Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 27.11.2021 й. 37-сон "Жиноят ишларини кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги Қарори

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

27.11.2021 й.

N 37



ЖИНОЯТ ИШЛАРИНИ КАССАЦИЯ

ТАРТИБИДА КЎРИШ БЎЙИЧА СУД

АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритилганлиги, суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан ҳамда қонун нормалари бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 22-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Тушунтирилсинки, биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек, апелляция инстанцияси суди ҳукмлари, ажримлари кассация тартибида қайта кўриб чиқилиши мумкин.


2. Биринчи ва апелляция инстанцияси суди ҳукми, ажрими устидан кассация тартибида шикоят беришга (протест келтиришга) бўлган ҳуқуқ Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси (бундан буён матнда ЖПК деб юритилади) 499-моддасида назарда тутилган шахсларга тегишлидир.

ЖПК 499-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ, биринчи ва апелляция инстанцияси суди ҳукми, ажрими устидан бошқа шахслар томонидан ҳам ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига дахлдор қисми юзасидан кассация тартибида шикоят берилиши мумкин. Улар жумласига иш бўйича тараф бўлмаган, бироқ ўзининг ҳақиқий ҳолатига кўра суд ҳимоясига муҳтож бўлган шахслар (гаров берувчи, мулки хатланган шахс ва бошқалар) киради.

Шу муносабат билан кассация инстанцияси суди шикоятни (протестни) қабул қилиш пайтида кассация шикояти (протести) берган шахснинг бундай ҳуқуққа эгалигини текшириши шарт.


3. Кассация шикояти (протести) бевосита кассация инстанцияси судига - Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.

Ҳар бир кассация шикояти (протести) келиб тушган санаси кўрсатилган ҳолда рўйхатга олиниши шарт.


4. Тушунтирилсинки, қонун кассация шикояти (протести) беришга бўлган ҳуқуқни бирон-бир муддат билан чекламайди (ЖПК 500-моддаси).

Шу билан бирга, агар шикоятда (протестда) қуйидаги масалалар қўйилган бўлса, ишни кассация тартибида қайта кўришга устидан шикоят берилаётган ҳукм, ажрим қонуний кучга кирганидан сўнг фақат бир йил ичида йўл қўйилади:

оғирроқ жиноят тўғрисидаги қонунни қўллаш зарурлиги тўғрисида; жазони кучайтириш тўғрисида ёки маҳкумнинг аҳволи ёмонлашишига олиб келадиган бошқа ўзгартиришлар ҳақида;

оқлов ҳукмини ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги ажримни бекор қилиш тўғрисида.

ЖПК 500-моддасининг иккинчи қисми мазмунига кўра, агар иш кассация инстанцияси суди томонидан кўрилаётган кунда бир йиллик муддат ўтиб кетган бўлса, кассация шикояти (протести) белгиланган муддатда берилганидан қатъий назар, кассация тартибида иш юритиш тугатилади.


5. Шуни назарда тутиш лозимки, қонунда кассация тартибида иш юритиш предмети бўйича муайян истиснолар белгиланган.

Жумладан, биринчи ва апелляция инстанцияси судлари суд муҳокамаси чоғида чиқарган ва далилларни текшириш тартибига, процесс иштирокчилари илтимосномаларига, эҳтиёт чорасини танлаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга, шунингдек, суд мажлиси залида тартиб сақлашга оид ажримлар устидан кассация тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин эмас. Ушбу ажримлар бўйича эътирозлар кассация шикоятига (протестига) киритилиши мумкин.


6. ЖПК 501-моддасида кассация шикояти (протести) мазмуни юзасидан муайян талаблар белгиланганлиги туфайли, кассация инстанцияси суди шикоят (протест) берувчи шахс томонидан ушбу талабга риоя этилганлигини текшириши шарт.

Судья кассация шикояти (протестини) қуйидаги ҳолларда ажрим билан уни берган шахсга қайтаради, агар:

шикоят (протест) ЖПК 501-моддасида назарда тутилган талабларга жавоб бермаса;

иш кассация тартибида кўриб чиқилиши мумкин бўлмаса;

шикоятни (протестни) қайтариб олиш тўғрисида ариза (хат) келиб тушган бўлса.

