Пригодится каждому кадровику в декабре:
Тушлик пайтида ишлаш
Қайси ҳолатларда тушлик танаффусидаги иш иш вақтидан ташқари иш ҳисобланиши ва унга қандай ҳақ тўланиши кераклигини «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА тушунтиради:
- Тушлик танаффуси вақтидаги иш иш вақтидан ташқари иш бўлиши ёки бўлмаслиги ҳам мумкин. Фарқни тушуниш учун аввал "иш вақтидан ташқари иш" ва "танаффус" тушунчаларига аниқлик киритсак.
Иш вақтидан ташқари иш
Ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади . Бунда ходим фақат иш кунидан ёки сменадан кейингина ишлаши мумкинлигини тушуниш нотўғри. "Иш вақтидан ташқари иш" жумласи бундай иш иш куни бошланишидан олдин (масалан, ходим барвақт келса ва ишга 09:00 ўрнига 07:00да киришса) ёки тушлик танаффуси пайтида бажарилиши мумкинлигини англатади.
Иш вақтидан ташқари иш:
- ходимнинг розилиги билан қўлланиши мумкин;
- ходимнинг ёзма розилиги асосида буйруқ билан расмийлаштирилади;
- иш вақтини ҳисобга олиш табелида акс этади.
Дам олиш ва овқатланиш учун танаффус
Иш вақтига киритилмайдиган бундай танаффус ходимга иш куни (смена) давомида тақдим этилади. МК унинг давомийлиги ва тақдим қилиш вақтини белгиламайди, буни иш берувчиларнинг ихтиёрига қолдиради. Шунинг учун ушбу шартлар ички меҳнат тартиби қоидаларида, смена графикларида ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгилаб қўйилади .
Тушлик танаффуси вақтида ходим иш вазифаларини бажаришдан озод бўлади ва ундан ўз хоҳишига кўра фойдаланиши мумкин.
Тушлик пайтидаги иш қачон иш вақтидан ташқари иш ҳисобланади
Агар ходим тушлик танаффусида дам олмаса, иш вазифаларини раҳбарнинг фармойиши билан бажарса, бу иш вақтидан ташқари иш саналади.
Агар ходим ўз ташаббуси билан раҳбар фармойишисиз ишлаётган бўлса (масалан, иш куни охиригача ҳисобот топширишга улгуриш учун, маълум ҳажмдаги ишни бажариш ва ҳк.), бу иш вақтидан ташқари иш саналмайди. Унга компенсация тўланмайди.
Иш вақтидан ташқари иш учун қандай ҳақ тўлаш керак
Иш вақтидан ташқари иш учун икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади ёки иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул бериш билан компенсация қилинади .
Шу билан бирга "тушликда"ги иш учун компенсациясиз вариантлар ҳам бўлиши мумкин. Масалан, қуйидагилар мумкин:
1) тушлик танаффусини кечроқ вақтга суриш.
Айтайлик, компанияда барча ходимлар учун тушлик танаффуси 13:00дан 14:00гача белгиланган. Ходим иш берувчининг фармойиши билан ушбу даврда шошилинч ишни бажаришга рози бўлди. Шунинг учун директор билан келишган ҳолда тушликка 15:00да кетди;
2) ходимга тушликда қанча ортиқча ишлаган бўлса, шу куни шунча соатга барвақт кетишига рухсат бериш. Масалан, ходим бир соатлик танаффусини раҳбарнинг буйруғи билан иш учун ишлатганлиги сабабли унинг иш куни 1 соатга қисқартирилади. Тегишинча, агар иш куни 18:00гача давом этса, ходим 17:00да ишдан кетиши мумкин. Шу билан бирга иш вақти нормасига риоя қилинган бўлади.
Агар ушбу вариантларнинг иложи бўлмаса (масалан, катта иш ҳажми туфайли), қўшимча иш вақтини икки ҳисса ҳақ тўлаш ёки бошқа куни отгул бериш билан қоплашингиз керак бўлади. Мисол учун эртаси куни ходим ишга бир соат кечроқ - 09:00да эмас, балки 10:00да келиши мумкин. Аммо бу соат учун барибир бир ҳисса миқдорида тўланади.
Иш вақтидан ташқари ишга чекловлар
Тушлик танаффусини иш билан алмаштиришни суистеъмол қилмасликни тавсия этамиз, чунки меҳнат инспекциясидан эътирозлар бўлиши мумкин. Иш берувчи Меҳнат кодексининг 127-моддасига биноан ходимни қонун билан кафолатланган дам олиш ва овқатланиш учун танаффусдан маҳрум қилишга ҳақли эмас. Агар текширувчи орган форс-мажор ҳолатлари туфайли кам сонли бузилиш ҳолатларига эътибор бермаса, бу ҳолат тизимли равишда содир бўлса, албатта эътибордан қочирмайди.
Ишлаб чиқариш шароитларига кўра танаффусларни (доимий ишлаб чиқариш, назорат пунктлари ва б.) тақдим қилиш мумкин бўлмаган ишлар бундан мустасно. Бундай ҳолларда иш берувчи ходимларга иш вақтида овқатланиш имкониятини таъминлаши шарт.
Бундай ишларнинг рўйхати, овқатланиш тартиби ва жойи ички меҳнат тартиби қоидаларида белгиланади .
Агар иш билан банд бўлганлиги сабабли иш вақтидан ташқари иш учун ходимнинг тушлик танаффусидан мунтазам равишда фойдаланиш зарур бўлса, танаффусни, масалан, 30 дақиқагача камайтириш ҳақида ўйлаб кўриш тавсия этилади. Аммо бу фақат ходим ва иш берувчининг ўзаро розилиги билан амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга ходим қисқа вақт ичида тушлик қилишга вақт топиши учун мавжуд шароитларни ҳисобга олиш керак: ошхонанинг яқинлиги ва унинг иш тиғизлиги (навбатлар, овқатланиш учун бўш жой) ва бошқалар.
Қуйидагиларни иш вақтидан ташқари ишга рози бўлган тақдирда ҳам жалб қилиш мумкин эмас (ишдан олдинми ёки кейинми ёхуд тушлик танаффусидами, муҳим эмас):
- I ва II гуруҳ ногиронлари, агар бундай ишлар уларга тиббий тавсиялар билан тақиқланган бўлса ;
- 18 ёшга тўлмаган шахслар ;
- иш сменаси 12 соат давом этадиган ходимлар ;
- меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда ишловчи ходимлар – белгиланган рўйхат бўйича .
Унутманг, иш вақтидан ташқари иш сурункасига 2 кун давомида 4 соатдан ва йилига 120 соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим .
Иш вақтидан ташқари ишни қонунан расмийлаштириш ҳақида батафсил қуйидаги тушунтиришда ўқинг: