Мослашувчан иш вақти режимини ўрнатиш тартиби
Тавсияда:
- Мослашувчан иш вақти режими деганда нима тушунилади
- Мослашувчан иш вақтини кимларга ўрнатиш мумкин
- Мослашувчан иш вақти кимларга ўрнатилмайди
- Ҳисоб даврига қараб мослашувчан иш вақти режимининг турлари
- Мослашувчан иш вақти режимида меҳнатга ҳақ тўлаш
- Мослашувчан иш вақти режимини ўрнатиш тартиби
- Мослашувчан иш вақти режимини қачон ўрнатиш керак
- Мослашувчан иш вақти режимини қанча муддатга ўрнатиш мумкин
- Мослашувчан иш вақти режимининг ўзгарувчан жадвалдан фарқи
Мослашувчан иш вақти режими деганда нима тушунилади
Мослашувчан иш вақти режими – бу қонунда назарда тутилган иш вақтини ташкил этиш усулларидан бири.
Бундай режимда ходимлар муайян доирада ўз иш кунининг бошланиши, тугаши ва умумий давомийлигини мустақил равишда тартибга солиш имкониятига эга бўлади.
Қонун мослашувчан жадвални алоҳида ходим ёки лавозим, шунингдек таркибий бўлинмаларнинг (бошқармалар, бўлимлар ва ҳ.к.) ходимлар гуруҳлари учун ҳам ўрнатиш имконини беради.
Ҳар қандай ҳолатда бундай жадвал қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
- ўзгарувчан (мослашувчан) вақт – ходим ўз хоҳишига кўра ишни бошлайдиган ва тугатадиган вақт оралиғи;
- қатъий белгиланган вақт – ходимнинг иш жойида ҳозир бўлиши шарт бўлган вақт;
- қатъий белгиланган вақтни тахминан иккита тенг қисмга ажратадиган ва иш вақтига киритилмайдиган дам олиш ва овқатланиш учун танаффус. Бунда мослашувчан иш вақти режими ўрнатилган ходимлар иш куни давомида қонунчиликда назарда тутилган бошқа танаффусларга ҳам ҳақли. Жумладан, бу иш вақтига киритиладиган танаффуслар: технология ва ишлаб чиқариш ҳамда меҳнатни ташкил этиш ёки меҳнат фаолиятининг муайян турига хос бўлган танаффуслар; қонунчилик, санитария меъёрлари ва қоидалари ёки бошқа меҳнат ҳақидаги ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган танаффуслар; болани овқатлантириш учун танаффуслар ва б.
Мослашувчан иш вақтини кимларга ўрнатиш мумкин
Қонун мослашувчан иш вақти режимини қўллашни чекламайди, шунинг учун уни ҳар қандай компанияларда турли тоифадаги ходимлар учун ўрнатиш мумкин.
Мослашувчан иш вақтини жорий этиш қуйидагилар билан боғлиқ бўлиши мумкин:
- ходимнинг меҳнат вазифаси хусусиятлари. Бундай режим ҳамкасблари билан доимий ва бевосита ўзаро алоқада бўлишни талаб қилмайдиган вазифаларни бажарувчи ходимлар учун қулай: сотув, IT-технологиялар соҳасида банд бўлганлар, ижодий касб эгалари (дизайнерлар, рассомлар ва б.).
- компания фаолияти ёки ишлаб чиқариш жараёнининг ўзига хос хусусиятлари.
- турли ҳаётий вазиятлар. Масалан, мослашувчан иш вақти боласини ёлғиз тарбиялаётган шахслар, касал қариндошини парваришлаётганлар, ишни олий ўқув юртида таълим олиш билан бирга олиб бораётганлар ва бошқаларнинг илтимосига кўра белгиланиши мумкин. Бироқ бунда оқилона чегараларда ҳаракат қилиш керак, токи у ёки бу ходимларга мослашувчан режим жорий этилиши жамоанинг умумий ишига қийинчилик туғдирмасин, ишлаб чиқаришнинг одатий жараёнини бузмасин, иш жараёни самарадорлигини пасайтирмасин.
Боласини ёлғиз тарбиялаётган ходимага мослашувчан иш вақтини ўрнатишга мисол
1. Ташкилотда шанба ва якшанба дам олиш кунлари билан беш кун, 40 соатлик иш ҳафтаси ўрнатилган. Ходима боласини мактабга ва спорт тўгаракларига олиб бориш имкониятига эга бўлиш учун унга мослашувчан иш вақти режимини ўрнатишни сўради. Иш берувчи рози бўлди ва қуйидагилар белгиланди:
Ҳисоб даври – 8 соатлик меъёр билан иш куни;
Ишга келиш – 8:00 дан 11:00 гача (иш куни бошидаги ўзгарувчан вақт);
Ишдан кетиш - 17:00 дан 20:00 гача (иш куни охиридаги ўзгарувчан вақт);
11:00 дан 17:00 гача – қатъий белгиланган вақт, бу вақтда ходима албатта иш жойида бўлиши шарт;
Тушлик танаффуси – 1 соат.
