Пригодится каждому кадровику в декабре:
Махсус озиқ-овқатни - пул билан алмаштириш мумкинми
Ишлаб чиқариш корхонасининг ходими унга бериладиган даволаш-профилактика озиқ-овқатини пул билан алмаштиришни илтимос қилди. Иш берувчи ходимнинг ушбу илтимосини қаноатлантиришга ҳақлими? Buxgalter.uz ушбу масалани “Норма”нинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВАдан аниқлаштирди:
– Меҳнат шароити ноқулай ишларда банд бўлган ходимларга ҳақиқатан турли кафолатлар ва преференциялар берилишидан бошлаймиз. Хусусан, улар сут ва даволаш-профилактика озиқ-овқатини олишлари керак. Бу МКнинг 217-моддаси ва 0184-05-сон СанҚваНда назарда тутилган.
Даволаш-профилактика озиқ-овқати (ДПОО) - бу инсоннинг органлари ва тизимларини меҳнатнинг зарарли ва ноқулай омилларидан ҳимоя қилишга қаратилган махсус озиқ-овқатдир. Бундай таъсир фактини иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш натижалари бўйича аниқлайдилар .
Иш берувчи иш ўринларини 5 йилда камида бир марта ФҲХ шартнома асосида жалб қилинадиган ихтисослашган ташкилот билан биргаликда аттестациядан ўтказади .
Аттестациядан ўтказиш натижалари бўйича айрим иш ўринлари учун қуйидагилар назарда тутилиши мумкин:
- йиллик қўшимча тўланадиган таътил;
- қисқартирилган иш вақти;
- ДПОО.
“Зарарли” ишлар рўйхати, ДПОО билан таъминлаш нормалари, тартиби ва шартлари жамоа шартномасида белгиланади, агар у тузилмаган бўлса - ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгиланади .
0184-05-сон СанҚваН ДПОО рационининг 4 турини ва уларда ишлаш уларни бепул олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар рўйхатини белгилайди .
ДПООни пул компенсацияси билан алмаштириш мумкинми?
- Йўқ, бунга ҳатто ходимнинг илтимосига биноан ҳам йўл қўйилмайди. 0184-05-сон СанҚваНнинг 4.3-бандига мувофиқ ДПООни пул ёки бошқа қимматликлар билан компенсация қилиш, шунингдек ДПООни ўтган вақт учун беришга рухсат этилмайди.