Пригодится каждому кадровику в декабре:
Касаначи билан меҳнат шартномасини тузиш тартиби
«Компания ишлаб чиқариш жараёнининг асосий қисмини касаначилик асосида ташкил этишни режалаштирмоқда. Уй шароитида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сертификатлаш керакми? Касаначи билан меҳнат шартномаси қандай тузилади? Касаначи билан меҳнат муносабатлари одатдаги ходимлардан – офисга келиб ишловчилардан фарқ қиладими?".
Kadrovik.uz тушунтиради:
– Касаначилар билан ишлашда Касаначилик тўғрисидаги низом меъёрларига амал қилинг. Ушбу ҳужжат барча асосий даврларни – меҳнат шартномаларини тузиш, хом ашё ва материалларни касаначиларга топшириш, иш ҳақи шартларидан тортиб то иш вақти давомийлиги, дам олиш, таътиллар ва шу каби масалаларни тартибга солади.
Иш берувчининг буюртмаси бўйича касаначи томонидан ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) учун НАМУНАВИЙ МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ 11.01.2006 й. 4-сон ВМҚга 2-илова тасдиқланган.
- Касаначи ишлаб чиқариш топшириғи ҳажмидан ҳамда меҳнат шартномасида белгиланган бошқа шартлардан келиб чиққан ҳолда ўзи учун иш вақти муддатини, иш жадвали ва тартибини мустақил равишда белгилайди.
- Иш берувчи касаначи учун ишлаб чиқариш топшириғини белгилашда ишларнинг айрим турларини бажариш учун вақт нормативларини ҳисобга олиши керак, бунда бутун ишлар комплексини бажариш учун иш вақтининг умумий муддати Меҳнат кодексининг 116-моддасида белгиланган нормал ёки қисқартирилган иш вақти муддатидан ошмаслиги керак, агар бу меҳнат шартномасида кўрсатилган ёхуд қонунчиликда белгиланган бўлса (18 ёшга тўлмаган шахслар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун).
- Меҳнат таътили муддатини ҳисоблаш ва ҳар йилги асосий таътилга чиқиш ҳуқуқини берадиган меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун, дам олиш ва байрам кунларини ҳисобга олган ҳолда, меҳнат шартномасида кўрсатилган ишлар ҳажмини бажариш учун зарур бўлган норматив вақт қабул қилинади.
- Касаначининг ҳар йилги меҳнат таътили муддати, агар касаначи қонунчиликка мувофиқ кўпроқ давом этадиган ҳар йилги асосий таътилга чиқиш ҳуқуқига эга бўлмаса, 15 иш кунидан кам бўлиши мумкин эмас. Таътиллар бериш вақти ва навбати касаначи билан келишув бўйича иш берувчи томонидан тасдиқланган жадвалда белгиланади.
- Касаначилар буюртмачи-корхоналарнинг ишлаб чиқариш технологиясига тўлиқ амал қилган тақдирда, уй шароитида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва хизматларни қўшимча сертификатлаш ва стандартлаш талаб этилмайди. Бунда уйда ишлаб чиқарилган маҳсулот сифати бўйича белгиланган стандартларга риоя қилиш бўйича масъулият, у саноат корхоналарига қайтарилганда — касаначилар зиммасига, охирги истеъмолчига сотишда эса саноат корхонаси зиммасига юкланади .
- Касаначининг ишлаган вақти пенсиялар ва ижтимоий суғурта бўйича нафақалар миқдорларини тайинлаш учун меҳнат стажига қўшилади .
- Касаначига давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақаларни тўлаш, белгиланган тартибга мувофиқ иш берувчининг ишлаб чиқариш хоналарида ишлайдиган ходимлар сингари амалга оширилади .