Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 05.02.2021 й. 55-сон "Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

05.02.2021 й.

N 55




ҚУРИЛИШ СОҲАСИДА ЭЛЕКТРОН

ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қурилиш соҳасида давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, лойиҳалаштириш, қурилиш-монтаж ишларида давлат харидлари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш бўйича тартиб-таомилларни электрон тизимга ўтказиш орқали янада такомиллаштириш ҳамда шаффофликни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қурилиш соҳасида давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи янги тизими жорий этилсин:

қурилиш соҳасидаги давлат харидларини ўтказишда танлов ҳужжатларининг умумий ва техник қисмларини тақдим этиш талаб этилмайди;

электрон танлов (тендер) (кейинги ўринларда - танлов) савдоларини амалга ошириш учун танлов ҳужжатлари ва техник вазифалар фақат товарлар (ишлар, хизматлар) ҳажмларини ва уларнинг нарх параметрларини баҳолаш қисми бўйича комплекс экспертизадан ўтказилади;

танлов савдоларида жорий йил учун молиявий мажбуриятлари ҳажми қурилиш-пудрат ташкилотларининг сўнгги уч йиллик ҳисобот даврининг бир йилида бажарилган энг йирик ишлар ҳажмининг 1,5 бараваридан ошган оферентлар иштирок этмайди;

танлов натижалари бўйича шартномада белгиланган нархга нисбатан сифати ва ҳажмига таъсир қилмаган ҳолда тежалган маблағлар пудрат ташкилоти тасарруфида қолдирилади.


2. Давлат буюртмачилари қурилиш соҳасидаги танловларни махсус ахборот портали операторлари орқали онлайн режимда ўтказилишини таъминласин.

Қурилиш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими ҳамда танловларни ўтказиш бўйича махсус ахборот портали операторлари ўртасида электрон ахборот алмашинувини йўлга қўйсин.


3. Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Қурилиш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, қурилиш вазири Б.И. Закиров ва молия вазири Т.А. Ишметов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Ресиубликасининг Бош вазири                                         А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 6 февраль