Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.05.2024 й. ПҚ-179-сон "Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши доирасида эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

15.05.2024 й.

N ПҚ-179



Ҳужжатнинг рус тилидаги

матнига қаранг



УЧИНЧИ ТОШКЕНТ ХАЛҚАРО ИНВЕСТИЦИЯ

ФОРУМИ ВА ХОРИЖИЙ ИНВЕСТОРЛАР КЕНГАШИНИНГ

НАВБАТДАГИ ЙИҒИЛИШИ ДОИРАСИДА ЭРИШИЛГАН

КЕЛИШУВЛАРНИНГ ИЖРОСИНИ ТАЪМИНЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



2024 йил 2-3 май кунлари ўтказилган учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлиси доирасида 93 та мамлакатдан жами 2 500 дан зиёд хорижий иштирокчилар қатнашиб, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, 26 млрд АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди, шунингдек, республикада инвестиция муҳитини мустаҳкамлаш бўйича таклиф ва ташаббуслар ишлаб чиқилди.

Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳамда Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлиси доирасида эришилган келишувлар, имзоланган ҳужжатлар ҳамда илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг сўзсиз, ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида эришилган инвестиция битимлари ва келишувларни амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатлар рeжаси ("йўл харитаси") 1-иловага* мувофиқ;

Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида илгари сурилган таклифлар ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатлар рeжаси ("йўл харитаси") 2-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлисида илгари сурилган таклифлар ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатлар рeжаси ("йўл харитаси") 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


2. Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

бир ҳафта муддатда "йўл хариталари"да белгиланган ҳар бир лойиҳани амалга ошириш бўйича тармоқ, ҳудуд ва туман кесимида аниқ механизмларни ҳамда 2024 йил якунига қадар ойлар кесимида комплекс тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

"йўл хариталари"да назарда тутилган барча имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувларнинг белгиланган муддатларда самарали, сўзсиз, сифатли ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилишини таъминласин;

"йўл хариталари" ижроси ҳолати тўғрисида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига ҳар икки ҳафтада ахборот тақдим этиб борсин.


3. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (Л. Қудратов) ҳар икки ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ушбу қарор ижроси юзасидан таҳлилий ахборот киритиб борсин.


4. Вазирлар Маҳкамаси (Ж. Ходжаев) Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (Л. Қудратов) билан биргаликда:

Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳамда Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлиси давомида барча имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан мунтазам ва тизимли мониторинг ҳамда қатъий назорат олиб борсин;

"йўл хариталари"нинг сўзсиз ижросини таъминлаш бўйича масъул вазирлик ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштирсин, ҳар икки ҳафтада ҳисоботларни танқидий муҳокама қилиб борсин, шунингдек, чора-тадбирларнинг ижросига тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этиш чораларини кўрсин;

имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар амалга оширилиши ҳолатини муҳокама қилиш, эҳтимолий муаммоли масалаларни аниқлаш ва уларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида хорижий ҳамкорлар билан доимий ва самарали ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилишини таъминлаш юзасидан таъсирчан ва аниқ чораларни кўрсин.


5. Мазкур қарорга 1-3-иловаларга* мувофиқ "йўл хариталари"нинг ижроси ҳар икки ҳафтада Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисида муҳокама қилиб борилсин.


6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш. Мирзиёев



*) Иловалар эълон қилинмайди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 16 май