Пригодится каждому кадровику в декабре:
«Ўн учинчи маош» қандай тўланиши керак
Бир йил учун иш якунлари бўйича мукофот ёки ходимлар тилида айтилганидек, «ўн учинчи маош» ташкилотда кадрлар қўнимсизлигини камайтиришга имкон яратади. Бир йил учун корхона меҳнат фаолияти якунлари бўйича мукофотлаш тизимини қандай ташкил қилиш кераклигини айнан kadrovik.uz учун «Норма» компанияси экспертлари тушунтириб бердилар:
Ўзбекистон қонун ҳужжатларида «ўн учинчи маош» тушунчаси берилмаган. Уни тўлаш шартлари ва миқдори ҳеч бир ҳужжатда белгиланмаган. Бироқ, моҳиятига кўра, гап нима ҳақида бораётганлиги тушунарли. Бу – бир йил учун иш якунлари бўйича мукофот пули корхона иш фаолиятига ўз меҳнат ҳиссасини қўшганлиги учун ходимларга тўланадиган рағбатлантирувчи тўлов.
Хусусий ташкилотларда меҳнатга ҳақ тўлаш, мукофот, қўшимча тўлов, устама ва рағбатлантирувчи хусусиятдаги тўловларни тўлаш тизими ва шакллари корхонанинг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, жамоа шартномасида ёхуд касаба уюшмалари қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган бошқа ички ҳужжатларда белгиланади .
Мукофот пулини ҳисоблаш тартибини қуйидагиларда қайд этиш мумкин:
- меҳнат шартномасида ;
- жамоа шартномасида ;
- бошқа ички ҳужжатда, масалан, – Йил якунлари бўйича мукофотлаш тўғрисидаги низом, Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом, Мукофотлаш тўғрисидаги низомда .
Мукофотлаш шартларини жамоа шартномасига киритадиган бўлсангиз, уни ўзгартириш тартиб-таомиллари мураккаброқ кечишини ҳисобга олинг: меҳнат жамоаси вакиллари билан келишилиши қўшимча ишлаб чиқилган лойиҳа умумий йиғилишга (конференцияга) маъқуллаш учун киритилиши лозим.
Йил якунлари бўйича мукофотлаш тўғрисидаги низом иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади . Тасдиқланган низом билан барча ходимларни имзо чектириб таништиринг.
Тўлов миқдори қандай белгиланади
Кўп ҳолатларда тўлов манбаи ўтган йил учун молия-хўжалик фаолияти якунлари бўйича корхона тасарруфида қолган фойда ҳисобланади.
Бир йил учун иш якунлари бўйича мукофот пули миқдори, қоидага кўра, қуйидагиларга боғлиқ бўлади:
- ходим олган иш ҳақига;
- ушбу корхонадаги узлуксиз иш стажи давомийлигига.
Иш берувчи, масалан, стажига қараб ходимнинг йиллик иш ҳақи ёки маошидан фоиз ставкасини, маош миқдорида мукофот пулини белгилаши мумкин. Шунингдек у айрим ходимлар учун мукофот пули миқдорини ошириши ҳам мумкин. Масалан, – меҳнат фаолиятида эришган энг юқори кўрсаткичлари учун.
Мукофот пулини тўлаш тўғрисидаги низомда нималар акс эттирилиши лозим
Қуйидагиларни акс эттиришни тавсия қиламиз:
1. Ходимни мукофотлашда ҳисобга олинган кўрсаткичлар. Ҳар бир иш берувчи ушбу кўрсаткичларни мустақил равишда белгилайди, сабаби улар ташкилот фаолияти турига ва ходимларнинг меҳнат вазифаларига боғлиқ бўлади. Масалан, бундай кўрсаткичлар сифатида қуйидагилар кўрсатилиши мумкин:
- режа бажарилиши (ортиғи билан бажарилиши);
- ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифати яхшиланиши;
- янги техника ва технологияларнинг ўзлаштирилиши;
- моддий ресурсларни тежаш ва ҳ.к.
2. Ходимга тўланадиган мукофот пули миқдорини камайтириш учун асослар. Масалан:
- раҳбарият топшириқларини ёки лавозим мажбуриятларини бажариш юзасидан белгиланган муддатларга риоя этилмаганлиги, узрли сабаблар мавжуд бўлмаган ҳолларда уларни сифатсиз бажариш;
- ижро интизоми даражаси етарли эмаслиги;
- меҳнат тартиби талабларига риоя қилмаслик (интизомий ундирув чоралари қўлланилмаган ҳолда) ва ҳ.к.
3. Мукофотланадиган ходимлар рўйхати.
Унга одатда штатдаги барча ходимлар, айрим ҳолларда эса ташқи ўриндошлар ҳам киритилади . Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича вазифаларни бажарувчилар иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлмаганлиги сабабли ушбу рўйхатга киритилмайди.
Мукофотланадиган ходимлар рўйхатини шакллантиришда иш берувчи 31 декабрга қадар меҳнат муносабатлари тўхтатилган шахсларни унга киритиш-киритмасликни ҳал этиши лозим.
4. Мукофот тайинланишига тўсқинлик қилувчи сабаблар.
Бундай сабаблар жумласига, масалан, молиявий, солиқ, меҳнат, ижро интизоми бузилиши, ходим томонидан ички меҳнат тартиби қоидаларига, лавозим йўриқномаларига риоя этилмаслиги, техника хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларининг бузилиши, иш берувчининг бевосита кўрсатмаларини бажаришдан бош тортиш ҳамда ходимга нисбатан интизомий чора қўлланилган бошқа ҳолатларни киритиш мумкин .
Интизомий жавобгарликка тортилган ходимлар мукофотлашдан бутунлай маҳрум этилади .
5. Ҳисобга олинадиган давр ва энг кам узлуксиз иш стажи.
Ҳар бир ходимнинг меҳнат натижалари аниқланадиган ҳисоб даври – бу календарь йил (1 январдан 31 декабргача). Шу боисдан, қоидага кўра, мукофот пули кейинги йилнинг бошида тўланади.
Мукофот пулини тўлаш учун энг кам узлуксиз иш стажини 1 йилга тенг деб олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Яъни мукофот пули календарь йилда тўлиқ ишлаган ходимларга берилади.
Мукофот пулини тўлаш тартиби ва асос
Иш берувчи календарь йилнинг 31 декабри ҳолатига кўра мукофот пулини тўлаш тўғрисида буйруқ чиқаради, ушбу тўлов буйруқ чиқарилган кунда штатда (рўйхатда) бўлган ходимларга бутун календарь йил учун тўлиқ ҳажмда тўланади. Шунингдек буйруқда қуйидаги ходимлар рўйхати келтирилиши шарт:
- календарь йилда меҳнат жабҳасида юқори кўрсаткичларга эришган, қўшимча мукофот пули тўланадиган ходимлар;
- мукофот пули тўлиқ бўлмаган календарь йил учун тўланадиган ходимлар (узрли сабабларга кўра – ўқув юртига ўқишга кирганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайланадиган лавозимларга сайлаб қўйилганлиги ва бошқа ҳолатларда меҳнат шартномаси бекор қилиниши зарурати туфайли) – мукофот пули тўланадиган давр кўрсатилган ҳолда;
- мукофот пули миқдори камайтирилган ходимлар – сабаблари* ва камайтирилган миқдор фоизларда кўрсатилган ҳолда;
- мукофот пулидан бутунлай маҳрум этилган ходимлар – сабаблари кўрсатилган ҳолда*.
* Мукофот пули миқдорини камайтириш ёки ундан маҳрум қилиш сабаблари ҳужжатлар билан асослаб берилиши лозим. Бошқача айтганда, – агар ходим бирор қоидабузарлик содир этган ёки яхши ишламаган бўлса, бу ҳолат ҳужжатлар билан – бевосита раҳбарнинг рапорти, далолатномалар билан расмийлаштирилиши лозим. Меҳнат низолари юзага келган ҳолатларда ушбу масала юзасидан далил-исбот бўлиши учун шундай қилиш керак.
Ходимларга мукофот пулини тўлаш учун меҳнат шартномаси бўйича календарь йилда ишланган вақт ҳисобга олинади, иш ҳақи сақланмайдиган таътилларда, болани парваришлаш таътилларида бўлган даврлар бундан мустасно.