Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Сифатли таълимни таъминлашда ижобий натижаларга эришаётган умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарияти ҳамда ўқитувчиларига устама бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.05.2024 й. 263-сон қарорига илова)

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 6 майдаги

263-сон қарорига

ИЛОВА



Сифатли таълимни таъминлашда ижобий

натижаларга эришаётган умумий ўрта таълим

мактаблари раҳбарияти ҳамда ўқитувчиларига

устама бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ўқитиш ва ўқувчилар билимини баҳолашнинг янги тартибини самарали ташкил этиш орқали таълим сифатини таъминлашда ижобий натижаларга эришаётган умумий ўрта таълим мактабларининг (кейинги ўринларда - умумтаълим мактаблари) раҳбар ва педагог кадрларига устама бериш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


форматив баҳолаш - ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги узлуксиз фикр алмашиш жараёнидир. Фикр-мулоҳаза оғзаки ва ёзма, расмий ва норасмий бўлиши мумкин. Бу ўқув мақсадига эришиш учун ўқувчиларнинг кейинги ҳаракатларини мослаштириш учун ўқувчининг ютуқлари тўғрисида маълумот олишнинг узлуксиз жараёни ҳисобланади;


сумматив баҳолаш - ўқишнинг маълум бир даврида (ўқув дастурининг бўлим ва боблари, чораклик, ўқув йили охирида) ўқувчининг давлат таълим стандарти ва ўқув дастурларида белгиланган компетенцияларни эгаллаганлик даражасини расмий баҳолаш жараёни бўлиб, тест, ёзма иш, оғзаки суҳбат, лойиҳа иши, тақдимот ишлари, амалий машғулот, лаборатория иши, ижодий ишлар ва шу каби бошқа шакллар ёрдамида амалга оширилади;


боб бўйича сумматив баҳолаш (кейинги ўринларда - БСБ) - боб, бўлим якунида белгиланган компетенцияларни эгаллаганлик даражасини расмий баҳолаш жараёни;


чорак бўйича сумматив баҳолаш (кейинги ўринларда - ЧСБ) - чорак якуни бўйича белгиланган компетенцияларни эгаллаганлик даражасини расмий баҳолаш жараёни;


йиллик баҳо - ўқув йили якунига кўра ўқувчининг ўзлаштириш кўрсаткичи;


электрон журнал - ўқувчининг дарсдаги фаоллиги ҳақидаги маълумотлар ҳамда форматив ва сумматив баҳолаш натижалари қайд қилиб бориладиган тизим;


раҳбар кадрлар - умумтаълим мактаби директори ва унинг ўринбосарлари;


педагог кадрлар - умумтаълим мактабида фаолият юритаётган барча ўқитувчилар;



2-БОБ. РАҲБАР ВА ПЕДАГОГ КАДРЛАРИГА УСТАМА

ТЎЛАНАДИГАН УМУМТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИ

РЎЙХАТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


3. Раҳбар ва педагог кадрларига устама тўланадиган умумтаълим мактаблари рўйхатини шакллантириш ушбу Низомга илова қилинган методика асосида амалга оширилади.

Раҳбар ва педагог кадрларига устама тўланадиган умумтаълим мактаблари рўйхатини шакллантириш учун Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг (кейинги ўринларда - Вазирлик) ҳудудий бошқармаларида доимий равишда ишлайдиган Мониторинг гуруҳлари (кейинги ўринларда - Мониторинг гуруҳи) тузилади.

Мониторинг гуруҳи таркиби Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.

Мониторинг гуруҳи таркибига Директорлар кенгаши аъзолари ва фаол жамоатчилик вакиллари, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази мутахассислари ҳамда хорижий экспертлар жалб қилиниши мумкин.


4. Раҳбар ва педагог кадрларига устама тўланадиган умумтаълим мактаблари рўйхатини шакллантириш қуйидаги икки босқичда амалга оширилади:

а) 1-босқичда Мониторинг гуруҳи томонидан баҳолашнинг янги тартиби жорий этилган мактабларнинг электрон журнал маълумотлари асосида умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг йиллик ўртача баҳолари таҳлил қилинади ҳамда тегишли ҳудуднинг жами умумтаълим мактаблари сонига нисбатан энг яхши натижа кўрсатган биринчи 20 фоиз умумтаълим мактаблари саралаб олинади;

б) 2-босқичда 1-босқич доирасида саралаб олинган умумтаълим мактаблари Мониторинг гуруҳи томонидан қуйидаги мезонлар асосида таҳлил қилинади:

баҳолашнинг янги тартиби бўйича тарғибот ишлари олиб борилганлиги ҳамда ўқувчилар билими белгиланган мезонлар асосида баҳоланганлиги;

баҳолаш ишларининг тўғри йўлга қўйилганлиги;

фан йўналишлари бўйича услубий бирлашмалар БСБ таҳлиллари олиб борилганлиги ва ўқувчилар томонидан бажарилган лойиҳа ишлари таҳлили;

сўровномалар ўтказилганлиги ва уларнинг таҳлили.