Шикоят (протест) берган шахс ЖПК 501-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин умумий тартибда қайта мурожаат қилишга ҳақли.


7. Кассация инстанцияси суди шуни назарда тутиши лозимки, кассация шикояти (протести) бўйича ишдаги мавжуд материалларга кўра биринчи ва апелляция инстанцияси судлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси (бундан буён матнда ЖК деб юритилади) нормалари тўғри қўлланилганлиги ҳамда жиноят-процессуал қонуни нормаларига риоя этилганлиги текширилади.


8. Кассация шикояти (протести) кассация инстанцияси судига келиб тушган кундан эътиборан икки ойгача бўлган муддат ичида кўриб чиқилиши лозим.

Кассация инстанцияси судининг ажрими билан бу муддат ишнинг мураккаблиги ёки ҳажми катталиги, шунингдек, бошқа узрли сабаблар инобатга олинган ҳолда, кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин.


9. Кассация инстанцияси суди эътибори шунга қаратилсинки, қонунда кассация шикояти (протести) важларини синчиклаб ўрганиш учун ўн кунлик муддат белгиланган бўлиб, бу ЖПК 507-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган масалаларни тўғри ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Агар кассация шикоятини (протестини) ўрганиш натижалари бўйича ЖПК 502-моддасига мувофиқ, шикоятни (протестни) қайтариш учун асослар бўлмаса, судья жиноят ишини талаб қилиб олиш тўғрисида ажрим чиқаради ва бу ҳақда уч кунлик муддат ичида кассация шикояти (протести) берган шахсга хабар берилади.


10. Жиноят процесси иштирокчисининг ўз шикояти (протести)га ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳуқуқи кассация инстанцияси суди мажлиси бошлангунга қадар амалга оширилиши мумкин. Бироқ, ЖПК 509-2-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, кассация протестига ўзгартириш ёки қўшимча киритиш, жабрланувчининг ёхуд унинг вакилининг кассация шикоятига ўзгартириш ёки қўшимча киритиш чоғида маҳкумнинг аҳволини оғирлаштириш тўғрисидаги масала, агар бундай талаб дастлабки кассация шикоятида (протестида) кўрсатилмаган бўлса, қўйилиши мумкин эмас.

Кассация шикояти берилганидан кейин ишга киришган ҳимоячи шикоятни ўзгартириши ёки янги важлар билан тўлдириши, илгари ишда иштирок этган ҳимоячи томонидан берилган шикоят важларига қўшимча асослар тақдим этиши мумкин.

ЖПК 500-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган муддатлар ўтгандан сўнг берилган, маҳкумнинг аҳволини оғирлаштиришга қаратилган талаблар кассация инстанцияси суди томонидан кўриб чиқилмайди.


11. ЖПК 509-3-моддасига мувофиқ, кассация шикояти (протести) берган шахс ўз шикоятини (протестини), маҳкум, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ва фуқаровий жавобгар эса, тегишлича ўз ҳимоячиси ва вакили берган шикоятни ҳам қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Протестни қайтариб олиш ҳуқуқи юқори турувчи прокурорга ҳам тегишли.

Маҳкумнинг ҳимоячиси, қонуний вакили ўз шикоятини фақат маҳкумнинг розилиги билан қайтариб олишга ҳақли.

Кассация шикоятини (протестини) қайтариб олишга кассация инстанцияси суди маслаҳатхонага киргунига қадар йўл қўйилади.

Кассация шикоятининг (протестининг) қайтариб олиниши, агар иш бўйича бошқа процесс иштирокчилари томонидан берилган кассация шикояти (протести) бўлмаса, кассация тартибида иш юритиш тугатилишига олиб келади. Бундай ҳолда суд шикоятни (протестни) қайтариб олган шахсга нисбатан кассация тартибида иш юритишни тугатади ва бошқа шахсларга нисбатан давом эттиради.

Шуни инобатга олиш лозимки, кассация тартибида иш юритишнинг тугатилиши кассация шикояти (протести) билан такроран мурожаат қилишга тўсқинлик қилмайди.


12. Кассация инстанцияси суди судьяси келиб тушган кассация шикоятини (протестини) ўрганади ва кўпи билан ўн суткалик муддат ичида ЖПК 507-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган масалаларни ҳал қилади.

Келиб тушган жиноят ишини ўрганиш натижаларига кўра, судья шикоятни (протестни) иш билан бирга кассация инстанцияси судига кўриб чиқиш учун киритиш ёхуд шикоятни (протестни) кассация инстанцияси судига кўриб чиқиш учун киритишни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради.

Судьянинг ажрими ҳар қандай ҳолда ЖПК 508 ёки 509-моддалари талабларига жавоб бериши, шу жумладан, шикоятни (протестни) иш билан бирга кассация инстанцияси судига кўриб чиқиш учун киритиш ёхуд киритишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун сабаб бўлган асосларни батафсил ўзида акс эттириши керак.

Шикоятни (протестни) кассация инстанцияси судига кўриб чиқиш учун киритишни рад этиш ҳақидаги ажримда унинг устидан ЖПК 509-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига ёки унинг ўринбосарига шикоят бериш ҳуқуқи тушунтирилиши шарт бўлиб, шу сабабли уч кунлик муддат ичида ажрим нусхаси аризачига юборилади.


13. Тушунтирилсинки, ЖПК 509-1-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган шахслар иш кассация инстанцияси судига кўриб чиқиш учун киритилганлиги тўғрисида ажрим чиқарилган кундан бошлаб уч кунлик муддат ичида хабардор қилинишлари шарт. Бунда уларга шикоятнинг (протестнинг) кўчирма нусхаси юборилади ёхуд уларнинг электрон нусхалари билан кассация инстанцияси судининг интернет-ресурси орқали танишиш мумкинлиги тўғрисидаги хабарнома юборилади ва шикоятга (протестга) доир ўз эътирозларини ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида беришга бўлган ҳуқуқи, эътирозларни тақдим этилиш муддати кўрсатилган ҳолда тушунтирилади. Шикоят (протест) устидан келиб тушган эътирозлар ишга қўшиб қўйилади.


14. Шуни назарда тутиш лозимки, ЖПК 506-моддасида назарда тутилган кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқиш муддатлари шикоятни (протестни) ўрганиш, жиноят ишини талаб қилиб олиш ва ўрганиш, шунингдек, ЖПК 507-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, ажрим чиқариш учун ажратилган вақтни ўз ичига олади.

Кассация инстанцияси судида ишни кўриш муддатлари ЖПК 509-4-моддасида белгиланган бўлиб, шикоятни (протестни) иш билан бирга кассация инстанцияси судига кўриб чиқиш учун киритиш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан ҳисобланади.


15. Кассация инстанцияси судининг эътибори шунга қаратилсинки, ЖПК 509-5-моддаси талабларининг бажарилиши процесс иштирокчилари ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан судья шикоят (протест) кассация инстанцияси судига кўриб чиқиш учун киритилган кундан эътиборан етти суткадан кечиктирмай жиноят ишини суд мажлисида кўриб чиқиш учун тайинлаш тўғрисида ажрим чиқариб, унда қуйидаги масалаларни ҳал қилиши керак:

жиноят ишини кўриш бошланадиган жой, сана ва вақт тўғрисидаги;

суд мажлисига тарафларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини чақириш тўғрисидаги;

ЖПК 19-моддасида назарда тутилган ҳолларда, жиноят ишини ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисидаги;

озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўтаётган маҳкумнинг суд мажлисида иштирок этиши тўғрисидаги.

Қабул қилинган қарор тўғрисида ЖПК 499-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларга, шунингдек, прокурорга уч сутка ичида хабар қилинади.


16. Шуни назарда тутиш керакки, ЖПК 509-6-моддасининг биринчи қисмида кассация инстанцияси суди мажлисида иштирок этиши шарт бўлган тарафлар, шунингдек, унда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган процесс иштирокчилари доираси кўрсатиб ўтилган. Шу сабабли кассация инстанцияси суди ҳар бир иш бўйича уларни суд мажлиси жойи, санаси ва вақти тўғрисида олдиндан хабардор этиш чораларини кўриши керак.

Жазони ижро этиш муассасасида бўлган ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўтаётган маҳкумнинг кассация инстанцияси суди мажлисида иштирок этишини таъминлаш суд томонидан ҳал этилади. Агар кассация инстанцияси суди маҳкумнинг суд мажлисида иштирокини зарур деб топса, уни суд мажлисига олиб келиш бўйича чоралар кўриши ёхуд унинг суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этишини таъминлаши лозим.

Кассация инстанцияси суди мажлиси жойи, санаси ва вақти тўғрисида тегишли равишда хабардор этилган шахсларнинг суд мажлисига келмаслиги жиноят ишини кўриш учун тўсиқ бўлмайди, суд мажлисида иштирок этиши шарт бўлган шахслар бундан мустасно.


17. Кассация инстанцияси суди холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда тарафларга ўз процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишлари учун зарур шароитлар яратиб бериши шарт.

Кассация инстанцияси судида жиноят иши ЖПК 509-7-моддасида назарда тутилган тартибда кўрилади.

Кассация инстанцияси судида тарафлар музокаралари ЖПК 449-моддаси қоидаларига мувофиқ ўтказилади, бироқ бунда шикоят (протест) берган шахс биринчи бўлиб сўзга чиқади.

Иш бўйича бир неча кассация шикояти (протести) мавжуд бўлганда, биринчи бўлиб айблов тарафига тегишли процесс иштирокчиси сўзга чиқади.


18. Тушунтирилсинки, апелляция тартибида иш юритишдан фарқли равишда, кассация инстанцияси суди айблов исботланганлиги масаласи муҳокамасига киришмай, фақат биринчи ва апелляция инстанцияси судлари томонидан жиноят қонунлари тўғри қўлланилганлиги ва жиноят-процессуал қонунига риоя этилганлиги масалаларини текширишга ваколатлидир.

Суд жиноят ишини кассация тартибида кўришда кассация шикояти (протести) важлари билан чегараланмайди ва ишни барча маҳкумларга, шу жумладан, кассация шикояти бермаган шахсларга ёки уларга нисбатан шикоят (протест) берилмаган маҳкумларга нисбатан ҳам тўла ҳажмда текширади.

ЖПК 509-8-моддасининг иккинчи қисми мазмунига кўра, жиноят иши бўйича бир неча шахс ҳукм қилинган ёки оқланган тақдирда, кассация инстанцияси суди кассация шикояти (протести) берилмаган маҳкумлар ёки оқланган шахсларга нисбатан ҳукмни, ажримни бекор қилишга ва ишни апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш учун юборишга, башарти ҳукм, ажримнинг бекор қилиниши уларнинг аҳволи оғирлашишига олиб келса, ҳақли эмас.


19. ЖПК 509-9-моддасига мувофиқ, кассация инстанцияси суди жиноят ишини кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги ажримлардан бирини қабул қилади:

биринчи, апелляция инстанцияси судлари ҳукмларини, ажримларини ўзгаришсиз қолдириш, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдириш тўғрисида;

апелляция инстанцияси суди ҳукмини, ажримини бекор қилиш ва биринчи инстанция суди ҳукмини, ажримини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида ёки ишни апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш учун юбориш тўғрисида;

иш бўйича қабул қилинган барча суд қарорларини бекор қилиш ва ишни тугатиш тўғрисида;

биринчи, апелляция инстанцияси суди ҳукмини, ажримини ўзгартириш тўғрисида.

Апелляция инстанцияси суди ҳукми, ажрими қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши лозим, агар:

кассация инстанцияси суди ушбу қарорлар билан аввалги ҳукмлар ёки ажримлар асоссиз равишда бекор қилинган ёки ўзгартирилган деб топса;

ишни кўраётганда улар апелляция инстанцияси суди ҳукмининг, ажримининг ёки кассация инстанцияси суди ажримининг қонунийлигига таъсир кўрсатган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қонун бузилишига йўл қўйган бўлса.


20. Агар биринчи, апелляция инстанцияси судлари ҳукми, ажрими моддий ва процессуал қонун талабларига мувофиқ чиқарилганлиги аниқланса, кассация инстанцияси суди уларни ўзгаришсиз қолдиради (ЖПК 455-моддаси).

Суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирганда кассация инстанцияси суди қуйидагиларга ҳақли:

ЖПК 533-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда, ҳукмнинг ижросини кечиктиришга;

амнистия актини қўллашга.

Кассация инстанцияси суди томонидан биринчи, апелляция инстанцияси суди ҳукми, ажримининг тавсиф қисмига ўзгартириш киритилганда ҳам, башарти бу айблов ҳажми, қилмишнинг квалификацияси, тайинланган жазо тури ва миқдори ўзгаришига олиб келмаса, суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилади.


21. Биринчи инстанция судининг қонуний, асослантирилган, адолатли ҳукмини ёки қонуний, асослантирилган ажрими апелляция инстанцияси суди томонидан етарли асосларсиз бекор қилинган ёки ўзгартирилган ҳолларда, кассация инстанцияси суди апелляция инстанцияси суди ҳукмини, ажримини бекор қилади ва биринчи инстанция суди ҳукмини, ажримини ўзгаришсиз қолдиради.


22. Тушунтирилсинки, апелляция инстанцияси суди ҳукми, ажримини бекор қилиш тўғрисидаги масалани ҳал қилишда кассация инстанцияси суди ЖПК 497-19-моддасида назарда тутилган асослардан келиб чиқиши лозим.

Кассация инстанцияси суди, агар биринчи, апелляция инстанцияси судлари томонидан суд терговининг тўлиқ эмаслигига ёки бир ёқламалигига ёхуд процессуал бузилишларга йўл қўйилганлиги аниқланса ва бу ҳукм, ажримнинг қонунийлигига таъсир қилган ёки таъсир қилиши мумкин бўлган бўлса, апелляция инстанцияси суди ҳукми, ажримини бекор қилади ва ишни апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш учун юборади.


23. Агар иш кўриб чиқилаётганда ЖПК 416, 417-моддаларида назарда тутилган ҳолатлар аниқланса, жабрланувчи, унинг вакили ёки маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили шикояти ёки прокурор протести мавжуд бўлганда, кассация инстанцияси суди ҳукмни, апелляция инстанцияси суди ажримини бекор қилишга ва ишни апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш учун юборишга ҳақли.


24. Кассация инстанцияси суди фақат прокурор протестига ёки жабрланувчининг, унинг вакилининг шикоятига кўра, апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажримини маҳкумга тайинланган жазо енгиллиги ёки унга эълон қилинган айблов доирасида оғирроқ жиноятга оид қонунни қўллаш зарурлиги туфайли бекор қилиб, ишни апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш учун юборишга ҳақли.

Апелляция инстанцияси судининг оқлов ҳукми ҳам кассация инстанцияси суди томонидан фақат прокурорнинг протестига ёки жабрланувчининг, унинг вакилининг судланувчининг оқланиши қонунга хилофлиги ва асоссизлиги борасида берилган шикояти бўйича бекор қилиниб, иш апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш учун юборилиши мумкин.


25. Кассация инстанцияси суди қуйидаги ҳолларда иш бўйича барча суд қарорларини бекор қилади ва жиноят ишини тугатади, агар:

иш бўйича ЖПК 83-моддасида ҳамда 84-моддасининг биринчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган асослар аниқланса;

иш бўйича тўпланган далиллар шахсни айбдор деб топиш учун етарли бўлмаса ва қўшимча далилларни тўплаш имконияти қолмаган бўлса.


26. Қонун мазмунига (ЖПК 497-30, 509-9-моддалари) кўра, кассация инстанцияси суди биринчи, апелляция инстанцияси судлари ҳукмини ўзгартирганда қуйидагиларга ҳақли:

қилмишни ЖК бошқа моддасига (бир неча моддаларига) қайта квалификация қилишга;

ҳукмдан айбловнинг бир қисмини (айрим эпизодларини) ёхуд маҳкумнинг жавобгарлигини оғирлаштирувчи белгиларни чиқаришга;

ҳукмдан жиноятлар идеал мажмуи тариқасида қилмишни нотўғри баҳолаш туфайли ортиқча эълон қилинган ЖК моддасини чиқаришга;

ЖК 70-72, 76-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда маҳкумни жазодан озод қилишга;

жазо миқдорини ўзгартиришга ва ЖК Махсус қисми моддаси санкцияси доирасида бошқа енгилроқ жазо тайинлашга ёхуд ЖК 57-моддасини қўллашга;

маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирмаган ҳолда ЖК 59 ёки 60-моддасини қўллаб, жазо миқдорини ўзгартиришга;

