Пригодится каждому кадровику в декабре:
Таътил жадвалини ходимлар билан келишиш керакми
«Иш берувчи ходимлар билан келишмай таътил жадвалини тасдиқлади. Энди ходимлардан бири жадвалга мувофиқ келмайдиган тарзда таътилга ариза берди. Бу вақтга бошқа ходимнинг таътили режалаштирилган. Унга рад жавобини бериш мумкинми? Умуман вазиятни қандай тузатиш керак?».
- Таътиллар жадвали касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилади .
Меҳнат кодекси иш берувчини жадвални тасдиқлашдан олдин ҳар бир ходим билан таътил вақтини келишишга мажбур қилмайди. Бундан ёзда ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда таътилни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган ходимлар тоифаси мустасно. Улар МКнинг 144-моддаси 3-4-қисмларида санаб ўтилган.
Албатта, низоларни истисно қилиш учун таътил вақтини келишиб олиш шарти жамоа шартномасида акс эттирилиши мумкин, бу тақиқланмаган. Аммо кўпсонли штат ва кўплаб таркибий бўлинмаларга эга компанияларда буни амалга ошириш жуда муаммоли. Негаки ходимларнинг аксарияти ёзда дам олишни хоҳлашади. Агар барчанинг хоҳиш-истаклари ҳисобга олинадиган бўлса, ёзги даврда компанияда иш туриб қолади.
Корхонанинг ҳақиқий имкониятлари ва ходимларга уларнинг манфаатларидан келиб чиқиб таътил тақдим қилишни тавсия этамиз.
Агар жадвалдан ташқари таътилга ариза берган ходим МКнинг 144-моддаси 3-4-қисмларида кўрсатилган имтиёзларга эга бўлмаса, унга рад жавоби беришингиз ва қатъиян фақат жадвал бўйича таътил тақдим қилишингиз мумкин.
Агар ходим ўзи учун қулай бўлган вақтда таътилга чиқиш ҳуқуқига эга бўлса, таътилни тақдим қилишингиз ва вазиятдан келиб чиқиб ходимни ушбу муддатга бошқа ходим билан алмаштириш масаласини ҳал қилишингиз шарт.
Шунингдек, имтиёзга эга бўлмаган ходимларнинг таътилдан фойдаланиш вақтини томонларнинг келишувига кўра ўзгартиришингиз мумкин .
Келгусида таътил жадвалини расман эмас, балки имтиёзлар ва иложи бўлса ходимларнинг истакларини, ишлаб чиқариш имкониятларини, ўзаро алмаша олиш вариантларини ҳисобга олган ҳолда тузишингизни тавсия қиламиз.
Ходимларни имзо остида тасдиқланган таътил жадвали билан таништиринг.
Албатта, бу ҳолатда ҳам объектив сабабларга кўра таътил жадвалига тузатиш киритиладиган ҳолатлар бўлиши мумкин. Лекин улар имкон қадар камайтирилади.
Валерия ЛЯНДРЕС
«Норма» эксперти
Ленара ХИКМАТОВА
«Норма» эксперти, ҳуқуқшунос