Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.03.2020 й. 133-сон "Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
09.03.2020 й.
N 133
ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ВА ИННОВАЦИОН
ФАОЛИЯТНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ
НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ БАЗАСИНИ ЯНАДА
ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ
ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 1 ноябрдаги ПҚ-3365-сон, "Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 7 майдаги ПҚ-3698-сон ҳамда "Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 9 декабрдаги ПҚ-4546-сон қарорларига мувофиқ, шунингдек, илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмасини шакллантириш ва амалга оширишнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Қуйидагилар:
Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
"Стартап" лойиҳаларни танлаб олиш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгашлар тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдураҳмонов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Телекоммуникациялар, IT-технологиялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари котибиятига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2020 йил 10 март