Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.10.2018 й. ПҚ-3989-сон "Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида инвестициявий лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
30.10.2018 й.
N ПҚ-3989
ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИНИ
ТАЪМИНЛАШ СОҲАСИДА ИНВЕСТИЦИЯВИЙ
ЛОЙИҲАНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-
ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
[Кўчирма]
"Хавфсиз шаҳар" аппарат-дастурий комплексини ривожлантириш ва уни босқичма-босқич амалга ошириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишнинг самарали механизмларини жорий қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳа бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 29 августдаги ПҚ-3245-сон ҳамда "2018-2019 йилларда инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 19 июлдаги ПҚ-3874-сон қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлигининг "ATLAS International" (Германия) компаниялар гуруҳи билан ҳамкорликда "Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини фото-видео фиксация қилишнинг автоматлаштирилган тизими" инвестициявий лойиҳаси (кейинги ўринларда - лойиҳа)ни амалга ошириш бўйича таклифи маъқуллансин.
2. Лойиҳа доирасида қуйидаги шартлар белгилансин:
йўл ҳаракати қоидалари бузилишини фото-видео фиксация қилишнинг автоматлаштирилган тизими (кейинги ўринларда - автоматлаштирилган тизим)ни жорий этиш 2018-2025 йилларда Андижон, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳудудида амалга оширилади;
"ATLAS International" компаниялар гуруҳи (кейинги ўринларда - Инвестор) томонидан "Ўзстандарт" агентлиги билан ҳамкорликда фото-видео фиксация қилиш тизимининг техника ва жиҳозларини белгиланган стандарт ва талабларга мувофиқлигини ўлчаш бўйича лаборатория очилиши назарда тутилади;
лойиҳани амалга ошириш ва молиялаштириш давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Инвестор томонидан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан лойиҳа ҳужжатларини босқичма-босқич ишлаб чиқиш орқали амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги лойиҳани амалга ошириш бўйича ишчи орган ҳисобланади;
инвестициявий харажатларни қайтариш учун лойиҳа буюртмачиси - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги масъул ҳисобланиб, жорий қилинаётган автоматлаштирилган тизим Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати балансига берилади.
3. Белгилансинки, ўрнатилган автоматлаштирилган тизим ёрдамида аниқланган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ундирилган жарима суммаси қуйидагича йўналтирилади:
30 фоиз - йўл ҳаракати қоидалари бузилиши қайд этилган жойнинг маҳаллий бюджетига, шундан (100 фоиз деб ҳисобланганда) 50 фоизи миқдорида йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва автоматлаштирилган тизимни электр энергияси билан таъминлаш учун тўловларни амалга ошириш мақсадларида фойдаланилади;
20 фоиз - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига;
25 фоиз - Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг "Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда" республика жамғармасига;
25 фоиз - шартномада белгиланган инвестициявий харажатларнинг ҳажми тўлиқ қоплангунига қадар Инвестор ҳисобига.
Белгилансинки, инвестициявий харажатлар тўлиқ қопланганидан сўнг, мазкур қарорда назарда тутилган жарима суммасининг Инвесторга тегишли улуши Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига йўналтирилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига лойиҳани амалга ошириш доирасида, истисно тариқасида, қуйидагиларга рухсат этилсин:
автоматлаштирилган тизимни жорий этишни техник-иқтисодий ҳисоб-китобларини ишлаб чиқмасдан ва тасдиқламасдан амалга ошириш;
Инвестор ёки у томонидан лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил қилинган корхона (кейинги ўринларда - Корхона) билан тендер ва танлов савдоларини ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш;
Инвестор билан ҳамкорликда автоматлаштирилган тизимни жорий қилиш ишларини лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда олиб бориш.
Инвестор билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча, махсус товушли ишоралари ҳамда автоматлаштирилган жамоат тартибини назорат қилиш ва йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлаш мосламалари ўрнатилган патруль автомобилларини амалиётга жорий қилиш.
5. "Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини фото-видео фиксация қилишнинг автоматлаштирилган тизими" инвестициявий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар "Йўл харитаси" иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Лойиҳани амалга ошириш доирасида қуйидагилар:
2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатга мувофиқ олиб кириладиган жиҳозлар, бутловчи буюмлар, дастурий таъминот, ёрдамчи техника ва қурилиш материаллари - божхона божидан;
Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан бажарилган ишлар (хизматлар), шунингдек, маҳаллий етказиб берувчилар ва субижрочилар томонидан Инвесторга сотиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) қўшимча қиймат солиғидан;
Инвестор, унинг субижрочилари, хорижий молиявий институтлари ва компаниялари, шунингдек, уларнинг доимий муассасалари - Ўзбекистон Республикаси норезидентлари - юридик шахслар тўлаши лозим бўлган солиқларнинг барча турларидан (шу жумладан, тўлов манбасидан ундириладиган даромад солиғидан);
Ўзбекистон Республикаси норезидентлари - жисмоний шахслар - лойиҳани амалга ошириш доирасида оладиган жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан;
олиб кирилаётган товарлар, жиҳозлар, бутловчи қисмлар, дастурий таъминот ва бошқа мол-мулк, шунингдек, кўрсатиладиган хизматлар - лицензиялаштириш ва сертификатлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларида ўлчов воситаларини Давлат реестрига киритишда олинадиган йиғим, давлат божлари ва тўловларидан;
2025 йил 1 январга қадар Корхона фото-видео фиксация тизимини ўрнатиш, ишга тушириш, сервис хизматини кўрсатиш ва лаборатория текширувларини ўтказиш фаолияти (шу жумладан асбоб-ускуналар), қурилиш-монтаж, лойиҳалаш ва лойиҳа-қидирув ишлари билан боғлиқ барча турдаги солиқлардан озод этилсин.
