МЧЖ директорини ишга қандай қабул қилиш керак

08.04.2024
author avatar

Михаил ГАСАНОВ

author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

МЧЖ директори билан меҳнат шартномаси қандай тузилади

Масъулияти чекланган жамиятнинг (МЧЖ, жамият) директори (ягона ижро этувчи органи) қуйидагилар бўлиши мумкин:

  • иштирокчилардан бири ёки жамиятнинг ягона иштирокчиси;
  • жамият аъзолари орасидан бўлмаган ёлланадиган шахс.

Бундан ташқари, жамият ижро этувчи органининг ваколатлари шартнома бўйича тижорат ташкилотига (ишончли бошқарувчига) берилиши мумкин. Бундай ҳолда меҳнат шартномаси эмас, балки Фуқаролик кодексининг қонунлари билан тартибга солинадиган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилади. Шунинг учун мазкур мақолада ушбу ҳолатни кўриб чиқмаймиз.

Меҳнат кодексининг 127-моддаси 2-қисмига мувофиқ ташкилот раҳбари ташкилот мулкдори томонидан ёки таъсис ҳужжатлари билан ўзига берилган ваколатлар доирасида ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузади.

МЧЖ директорини сайлаш компания иштирокчилари умумий йиғилишининг ваколатларига тегишли . Шунингдек, кузатув кенгаши ҳам директорни сайлаши мумкин, агар бу жамият уставида назарда тутилган бўлса .

Шундай қилиб, жамият номидан МЧЖ ва унинг раҳбари ўртасида меҳнат шартномасини қуйидагилар имзолаши мумкин:

  • агар директор жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан сайланган бўлса, ушбу йиғилишда раислик қилган шахс ёки умумий йиғилиш қарори билан буни амалга оширишга ваколатли жамият аъзоси;
  • агар директор кузатув кенгаши томонидан сайланган бўлса, ушбу йиғилишда раислик қилган шахс ёки кузатув кенгашининг бунга ваколатли бошқа аъзоси.

МЧЖ директори билан меҳнат шартномаси қанча муддатга тузилиши мумкин

«Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 39-моддасига мувофиқ МЧЖ директори компания уставида белгиланган муддатга сайланади. Меҳнат кодексининг 110-моддасига кўра меҳнат шартномаси муддатлари қуйидагиларга бўлинади:

  • номуайян муддат;
  • уч йилдан кўп бўлмаган муайян муддат (муддатли меҳнат шартномаси).

Шундай қилиб, МЧЖ директори билан фақат муддатли меҳнат шартномаси тузилади деб ишониш хато. «Номуайян муддат» – бу ҳам муддат. Шунинг учун жамият уставида МЧЖ директори билан, шу жумладан номуайян муддатга меҳнат шартномасини тузиш назарда тутилиши мумкин.

Акциядорлик жамияти раҳбари билан тузиладиган шартномадан фарқи шунда, унинг аниқ муддати қонун билан белгиланган.

Меҳнат кодексининг 486-моддасига кўра АЖ раҳбари билан қонунда белгиланган муддатга муддатли меҳнат шартномаси тузилади. «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 79-моддасида АЖ директори билан шартнома уч йил муддатга шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки уни бекор қилиш мумкинлиги тўғрисида ҳар йили қарор қабул қилиниши билан тузилиши белгиланган.

Kadrovik.uz тавсия қилади

МЧЖ директорининг меҳнат шартномасидаги кириш қисмига мисол

«__________________» ( қисқартирилган номи – «____________» МЧЖ) масъулияти чекланган жамияти, бундан кейинги ўринларда «Иш берувчи» деб номланади, «______________» 20__ йил_____ -сонли иштирокчилар умумий йиғилиши қарори асосида ҳаракат қилувчи иштирокчи «__________________» (Ф.И.Ш.) бир томондан ва кейинги ўринларда «Ходим» деб номланувчи фуқаро _______________________, бошқа томондан, биргаликда «Томонлар» деб аталадиган ушбу шартномани қуйидагилар бўйича туздилар: …

МЧЖ директори жамиятнинг ягона таъсисчиси бўлса, у билан меҳнат шартномасини ким тузади

Янги Меҳнат кодексида ходим меҳнатининг хусусияти билан боғлиқ бўлган меҳнатни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида 28-боб мавжуд. Ушбу бобнинг 1-параграфи ташкилот раҳбарининг, унинг ўринбосарларининг, ташкилот бош бухгалтерининг ва ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбарининг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади. Параграфнинг 485-моддаси 2-қисмида ундаги қоидалар, ташкилотларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан, мулк шаклларидан ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ташкилотлар раҳбарларига нисбатан татбиқ этилиши кўрсатилган.Бундан ташкилот раҳбари ягона иштирокчи (таъсис этувчи), ташкилот мол-мулкининг ягона мулкдори бўлса; ташкилотни бошқариш бошқа ташкилот (бошқарувчи ташкилот) билан шартнома асосида амалга оширилган ҳоллар мустаснолиги кўрсатилган.

