Пригодится каждому кадровику в декабре:
Ҳомиладор аёл касаллик варақасини эмас, ультратовуш натижаларини олиб келса
«Компанияда штатлар қисқартирилмоқда. Қисқартирилаётган ходималардан бири эрта муддатдаги ҳомиладорлик ҳақида ультратовуш натижалари билан ҳужжат олиб келди. Меҳнат кодексининг 100-моддасига кўра ҳомиладор аёлларни иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш мумкин эмас. Аммо директор ҳомиладорликни тасдиқловчи ҳужжат хусусий клиниканинг ультратовуш текшируви эмас, балки касаллик варақаси эканлигини таъкидлаб, меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб қилмоқда. У ҳақми? Ходима уни ишдан бўшатмаслигимиз учун қандай ҳужжатни тақдим этиши керак?».
Вазиятни «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:
– Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (касаллик варақаси) – бу шахсни ишдан озод қилиш, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаш учун асос бўладиган ҳужжат ҳисобланади . У ҳақиқатан ҳам аёлнинг ҳомиладорлигини тасдиқлайди, аммо фақат ҳомиладорликнинг ўттизинчи ҳафтасидан бошлаб берилади .
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида иш берувчи ходимга ҳомиладорлик ва туғруқ бўйича таътил расмийлаштиради. Аммо ҳомиладорлик фактини тасдиқлаш бошқа вазиятларда, 30 ҳафта тўлишидан анча олдин керак бўлиши мумкин.
Ҳомиладор аёллар – улар учун қонун ҳужжатларида бир қатор кафолатлар белгиланадиган ходимларнинг махсус тоифасидир:
1) тақиқлар:
- иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно ;
- оғир ишларни бажариш ва ноқулай ишлаб чиқариш омилларидаги ишлар ;
2) меҳнат шароитлари бўйича маълум чекловлар:
- ҳомиладор аёлларни уларнинг розилигисиз дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилиш, хизмат сафарларига юбориш ва бошқалар мумкин эмас .
Иш берувчи ҳомиладор аёлни енгилроқ ишга ўтказиши, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш нормаларини камайтириши учун айнан тиббий хулоса талаб қилинади. Бу МКнинг 226- моддасида белгиланган. Бундай ҳужжатда ҳомиладор аёллар ишини енгиллаштириш учун иш берувчи амал қилиши мажбурий бўлган муайян тавсиялар келтирилган.
Иш берувчининг ташаббуси билан ҳомиладор аёлни ишдан бўшатиш, унинг розилигисиз хизмат сафарларига юбориш, дам олиш кунларида, ишдан ташқари ишга жалб қилишни тақиқлаш учун – тиббий хулосани тақдим этиш шарт эмас! Аёлга унинг мақомини тасдиқловчи ҳар қандай тиббий ҳужжатни тақдим этиш кифоя: ультратовуш текшируви натижалари, ҳомиладорлик ҳақидаги маълумотнома ва бошқалар. Бунда ушбу ҳужжатни қайси тиббий муассаса – давлат ёки хусусий муассаса берганлиги муҳим эмас. Ушбу хулоса амалдаги қонунчиликда ходим томонидан ҳомиладорлигини тасдиқлаш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати йўқлигини кўрсатади.
Албатта, кўриб чиқилаётган вазиятда иш берувчи ўзини келгусида кутилмаган вазиятлардан ҳимоя қилиш мақсадида аёлдан аёллар маслаҳатхонасида рўйхатда туриши керак бўлган оилавий поликлиникадан ҳомиладорлик тўғрисида тиббий маълумотномани талаб қилиши мумкин. Аммо баъзан ҳомиладор аёллар рўйхатдан ҳомиладорликнинг сўнгги муддатларида ўтишади. Уни бу ишни аввалроқ қилишга мажбур қилишнинг иложи йўқ, худди бундай маълумотномани олиб келишни талаб қилишнинг имкони бўлмаганидек. Борига қаноат қилишдан ўзга чора йўқ.
Агар ультратовуш текшируви ҳужжати борлигига қарамай, ходима иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатилса, кейинчалик ишдан бўшатиш пайтида ходима ҳақиқатан ҳам ҳомиладор бўлганлиги аниқланса, суд уни аввалги ишига тиклайди. Иш берувчи эса меҳнат шартномасини ноқонуний бекор қилиш оқибатида мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлашга мажбур бўлади. Бундан ташқари, ташкилот Меҳнат кодексининг 112-моддасига мувофиқ ходимга зарарни қоплаш билан боғлиқ бошқа харажатларни ўз зиммасига олади.