Айрим тоифадаги ходимлар ва баъзи ишларни бажариш учун мослашувчан иш вақти режимини ўрнатиш имконияти бевосита қонунчиликда назарда тутилган, хусусан:
ёки қисқартирилган иш вақти
белгиланган ходимларга ҳам қўлланилиши мумкин. Иш вақтининг ушбу турлари ҳақида батафсил бу ерда ўқинг.Мослашувчан иш вақти кимларга ўрнатилмайди
Қуйидагилар учун мослашувчан иш вақти режимини ўрнатиш тавсия этилмайди:
- вазифалари ҳамкасблар билан доимий ўзаро алоқани талаб қиладиган ходимлар учун (масалан, конвейерда ишлаганда);
- узлуксиз ишлаб чиқаришларда;
- тўхтаб-тўхтаб ишлайдиган ишлаб чиқаришларда уч сменали иш шароитида;
- икки сменали ишда, агар сменалар туташган жойларда бўш иш ўринлари бўлмаса;
- ишлаб чиқаришнинг ўзига хослиги билан белгиланадиган бошқа ҳолларда.
Ҳисоб даврига қараб мослашувчан иш вақти режимининг турлари
Ходим мослашувчан иш вақти режимида қуйидагиларни мустақил белгилаши мумкин:
- ҳар кунлик ишнинг бошланиш ва тугаш вақти. Дейлик, 8 соатлик иш кунида у ишни 15:00 да бошлаб, 23:00 да тугатиши мумкин;
- қабул қилинган ҳисоб (календарь) даври (иш куни, ҳафтаси, ойи, чораги ва б.) давомида иш кунининг давомийлиги. Бунда ходим ўзи учун белгиланган иш вақти меъёрини, яъни ҳисоб даврида белгиланган жамланган иш соатлари миқдорини тўлиқ ишлаб бериши керак.
Ходимга белгиланган ҳисоб давридан келиб чиқиб, мослашувчан жадвалнинг вариантлари турлича бўлиши мумкин.
Кунлик иш вақти ҳисобида мослашувчан иш вақти режими
Ҳисоб даври бир иш куни бўлган мослашувчан иш вақти режимида ишлаганда, ходим учун белгиланган иш вақти меъёри ҳар куни ишлаб берилиши керак.
Кунлик (ҳар кунлик) иш вақти ҳисобини қўллаш билан мослашувчан иш жадвали.
Ходим билан тузилган меҳнат шартномасида қуйидаги мослашувчан иш вақти режими назарда тутилган:
- иш куни бошланишининг ўзгарувчан вақти – 9:00 дан 11:00 гача;
- қатъий белгиланган иш вақти – 11:00 дан 18:00 гача;
- иш куни тугашининг ўзгарувчан вақти – 18:00 дан 20:00 гача;
- дам олиш ва овқатланиш учун танаффус – 14:00 дан 15:00 гача;
- ҳисоб даврининг давомийлиги – бир иш куни;
- ҳафтасига иш вақти давомийлиги – 40 соат;
- иш ҳафтаси тури – икки дам олиш куни билан беш кунлик иш ҳафтаси.
Бундай иш режимида ходим ҳар куни белгиланган ўзгарувчан вақт доирасида ишни қачон бошлаши ва тугатишини мустақил равишда белгилайди. Бунда, биринчидан, унинг қатъий белгиланган иш вақти давомида иш жойида бўлиши ва иккинчидан, кунлик 8 соатлик иш вақти меъёрига риоя қилиши мажбурийдир. Масалан, агар ходим ишни соат 9:00 да бошласа, унинг иш куни соат 18:00 да тугайди (дам олиш ва овқатланиш учун танаффус иш вақтига киритилмайди). Агар ходим ишни соат 10:00 да бошласа, иш куни тегишинча 19:00 да тугайди ва ҳоказо.
Бундай иш режимида иш берувчи ташаббусига кўра ходим учун белгиланган кунлик иш вақти меъёридан (келтирилган мисолда 8 соатдан кўп) ортиқча ишлаш ишдан ташқари иш деб ҳисобланишига эътибор бериш керак.