жиноят натижасида етказилган зарар, шунингдек, маънавий зиённинг компенсацияси миқдорини кўпайтириш ёки камайтиришга, шунингдек, ушбу масала суд томонидан ҳал этилмаган ҳолларда, бундай зарарни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилишга;

маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишга ёки ҳукмдан уни ўта хавфли рецидивист деб топиш ҳақидаги қарорни чиқаришга;

маҳкумга нисбатан жазони ижро этиш колониясининг бошқа, шу жумладан, қаттиқроқ турини белгилашга;

ашёвий далиллар, процессуал чиқимлар тўғрисидаги масалаларни ва бошқа масалаларни ҳал этишга.


27. Бошқа эпизодлар билан умумий квалификация қилинган бир ёки бир неча эпизод (масалан, бир неча марта пора олганлик) бўйича иш ҳолатлари тўлиқ текширилмаган деб топилганда, агар уларни суд қарорларидан чиқариш учун етарли асослар ёки йўл қўйилган камчиликларни тўлдириш учун имконият бўлмаса, кассация инстанцияси апелляция инстанцияси суди ҳукми, ажримини бекор қилиб, ишни апелляция тартибида янгидан тўлиқ ҳажмда кўриш учун юбориши керак.

Агар маҳкум ЖК турли моддалари бўйича квалификация қилинган бир неча жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган бўлиб, улардан ҳар бирини алоҳида кўриш имконияти бўлса, кассация инстанцияси суди апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажримининг бир ёки бир неча жиноятга оид қисмини бекор қилиб, ишнинг шу қисмини апелляция тартибида янгидан кўриш учун юборишга, айни пайтда, ўша маҳкумга нисбатан суд ҳукми, ажримининг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли.

Агар кассация инстанцияси суди апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажримининг маҳкумлардан бирига доир қисмини бекор қилиб, ишнинг шу қисмини апелляция тартибида янгидан кўриш учун юбориш тўғрисида хулосага келса ва ишнинг шу қисмини ЖПК 332, 416, 417-моддалари мазмунидан келиб чиқиб ажратишнинг имкони бўлмаса, ҳукм, ажрим тўла ҳажмда бекор қилиниши керак.


28. Шахсни жиноий жавобгарликдан озод этишни назарда тутувчи амнистия актига зид равишда ёки жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтгандан сўнг жиноят иши қўзғатилган ҳолларда, суд қарорлари, гарчи унда маҳкум жазодан озод қилинган бўлса-да, бекор қилиниб, иш тугатилиши керак.

Агар кассация инстанцияси суди маҳкумнинг ҳаракатларини ЖК бошқа моддасига қайта квалификация қилиш кераклиги тўғрисида хулосага келса ва бу модда шахсни жазодан озод этишни назарда тутувчи ёки жазо қўлланилишини истисно этувчи амнистия акти таъсири доирасига тушса, биринчи, апелляция инстанцияси суди қабул қилиши шарт бўлган қарор чиқариши керак. Маҳкумнинг ҳаракатлари ЖК бошқа моддасига қайта квалификация қилиниб, бу модда бўйича шахс ЖПК 463-моддаси иккинчи қисмининг 2-банди ҳамда учинчи қисмининг 2 ва 5-бандларига мувофиқ, жазодан озод қилиниши лозим бўлган ёки унга нисбатан жазо тайинланиши истисно этилган ҳолларда ҳам шундай қарор қабул қилиниши лозим.


29. Агар амнистия акти биринчи, апелляция инстанцияси суди томонидан қўлланилиши мумкин бўлмаган маҳкумга нисбатан қўлланилган бўлса, кассация инстанцияси суди жабрланувчи ёки унинг вакилининг шикояти ёки прокурор протести бўлган тақдирда, ҳукмни, ажримни бекор қилади ва ишни янгидан апелляция тартибида кўриб чиқиш учун юборади.

Бироқ, агар кассация инстанцияси суди амнистия акти қўлланилган ҳолда ҳукмда, апелляция инстанцияси суди ажримида тайинланган жазо амнистия акти қўлланилмаган ҳолда ҳам маҳкум учун етарли деб топса, у суд қарорларидан амнистия актини қўллаш ҳақидаги хулоса ва қарорни чиқариб, ҳукмда, апелляция инстанцияси суди ажримида амнистия акти қўлланилган ҳолда тайинланган жазони қолдиришга ҳақли.