8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда Инвестор зиммасига ушбу биноларни таъмирлаш ва туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича масъулият юклатилган ҳолда Корхонага хизмат кўрсатиш маркази ҳамда фото-видео фиксация тизимининг қурилмалари ва техникаларини ўлчаш бўйича лаборатория фаолиятини ташкил этиш учун танлов ўтказмасдан, бепул асосда бино ва иншоотлар тақдим этилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш фонди ҳисобидан жорий этилаётган автоматлаштирилган тизим объектларини ўз вақтида қуриш ва ташқи телекоммуникация тармоқларига улаш ишларини молиялаштиришни таъминласин.
10. Лойиҳани амалга ошириш доирасида қуйидагилар таъминласин:
а) Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан:
йўл белгилари, ахборот кўрсаткичлари ва йўл ҳаракатини тартибга солишнинг бошқа техник воситалари ўз вақтида ўрнатилиши;
автомобиль йўлларида меъёрий ҳужжатлар талабларига мос равишда, узоқ вақт давомида хизмат кўрсатувчи чидамли йўл ҳаракати чизиқларининг чизилиши;
ташкилий, консультатив ва ахборот-таҳлилий кўмак кўрсатилиши;
б) Инвестор томонидан:
қурилиш ва монтаж ишларини амалга ошириш учун зарур бўлган лойиҳа ҳужжатлари, шу жумладан рухсат бериш ҳужжатларининг олиниши;
тегишли масъул давлат ташкилотлари ва идоралар билан лойиҳа ҳужжатларининг келишилиши;
тизимнинг муҳандислик, коммуникация ва электр тармоқларига уланиши;
ўз маблағлари ҳисобидан инвестициявий харажатлар сифатида лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ қурилиш ва монтаж ишлари лозим даражада амалга оширилиши ҳамда ташқи тармоқлардан автоматлаштирилган тизимнинг объектларигача электр узатиш линиялари ва телекоммуникация тармоқларини тортиш ишлари амалга оширилиши, шунингдек, барча ҳудудларда маълумотларни қайта ишлаш марказларининг ташкил этилиши;
в) Андижон, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан тизимнинг муҳандислик, коммуникация ва электр тармоқларига уланиши, қурилиш ва монтаж ишлари ўз вақтида амалга оширилиши, шунингдек, йўл объектлари эксплуатацияга киритилишида Инвестор ва Корхонага ҳар томонлама ташкилий ва амалий кўмаклашиш.
11. "Ўзбекэнерго" АЖ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда лойиҳани амалга ошириш доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан автоматлаштирилган тизимнинг объектларини ташқи электр тармоқларига ўз вақтида улашни таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг буюртмалари асосида лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга кўп марталик кириш визаларини консуллик ва бошқа бож тўловлари ундирилмаган ҳолда расмийлаштирилишини таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги белгиланган тартибда Инвестор ёки Корхонанинг мурожаатларига асосан Ўзбекистон Республикасига юқори тажрибага эга хорижий мутахассисларни (бундай мутахассислар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида бўлмаган ҳолларда) жалб қилишга рухсатнома берилиши (узайтирилиши), шунингдек, мазкур чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилиши (узайтирилиши)ни таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Инвестор билан биргаликда икки ой муддатда автоматлаштирилган тизимни жорий этиш бўйича техник вазифани белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда ушбу қарорга мувофиқ Ички ишлар вазирлигининг махсус ҳисоб рақамида ҳар ойлик маблағлар тўпланишини ва инвестициявий харажатларни қайтариш бўйича тўловлар биринчи навбатда амалга оширилишини таъминласин;
Инвестор ёки Корхона буюртмаларига асосан лойиҳани жорий этишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга давлат божлари ундирилмаган ҳолда кўп марталик визаларни белгиланган тартибда расмийлаштириш, бериш ва узайтириш, шунингдек, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш ва унинг муддатини узайтиришни таъминласин;
техник ва фойдаланиш талабларига мувофиқ автоматлаштирилган тизим маълумотларини қайта ишлаш марказларини ташкил этиш бўйича зарур ташкилий чора-тадбирларни кўрсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифларни киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2018 йил 30 октябрдаги
ПҚ-3989-сон қарорига
ИЛОВА
"Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати
қоидалари бузилишини фото-видео фиксация
қилишнинг автоматлаштирилган тизими"
инвестициявий лойиҳасини амалга
ошириш бўйича чора-тадбирлар
"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2018 йил 1 ноябрь
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2018 йил 5 ноябрь, 44-сон, 861-модда