Пригодится каждому кадровику в декабре:
Таътиллар жадвалига риоя қилиш
Корхонада таътиллар жадвали белгилаб қўйилган. Иш берувчига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ходимлардан бирига белгиланган даврда таътил берилмади. Ходималардан бири ҳомиладор бўлиб, ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин унга асосий таътил бериш тўғрисида ариза берди. Директор бир вақтнинг ўзида жадвал бўйича навбати келган бошқа ходимга таътил беришни рад қилган ҳолда аёлга навбатдан ташқари таътил беришга мажбур бўлди. Мазкур ҳолатда иш берувчи қонунни буздими?
Ҳа, бузди.
Меҳнат кодексининг 144-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади.
Ҳомиладор аёлга ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан навбатдан ташқари таътил бериш МКнинг 143-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган. Иш берувчи аёл-ходимнинг хоҳишига кўра буни қилишга мажбур. Бироқ мазкур факт қолган ходимларга нисбатан жадвалга риоя қилишнинг мажбурийлигига таъсир кўрсатмайди.
Таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар келиб чиққанда ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан ундан фойдаланишнинг янги муддати белгиланиши керак (МКнинг 145-моддаси иккинчи қисми).
Мазкур масала юзасидан бир томонлама қабул қилинган қарор директорнинг Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддасига кўра жавобгарликка тортилиши учун сабаб бўлиши мумкин.