Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Хўжалик судлари томонидан 2013-2014 йиллар давомида хўжалик ишларини кўришда Хўжалик процессуал кодекси ва "Банкротлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг процессуал муддатларга оид нормаларини қўлланилиши билан боғлиқ суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида маълумот (2014 йил 31 декабрь)

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

Хўжалик судлари томонидан 2013-2014 йиллар давомида

хўжалик ишларини кўришда Хўжалик процессуал кодекси

ва "Банкротлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси

Қонунининг процессуал муддатларга оид

нормаларини қўлланилиши билан боғлиқ суд

амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида

МАЪЛУМОТ

31.12.2014 й.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 2015 йил иш режасига асосан хўжалик судлари томонидан 2013-2014 йиллар давомида хўжалик ишларини кўришда Хўжалик процессуал кодекси (бундан буён матнда ХПК деб юритилади) ва "Банкротлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг процессуал муддатларга оид нормаларини қўлланилиши билан боғлиқ суд амалиётини умумлаштириш учун (950 та) хўжалик ишлари ва ушбу масала бўйича хўжалик судларида ўтказилган умумлаштиришлар ўрганиб чиқилди.


1. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза хўжалик суди томонидан у тушганидан кейинги кундан кечиктирмасдан кўрилади.


Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Тошкент вилоят бошқармаси ДТ Халқ банки Охангарон филиали манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, "ANGREN AGROSERVIS" ММТП ОАЖдан 179 927 000 сўм ундиришни, ундирувни гаровдаги ва бошқа мол-мулкка қаратиш ҳамда даъвони таъминлаш чораси сифатида жавобгарга тегишли бўлган гаровдаги транспорт воситаларини хатлаб қўйишни сўраган.

Ушбу даъво аризаси хўжалик судига 2013 йил 10 апрелда келиб тушган бўлиб, 2013 йил 15 апрелдаги ажрим билан иш юритишга қабул қилинган. Худди шу сана билан гаровдаги транспорт воситаларини хатлаш ҳақида алоҳида ажрим чиқарилган.

ХПК 76-моддасининг иккинчи қисмига кўра, даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза у тушганидан кейинги кундан кечиктирмасдан низони ҳал этилаётган хўжалик суди томонидан кўрилиши белгиланган.

ХПК 76-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза 2013 йил 10 апрелда келиб тушганлигини инобатга олиб, суд уни шу йилнинг 11 апрелидан кечиктирмай ҳал қилиши лозим эди.

Худди шундай хатоликка 10-1308/21780, 22-1404/7853-сонли ишлар бўйича ҳам йўл қўйилган.


2. Ўтказиб юборилган процессуал муддатни тиклаш тўғрисида хўжалик судининг ҳал қилув қарорида, ажримида ёки қарорида кўрсатилади, муддатни тиклашни рад этиш тўғрисида эса ажрим чиқарилади.


Янгиобод туман ДСИ хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, "Наврўз айёми" КТСИЧХФга нисбатан молиявий жарима қўллашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

"Наврўз айёми" КТСИЧХФ 2014 йил 6 августда кассация шикояти билан мурожаат қилиб, 2013 йил 18 январдаги ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўраган. Шунингдек, кассация шикоятига илтимоснома илова қилинган бўлиб, унда кассация шикояти билан мурожаат қилиш учун ўтказиб юборилган муддатни тиклаш сўралган.

Кассация инстанция судининг 2014 йил 19 августдаги ажрими билан кассация шикоятини бериш муддати ўтказиб юборилганлиги сабабли қайтарилган. Бироқ мазкур ажримнинг хулоса қисмида ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантириш рад этилганлиги кўрсатилмаган.

ХПКнинг 99-моддасига кўра, хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра, ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда белгиланган процессуал муддатнинг ўтказиб юборилиши сабабларини узрли деб топса, ўтказиб юборилган муддатни тиклайди. Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида хўжалик судининг ҳал қилув қарорида, ажримида ёки қарорида кўрсатилади. Муддатни тиклашни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилиши белгиланган.


3. Суд буйруғи кредитор талабларига қарши ёзма фикрни тақдим этиш учун қарздорга берилган ўн кунлик муддат тугаганидан кейинги кундан ёки билдирилган талабга қарздорнинг розилиги ҳақидаги ёзма фикри келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмасдан берилади.


Кредитор - "Texno Leasing" МЧЖ хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, "Ортиқов Азамат Эгамбердиевич" де??он хўжалигидан тан олинган 40 780 945 сўм дебиторлик қарзини ундириш тўғрисида суд буйруғи беришни сўраган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, ариза хўжалик судига 2014 йил 8 апрель куни келиб тушган. Қарздор "Ортиқов Азамат Эгамбердиевич" де??он хўжалиги томонидан ХПК 108-моддаси биринчи қисмида белгиланган 10 кунлик муддатда хўжалик судига суд буйруғи бериш тўғрисидаги ариза юзасидан ёзма фикр берилмаган. Шундан сўнг, хўжалик суди томонидан 2014 йил 21 апрелда, яъни ариза хўжалик судига топширилгандан кейин (аризада уни қарздорга топширилганлиги ҳақидаги сана кўрсатилмаган) 13 кун ўтиб, қарздор - "Ортиқов Азамат Эгамбердиевич" де??он хўжалигидан кредитор - МЧЖ фойдасига 40 780 945 сўм асосий қарз, 203 904,73 сўм давлат божи ундириш тўғрисида суд буйруғи берилган.

Олий хўжалик суди Пленумининг 2013 йил 5 декабрдаги "Суд буйруғи бериш тўғрисидаги ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарорининг 14-бандида судлар инобатга олишлари лозимки, ХПК 108-моддасининг биринчи қисмида белгиланган ўн кунлик муддат суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг нусхаси қарздорга топширилган кундан бошлаб ҳисобланиши, агар аризанинг нусхаси топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатда бундай сана кўрсатилмаган бўлса, ўн кунлик муддат ушбу ариза судга келиб тушган кундан бошлаб ҳисобланади. ХПКда суд буйруғини бериш муддати кўрсатилмаганлиги боис, у ёзма фикрни тақдим этиш учун қарздорга берилган ўн кунлик муддат тугаганидан кейинги кундан ёки билдирилган талабга қарздорнинг розилиги ҳақидаги ёзма фикри келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмасдан берилади.

Ваҳоланки, хўжалик суди томонидан суд буйруғи ариза хўжалик судига келиб тушган кундан бошлаб 13 кун ўтгач берилиб юқоридаги Пленум қарорининг 14-банди талабларига риоя қилинмаган.


4. Судья даъво аризасини қабул қилиш тўғрисида у келиб тушган кундан бошлаб ўн кундан кечиктирмай ажрим чиқаради.


Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси "Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи" УК манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Дўстлик нефтебаза" УКдан 35 516 356 186 сўм асосий қарз, 355 163 561 сўм пеня ундиришни сўраган.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан "Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи" УК манфаатида киритилган даъво аризаси хўжалик судига 2014 йил 29 августда келиб тушган. Бироқ мазкур даъво аризаси хўжалик суди томонидан 2014 йил 9 сентябрда, яъни даъво аризаси келиб тушган кундан бошлаб 11 кун ўтганидан кейин иш юритишга қабул қилинган.

Ваҳоланки, ХПК 116-моддасининг учинчи қисмига асосан судья даъво аризасини қабул қилиш тўғрисида у келиб тушган кундан бошлаб ўн кундан кечиктирмай ажрим чиқаради.

Яна бир мисол.

Даъвогар "Наманган дистрибютер плюс" УК жавобгар "Турсунбой Каримбой Сардор" ХКдан 19 210 780 сўм ундириш тўғрисида 2014 йил 13 март куни судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

ХПК 116-моддасининг учинчи қисмига асосан судья даъво аризасини қабул қилиш тўғрисида у келиб тушган кундан бошлаб ўн кундан кечиктирмай ажрим чиқаради.

Биринчи инстанция суди даъво аризасини 2014 йилнинг 24 март куни иш юритишга қабул қилиб, ХПК 116-моддасининг учинчи қисмида белгиланган муддатга риоя қилмаган.


5. Даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда ишни кўришга тайинлаш муддати у чиқарилган кундан бошлаб бир ойдан ортиқ қилиб белгиланиши мумкин эмас.


Даъвогар "Ўздаверлойиҳа" Институтининг Қашқадарё бўлинмаси хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар "Шаҳрисабз пахта тозалаш заводи" ОАЖдан 8 070 187 сўм асосий қарз ва 121 857 сўм пеня ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, "Ўздаверлойиҳа" Институтининг Қашқадарё бўлинмаси хўжалик судига 2014 йил 3 июнда даъво аризаси билан мурожаат қилган. Суд 2014 йил 3 июнда даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисида ажрим чиқариб, ишни кўриш 2014 йил 10 июлга тайинланган.

ХПК 125-моддасининг биринчи қисмига асосан ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб иш бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўрилиши ва ҳал қилув қарори қабул қилиниши керак.

Ваҳоланки, суд ХПК 125-моддасининг биринчи қисмида белгиланган нормага риоя қилмаган ҳолда ажрим билан ишни кўришни бир ойдан ортиқ бўлган муддатга тайинлаган ва бу билан процессуал муддат бузилишига йўл қўйган.


6. ХПК 125-моддасининг биринчи қисмида белгиланган муддатда ишни кўриш имконияти бўлмаганда, судья ишни кўриш муддатини хўжалик судининг раиси томонидан бир ойдан ошмаган муддатга узайтириш чораларини кўриши лозим.


Даъвогар "Лазизбек истиқлол қурувчиси" ИЧКХ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар "Плочидо" МЧЖдан 9 405 000 сўм асосий қарз ва 4 702 500 сўм пеня ундиришни сўраган.

ИЧКХ даъво аризаси билан 2014 йил 7 июлда хўжалик судига мурожаат қилган. Суд 2014 йил 17 июлда даъво аризасини иш юритишга қабул қилиб, ишни кўришни 14 августга тайинлаган. 2014 йил 14 августдаги ажрим билан ишни кўриш 25 августга қолдирилган. 2014 йил 25 августда иш кўриб чиқилиб, даъвони қисман қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Низо 1 ойдан ортиқ, яъни 38 кунлик муддатда кўрилиб, ҳал этилган бўлсада, ишни кўриш муддатини узайтириш тўғрисида суд раисининг рухсати олинмаган.

Ваҳоланки, ХПКнинг 125-моддасига асосан ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб иш бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўрилиши ва ҳал қилув қарори қабул қилиниши керак. Алоҳида ҳолларда ишни кўриш муддати хўжалик судининг раиси томонидан бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Худди шундай хатоликка 11-1328/2302, 22-1403/6442-сонли ишларни кўришда ҳам йўл қўйилган.


