Пригодится каждому кадровику в ноябре:
Янги МК: таътиллар (3-қисм)
2023 йил 30 апрелдан бошлаб таътилларни тақдим қилишнинг кўпгина одатий шартлари ўзгаради. Ҳатто таътилнинг янги тури – иш ҳақи қисман сақланиб қоладиган таътил пайдо бўлади.
Киритилган янгиликларни kadrovik.uz учун махсус юридик фанлар номзод, Меҳнат кодекси муаллифларидан бири Михаил ГАСАНОВ ва «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:
Ижтимоий таътиллар (28.10.2022 й. 798-сон ЎРҚ янги МК 237-м.).
Янги МК «ижтимоий таътиллар» тушунчасини киритмоқда. Бу – ходимларга оналик, болаларни парваришлаш, таълим олиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, шунингдек бошқа ижтимоий мақсадларда бериладиган таътиллардир. Уларга қуйидаги таътиллар киради:
1) ҳомиладорлик ва туғиш;
2) бола парваришлаш;
3) ўқув;
4) ижодий.
Уларни тақдим этиш ва расмийлаштиришда туб ўзгаришлар кутилмаяпди. Бунда янги МК ижтимоий таътиллар бўйича қуйидаги ишларни амалга ошириш мумкин эмаслигига аниқлик киритди:
- бошқа муддатга кўчириш (агар улар ўз вақтида ишлатилмаган бўлса);
- пулли компенсация билан алмаштириш;
- жамлаш.
Уларнинг қонунчиликда белгиланганига нисбатан узоқроқ давомийлигини белгилашга эса йўл қўйилади.
Янги Меҳнат кодекси иш берувчиларга ходимларга бошқа ижтимоий таътиллар беришга имкон беради. Масалан, – никоҳ тузилганлиги, ходимнинг яқин қариндоши вафот этганлиги, бола туғилиши муносабати билан боланинг отасига ва ҳоказо.
Бундай таътиллар даврида ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи ёки унинг бир қисми сақланиб қолиши, уларнинг давомийлиги ва ҳар йилги меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига киритиш масаласи маҳаллий тартибда ҳал қилинади (28.10.2022 й. 798-сон ЎРҚ янги МК 238-м.).
Иш ҳақи сақланмайдиган таътил (28.10.2022 й. 798-сон ЎРҚ янги МК 241-м.).
Ушбу тушунча илк бор тўлиқ очиб берилмоқда. Бу – ходимнинг иш ўрни (лавозими) сақланиб қолган ҳолда ҳақ тўланмайдиган таътил.
Таътил давомийлиги узлуксиз ёки жамланган ҳолда календарь йили мобайнида уч ойдан ошмаслиги керак.
Бу ерда асосий янгилик ушбу даврни ҳисоб-китоб қилиш тартибидир: йил иш ҳақи сақланмайдиган охирги таътил берилган кундан эътиборан ҳисобланади.
Шунингдек, ушбу таътилнинг энг кўп давомийлиги бўйича истиснолар белгиланганлиги янгилик бўлди. