинг "Рустем" хусусий фирмасидан 220570 сўм миқдоридаги асосий қарзни ва 220570 сум миқдоридаги пеня ундириш ҳақидаги 875-Х рақамли ишни кўрган. Суд даъво аризасини қабул қилгач асосий қарз тўланган. Шу муносабат билан суд даъвонинг бу қисмини рад этиб пеня ундириш ҳақидаги даъво қисмини кўрмасдан қолдирган, чунки даъвогар бу қисмини ҳужжатлаштириб асосламаган.

Бундай ҳолда даъвони кўрмасдан қолдирмасдан уни мазмунан кўриб ҳал қилиш лозим эди, чунки янги ХПК бундай асосни назарда тутмаган.

1997 йилдаги Ўз.Рес.ХПКда даъвони кўрмасдан қолдиришнинг янги асослари кўзда тутилган: (88-м 6-б). Даъвогар суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўриш ҳақида ариза бермаган ҳолатларда хўжалик суди даъвони кўрмасдан қолдиришга ҳақлидир. Кўрсатилган асос ишни тез ва сифатли кўришга, ҳамда суд мажлисида тарафларнинг фаолиятини кучайтириш учун имконият яратади.

Текширилган ишларни таҳлил этиш шуни кўрсатадики, даъволарнинг кўпчилик қисми суд мажлисига даъвогарнинг келмаганлиги сабабли, кўрмасдан қолдирилмоқда. Мисол учун Тошкент шаҳар хўжалик суди томонидан "Тиморт" фирмасининг "Рада" КХФ дан 33000 сўм қарзни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган. Суд мажлисига тарафларнинг вакиллари келмаганлиги сабабли 1998 йил 24 мартдаги ажрим билан даъво кўрмасдан қолдирилган, лекин кўриш вақтида судда тарафлар суд мажлиси олиб бориладиган жой ва вақти кўрсатилган ишни кўришга қабул қилиш тўғрисидаги ажримни олганлиги ҳақидаги далиллар бор эди. (731Т-сонли иш).

Бироқ, судьялар суд мажлисига даъвогарни келмаслигининг ҳамма ҳолатларида ҳам судга чақириш ҳақидаги хабарномани вақтида олинганлиги ҳақидаги далилларни текширмайдилар. Бундай факт Тошкент шаҳар хўжалик суди томонидан кўрилган "Золотой восток" ОТХЖнинг "Савр" ОТЖдан 75000 сўм қарз ва тўловни кечиктирганлик учун пеня ундириш ҳақидаги даъвоси бўйича 1998 йил, 24 феврал куни 495-сонли иш бўйича ҳам  бўлган. 1998 йил, 26 февралдаги ажрим билан мазкур даъво ариза суд мажлисига даъвогарнинг келмаганлиги ва ишни унинг иштирокисиз кўриш ҳақидаги ариза бўлмаганлиги сабабли кўрмасдан қолдирилган. Лекин иш материалларининг ичида суд муҳокамасининг жойи ва вақти ҳақида вақтида хабар қилинганлик ҳақидаги далиллар йўкдир. Бу ерда Ўз.Рес. ХПКнинг 131-моддасига биноан ишни кўришни кейинга қолдириш жоиз эди.

Ишни кўрмасдан қолдиришнинг асосларини тадбиқ қилиш бўйича эса суднинг хатоликка йўл қўйиши ҳам учраб туради. Жумладан Тошкент шаҳар хўжалик суди томонидан 1998 йил 8 апрель куни "Шаҳрисабз консерва" ОТАЖнинг "Она" масъулияти чекланган жамиятга 99307 сўм асосий қарзни ва 9930 сўм жаримани ундириб беришни сўраган иши кўрилган.

Суд мажлиси 1998 йил 2 апрелга тайинланиб, унда даъвогар ва жавобгарнинг вакиллари иштирок этган. Суд тарафлар раҳбарларининг анкета маълумотларини келтиришни сўраб 1998 йил 8 апрелгача танаффус эълон қилган. 1998 йил 8 апрель куни томонлар вакили келмагани учун суд қарори эълон қилинмаган ва даъво кўрмасдан қолдирилган.

Даъвогар 1-инстанция суди ажримини қонунга хилоф қабул қилган деб аппеляция шикояти берган.

Апелляция суд инстанцияси ўзининг 1998 йил 22 майдаги қарори билан 1998 йил 8 апрелдаги ажримни асосиз қабул қилган деб бекор қилган, даъвони эса мазмунан кўриш учун 1-инстанция судига юборилган.