Хулоса қилиш мумкинки, бу ҳолда меҳнат шартномаси тузишнинг стандарт тартиби қўлланилмайди. Бундай қонуний қарорнинг асосида ўзи билан меҳнат шартномасини туза олмаслик ётади. Бундай ҳолда ташкилотни бошқариш тўғридан-тўғри мавжуд мулк ҳуқуқи асосида амалга оширилади, унга тасарруф этиш ва фойдаланиш ваколатлари киради, унинг элементи, ўз навбатида, бошқарув саналади.

Бундай вазиятда компаниянинг ягона иштирокчиси ўз қарори билан тегишли равишда ҳужжатлаштирилган ҳолда ягона ижро этувчи орган: директор, бош директор вазифаларини ўз зиммасига олиши керак. МЧЖни бошқариш ҳеч қандай шартнома, шу жумладан меҳнат шартномасисиз амалга оширилади.

МЧЖ директорига меҳнат дафтарчаси юритиладими

Агар директорнинг қоғоз меҳнат дафтарчаси бўлса, уни албатта юритиш керак. Бунга параллель равишда ушбу шахснинг МЧЖ директори сифатидаги фаолияти тўғрисидаги маълумотларни my.mehnat.uz сайтидаги Ягона миллий меҳнат тизимига киритиш керак.

Агар қоғоз меҳнат дафтарчаси бўлмаса, иш стажи ҳисоби фақат my.mehnat.uz сайтида юритилади.

МЧЖ директорини ишга қабул қилиш тўғрисидаги ёзув ташкилотнинг бошқа ходимлари билан бир хил тартибда қоғоз меҳнат дафтарчасига киритилади. Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги Йўриқноманинг 2.12-бандига мувофиқ ҳаракат қилиш керак (АВ рўйхат рақами 402-сон, 29.01.1998 йил).

1-устундаги сарлавҳа остига тартиб рақами қўйилади.

2-устунда ишга қабул қилиш санаси кўрсатилади.

3-устунда «Директор лавозимига ишга қабул қилинди» деб ёзилади. 

4-устунда директорни ишга қабул қилиш ёки директор лавозимига киришиши тўғрисидаги буйруқ кўрсатилади (сана, тартиб рақами).

Агар директор ягона таъсисчи бўлса, уни my.mehnat.uz сайтида қандай «расмийлаштириш» керак

МЧЖ директорининг иш стажининг электрон ёзувларини юритиш учун унинг меҳнат шартномаси ЯММТда рўйхатдан ўтказилиши керак. Шу муносабат билан савол туғилади, агар МЧЖ директори унинг ягона таъсисчиси бўлса, меҳнат шартномаси бўлмаса, бу вазиятда расмийлаштириш қандай бўлади?

Саволга kadrovik.uz илтимосига кўра «ЯММТ» ИДАК бошқарув бўлими бошлиғи Зарнигор Абдураҳмонова жавоб берди:

– Президентнинг 31.10.2019 ПҚ-4502-сонли қарорига мувофиқ Ягона миллий меҳнат тизимининг вазифаларидан бири электрон меҳнат дафтарчасида жисмоний шахсларнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ва сақлаш саналади.

Ушбу функцияни ва директор/раҳбар лавозими ташкилотнинг штат жадвалига киритилганлигини ва иш стажи ҳисобланганлигини ҳисобга олган ҳолда, директорни ЯММТда расмийлаштиришда жамиятнинг ягона иштирокчисининг ўзига директор лавозимини юклаши тўғрисидаги қароридан /буйруғидан фойдаланиш керак.

Директор учун иш жойини яратинг ва меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказиш блокига директор лавозимини эгаллаш тўғрисидаги қарор ёки буйруқнинг рақами ва санасини киритинг.

1. Меҳнат шартномаси сони – қарор ёки лавозимга киришиш тўғрисидаги буйруқ рақамини кўрсатинг.

2. Меҳнат шартномасини тузиш санаси – қарор қабул қилинган санани ёки лавозимга киришиш тўғрисида буйруқ берилган санани кўрсатинг.

3. Меҳнат шартномасининг тугаш санаси – таъсисчи директор лавозимини эгаллаган даврга мувофиқ санани кўрсатинг. Агар муддат ноумайян бўлса, «муддатсиз»ни танланг.

4. Шартнома тури – агар ушбу ташкилот директор учун асосий жой деб ҳисобланса, «асосий иш» бўйича танланг. Акс ҳолда – «ўриндошлик асосида».

5. Ишнинг бошланиш санаси – жорий лавозимда ишнинг бошланиш санасини кўрсатинг.

6. Ставкани кўрсатинг.

7. Буйруқ рақами ва санаси – шунингдек, директор лавозимини эгаллаш тўғрисида қарор ёки буйруқнинг рақами ва санасини кўрсатинг.

Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал