Пригодится каждому кадровику в ноябре:
ЯММТга «Интизомий жазо» бўлими киритилди
ЯММТга янги – «Интизомий жазо» бўлими киритилди. ЯММТда меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш, электрон меҳнат дафтарчаларини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомда ҳам, бошқа НҲҲда ҳам интизомий жазо чоралари ҳақида ҳеч нарса дейилмаганлиги сабабли тажрибали кадрлар хизмати ходимларида саволлар туғилмоқда.
buxgalter.uz илтимосига биноан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «ЯММТ» ИДАКни жорий қилиш, мониторинг қилиш ва маълумотларни таҳлил қилиш бўлими бошлиғи Салоҳиддин БОЗОРОВ ҳамда «Норма» компаниясининг кадрлар масалалари бўйича эксперти Валерия ЛЯНДРЕС вазиятни тушунтириб бердилар:
Салоҳиддин БОЗОРОВ: – «Интизомий жазо» бўлими иш берувчиларнинг ўз ходимлари тўғрисидаги бундай маълумотларга доир сўровлари ва истакларига кўра жорий қилинган. Бу, асосан, йирик саноат корхоналари ва бошқаларга тааллуқлидир.
Айни пайтда «Интизомий жазо» бўлими тест режимида ишлаяпти ва тўлдирилиши мажбурий ҳисобланмайди».
Валерия ЛЯНДРЕС: – «Интизомий жазо» – бу «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро аппарат-дастурий комплексида меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш, электрон меҳнат дафтарчаларини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомда қайд этилмаган ЯММТдаги иккинчи (қариндошлар ҳақидаги маълумотлардан кейинги) бўлим ҳисобланади.
Фикримча, ЯММТда, аввалбошдан ўйланганидек, фақат меҳнат шартномаларини ва улардаги ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш учун зарур функциялар бўлиши лозим. Бу – муайян бир ташкилотнинг қандайдир ички тизими эмас, балки умумий фойдаланишга мўлжалланган тизим ҳисобланади. Шу боис унда барча учун мажбурий бўлган маълумотлар бўлиши лозим.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда «ЯММТ» ИДАК Дирекцияси томонидан айрим иш берувчиларга уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тизимда ишлаш имконияти берилиши керак деб ҳисобланса, бундай имкониятлар назарда тутилиши лозим. Бироқ бунга шундай ёндашиш керакки, ушбу имкониятдан фойдаланиши зарур бўлмаганларни чалғитмаслик ва уларга ортиқча иш юклаб қўймаслик керак.
Бундай ёндашувда зарурат бўлганда тегишли қўшимча опцияларни ишга туширишга имкон берувчи техник ечим бўлиши лозим. Мазкур ҳолатда норматив-ҳуқуқий базани, хусусан, ЯММТ тўғрисидаги низомни такомиллаштириш зарур. Ушбу функционал кимлар учун мўлжалланганлиги, у қанчалик мажбурийлиги, ундан фойдаланиш қоидалари қандай эканлиги аниқ баён этилиши лозим.
«Интизомий жазо» бўлими ЯММТда зарурий бўлимга айланишига ҳеч қандай асос мавжуд эмас. Амалдаги МК қабул қилинган пайтдан эътиборан қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари ва бошқа ҳужжатлар билан ишлаш бўйича кўп йиллик тажрибага таянадиган бўлсак, интизомий жазо чораси доимо ҳар бир ташкилот учун ички тартиб ҳисобланган. Улар ҳақидаги ёзув келгусида мутахассис ишлаши мумкин бўлган бошқа ташкилотлар фойдаланадиган ҳужжатларга киритилмаган.
Таъкидлаш жоизки, МКнинг 182-«Интизомий жазоларни қўллаш тартиби» моддасида ҳам, ЯММТ тўғрисидаги низомда ҳам меҳнат дафтарчаларига интизомий жазо чоралари ҳақидаги маълумотларни киритиш назарда тутилмаган. Меҳнат дафтарчасига ҳатто ишдан бўшатиш сабаблари киритилмайди, улардан айримлари интизомий жазо бўлиши ҳам мумкин. Меҳнат дафтарчасида фақат қуйидагилар кўрсатилади: «Меҳнат шартномаси бекор қилинди». Ишдан бўшатиш сабаби ташкилотдан ташқарига чиқмайдиган буйруқда кўрсатилиши мумкин. Келгусида ходимнинг фаолиятига салбий таъсири бўлмаслиги учун шундай қилинмоқда.
Дастлаб ЯММТда ишдан бўшатиш сабабини кўрсатиш талаби қўйилган эди. Бироқ кадрлар хизмати ходимларининг асосланган таклифларидан келиб чиққан ҳолда ушбу талаб бекор қилинди. Бугунги кунда қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари юритилган даврдагидек ишдан бўшатиш сабабларини кўрсатиш шарт эмас».
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.