Тошкент вилоят хўжалик суди томонидан Янгийўл шаҳар ДСИ "Янгийўл" агрофирмасидан бюджетга пеня ва солиқ ундириш ҳақидаги даъвоси бўйича 1998 йил 1 июлда кўрилган 70сонли иш ҳам якуни бўйича шунга ўхшашдир. Тўлов интизомини мустаҳкамлаш Давлат Комиссиясининг қарорига кўра 1998 йил 1 июлга қадар бюджетга тўловларни кечиктириб тўлашга рухсат берилган. Шу муносабат билан судья 18.12.1997 йилдаги ажрим билан иш кўришни тўхтатган, бир вақтнинг ўзида ажримда судга тарафлар вакилларини чақириш ҳам  кўрсатилган.

Даъвогарнинг 1998 йил 1 июлдаги суд мажлисига келмаганлиги ва ишни ўзининг иштирокисиз кўришни сўрамаганлиги туфайли даъво кўрилмасдан қолдирилган.

Бу ҳолатда суд томонидан 1993 йилги ва ҳозирги амалдаги янги Кодексда белгиланган ишни юритишни тўхтатиб туриш ва уни тиклаш тартиби бузилган.

Ишни юритишни тўхтатиб туриш дейилганда, хўжалик суди томонидан аниқ бўлмаган муддат давомида процессуал ҳаракатларни тўхтатиш тушунилади. Шунинг учун суд ўз ажримида ишни юритишни вақтинча тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатни, ишни юритишни тиклаш учун зарур бўлган ҳаракатларни баён қилади.

Хўжалик суди ишни юритишни тиклашни бошлашни ажрим билан расмийлаштириб, унда ушбу ҳолатнинг бошланиши, суд мажлисининг вақти ҳамда суд муҳокамасини бошлаш учун бажарилиши лозим бўлган бошқа ҳаракатларни кўрсатади. Суд томонидан ишни кўришни тўхтатиб туриш ҳақидаги ажримни чиқаришда юқорида санаб ўтилган ҳолатларни ҳисобга олмаганлиги туфайли ишни юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги ажрим қонунга ҳилоф амалга оширилган.

Даъвони асоссиз кўрмасдан қолдиришга мисол қилиб, Тошкент вилоят хўжалик суди томонидан "Ангренуглетезхтранс"нинг жавобгар "Ангренский"дан мол етказиб бериш планини бажармаганлиги учун 604489 сўм жарима ундириш ҳақидаги даъвоси бўйича 1998 йил, 13 июлда кўрилган 439-сонли ишни кўрсатиш мумкин. "Угол" ХЖ томонидан  қабул қилинган ҳиссадорлик жамиятининг таркибига кирувчи корхоналар ўртасида  юзага келадиган низоли ҳолатларни кўриш ваколатига эга бўлган ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган ҳаражатлар бўйича комиссиянинг Низомига асосланиб суд томонидан даъво кўрмасдан қолдирилган. Фақатгина комиссия томонидан юзага келган низо кўрилгандан сўнггина, тарафлар ХПКда кўрсатилган тартибда хўжалик судига мурожаат қилишга ҳақлидирлар. Даъвогарнинг дастлаб "Угол" ҳиссадорлик жамияти қошидаги комиссияга мурожаат килмаганлигини асос қилиб, судья даъвони кўрмасдан қолдирган. Даъвогарни дастлаб "Угол" ХЖ қошидаги комиссияга мурожаат қилмаганлигини асос қилиб судьянинг даъвони кўрмасдан қолдиришини қонунга мувофиқ   эмас деб ҳисоблаш керак. Чунки бу комиссия корхона ичидаги комиссиядир ва уни ҳакамлар судлари билан тенглаштириш мумкин эмас. Унинг фаолияти амалдаги қонунчилик билан белгиланмаган, қарори эса тарафлар учун мажбурий ҳисобланмайди.

Ушбу даъво юзасидан иш мазмунан кўрилиши лозим эди. Шу сабабли баён қилинганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг 88-моддаси 2 бандига мувофиқ ишда иштирок этувчи шахсларнинг низони ҳакамлар судига кўриш учун топшириш тўғрисидаги келишуви бўлиб, агарда мурожаат қилиш имконияти йўқолмаган бўлса ва ишнинг хўжалик судида кўрилишига қарши бўлган жавобгар биринчи аризасидан кечиктирмай низони мазмунан ҳал этишни ҳакамлар судига топшириш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилса, даъвони кўрмасдан қолдириш учун асос бўлади. Бунинг маъноси шуки, ҳакамлар суди ҳақидаги тарафлар келишуви даъвогарнинг хўжалик судига мурожаат қилишига тўскинлик қилмайди ва бундай низо, агарда бунга жавобгар монелик қилмаса, кўриб чиқилиши лозим. Шу билан бирга у илтимосномани фақатгина 1-инстанцияда низо моҳияти бўйича берилган биринчи аризадан кечиктирмай бериши мумкин, масалан даъво аризага билдирилган эътироз жавобидан олдин бўлиши керак.