7. ХПК 128-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ хўжалик суди мажлисда уч кундан ортиқ муддатга танаффус эълон қилишга ҳақли эмас.


Даъвогар "Шалола" ХК хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар "Равнақ" МЧЖдан 6 300 000 сўм асосий қарз ва 3 150 000 сўм пеня ундиришни сўраган.

ХК даъво аризаси билан 2013 йил 18 июнда хўжалик судига мурожаат қилган. Суд 2013 йил 25 июнда даъво аризасини иш юритишга қабул қилиб, ишни кўришни 2 июлга тайинлаган. 2013 йил 2 июлдаги суд мажлисида даъвогар судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, ўз талабларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаш мақсадида қўшимча ҳужжатлар тақдим этишга мухлат беришни сўраган. Суд даъвогарнинг илтимосномасини қаноатлантириб, суд мажлисида 2014 йил 6 июлга қадар танаффус эълон қилган.

Ваҳоланки, ХПК 128-моддасининг учинчи қисмига кўра ҳар бир ишни кўриш дам олиш учун белгиланган вақтдан ташқари узлуксиз давом этади. Алоҳида ҳолларда хўжалик суди мажлисда уч кундан ошмаган муддатга танаффус эълон қилишга ҳақли.

Бироқ биринчи инстанция суди суд мажлисида 2014 йил 2 июлдан 6 июлга қадар, яъни 4 кун муддатга танаффус эълон қилиб процессуал муддатлар бузилишига йўл қўйган.


8. ХПК 138-моддасининг тў??изинчи қисмига асосан ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида унинг устидан шикоят бериш муддати ва тартиби кўрсатилиши лозим.


Қўқон шаҳар ҳокимлиги хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "KOKAND RELIABLE BIZNES" МЧЖ узоқ муддат мобайнида хўжалик фаолиятини амалга оширмасдан келаётганлиги сабабли тугатишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Иш апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўрилмаган.

ХПК 138-моддасининг тў??изинчи қисмига кўра ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларининг қандай тақсимланиши, ҳал қилув қарори устидан шикоят бериш муддати ва тартиби кўрсатилиши белгиланган.

Биринчи инстанция суди даъво аризасини қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган бўлсада, бироқ ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида унинг устидан шикоят бериш муддатини кўрсатмаган.

Мазкур ҳолатда, суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ҳал қилув қарори устидан шу судга бир ой ичида апелляция шикояти бериш (протест келтириш), ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин бир ой давомида шу суд орқали Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судига кассация шикояти бериш (протест келтириш) мумкинлиги тушунтирилиши лозим эди.


9. ХПКнинг 148-моддасига мувофиқ ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, ушбу шахсларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ҳал қилув қарори ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.


Даъвогар "Azia Uniform Tex" ХК жавобгар ОАТ "Кредит-Стандарт" банкининг Фарғона филиалига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, банк тугатиш комиссиясининг 1-сонли тўлов талабномасини ижро этилиши мумкин эмас деб топишни сўраган.

"Azia Uniform Tex" ХК хўжалик судига 2014 йил 12 августда даъво аризаси билан мурожаат қилган. Суд даъво аризасини иш юритишга қабул қилиб, ишни мазмунан кўриб чиқиб, 2014 йил 10 сентябрда даъвони қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган. Ишдаги кузатув хати ва почта алоқа хати (уведомление)дан кўринишича ҳал қилув қарори ишда иштирок этувчи шахсларга 17 сентябрда, яъни 7 кунлик муддатда юборилган.

Ваҳоланки, ХПКнинг 148-моддасига кўра хўжалик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, ушбу шахсларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ҳал қилув қарори ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.


10. Устидан шикоят қилиниши мумкин бўлган ажримлар ХПКнинг 153-моддасига мувофиқ ишда иштирок этувчи шахсларга ва дахлдор бўлган бошқа шахсларга ажрим чиқарилганидан кейин беш кунлик муддатда топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади.


Аризачи - Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги жавобгарлар - Шаҳрисабз туман давлат санитария эпидемиология маркази ва Шаҳрисабз туман давлат санитария эпидемиология маркази ҳузуридаги "Синов лабораториялари мажмуаси"га нисбатан хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, "Узстандарт" агентлиги томонидан 209 йил 12 январда берилган аккредитация гувоҳномасининг амал қилишини икки ой муддатга тўхтатиб туришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2014 йил 1 декабрдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилган.

Суд ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисида 2014 йил 1 декабрда ажрим чиқариб, 2014 йил 1 декабрдаги ҳал қилув қарорининг хулоса қисмига тузатиш киритган.

ХПКнинг 153-моддасига асосан хўжалик суди алоҳида ҳужжат тариқасида ажрим чиқарган ҳолларда, ажрим чиқарилганидан кейин беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга ва ажрим дахлдор бўлган бошқа шахсларга юборилади ёки тилхат олиб топширилади, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ажрим ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин. Ушбу Кодексга мувофиқ, устидан шикоят қилиниши мумкин бўлган ажримлар ишда иштирок этувчи шахсларга ва ажримлар дахлдор бўлган бошқа шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ажримлар ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

Ишда юқорида қад этилган ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисидаги ажримни аризачи ва жавобгарларга юборилаётганлиги тўғрисидаги санасиз, тегишли тартибда расмийлаштирилмаган кузатув хати мавжуд. Бироқ, кузатув хатидан ажрим кимга, қачон ва қайси манзилга юборилганлигини аниқлаш мумкин эмас. Шунингдек, кузатув хатида судьянинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган бўлсада, у судья томонидан эмас, балки бошқа шахс томонидан имзоланган. Бундан ташқари, ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши мумкин бўлган суд ҳужжати ҳисобланганлиги боис, у ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилиши ёки тилхат олиб топширилиши керак эди. Аммо ишда ажримни ишда иштирок этувчи шахслар қабул қилиб олганлигини тасдиқловчи почта алоқа хати ҳам, тилхат ҳам мавжуд эмас.


11. Фаолиятни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш ҳақидаги ариза ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.


Ҳамза туман ДСЭНМ хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, "Фитнес-Фреш" МЧЖга тегишли спорт-соғломлаштириш маркази фаолиятини тўхтатиб туришни сўраган.

Ариза 2013 йил 4 февралда иш юритишга қабул қилиниб, ишни кўриш 27 февралга тайинланган. Биринчи инстанция судининг 2013 йил 27 февралдаги ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб қаноатлантирилган.

Бироқ, биринчи инстанция суди томонидан фаолиятни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш ҳақидаги ариза уни иш юритишга қабул қилиш ва ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши лозимлигига эътибор берилмаган.

ХПК 155-17-моддасининг биринчи қисмига кўра ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак, ариза хўжалик судига келиб тушганидан кейин камида бир ойдан сўнг кўриладиган молиявий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бундан мустасно.


12. ХПК 155-17-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш ҳақидаги ариза хўжалик судига келиб тушганидан кейин камида бир ойдан сўнг кўрилади. Шу сабабли ишни кўришга тайинлаш муддатини белгилашда ХПК 155-17-моддасининг биринчи қисмида белгиланган муддат ҳисобга олинади.


Олмазор тумани ДСИ хўжалик судига 2013 йил 23 январда ариза билан мурожаат қилиб, "Alpomish Baraka Servis" хусусий корхонасига нисбатан Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисмига асосан 2 387 700 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.

Суднинг 2013 йил 1 февралдаги ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрими билан ДСИнинг аризаси иш юритишга қабул қилиниб, ишни кўриш 2013 йил 13 февралга тайинланган.

2013 йил 13 февралда бўлиб ўтган суд мажлисида иш мазмунан кўриб чиқилиб, ДСИнинг аризасини қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Иш апелляция ва кассация инстанцияларида кўрилмаган.

Молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш ҳақидаги ариза хўжалик судига келиб тушганидан кейин камида бир ойдан сўнг кўрилиши лозим бўлсада, биринчи инстанция суди аризани кўриш учун у келиб тушган кундан бошлаб 20 кун кейинга тайинлаган.

Ваҳоланки, ХПК 155-17-моддасининг биринчи қисмига кўра ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак, ариза хўжалик судига келиб тушганидан кейин камида бир ойдан сўнг кўриладиган молиявий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бундан мустасно.

Олий хўжалик суди Пленумининг 2011 йил 30 июндаги "Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 21 апрелдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарори 23-бандининг иккинчи қисмига кўра молиявий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар ариза хўжалик судига келиб тушганидан кейин камида бир ойдан сўнг кўрилади. Бунда ХПК 125-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган муддат бузилмаслиги лозим.


13. Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин уч иш куни ичида хўжалик суди томонидан ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, "SOLIUS VITA MEDICAL" МЧЖнинг фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензияни амал қилишини тугатишни сўраган.

Ариза хўжалик судининг ажрими билан иш юритишга қабул қилинган ва иш бўйича 2013 йил 13 март куни ҳал қилув қарори қабул қилинган. Почта идораси маълумотномасига кўра, хўжалик суди томонидан ҳал қилув қарори иш бўйича тарафларга - Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда "SOLIUS VITA MEDICAL" МЧЖга 2013 йил 20 март куни юборилган.

Ваҳоланки, ХПК 155-18-моддасининг олтинчи қисмига кўра ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси ҳал қилув қарори қабул қилингандан кейин уч иш куни ичида хўжалик суди томонидан ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Юқоридагиларга кўра, мазкур ҳолатда суд ҳал қилув қарорини ишда иштирок этувчи шахсларга 14 ва 15 март дам олиш кунларига тўғри келганлигини инобатга олиб, 19 март кунига қадар юбориши лозим эди.


14. ХПК 158-моддасининг иккинчи қисмига асосан хўжалик судининг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилади.


Ғузор тумани ДСИ хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, "Нодирабегим" МЧЖга нисбатан Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисмига асосан 2 387 700 сўм, Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 4 500 000 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.

Суднинг ажрими билан ариза иш юритишга қабул қилиниб, ишни кўриш 2013 йил 25 февралга тайинланган.

2013 йил 25 февралда бўлиб ўтган суд мажлисида иш мазмунан кўриб чиқилиб, ДСИнинг аризасини қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қароридан норози бўлиб "Нодирабегим" МЧЖ 2013 йил 12 мартда апелляция шикояти билан мурожаат қилган.

Апелляция инстанцияси суди 2013 йил 14 мартда апелляция шикоятига ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома илова қилинмаган бўлсада, шикоятни иш юритишга қабул қилиб, ишни кўришни 28 мартга тайинлаган. Иш 2013 йил 28 мартда апелляция инстанцияси суди томонидан кўриб чиқилиб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Ваҳоланки, ХПК 158-моддасининг иккинчи қисмига кўра хўжалик судининг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилади.


15. ХПК 155-18- моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга кириши ҳисобга олиниб, суд у қонуний кучга кириши билан, яъни ўн кун ўтиши билан ижро варақа беради.


Нишон туман ДСИ хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, якка тартибдаги тадбиркор А. Муртазаевга нисбатан Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 77 400 сўм, 119-моддасига асосан 2 883 150 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб тўлиқ қаноатлантирилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация инстанция судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, Нишон туман ДСИнинг аризаси биринчи инстанция судининг 2014 йил 31 июлдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилган.

ХПК 155-18-моддасининг тўртинчи қисмига кўра хўжалик судининг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, у қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.

Суднинг ҳал қилув қарори 2014 йил 10 августда қонуний кучга кирган бўлсада, биринчи инстанция суди давлат божи ва почта харажатларини ундириш бўйича 2014 йил 15 августда ижро варақаларини берган.


16. "Банкротлик тўғрисида"ги Қонун 45-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ судья қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани қабул қилиш ва банкротлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш ҳақидаги ажримни ариза тушган пайтдан эътиборан беш кундан кечиктирмай чиқаради.


Учтепа туман ДСИ хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, "Шодиёна қурувчи" шўъба корхонасини банкрот деб топишни сўраган.

Учтепа туман ДСИнинг аризаси 2013 йил 18 январда хўжалик судига келиб тушган. Биринчи инстанция суди томонидан ариза процессуал муддатларга риоя қилинмаган ҳолда ариза келиб тушган кундан бошлаб 7 кун ўтгандан кейин иш юритишга қабул қилинган.

"Банкротлик тўғрисида"ги Қонун 45-моддасининг биринчи қисмига кўра қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани қабул қилиш ва банкротлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш ёки аризани қабул қилишни рад этиш ёхуд қайтариш тўғрисидаги масалани судья ариза тушган пайтдан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал этади.


17. "Банкротлик тўғрисида"ги Қонун 189-моддасининг биринчи қисмига кўра хўжалик суди ҳозир бўлмаган қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги аризани ўз иш юритувига қабул қилиб олган кундан эътиборан икки ҳафталик муддат ичида қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади.


Мирзо Улуғбек туман ДСИ хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, "MDM SPEKTR" МЧЖни соддалаштирилган тартибда банкрот деб топишни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, Мирзо Улуғбек туман ДСИ солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан бўлган қарзни ундириш мақсадида "MDM SPEKTR" МЧЖни таъсис ҳужжатларида кўрсатилган манзилига борилганда, МЧЖ ушбу манзилда жойлашмаганлиги аниқланган. Натижада, ДСИ МЧЖнинг соддалаштирилган тартибда ҳозир бўлмаган қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат қилган. Бироқ биринчи инстанция суди аризани 2013 йил 22 февралда иш юритишга қабул қилиб, ишни кўришни 13 мартга тайинлаб, процессуал муддатларнинг бузилишига йўл қўйган. "Банкротлик тўғрисида"ги Қонун 189-моддасининг биринчи қисмига кўра хўжалик суди ҳозир бўлмаган қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги аризани ўз иш юритувига қабул қилиб олган кундан эътиборан икки ҳафталик муддат ичида қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади.


18. Апелляция шикоятини қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим шикоят келиб тушган кундан, шикоятни иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажрим у чиқарилган кундан, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан ишда иштирок этувчи ва шикоят билан мурожаат қилган шахсга беш кундан кечиктирмасдан топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ва хўжалик ишига уни топширилганлигини тасдиқловчи далил тикилади.


Даъвогар "Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари" ОАЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Абдуллаев Фозил Фармонович" фермер хўжалигидан 99 165 739 сўм асосий қарз ва 18 427 сўм пеня ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган.

"Абдуллаев Фозил Фармонович" фермер хўжалиги манфаатида Касби туман Фермерлар кенгаши апелляция шикояти билан мурожаат қилган.

Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 28 декабрдаги "Апелляция инстанцияси судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексини қўллаш ҳақида"ги қарорининг 6-бандига кўра апелляция шикояти (протести) шикоят (протест) қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан, хусусан, ишда иштирок этмаган, биринчи инстанция суди унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилмаган шахс томонидан берилганда, шикоятнинг (протестнинг) ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда қабул қилиниши рад этилади.

Шу боис, суднинг ажрими билан мазкур Пленум қарорининг 6-бандига ҳавола қилган ҳолда апелляция шикоятини қабул қилиш рад этилган.

Бироқ, апелляция шикоятини қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим Касби туман Фермерлар кенгаши, "Абдуллаев Фозил Фармонович" фермер хўжалиги ва "Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари" ОАЖга ХПКда белгиланган тартибда ва муддатларда юборилмаган. Ишда апелляция шикоятини қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим Касби туман Фермерлар кенгаши, "Абдуллаев Фозил Фармонович" фермер хўжалиги ва "Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари" ОАЖга топширилганлигини тасдиқловчи почта алоқа хати мавжуд эмас.

Юқорида қайд этилган Пленум қароридан келиб чиқиб, апелляция шикоятини қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим ХПК 117-моддасининг иккинчи қисмига мос ҳолда ишда иштирок этувчи шахсларга ариза келиб тушган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмасдан юборилади.

ХПК мазкур моддасининг учинчи қисмига асосан даъво аризасини қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин.

ХПК 153-моддасининг иккинчи қисмига ушбу Кодексга мувофиқ, устидан шикоят қилиниши мумкин бўлган ажримлар ишда иштирок этувчи шахсларга ва ажримлар дахлдор бўлган бошқа шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ажримлар ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

Даъвогарлар - С. Бекназарова, Ш. Ўзбекова ва Р. Бўриевлар жавобгарлар - Ҳ. Жўраев, Хусусийлаштириш, рақобат ва давлат мулкини бошқариш қўмитаси Қашқадарё вилоят бошқармаси ва Ғузор туман ҳокимлигига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Ёшлик савдо" ОАЖнинг акциядорлар умумий йиғилиши қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ажрими билан иш юритиш тугатилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан биринчи инстанция судининг ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация инстанцияси судининг қарори билан суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Биринчи инстанция судининг ажримидан норози бўлиб даъвогарлар С. Бекназарова, Ш. Ўзбекова ва Р. Бўриевлар апелляция шикояти билан мурожаат қилган. Суд 2014 йил 23 майда апелляция шикоятини иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарган. Бироқ ушбу ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга 2014 йил 2 июнда, яъни 10 кундан кейин топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат билан юборилган.

Ваҳоланки, ХПК 163-моддасининг учинчи қисмига асосан апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.

ХПК 124-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида суд ажрими орқали хабардор қилинади, ажрим топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки ушбу шахсларга тилхат олиб топширилади ёхуд хабардор қилинганлиги факти қайд этилишини таъминлайдиган алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилинади.

ХПКнинг 153-моддасига асосан хўжалик суди ХПКнинг 153-моддасига асосан хўжалик суди алоҳида ҳужжат тариқасида ажрим чиқарган ҳолларда, ажрим чиқарилганидан кейин беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга ва ажрим дахлдор бўлган бошқа шахсларга юборилади ёки тилхат олиб топширилади, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ажрим ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

Даъвогар 25-сонли мактабгача таълим муассасаси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар "Хуршид" хусусий ишлаб чиқариш корхонасидан 309 000 сўм асосий қарз ва 1 030 000 сўм пеня ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 515 000 сўм пеня ундирилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация инстанцияси судининг қарори билан биринчи ва апелляция инстанциялари суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, 25-сонли мактабгача таълим муассасасининг даъво аризаси бўйича 2014 йил 19 майда ҳал қилув қарори қабул қилинган. Мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб жавобгар томонидан апелляция шикояти берган ва апелляция инстанцияси суди 2014 йил 9 июлда ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилган. Бироқ апелляция инстанцияси судининг қарори ишда иштирок этувчи шахсларга ХПКда белгиланган тартибда юборилмаган. Ишда қарор юборилаётганлиги тўғрисидаги санасиз кузатув хати мавжуд бўлсада, унда даъвогар ва жавобгарнинг номи, манзили кўрсатилмаган. Мазкур кузатув хатидан суд ҳужжати қачон, кимга ва қаерга юборилаётганлигини англаб бўлмайди. Шунингдек, ишда қарор топширилганлиги тўғрисидаги почта алоқа хати ёки уни топширилганлигини тасдиқловчи тилхат мавжуд эмас.

Ваҳоланки, ХПК 171-моддасининг тўртинчи қисмига асосан апелляция инстанцияси судининг қарори қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, қарор ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.


19. Суд ҳужжатлари устидан берилган апелляция ёки кассация шикояти (протести) хўжалик судига келиб тушган кундан эътиборан бир ойлик муддатда кўрилиши лозим.


Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича Тўловларни кафолатлаш жамғармаси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Муборак ўрмон хўжалигидан 1 927 245,6 сўм ундиришни сўраган.

Судининг ажрими билан иш юритиш тугатилган.

Апелляция инстанция судининг қарори билан ажрим бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.

ХПКнинг 167-моддасига кўра хўжалик судининг ҳал қилув қарори устидан тушган апелляция шикояти (протести) хўжалик судига тушган кундан эътиборан бир ойлик муддатда кўрилади.

Мазкур кодекс 125-моддасининг иккинчи қисмига кўра, алоҳида ҳолларда ишни кўриш муддати хўжалик судининг раиси томонидан бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Қашқадарё вилоят прокуратурасининг апелляция протести Қашқадарё вилоят хўжалик судига 2013 йил 26 июль куни келиб тушган. Апелляция инстанция суди томонидан мазкур апелляция протести 2013 йил 2 октябрда кўриб чиқилган ва тегишли қарор қабул қилинган.

Бироқ, апелляция инстанция суди Қашқадарё вилоят прокуратурасининг апелляция протестини кўришда процессуал муддатларга риоя этмаган. Яъни, 2013 йил 26 июлда келиб тушган апелляция протести бир ойлик муддатда кўриб чиқилиши ва у бўйича 2013 йил 26 августга қадар қарор қабул қилиниши лозим бўлган. Бундан ташқари, апелляция инстанция суди томонидан ХПКнинг 125-моддасига асосан ишни кўриш муддатини узайтириш чоралари ҳам кўрилмаган.

"Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" ОАЖ Суд департаментининг Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси ва Суд ижрочиларининг Термиз шаҳар бўлимига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Термиз шаҳар суд ижрочилари бўлимининг 6245-сонли ва 6247-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топишни ҳамда асоссиз ундирилган 78 000 000 сўм ижро йиғимини ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация инстанция судининг қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвони тўлиқ қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилинган.