30. Агар иш кассация тартибида кўрилганда суд қарорлари бекор қилиниб, иш маҳкумнинг жиноят содир этилишига дахлдор эмаслиги туфайли тугатилиб, бироқ бу жиноятни содир этган шахс аниқланмай қолса, суд ишни ЖПК 464-моддаси талабларидан келиб чиқиб, жиноятни содир этган шахсни аниқлаш юзасидан чора кўриш учун прокурорга юбориши лозим.


31. Агар маҳкум ўзи ёки процесснинг бошқа иштирокчилари томонидан кассация шикояти (протести) берилгандан сўнг, бироқ иш кассация инстанцияси судида кўрилгунга қадар вафот этса, иш юритиш умумий асосларда давом эттирилади.

Марҳумни реабилитация қилиш учун асослар бўлган тақдирда, кассация инстанцияси суди айблов ҳукмини, ажримни бекор қилади ва ушбу шахсга нисбатан жиноят ишини тугатади.

Иш тугатилганда ашёвий далиллар тақдири ҳақидаги масала ЖПК 211-моддасига мувофиқ, уларнинг тегишлилиги тўғрисида низо келиб чиққанда эса, фуқаролик иш юритуви тартибида кўрилиши мумкин. Марҳумнинг ҳаракатлари билан етказилган зарарни ундириш масаласи ҳам жабрланувчи ёки прокурор томонидан марҳумнинг ворисларига ёки унинг мулкини бошқариш ҳуқуқини ўзига олган шахсга нисбатан қўзғатилган даъво бўйича фуқаролик иш юритуви тартибида кўрилади.


32. Кассация инстанцияси судининг ажрими ЖПК 509-10-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши шарт.

Шикоят, протест қаноатлантирилмай қолдирилганда кассация инстанцияси судининг ажримида ҳукм қонуний, асосли ва адолатли деб, биринчи, апелляция инстанцияси судининг ажрими қонуний ва асосли деб топилганлигининг, шикоят ёки протест эса қаноатлантирилмасдан қолдирилганлигининг асослари кўрсатилиши керак.

Ҳукм, ажрим бекор қилинган ёки ўзгартирилган тақдирда, кассация инстанцияси судининг ажримида қонуннинг қайси нормалари талаблари бузилганлиги ва бекор қилинаётган ёки ўзгартирилаётган қарорнинг асоссизлиги нимадан иборат эканлиги кўрсатилиши керак.

Кассация инстанцияси судининг ажрими суднинг тўлиқ таркиби томонидан имзоланади. Овоз беришда озчилик томонда бўлган судья ажримга имзо қўйиб, ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда баён қилишга ҳақлидир.

Кассация инстанцияси судининг ажрими суд мажлиси залида ўқиб эшиттирилади ва дарҳол қонуний кучга киради.

Кассация инстанцияси судининг ажрими ЖПК 497-31-моддасининг саккизинчи ва тўққизинчи қисмларида белгиланган тартибда ижро этилади.


33. Кассация инстанцияси судида ишни қўшимча ва такроран кўриб чиқиш, тегишлича ЖПК 509-11 ва 509-12-моддаларида белгиланган қоидаларга кўра амалга оширилади.


34. ЖПК 298-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, шунингдек, суриштирув, дастлабки тергов юритилган ёки суд муҳокамаси вақтида қонун бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланган тақдирда, кассация инстанцияси суди хусусий ажрим чиқариш йўли билан тегишли орган ёки мансабдор шахснинг эътиборини бунга жалб этиши мумкин.

Суд қарори ўзгаришсиз қолдирилганда, кассация инстанцияси суди унинг қонунийлиги ва асослилигини шубҳа остига олувчи хусусий ажрим чиқаришга ҳақли эмас.


35. Одил судлов сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига ишларнинг кассация инстанциясида синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқилиши учун қонунда берилган барча имкониятлардан фойдаланиш тавсия этилсин.


36. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Жиноят ишларини назорат тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида" 2019 йил 24 майдаги 11-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

И. Алимов

         


www. sud.uz