Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Хизматларнинг молия бозорида монопол юқори ва монопол паст нархларни аниқлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.05.2024 й. 256-сон қарорига 6-илова)

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 1 майдаги

256-сон қарорига

6-ИЛОВА



Хизматларнинг молия бозорида монопол юқори

ва монопол паст нархларни аниқлаш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Рақобат тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг монопол юқори ва монопол паст нархларини аниқлаш тартибини назарда тутади.


2. Молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг монопол юқори ва монопол паст нархлари Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари (кейинги ўринларда - монополияга қарши орган) томонидан аниқланади.



2-БОБ. ХИЗМАТЛАРНИНГ МОЛИЯ БОЗОРИДА

МОНОПОЛ ЮҚОРИ ВА МОНОПОЛ ПАСТ

НАРХЛАРИНИ АНИҚЛАШ


3. Агар молия бозорида икки ёки ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи фаолият юритаётган бўлса, молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан кўрсатилаётган хизматлар нархи, агар ушбу нарх молия бозори чегаралари доирасида худди шу турдаги иш хизмат нархидан, шу жумладан, бозорнинг бошқа субъектларининг унинг ўрнини босувчи иш хизматлари учун белгиланган нархларнинг ўртача қийматидан ўн фоиздан зиёдга ошса, монопол юқори нарх деб ҳисобланади.


4. Молия бозорида монопол юқори нарх молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг хизматларига нархлар бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан кўрсатиладиган хизматларга ўхшаш бўлган ва (ёки) ўзаро алмашинадиган хизматлар нархлари билан таққослаш йўли билан аниқланади.

Таққослаш молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан белгиланган нарх билан ҳамда ушбу бозорда фаолият юритаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ўртача нархлари ўртасидаги тафовутни аниқлаш йўли билан амалга оширилади.


5. Агар молия бозорида фақат битта хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи фаолият юритаётган бўлса, ушбу хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи хизмати нархи, агар ушбу нарх:

хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган харажатлар ва фойда миқдоридан ошса ҳамда ушбу хизматни кўрсатишдан асосланмаган фойда олиш имконини берса;

кўрсатилаётган хизматнинг сифат тавсифлари пасайиши натижасида асоссиз харажатларни компенсация қилишга ёки қўшимча фойда олишга йўналтирилган бўлса, монопол юқори нарх ҳисобланади.

Хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган харажатлар ва фойда миқдорининг ошиши қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи харажатлари ва фойдасининг иқтисодий жиҳатдан асосланганлигидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.


6. Харажатлар ва фойданинг иқтисодий жиҳатдан асосланганлиги молиявий хизматлар таннархига киритилган харажатлар таркибини ўрганиш йўли билан аниқланади. Монополияга қарши орган молия бозорларини тартибга солиш соҳасидаги тегишли ваколатли органлардан хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи харажатлари ва фойдасининг иқтисодий жиҳатдан асосланганлиги масаласи бўйича хулоса олиши мумкин.


7. Хизматларнинг монопол паст нархи хизмат кўрсатиш учун зарур харажатлар қийматини қопламайдиган ва фойда олишни кўзда тутмайдиган, бунинг натижасида рақобатни чеклаш, бозордан рақобатчиларни сиқиб чиқариш ва рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига зид оқибатлари бўлган молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан белгиланган нарх ҳисобланади.


8. Молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

монополияга қарши органнинг хизматларнинг молия бозорида монопол юқори ёки монопол паст нархлари мавжудлиги ва қўлланаётгани тўғрисида қарор қабул қилишига асос бўлган материаллар билан танишиш;

монополияга қарши органнинг ушбу қарори юзасидан белгиланган тартибда бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиш.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


9. Молия бозорида монопол юқори ёки монопол паст нархлар мавжудлиги ва қўлланиши аниқланганда, монополияга қарши орган белгиланган тартибда иш қўзғатади ҳамда монопол юқори ёки монопол паст нархлар қўллашни бартараф этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

       

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 2 май