5. Мониторинг гуруҳи баҳолашнинг янги тартиби жорий этилган умумтаълим мактаблари томонидан иккита босқич доирасида жами тўпланган баллардан келиб чиқиб, уларнинг ҳудудлар кесимидаги рўйхатини шакллантиради.



3-БОБ. САРАЛАБ ОЛИНГАН УМУМТАЪЛИМ

МАКТАБЛАРИНИНГ РАҲБАР ВА ПЕДАГОГ

КАДРЛАРИГА ТЎЛАНАДИГАН УСТАМА

МИҚДОРИНИ БЕЛГИЛАШ ТАРТИБИ


6. 1-босқич якуни бўйича саралаб олинган ва 2-босқич доирасида таҳлил қилинган 20 фоиз умумтаълим мактабларининг раҳбар ва педагог кадрларига ушбу мактаблар томонидан иккита босқич доирасида жами тўпланган балларга қараб қуйидаги миқдорларда устама белгиланади:

          

Т/р

Умумтаълим мактаблари

           

Устама миқдори

1.

таҳлил қилинган жами мактаблар сонига нисбатан баллар кетма-кетлигида энг яхши натижа кўрсатган биринчи 5 фоиз умумтаълим мактаблари


40 фоиз

2.

таҳлил қилинган жами мактаблар сонига нисбатан баллар кетма-кетлигида энг яхши натижа кўрсатган кейинги 10 фоиз умумтаълим мактаблари


30 фоиз

3.

таҳлил қилинган жами мактаблар сонига нисбатан баллар кетма-кетлигида энг яхши натижа кўрсатган кейинги 15 фоиз умумтаълим мактаблари


20 фоиз

4.

таҳлил қилинган қолган умумтаълим мактаблари


10 фоиз

            

Мониторинг гуруҳлари юқоридаги тақсимот асосида раҳбар ва педагог кадрларига устама тўланадиган умумтаълим мактаблари рўйхатини Вазирликка тақдим этади.

Умумтаълим мактабларининг раҳбар ва педагог кадрларига устама тўлаш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғи асосида амалга оширилади.

Бунда устама баҳолаш ўтказилган ўқув йилидан кейин келадиган ўқув йилидан (1 сентябрдан) бошлаб бир календарь йил давомида тўланади.



4-БОБ. ШИКОЯТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


7. Мониторинг гуруҳлари ўтказган ўрганишлар натижасидан норози бўлган умумтаълим мактаблари Вазирликда ташкил этиладиган Апелляция комиссиясига шикоят қилишлари мумкин.

Апелляция комиссияси Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғига кўра 5-7 кишидан иборат таркибда тузилади ҳамда унинг иш тартиби тасдиқланади.


8. Апелляция комиссияси таркибига Мониториг гуруҳи таркибидан аъзо киритилмайди.

Апелляция комиссияси аризаларни (шикоятларни) кўриб чиқиш жараёнига жамоатчилик асосида малакали мутахассисларни жалб этиши мумкин.

Апелляция комиссияси йиғилишида комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этса, унинг қабул қилган қарори қонуний кучга эга бўлади.


9. Ариза (шикоят) рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн иш кунида кўриб чиқилади.


10. Апелляция комиссияси таҳлил натижаларига оид мурожаатни кўриб чиқиб, баҳолаш натижаларини ўзгартиришсиз қолдириш ёки ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилади.

Апелляция комиссияси қарорининг нусхаси мурожаат этувчи умумтаълим мактаби раҳбарига апелляция комиссияси қарори чиққан кундан эътиборан беш иш кунида тақдим этилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


11. Умумтаълим мактабларининг раҳбар ва педагог кадрлари устама олиш учун баҳолаш ўтказилган ўқув йилида (I-IV чораклар давомида) тўлиқ ишлаган бўлишлари лозим.

Устама умумтаълим мактаблари раҳбар ва педагог кадрларининг ойлик маошларига қўшиб тўланади.


12. Ушбу Низом юзасидан келиб чиқадиган низоли масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

       

         




Низомга

ИЛОВА



Раҳбар ва педагог кадрларига устама

тўланадиган умумий ўрта таълим мактаблари

рўйхатини шакллантириш

МЕТОДИКАСИ


1. Раҳбар ва педагог кадрларига устама тўланадиган умумий ўрта таълим мактаблари (кейинги ўринларда - умумтаълим мактаблари) рўйхатини шакллантириш қуйидаги икки босқичда амалга оширилади:



1-БОСҚИЧ


2. Мониторинг гуруҳи томонидан баҳолашнинг янги тартиби жорий этилган умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг йиллик ўртача баҳолари таҳлил қилинади ҳамда ушбу босқичга ажратилган 100 балл 1-жадвалда кўрсатилган тартибда тақсимланади:

         

1-ЖАДВАЛ


Баҳолаш мезони

       

Кўрсаткич

      

Балл

     

Умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг барча фанлар бўйича йиллик ўртача баҳоси (олиниши мумкин бўлган максимал баҳога нисбатан фоизда)

       

86 фоиз ва ундан юқори бўлса


100

71 - 85 фоиз оралиғида бўлса


80

55 - 70 фоиз оралиғида бўлса


60

40 - 54 фоиз оралиғида бўлса


40

30 - 39 фоиз оралиғида бўлса


20

30 фоиздан паст бўлса


0

        

3. Умумтаълим мактаблари тўпланган баллар асосида (энг катта баллдан энг кичик баллга қараб, юқоридан пастга) сараланади ҳамда эгаллаган ўрнига қараб жами мактабларнинг энг яхши натижа кўрсатган (рўйхат бўйича биринчи) 20 фоизи танлаб олинади.

Тенг балл жамғарган умумтаълим мактаблари сони жами мактабларнинг 20 фоизидан кўп бўлса, Мониторинг гуруҳлари томонидан қўшимча таҳлиллар ўтказилади ҳамда чораклар давомида нисбатан барқарор натижа кўрсатган мактаблар танлаб олинади.


4. Танлаб олинган мактабларда 2-босқич мезонларига кўра таҳлиллар ўтказилади.



2-БОСҚИЧ


5. Танлаб олинган умумтаълим мактаблари Мониторинг гуруҳи томонидан 2-жадвалда келтирилган мезонларга мувофиқ таҳлил қилинади:


2-ЖАДВАЛ


Т/р

Мезонлар

        

Балл

1.

Баҳолашнинг янги тартиби бўйича тарғибот ишлари олиб борилганлиги ҳамда ўқувчилар билими белгиланган мезонлар асосида баҳоланганлиги


25

2.

Баҳолаш ишларининг тўғри йўлга қўйилганлиги


25

3.

Услубий бирлашмаларда БСБ таҳлиллари олиб борилганлиги ва ўқувчилар томонидан бажарилган лойиҳа ишлари таҳлили


20

4.

Сўровномалар ўтказилганлиги ва уларнинг таҳлили


30

Жами


100

       

        

1. Баҳолашнинг янги тартиби бўйича тарғибот

ишлари олиб борилганлиги ҳамда ўқувчилар билими

белгиланган мезонлар асосида баҳоланганлиги


6. Умумтаълим мактабларининг ушбу мезон бўйича кўрсаткичини аниқлаш учун уларда баҳолашнинг янги тартиби бўйича тарғибот стендларининг мавжудлиги ва БСБ белгиланган тартибда амалга оширилганлиги таҳлил қилинади ҳамда мезонга ажратилган 25 балл 3-жадвалда кўрсатилган тартибда тақсимланади:


3-ЖАДВАЛ


Баҳолаш мезони

      

Кўрсаткич

    

Балл

   

Баҳолашнинг янги тартиби бўйича тарғибот стендларининг мавжудлиги (5 балл)

    

Стендларда баҳолашнинг янги тартиби ҳақидаги маълумотларнинг мавжудлиги


2

Стендларда синфлар рейтинги ҳақидаги маълумотларнинг мавжудлиги


3

БСБ мезони ва таҳлили, БСБ топшириқларининг мезон асосида текширилганлиги (20 балл)

     

Мезон ва таҳлил йиғмажилдларининг талаб даражасида юритилиши (жорий ўқув йили учун ҳар бир фандан, ҳар бир синф кесимида тақвим режа асосида берилган БСБ топшириқлари ҳамда уларнинг мезонлари мавжудлиги)


5

Жорий ўқув йили учун ўқувчилар ишларининг мавжудлиги


10

Ўқувчилар ишларининг мезон асосида текширилганлиги


5

        

       

2. Баҳолаш ишларининг тўғри йўлга қўйилганлиги

     

7. Умумтаълим мактабларининг ушбу мезон бўйича кўрсаткичини аниқлаш учун уларнинг ЧСБ йиғмажилдлари, "e-Maktab" платформасига БСБ ва ЧСБ натижаларининг киритилиши таҳлил қилинади ҳамда мезонга ажратилган 25 балл 4-жадвалда кўрсатилган тартибда тақсимланади:


4-ЖАДВАЛ


Баҳолаш мезони

    

Кўрсаткич

    

Балл

    

ЧСБ натижаларининг ҳаққонийлиги (15 балл)

     

ЧСБ натижаларини ҳаққоний қўйилгани


10

ЧСБ йиғмажилдларининг юритилиши ва натижалар таҳлилининг мавжудлиги


5

"e-Maktab" платформасидан фойдаланиш ҳолати (10 балл)

     

"e-Maktab" платформасига БСБ ва ЧСБ натижаларининг ўз вақтида киритилиши


5

"e-Maktab" платформасидан унумли фойдаланиш самарадорлиги (платформага юкланган сумматив баҳолаш материалларидан фойдаланилиши, баҳолаш курсларидан ўтилганлиги)


5

         

Изоҳ. Баҳолар ҳаққоний қўйилмаганлиги аниқланганда барча тўплаган баллари бекор қилинади ҳамда ушбу мактаб раҳбар ва педагог кадрларига устама тўланадиган мактаблар рўйхатидан чиқарилади.

       

        

3. Услубий бирлашмаларда БСБ таҳлиллари

олиб борилганлиги ва ўқувчилар томонидан

бажарилган лойиҳа ишлари таҳлили


8. Умумтаълим мактабларининг ушбу мезон бўйича кўрсаткичини аниқлаш учун Услубий бирлашмаларда БСБ таҳлиллари олиб борилганлиги ва ўқувчилар томонидан бажарилган лойиҳа ишлари таҳлил қилинади ҳамда мезонга ажратилган 20 балл 5-жадвалда кўрсатилган тартибда тақсимланади:


5-ЖАДВАЛ


Баҳолаш мезони

    

Кўрсаткич

     

Балл

     

Услубий бирлашмаларда БСБ таҳлиллари олиб борилганлиги (10 балл)

    

Услубий бирлашма йиғмажилдида БСБ таҳлиллари хулосаларининг мавжудлиги (электрон ёки қоғоз шаклида)


5

Хулосалар асосида ишлаб чиқилган тавсиялар мавжудлиги (электрон ёки қоғоз шаклида)


5

Лойиҳа ишлари (10 балл)

     

Фанлар кесимида ўқувчилар томонидан бажарилган лойиҳа ишларининг мавжудлиги (электрон ёки модель шаклида)


5

Фанлар кесимида ўқувчилар томонидан бажарилган лойиҳа ишларининг мезон асосида баҳоланганлиги


5

       

   

4. Сўровномалар ўтказилганлиги

ва уларнинг таҳлили

      

9. Умумтаълим мактабларининг ушбу мезон бўйича кўрсаткичини аниқлаш учун унинг раҳбарияти томонидан ўқитувчилар, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари билан тушунтириш ишлари олиб борилганлиги ва сўровномалар ўтказилганлиги таҳлил қилинади ҳамда мезонга ажратилган 30 балл 6-жадвалда кўрсатилган тартибда тақсимланади:


6-ЖАДВАЛ


Баҳолаш мезони

     

Кўрсаткич

     

Балл

     

Ота-оналар билан тушунтириш ишларининг олиб борилганлиги (10 балл)

      

Мактаб раҳбариятининг ота-оналар билан қайта алоқада бўлганлиги


4

Ота-оналар ўртасида сўровномалар ўтказилганлиги


6

Баҳолашнинг янги тартиби тўғрисида ўқитувчиларнинг етарли маълумотга эга эканлиги (10 балл)

      

Ўқитувчиларнинг баҳолашнинг янги тартибини жорий этиш билан боғлиқ ҳужжатлар билан таниш эканлиги


3

Мактаб раҳбарияти билан ўқитувчилар ўртасида мунтазам мулоқотнинг мавжудлиги


3

Ўқитувчилар ўртасида сўровномалар ўтказилганлиги


4

Ўқувчиларнинг баҳолашнинг янги тартиби тўғрисида маълумотга эга эканлиги (10 балл)

    

Мактаб раҳбарияти, синф раҳбарлари, фан ўқитувчилари ва ўқувчилар ўртасида қайта алоқанинг мавжудлиги


3

Ўқувчилар баҳолашнинг янги тартибининг мақсади ва моҳиятини тушунганлиги


3

Ўқувчилар ўртасида сўровномалар ўтказилганлиги


4

           

10. Юқоридаги мезонлар асосида тўплаган балларга кўра умумтаълим мактабларининг раҳбар ва педагог кадрларига Сифатли таълимни таъминлашда ижобий натижаларга эришаётган умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарияти ҳамда ўқитувчиларига устама бериш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган миқдор ва муддатларда устама тўланади.

          

       

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 7 май