Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамисининг 13.04.2020 й. 194-Ф-сон "Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, давлат божхона хизмати органлари ходимларига сифатли хизмат кўрсатиш ва соғломлаштириш табдирларини ташкил этиш орқали уларнинг меҳнат фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги Фармойиши

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМИСИНИНГ

ФАРМОЙИШИ

13.04.2020 й.

N 194-Ф




Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, давлат божхона хизмати органлари ходимларига сифатли хизмат кўрсатиш ва соғломлаштириш табдирларини ташкил этиш орқали уларнинг меҳнат фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида:


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 21 сентябрдаги 627-ф-сон фармойиши ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси (кейинги ўринларда - Давлат божхона қўмитаси) томонидан Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, "Чимган" МФЙ манзилида жойлашган "Бахт" спорт-соғломлаштириш мажмуасида (кейинги ўринларда - Мажмуа) қайта қуриш ва капитал таъмирлаш ишлари якунланлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг Мажмуа фаолиятини самарали бошқариш мақсадида "Бахт" спорт-соғломлаштириш мажмуаси" давлат муассасасини (кейинги ўринларда - Муассаса) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


3. Қуйидагилар Муассасанинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Мажмуа фаолиятини самарали ташкил этиш, бошқариш, мавжуд бино ва иншоотларни сақлаш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш;

божхона органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, пенсионерлари учун пулли асосда соғломлаштириш ва дам олиш тадбирларини ташкил этиш;

мижозларга замонавий сервис хизматлари кўрсатиш бўйича илғор тажриба асосида Мажмуанинг бу борадаги фаолиятини тизимли такомиллаштириб бориш юзасидан асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;

спорт, кўнгилочар ва тантанали маросимларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш.


4. Белгилансинки:

Муассаса директори Давлат божхона қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Муассаса ходимлари штат бирликлари ва уларнинг иш ҳақи миқдорлари Муассаса директори томонидан Давлат божхона қўмитаси ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади;

Муассаса ўз уставидаги мақсад ва вазифалари доирасида белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат ҳамда тарифларга мувофиқ пулли хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эга.


5. Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, "Чимган" МФЙ манзилида жойлашган "Бахт" спорт-соғломлаштириш мажмуасининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан бирга Муассасага оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилсин.


6. Қуйидагилар Муассаса фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

пулли хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар;

мажмуага бириктирилган бино, иншоотлар ва бошқа мол-мулкларни ижарага беришдан олинадиган даромадлар;

Давлат божхона қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


7. Давлат божхона қўмитаси бир ой муддатда Муассасанинг Уставини тасдиқласин, шунингдек, унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.


8. Мазкур фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                               А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 13 апрель