Пригодится каждому кадровику в декабре:
Директор томонидан бош бухгалтернинг ишдан бўшатилиши чекланганда
Директор ўз ихтиёрига кўра меҳнат шартномасига бош бухгалтер ҳисобот даври якунланганидан кейин ишдан бўшаши мумкинлиги ҳақидаги шартни киритмоқчи бўлганда қандай йўл тутиш керак? Ҳисоботларни тайёрлаш ва топшириш даврида ишдан бўшаш мумкин эмаслиги, акс ҳолда жарима тўланиши белгиланган. Бироқ бухгалтерда қандайдир жиддий ҳолатлар юзага келиши мумкинми? Бундай меҳнат шартномасини имзолаш зарурми?
Ушбу саволга buxgalter.uz нинг илтимосига кўра «Норма» компаниясининг юридик масалалар бўйича эксперти – Альберт САФИН ва адвокат Элеонора МАЗУРОВА жавоб бердилар:
«Бундай меҳнат шартномасини имзоламаслик керак, сабаби у меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зиддир. Бухгалтер билан тузилган меҳнат шартномасида унинг ҳуқуқлари ва кафолатлари норматив ҳужжатларда белгиланган даражадан паст бўлмаслиги лозим .
Бироқ сиз бундай шартномани имзоласангиз ва оқибатда ўзингиз хоҳлаган вақтда ишдан бўшашга қарор қилсангиз, бу ҳақда директорни 2 ҳафта олдиндан хабардор қилган ҳолда бемалол ишдан бўшашингиз мумкин.
Иш берувчи ҳатто судга мурожаат қилганда ҳам сиздан жарима ундира олмайди, имзоланган шартнома банди қонунга зид бўлганлиги сабабли ушбу бандга асосан ҳисобот даври якунлангунга қадар ишлаб беришингизни талаб қила олмайди.
Ишдан бўшашда икки ҳафталик огоҳлантириш муддати сизга ҳам татбиқ этилади. Қонунда ушбу муддатни узайтириш назарда тутилмаган. Ҳатто сиз ҳисоботларни топшириш муддати ишлаб берадиган даврингизга тўғри келмаганлиги сабабли навбатдаги ҳисоботларни топширмаган бўлсангиз ҳам иш берувчи сизни 2 ҳафтадан ортиқ ушлаб қолиши мумкин эмас.
Директор барча ҳисоботлар топширилмагунига қадар сиздан аризани олишни рад этса, аризани расман топширинг. Буни қуйидаги икки усулда амалга ошириш мумкин:
- аризани девонхона ёки котиб орқали бериб юборинг – ўзингиздаги нусхасига имзо қўйдириб олинг. Шу пайтдан 2 ҳафталик муддат (огоҳлантириш муддати) бошланади;
- аризани почта орқали жўнатинг – манзили бўйича топширилганлиги ҳақида хабарномани олинг. Огоҳлантириш муддати ариза олинган санадан бошланади.
Мазкур ҳолатда иш берувчида сизни ушлаб туришга ҳеч қандай сабаб қолмайди. У барча ходимлар учун белгиланган муддатда ишдан бўшатиш тўғрисида буйруқ чиқариши, ҳисоб-китобни амалга ошириши ва қўлингизга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини (агар у мавжуд бўлса) топшириши шарт.
Директор сизга меҳнат дафтарчасини беришни рад этса ёки ҳисоб-китоб қилиш чоғида топширилмаган ҳисоботлар учун жарима ушлаб қолса, бу сизнинг ҳуқуқларингизни қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Бундай ҳуқуқбузарлик ҳолати ҳақида меҳнат инспекциясига хабар қилишингиз мумкин:
- Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг mehnat.uz расмий сайтига онлайн-мурожаатнома юборган ҳолда;
- (+998 71) 200-06-00 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилган ҳолда;
- шахсан келган ҳолда.
Ёдда тутинг: меҳнат инспекциясига мурожаат қилиш сизнинг ҳуқуқ ва манфаатларингизни ҳимоя қилиш учун фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.