Ҳисоб даври давомийлиги бир иш кунидан кўп бўлган тақдирда мослашувчан иш вақти режими
Бу ҳолда ходим унга белгиланган иш вақти меъёрини тегишли ҳисоб даври (ҳафта, ой, чорак ва б.) учун ишлаб бериши керак.
Агар ҳисоб даврининг давомийлиги бир ҳафтани ташкил этса, иш вақтининг ҳафталик ҳисоби қўлланилади. Бир ҳафтадан ошадиган ҳисоб даврида иш вақтининг жамланган ҳисоби ўрнатилади, бунда ҳар кунлик ёки ҳафталик ишнинг давомийлиги иш куни ёки иш ҳафтаси соатлари меъёридан фарқ қилиши мумкин.
Шу муносабат билан маълум календарь даврларида юзага келадиган ортиқча ишлаш ёки кам ишлаш шундай мувозанатлаштирилиши керакки, ҳисоб даври учун соатлар йиғиндиси шу давр учун иш вақти меъёрига тенглашсин.
Жамланган иш вақти ҳисоби ва 2 ҳафталик ҳисоб даври билан мослашувчан иш жадвали
Ходимга қуйидаги мослашувчан иш вақти режими ўрнатилган:
- иш бошланишининг ўзгарувчан вақти – 9:00 дан 11:00 гача;
- қатъий белгиланган иш вақти – 11:00 дан 18:00 гача;
- иш тугашининг ўзгарувчан вақти – 18:00 дан 20:00 гача;
- дам олиш ва овқатланиш учун танаффус – 14:00 дан 15:00 гача;
- ҳисоб даврининг давомийлиги билан иш вақтининг жамланган ҳисоби – икки ҳафта, бу давр учун нормал иш вақти давомийлигини ишлаб бериш таъминланиши керак;
- иш ҳафтаси тури – икки дам олиш куни билан беш кунлик иш ҳафтаси;
- иш вақти меъёри – ҳисоб даври учун ҳафтасига ўртача 40 соат.
Бундай режимда ходим ҳар куни ўзи учун белгиланган қатъий иш вақтини ишлаб бериши шарт. Ўзгарувчан вақтга келсак, ходим ҳисобга олиш даври мобайнида бу даврда иш вақтининг нормал давом этиши таъминланиши шарти билан уни қандай тақсимлашни мустақил тарзда ҳал қилади. Агар ҳисоб давридаги биринчи беш кунлик иш ҳафтасида ходим 36 соат ишлаган бўлса (масалан, 6 + 7 + 8 + 8 + 7 = 36), икки ҳафталик ҳисоб даври учун нормал (40 соатлик) иш вақти давомийлигига риоя қилиш учун иккинчи иш ҳафтасида у 44 соат ишлаши керак. Бу ҳолда ходим ҳисоб даври учун нормал иш вақти давомийлигини ишлаб берган бўлади: биринчи иш ҳафтасида ишлаб берилган 36 соат + иккинчи иш ҳафтасида ишлаб берилган 44 соат = 80 : 2 (икки ҳафта) = 40 соат.
Иш берувчининг ташаббусига кўра ходим ҳисоб даврида ишлаб бериши керак бўлган иш вақти меъёридан (юқорида келтирилган мисолда – икки ҳафта учун 80 соатдан кўп ) ортиқча ишлаш ишдан ташқари иш деб ҳисобланади.
Иш вақтининг жамланган ҳисоби билан мослашувчан иш режимини ўрнатишда қонунчиликда назарда тутилган талабларга риоя қилинг.
Биринчидан, иш вақтининг жамланган ҳисобида ҳафталик иш (смена) давомийлиги 12 соатдан ошмаслиги керак
.
Иккинчидан, ишнинг тугаши ва кейинги иш куни (смена) бошланиши ўртасидаги танаффус давомийлиги, дам олиш ва овқатланиш учун танаффусни ҳам қўшганда, 12 соатдан кам бўлмаслиги керак
.
Учинчидан, иш вақтининг жамланган ҳисобини айрим тоифадаги ходимларга, хусусан 18 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан қўллаб бўлмайди. Бироқ бу улар учун умуман мослашувчан иш режимини ўрнатиб бўлмайди дегани эмас. Ўрнатиш мумкин – лекин иш вақтининг жамланган ҳисоби билан эмас, балки кунлик ёки ҳафталик ҳисоб билан.
Иш берувчи ҳар бир ходим ҳақиқатда ишлаб берган вақт ҳисобини юритиши шарт. Мослашувчан жадвал бўйича ишловчилар бундан мустасно эмас. Улар ишлаб берган соатлар ҳисоби ташкилотда назарда тутилган қоидалар бўйича тўлдириладиган табелда юритилади. Иш вақтининг жамланган ҳисобида ортиқча ишлаганлик ҳисоби белгиланган ҳисоб даври учун умумлашган тарзда юритилади.
Мослашувчан иш вақти режимида меҳнатга ҳақ тўлаш
Мослашувчан иш вақти режимидаги ходимларга иш ҳақи ташкилотда ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тизимидан келиб чиққан ҳолда умумий қоидалар бўйича ҳисобланади. Шунингдек, иш берувчи ходимларга улар компенсация ва кафолатли тўловларни олишга ҳақли бўлган тақдирда уларни тўлаши шарт. Мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар эса ташкилотнинг тегишли ички ҳужжатида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Агар ходим иш вақтидан ташқари ишлаган бўлса, иш берувчи уларни умумий қоидалар бўйича тўлаши шарт:
ортиқча иш – камида икки ҳисса миқдорида ёки ходимнинг хоҳишига кўра қўшимча дам олиш вақтини тақдим қилиш
; тунги вақтдаги иш – камида бир ярим ҳисса миқдорида
; дам олиш ёки байрам кунларидаги иш – камида икки ҳисса миқдорида ёки ходимнинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш кунини тақдим қилиш билан компенсация қилиниши лозим
.
Иш берувчи ходимларнинг иш куни (сменаси)ни иш вақти ва дам олиш вақти мувозанатини сақлаган ҳолда оптимал тарзда ташкил этиши керак. Агар ходим иш берувчининг айби билан бекор туриб қолса ва шу сабабли у ҳисоб даври учун соатлар меъёрини ишлаб бермаса – иш ҳақини камайтириш мумкин эмас. Ходимга бу давр учун унинг ўртача иш ҳақи тўланади
. Иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор
туриб қолинган вақт учун бекор туриб қолинган вақтга мутаносиб равишда
ҳисобланган тариф ставкасининг (маошининг) камида учдан икки қисми миқдорида ҳақ тўланади
. Агар бекор туриб қолиш ходимнинг айби билан юз берган бўлса (масалан, иш вақтининг жамланган ҳисобида у ўз айби билан соатлар меъёрини ишлаб бермаган бўлса) – бу вақт учун ҳақ тўланмайди
.
Мослашувчан иш вақти режимини қандай ўрнатиш керак
Мослашувчан иш вақти режимининг аниқ варианти ички меҳнат тартиби қоидалари (ИМТҚ), бошқа ички ҳужжатлар (масалан, тегишли низом) билан ёки ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра бевосита меҳнат шартномаси билан белгиланади.
Мослашувчан режим маълум мутахассисликдаги ходимларга ёки алоҳида бўлинмалар ходимларига қўлланиладиган ҳолларда, уни жорий этиш одатда тегишли ички ҳужжатларда назарда тутилади.
Гап ташкилотда асосий иш вақти режими бошқача бўлган тақдирда алоҳида ходим учун мослашувчан жадвал ўрнатилаётгани ҳақида бораётган бўлса, мослашувчан режимни ўрнатиш шу ходим билан тузилган меҳнат шартномасида назарда тутилади.
Тасдиқлашнинг ҳар қандай шаклида мослашувчан иш вақти режимининг барча асосий элементларини қайд этиш зарур:
- иш куни бошланиши ва тугаши оралиқлари;
- иш жойида мажбурий ҳозир бўлиш соатлари;
- дам олиш ва овқатланиш учун танаффус;
- иш вақтининг умумий давомийлиги;
- ҳисоб даври;
- мослашувчан режимнинг амал қилиш муддати.
Мослашувчан иш вақти режимини қачон ўрнатиш мумкин
Мослашувчан иш вақти режими ходимни ишга қабул қилиш пайтида ҳам, келгусида иш жараёнида ҳам ўрнатилиши мумкин.
Ишга қабул қилишда мослашувчан режимни ўрнатиш
Агар айрим тоифадаги ходимлар учун мослашувчан жадвал ички ҳужжатда назарда тутилган бўлса. Бундай ҳолда шу тоифага кирувчи ходимнинг меҳнат шартномасида унинг бундай режимда ишлаши ҳақида шарт бўлиши керак. Бироқ бунда шартномада жадвалнинг барча элементларини батафсил ёзиш шарт эмас. Фақат ходим учун ички ҳужжатга мувофиқ мослашувчан режим ўрнатилганлигини кўрсатиб, иш вақти давомийлиги (нормал ёки қисқартирилган) ва иш ҳафтаси турини кўрсатиш кифоя.
