Пригодится каждому кадровику в декабре:
“Таътил ҳисобидан” отгул бериш мумкинми
Ходим оилавий ҳолатлар туфайли унга бир кунлик ҳақ тўланадиган меҳнат таътили беришни илтимос қилди, буни у аризасида “таътил ҳисобидан отгул” сифатида ифода этди. Бу қонунийми?
Ходимга таътиллар ҳисобидан отгуллар бериш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма” эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА гапириб берди:
- Меҳнат кодексида “отгул” сўзи фақат 157-моддада айтиб ўтилганлигидан бошлаймиз. Унда кўрсатилишича, байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин. Ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш ҳам иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул билан қопланиши мумкин. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган ишни отгул билан қоплашда бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.
Шу боис, агар ходимда иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатлари бўлса ёки у ўзининг дам олиш кунида ишга чиққан бўлса, у ишга чиқа олмайдиган кунда отгулдан фойдаланиши мумкин. Бироқ отгулдан олдиндан фойдаланиш мумкин эмас: бугун ишга чиқмасдан, балки, айтайлик, келаётган дам олиш кунида ишлаб бериш мумкин эмас. Фақат рўй берган ортиқча ишлаш қопланади.
МК моддаларида “таътил ҳисобидан” отгуллар тўғрисида эслатмалар йўқ.
Шу боис таътил ҳисобидан отгул олиш - мумкин эмас ва “таътил ҳисобидан” ифодаси буйруқда меҳнат қонунчилиги нормаларига мувофиқ келмайди.
Агар ходимга ушбу ишдан бўш кун зарур бўлса, қандай йўл тутиш керак?
Кўриб чиқилаётган вазиятда ходим иш берувчининг розилиги билан қисмларга бўлинган йиллик ҳақ тўланадиган меҳнат таътилини олиши мумкин. МКнинг 146-моддасига асосан ходим қуйидаги шартда бундай ҳуқуққа эга:
1) у ҳали мазкур иш йили учун таътилдан фойдаланмаган бўлса;
2) ходим ташкилотда камида 6 ойдан буён ишлаяпти, сабаби йиллик асосий таътил учун ҳуқуқ 6 ой ишлангандан кейин пайдо бўлади. МКнинг 143-моддаси 3-қисмида келтириб ўтилган ходимларнинг айрим турлари бундан мустасно ҳисобланади;
3) таътилнинг бир қисми 12 иш кунидан кам бўлмаслиги лозим.
Масалан, ходимнинг таътилининг давомийлиги - 15 иш куни. Таътилнинг 12 кунидан у бир йўла фойдаланиши керак (бу - бўлинмайдиган қисм). Қолган 3 кунни у иш берувчи билан келишган ҳолда “битталаб” олиши мумкин. Бунда, бу отгуллар эмас, балки айнан таътил кунлари бўлади. Ва уларни буйруқда айнан шундай кўрсатиш зарур.
Агарда ходим асосий таътилдан фойдаланиб бўлган бўлса, ҳақ тўланадиган таътил куни ўрнига иш берувчининг розилиги билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил олиш мумкин.
Шу тариқа, агар ходимга қандайдир сабабга кўра бир ёки бир неча кун ишда бўлмаслиги зарур бўлса, иш берувчи билан келишган ҳолда қуйидаги вариантларнинг бирида таътилни расмийлаштирасиз:
- ёки йиллик ҳақ тўланадиган таътилни бўласиз ва унинг бир қисмини оласиз;
- ёхуд иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилни расмийлаштирасиз.
Таътилни қисмларга бўлиш ёки иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилнинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Бунда иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил 12 ойлик давр мобайнида жами 3 ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас .
Агар раҳбарият қарши бўлмаса, ходим ҳар ҳафтада ҳам бир кунлик таътилга чиқиши мумкин. Асосийси - МКнинг 143 ва 146-моддаларида белгиланган талабларга риоя қилиш”.