Илтимосномалар анча кечроқ берилса низони ҳакамлар иштирокида кўриб чиқиш ҳақидаги изоҳлари бекор қилинган ҳисобланади ва низо хўжалик суди томонидан кўрилади.

Даъвони кўрмасдан қолдиришнинг мазкур асосини ҳакамлар судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув  қарори мавжуд бўлгандаги (ХПКнинг 86-моддаси 1-банди) иш юритишни тугатиш ва ХПКнинг 88-моддаси 1-бандида кўзда тутилган асослардан фарқлаш лозимдир.

Ўзбекистон Республикаси ХПКси тарафлар томонидан, Кодекс томонидан белгиланиб қўйилган қоидаларига риоя қилмасликлари оқибатида ишлари кўрмасдан қолдириладиган қатор нормаларни белгилайди. Жумладан, ХПКнинг 88-моддаси 3-бандига мувофиқ агар даъвогар аризаси имзоланмаган ёки ваколати бўлмаган шахс томонидан имзоланганида ёки унинг мансаб ваколати кўрсатилмаган ҳолларда суд даъвони кўрмасдан қолдиради. Ушбу норма ХПК нинг 118-моддаси 2-банди қоидасига мувофиқ бўлиб, бунга кўра даъво аризаси қайтарилиши лозим. Шунинг учун ҳар бир ҳолатда хўжалик суди даъво аризасини иш юритишга қабул қилишида, ишни суд муҳокамасига тайёрлашда даъво аризасини тайёрлашда даъво аризасини имзолаган шахснинг ваколатини синчиклаб аниқлаши лозим. Башарти, бундай кўрсатмалар суд мажлисига тақдим қилинмаганида даъво кўрмасдан қолдирилади.

Даъво аризаси бериш тартибига бундай расмиятчилик бузилишига "тўсиқ" қўйиш билан қонун чиқарувчи, хўжалик судини ва тарафларни процессуал талабларини сўзсиз бажаришларига йўналтиради.

Шунга ўхшаш ёндошиш Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 108-моддаси 5-бандида белгиланган ҳуқуқий тартибда ҳам  кўринади.

Ушбу нормаларга мувофиқ низоларни бартараф қилишнинг судгача даъво билдириш усулининг мажбурлиги белгиланган, аммо унга риоя қилинмаган ҳолларда буни англаган судья бу хатоларни тузатиш имкониятини бериш мақсадида даъво аризасини қайтаради ёки суд мажлисида ишни кўрмасдан қолдиради.

Шу билан бирга даъво аризасини қайтаришнинг ҳамма асослари, даъвони кўрмасдан қолдириш асослари билан ҳамоҳанг ҳисобланмайди.

Жумладан, даъво аризасини хато қабул қилиб ва бу ҳақда ажрим чиқарган судья, айрим ҳолларда ўзининг хатосини тўғрилашнинг процессуал имкониятига эга бўлмай қолади ва низони мазмунан кўришга мажбур бўлади. Масалан бундай ҳолат далилларини тақдим қил-маган даъво аризасини қабул қилишда, ишда қатнашаётган бошқа шахсларга материаллар илова қилинган ҳолда  даъво аризасининг нусхасини жўнатганда бўлиши мумкин.

Суд мажлиси давомида кўрсатилган хатоларининг аниқланиши даъвони кўрмасдан қолдирилишини келтириб чиқармайди. Даъво аризаси мазмунан кўриб чиқилишига тегишли судья томонидан аризани қабул қилишда қўйилган хатолар эса ишни кўриш жараёнида тузатилиши лозим.

Жумладан, ушбу кўрсатилган ҳолатда ишни кўришни қолдирилиши, жавобгарга дъаво материаллари билан танишиш, унга бахо бериш имконини бериш лозим бўлади.

Даъвони кўрмасдан қолдириш учун асос бўлмаган ҳолатларни бартараф қилгач, даъвогар яна умумий тартибда судга мурожаат қилиши мумкин. Шу муносабат билан ажрим чиқариш билан бир вақтда даъвогарга башарти даъво ХПК нинг 88-моддаси 5-бандига асосан кўрилмай қолдирилганда унга илова қилинган асл ҳужжатлар, шу билан бирга тўланган давлат божи ҳақидаги ҳужжат ҳам қайтарилиши лозим.

Амалиётда даъво кўрилмасдан қолдирилиш вақтида давлат божларини нотўғри қайтариш ҳоллари учрамокда.

Республика "Асал" жамиятининг "Ролан" хусусий фирмасига 200000 сўм жарима ундиришни сўраган даъвоси бўйича 497-ю-сонли хўжалик иши 1998 йил 26.02. куни Тошкент шаҳар хўжалик судида кўрилган. Даъвогарнинг суд мажлисига келмаслиги туфайли даъво асосли равишда кўрилмасдан қолдирилган. Даъвогар то-монидан ишни кўрилиши ҳақидаги суд ажримини олганлиги тўғрисида далил ишда мавжуд. Аммо суд ўзининг 1998 йил 26 февралдаги ажримида даъвогарга давлат божини қайтаришни нотўғри кўрсатган. Ушбу ҳолатда давлат божи қайтарилмаслиги лозим. Даъволарни кўрмасдан қолдириш ишларини умумлаштириш асосида суд таркиби қуйидагиларни тавсия қилишни лозим деб топди:


1. Хўжалик судлари даъвони кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ажримни фақат ХПКнинг 88-моддаси 5-банди, 43-моддаси 2-қисми, 44-моддаларида назарда тутилган асосларга мувофиқгина чиқаради;


2. Иқтисодий низоларни ҳакамлар судига бериш ҳақидаги тарафлар ўртасида келишуви уларнинг белгиланган тартибда хўжалик судига мурожаат қилишга тўсқинлик қилмайди ва бундай низо башарти жавобгар тўсқинлик қилмаганида хўжалик суди томонидан кўриб чиқилиши лозим. Айтиш керакки у ўзининг тавсиясини фақат биринчи инстанцияда ва низонинг моҳияти бўйича биринчи аризасидан кечиктирмаган ҳолда  бериши лозим;


3. Даъво аризасида даъвогарни ёки унинг вакили имзоси бўлмаганда даъво қилинмаган ҳисобланиб, даъво кўрилмасдан қолдирилади.  ХПКнинг  112-моддасига мувофиқ даъво аризаси даъвогар ёки унинг вакили томонидан уларнинг ваколати доирасида имзоланади. Ҳар бир ҳолатда хўжалик суди томонидан даъво ариза-сини имзолаган шахснинг ваколати текширилиши зарур;


4. Башарти, низони ҳал қилишни судгача бўлган тартибга риоя қилинмаганлиги туфайли даъво кўрил-масдан қолдирилганда тўланган давлат божи даъвогарга қайтарилмайди;


5. Суд муҳокамасига киришишда келмаган томон қонун талабига мувофиқ лозим даражада суднинг бўладиган жойи, вақти ҳақида хабардор қилинганлиги аниқланиши лозим. Бунда суднинг бўладиган жойи ва вақти ҳақида хабардор қилинмаган шахснинг иштиро-кисиз кўрилишга йўл қўйилмайди ва бу ҳолат даъвони кўрмасдан қолдириш учун асос бўлмасдан, ХПКнинг 131-моддасига кўра иш кўриш кейинга қолдиришга асос бўлади;


6. Башарти, давлат рўйхатида ўтказишни рад этиш ёки бош тортиш ҳақидаги ишни кўришда ҳуқуқни тан олиш ҳақида низо келиб чи??анида, иш кўрилмасдан қолдиришга тегишли;


7. Башарти суд аризани қабул қилгандан кейин ХПК нинг 118 моддаси 1-қисм 1, 4, 5, 7-бандлари қоидасида назарда тутилган асосларга мувофиқ аризаларни қайтариш лозимлиги аниқланганда, иш мазмунан кўриб чиқишга тегишли ҳисобланади. Зарурат бўлганда жумладан, даъво материалларидан кўчирмаларни бошқа шахсларга жўнатиш лозим бўлганда ишни кўриш кейинга қолдирилиши мумкин. Бунда асоссиз бирлаштирилган ишлар хўжалик суди томонидан ажратилиб алоҳида  мустақил кўрилиши мумкин;


8. Агар юридик фактни белгилаш ишни кўриш жараёнида мансабдор шахс томонидан хўжалик судига тааллуқли ўзининг ҳуқуқи ҳақида низо билдирганида ёки хўжалик суди ушбу ишдаги юридик фактни белгилаш, ушбу низони ҳал қилиш билан боғлиқ деган фикирга келганда берилган ариза ХПК нинг 88-моддаси 8-бандига мувофиқ кўрилмасдан қолдирилади;


9. ХПК нинг 88-моддаси 6-бандидаги кўрсатилган асосга мувофиқ даъвони кўрмасдан қолдириш апелляция ва кассация инстанцияларида қўлланилмайди;


10. Давони кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ажрим чиқаришда, даъво аризасига илова қилинган ҳамма асл нусхадаги ҳужжатлар даъвогарга қайтарилиши лозим.