Агар мослашувчан иш вақти режими индивидуал тарзда ўрнатилаётган бўлса. Бу ҳолда меҳнат шартномасида бундай иш режимини қўллаш тартибини батафсил тартибга солиш зарур.
Ички ҳужжатда мослашувчан жадвал ўрнатилганми ёки индивидуал тартибда назарда тутилганми-йўқми, бундан қатъи назар, бундай режимда ишни бажариш далили ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқда келишилиши керак. Биринчи ҳолда буйруқда тегишли ички ҳужжатга ҳавола қилинади. Иккинчи ҳолда буйруқда шу ходим учун ўрнатилган мослашувчан иш вақти режимини тартибга солувчи меҳнат шартномаси қоидалари акс эттирилади.
Иш жараёнида мослашувчан режимни ўрнатиш
Ўзаро келишувга кўра ходим ва иш берувчи ишга қабул қилингандан кейин ҳам иш вақти режимини мослашувчан жадвалга ўзгартиришлари мумкин. Бунинг учун қуйидагилар зарур:
- меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузиш, унда мослашувчан режимнинг барча элементларини, шунингдек уни жорий этиш санаси ва амал қилиш муддатини кўрсатиш. Агар режим ИМТҚ ёки бошқа ички ҳужжатда ўрнатилган ва у ходим учун белгиланганидан фарқ қилмаса, у ҳолда қўшимча келишувда шу ички ҳужжатга ҳавола қилиш етарли. Намуна сифатида қуйидагича ёзиш мумкин: «Ходимга «NAVRUZ» МЧЖнинг 2024 йил 22 январдаги 11-сонли буйруғи билан тасдиқланган ички меҳнат тартиби қоидаларининг 7.1-бандига мувофиқ мослашувчан иш вақти режими ўрнатилди».
- мослашувчан иш вақти режимини ўрнатиш тўғрисида буйруқ чиқариш. Буйруқ эркин шаклда, қўшимча келишув мазмунига аниқ мос равишда тузилади;
- ходимни буйруқ билан имзо остида таништириш.
Мослашувчан иш вақти режимини қанча муддатга ўрнатиш мумкин
Мослашувчан иш вақти режими маълум муддатга ҳам, чекланмаган муддатга ҳам ўрнатилиши мумкин. Одатда, маълум муддатга мослашувчан жадвал ходимнинг илтимосига кўра у ёки бу ҳаётий вазиятлар билан боғлиқ ҳолда (ўқиш, маълум ёшга етгунча болага қараш, даволаниш курсини ўташ ва б.) ўрнатилади.
Ходимнинг мослашувчан иш вақти режимидан одатдаги иш режимига ўтишини расмийлаштириш мослашувчан жадвал қанча муддатга жорий этилганига боғлиқ. Агар бу иш муддат кўрсатилмасдан қилинган бўлса, одатдаги режимга ўтиш буйруқ билан расмийлаштирилади, бунга ходимнинг меҳнат шартномасига қўшимча келишув асос бўлиб хизмат қилади. Мослашувчан режим маълум муддатга ўрнатилган ҳолларда, амалиётда одатдаги иш режимига ўтиш ҳам буйруқ билан расмийлаштирилади. Буйруқ учун асос мослашувчан иш вақти режими жорий этилган муддатнинг тугаши саналади.
Мослашувчан режимнинг ўзгарувчан жадвалдан фарқи нимада
Мослашувчан режимда ходим иш кунининг бошланиш ва тугаш вақтини ўзи тартибга солади.
Ўзгарувчан жадвалда эса ходимнинг қатъий белгиланган дам олиш кунлари бўлмайди, яъни дам олиш кунлари ҳафтанинг турли кунларига тўғри келади. Масалан, биринчи ҳафтада ходим душанба ва шанба куни дам олса, иккинчи ҳафтада сешанба ва жума куни дам олади ва ҳ.з. Бироқ бунда иш кунининг бошланиш ва тугаш вақти ИМТҚ, сменалар жадвали ёки бошқа ички ҳужжатларда қатъий белгиланган бўлади, улар бўлмаган тақдирда – меҳнат шартномасида белгиланади. Бундай режим, масалан, ишлаб чиқариш жараёни «одатдаги» дам олиш кунлари – шанба ва якшанбада тўхтамайдиган ҳолларда қўлланилади. Амалиётда ўзгарувчан жадвал бўйича иш режими кўпинча сотувчилар, қўриқчилар, алоқа операторлари ва бошқалар учун ўрнатилади.


Канал в телеграм