Пригодится каждому кадровику в декабре:
Янги ходим сизни алдамаётганлигини қандай текшириш мумкин
Ишга қабул қилинаётган янги ходим қандайдир шахсий сабабларга кўра олдин қаердадир ишлагани ҳақида индамай қўйиши мумкин. Меҳнат дафтарчаси мавжудлигини қандай текшириш ҳақида «Норма»нинг кадрлар масалалари бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА гапириб берди.
Маълумотнома талаб қилиш мумкин эмас
- Меҳнат кодексига асосан ишга қабул қилиш вақтида ходим (биринчи маротаба ишга кираётган шахслар бундан мустасно) меҳнат дафтарчасини тақдим этиши шарт . У ходимнинг 2020 йилга қадар амалга оширилган меҳнат фаолияти бўйича стажини тасдиқлайди.
2020 йил 1 январдан бошлаб "Ягона миллий меҳнат тизими"да (ЯММТ) рўйхатдан ўтказиладиган меҳнат шартномалари маълумотлари асосида шакллантириладиган электрон меҳнат дафтарчалари юритилади . Шунингдек эслатиб ўтамиз, амалдаги меҳнат шартномалари ЯММТда 2020 йил 1 сентябрга қадар рўйхатдан ўтказилиши зарур.
Тегишинча, агар ходим 2020 йилда ишга кирган ва ЯММТда рўйхатдан ўтказилган бўлса, янги иш берувчи томонидан унинг шахсга доир маълумотлари (паспорт рақами, ЖШШИР) киритилганда, унинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда пайдо бўлади.
Агарда ЯММТда ходим тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаса, у илгари ишлагани ва унга меҳнат дафтарчаси очилганини билиш даргумон бўлади.
Агар қабул қилинаётган илгари ҳеч қаерда ишламаганлигини айтса, ундан буни тасдиқловчи маълумотномаларни талаб қилиш мумкин эмас. Бунинг устига ҳеч бир орган бундай маълумотномани бера олмайди.
ШЖБПҲ, қоидага кўра, инсон ишлаганлиги ҳақида далолат қилади
Агар ходим ишга жойлаштирилган бўлса, бу кейинроқ ойдинлашиши мумкин. Жамғариб бориладиган пенсия тизимида шахсий ҳисобда турган (ШЖБПҲ ва жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасига эга бўлган) фуқаролар иш берувчи билан меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномасини тузиш чоғида ўз ШЖБПҲлари тўғрисида маълумотларни тақдим этадилар. Агар ходим бундай маълумотларни тақдим этса, афтидан, у меҳнат шартномаси бўйича ишлаган ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари (пудрат, хизматлар кўрсатиш ва ҳ.з.) бўйича ишларни бажарган. Агарда у унда меҳнат дафтарчаси ҳам, ШЖБПҲ ҳам мавжуд эмаслигини таъкидласа, иш берувчи уни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга олиши даркор.
ШЖБПҲ доимий шахсий тартиб рақами Халқ банкининг филиали томонидан фуқаронинг идентификация рақами (шахсий коди) асосида берилади. Халқ банкида сизга ушбу ходимда ШЖБПҲ мавжуд дейишса, бу яна бир бор қабул қилинаётган меҳнат фаолиятини амалга оширгани ва унда меҳнат дафтарчаси мавжудлиги ёки у фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузганлиги ҳақида далолат қилади.
Ҳар қандай ҳолатда, агар сизда ходимда меҳнат дафтарчаси борлиги юзасидан шубҳа бўлса, ундан илгари ҳеч қаерда ишламаганлиги тўғрисида ариза ёзиб беришини ва ШЖБПҲ мавжудлигини тушунтириб беришини сўранг.