ХПКнинг 185-моддасига кўра, хўжалик судининг ҳал қилув қарори ёки апелляция инстанциясининг қарори устидан кассация шикояти (протести) иш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судига тушган кундан эътиборан бир ойлик муддатда кўрилади. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти (протести) унинг Раёсати томонидан бир ойлик муддатда кўрилади.

Мазкур кодекс 125-моддасининг иккинчи қисмига кўра, алоҳида ҳолларда ишни кўриш муддати хўжалик судининг раиси томонидан бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

"Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" ОАЖнинг 2014 йил 21 июлдаги кассация шикояти Олий хўжалик судига 2014 йил 4 август куни келиб тушган. Кассация инстанция суди томонидан мазкур кассация шикояти 2014 йил 16 сентябрда кўриб чиқилган ва тегишли қарор қабул қилинган.

Бироқ, кассация инстанция суди ОАЖнинг кассация шикоятини кўришда процессуал муддатларга риоя этмаган. Яъни, 2014 йил 4 августда келиб тушган кассация шикояти бир ойлик муддатда кўриб чиқилиши ва 2014 йил 4 сентябрга қадар қарор қабул қилиниши лозим бўлган. Бундан ташқари, кассация инстанция суди томонидан ХПКнинг 125-моддасига асосан ишни кўриш муддатини узайтириш чоралари кўрилмаган.


20. Ҳал қилув қарори, қарор қабул қилган хўжалик суди, агарда ХПКнинг 180-моддасида назарда тутилган кассация шикоятини (протестини) қайтариш асослари мавжуд бўлмаса, кассация шикоятини (протестини) иш билан бирга беш кунлик муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судига юбориши лозим.


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги "Transinsurance Plus" МЧЖга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жамиятнинг устав фондини шакллантиришни ва лицензия олиш учун тақдим қилинган ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда лицензияни бекор қилишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Апелляция инстанция судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация инстанция судининг қарори билан суд қарорлари ўзгартирилган.

Олий хўжалик суди Пленумининг 2005 йил 23 декабрдаги "Кассация инстанциясида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида"ги қарори 4-бандининг учинчи хатбошисида ҳал қилув қарори, қарор қабул қилган хўжалик суди, агарда ХПКнинг 180-моддасида назарда тутилган кассация шикоятини (протестини) қайтариш асослари мавжуд бўлмаса, беш кунлик муддатда кассация шикоятини (протестини) иш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судига юбориши белгиланган.

"Transinsurance Plus" МЧЖнинг 2013 йил 10 октябрдаги кассация шикояти Тошкент шаҳар хўжалик судига 2013 йил 11 октябрь куни келиб тушган. Мазкур кассация шикояти иш ҳужжатлари билан бирга Олий хўжалик судига 2013 йил 22 октябрь куни юборилган.

Ваҳоланки, хўжалик суди томонидан кассация шикояти иш ҳужжатлари билан бирга Олий хўжалик судига келиб тушган кундан бошлаб 5 кун ўтгач, яъни 2013 йил 15 октябрь куни жўнатилиши лозим бўлган. Бироқ Тошкент шаҳар хўжалик суди кассация шикоятини Олий хўжалик судига юборишда Пленум қарори талабларига риоя қилмаган.

Яна бир мисол.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ОАТБ "Капиталбанк" манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Active Leasing" МЧЖ ва "Texno Leasing" МЧЖдан 173 118 018 сўм асосий қарз, 12 877 134 сўм пеня ундиришни ҳамда ундирувни гаров (ипотека) нарсасига қаратишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Апелляция инстанция судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация инстанция судининг қарори билан суд қарорлари ўзгартирилган.

"Texno Leasing" МЧЖнинг 2013 йил 30 октябрдаги кассация шикояти Тошкент шаҳар хўжалик судига 2013 йил 4 ноябрь куни келиб тушган. Мазкур кассация шикояти иш ҳужжатлари билан бирга Олий хўжалик судига 2013 йил 12 ноябрь куни юборилган. Бироқ, кассация шикоятини Олий хўжалик судига юборишда Тошкент шаҳар хўжалик суди томонидан Пленум қарори талабларига риоя қилмасдан беш кунлик муддатда юборилмаган ва процессуал муддатлар бузилишига олиб келинган.

Ваҳоланки, хўжалик суди томонидан кассация шикояти иш ҳужжатлари билан бирга Олий хўжалик судига келиб тушган кундан бошлаб 5 кунлик муддатда, яъни 2013 йил 8 ноябрь куни жўнатилиши лозим бўлган.


21. Ижро варақасида уни ижрога тақдим этиш муддати кўрсатилади.


"MEGA Savdo stroy" МЧЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ЯТТ "Тоштемиров Даврон"дан 12 420 020 сўм асосий қарз ва 1 245 000 сўм пеня ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. Мазкур ҳал қилув қарори кучга киргач ижро варақаси берилган.

ХПК 212-моддасининг биринчи қисмига асосан ижро варақасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ижро варақасини берган хўжалик судининг номи;

2) ижро варақаси берилган иш ва унинг тартиб рақами;

3) ижро этилиши лозим бўлган суд ҳужжати қабул қилинган сана;

4) ундирувчининг ва қарздорнинг номи, уларнинг манзиллари;

5) суд ҳужжатининг хулоса қисми;

6) суд ҳужжати қонуний кучга кирган сана;

7) ижро варақаси берилган сана ва унинг амал қилиш муддати.

ХПК 212-моддаси биринчи қисмининг 7-бандида ижро варақасида ижро варақаси берилган сана ва унинг амал қилиш муддати кўрсатилиши белгиланган бўлсада, ХПКнинг ўзида ёки бошқа қонун ҳужжатларида ижро варақасининг амал қилиш муддати белгиланмаган. Шу сабабли судья ижро варақасида унинг амал қилиш муддати ўрнига уни ижрога тақдим этиш муддатини кўрсатади.

ХПК 213-моддасига кўра, ижро варақаси суд ҳужжати қонуний кучга кирган кундан ёхуд ижрони кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этишда белгиланган муддат тугаган кундан ёхуд ижро варақасини ижрога тақдим этиш учун ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан бошлаб олти ойдан кечиктирмасдан тақдим этилиши мумкинлиги белгиланган.

"Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонуннинг 27-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра хўжалик судларининг суд ҳужжатлари олти ой мобайнида ижрога топширилиши мумкин.

Бироқ, биринчи инстанция суди томонидан берилган ижро варақасида уни ижрога тақдим этиш муддати кўрсатилмаган.


22. ХПК 97-моддасининг иккинчи қисмига кўра муддатнинг охирги куни иш куни бўлмаган кунга тўғри келган ҳолларда ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддатнинг тугаш куни деб ҳисобланади.


Наманган вилоят прокуратураси "Уйчи Гулистон" МЧЖ манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Уйчи Гулистон" МЧЖ ва "Уйчи пахта тозалаш" АЖ ўртасида тузилган пахта хом ашёси ва уруғчилик пахта харид қилиш бўйича контрактация шартномасини бекор қилишни сўраган.

Биринчи инстанция суди томонидан даъво аризаси иш юритишга қабул қилиниб, иш бўйича 2014 йил 11 июнда даъвони қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган. Мазкур ҳал қилув қарори бўйича 2014 йил14 июлда процессуал муддатлар тўғри ҳисобланган ҳолда ижро варақаси берилган.

Чунки, ҳал қилув қарори бир ойлик муддатда кучга кириши белгиланган бўлсада, лекин бир ойлик муддат тугаган куни 2014 йил 12 июль шанба кунга, яъни иш куни бўлмаган кунга тўғри келганлиги сабабли, суд ижро варақасини бера олмаган. Шу боис, суд ХПК 97-моддасининг иккинчи қисмидан келиб чиқиб, дам олиш кунларидан кейин келган биринчи иш куни 2014 йил 14 июль душанба куни ижро варақаси берган.

ХПК 97-моддасининг иккинчи қисмига асосан муддатнинг охирги куни иш куни бўлмаган кунга тўғри келган ҳолларда ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддатнинг тугаш куни деб ҳисобланади.


23. Хўжалик ишида ижро варақасини ундирувчига топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилганлигини ёки тилхат олиб топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлиши керак.


Даъвогар "Шароб савдо" унитар корхонаси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар "Шамшир Юг" МЧЖдан 17 984 723 сўм асосий қарз ва 8 992 361 сўм пеня ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2014 йил 29 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 17 984 723 сўм асосий қарз ва олдиндан тўланган 184 347 сўм давлат божи ундирилган.

Суд иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин "Шамшир Юг" МЧЖ ҳисобидан "Шароб савдо" УК фойдасига 17 984 723 сўм асосий қарз ва олдиндан тўланган 184 347 сўм давлат божи ундириш бўйича 2014 йил 29 августдаги ижро варақасини берган.

Аммо, ишда пул маблағларини ундириш бўйича берилган ижро варақаси ундирувчи (даъвогар)га қачон юборилганлиги номаълум.

ХПК 210-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларига кўра ижро варақаси ундирувчига суд ҳужжати қонуний кучга киргандан кейин берилади.

Ижро варақаси суд ҳужжати ҳисобланади ва ХПКда бошқа тартиб белгиланмаганлиги сабабли у умумий тартибда, яъни ундирувчига топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади.


24. ХПК 210-моддасига мувофиқ ижро варақаси ундирувчига суд ҳужжати қонуний кучга киргандан кейин берилади. Шу боис суд ҳужжати қонуний кучга кириши билан суд ундирувчига ижро варақасини бериши лозим.


Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси ОАТБ "Микрокредитбанк"и манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар "Хумоюнхон бизнес" ХКдан 110 105 452 сўм ундириш ва кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2014 йил 6 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2014 йил 27 февралдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган вақтдан қонуний кучга кирганлиги сабабли 27 февралда қарор бўйича ижро варақаси берилган. Бироқ суд томонидан ижро варақаси 2014 йил 11 мартдаги кузатув хати ва топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат билан ОАТБ "Микрокредитбанк"ига юборилган.

Ваҳоланки, ХПК 210-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларига кўра ижро варақаси ундирувчига суд ҳужжати қонуний кучга киргандан кейин берилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 10 апрелдаги "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қўллашда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар ҳақида"ги 06/196-сонли қарорининг 1-бандида судларнинг эътибори суд ҳужжатларининг ижросини таъминлаш фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этишига қаратилиши тўғрисида тушунтириш берилган.

Суд ХПК ва мазкур Пленум қарори талабларидан келиб чиқиб ҳамда суд ҳужжати ижросини ўз вақтида ва имконият даражасида тўла-тўкис таъминланишига эришиш мақсадида суд ҳужжати қонуний кучга кириши билан ундирувчига ижро варақасини бериши лозим.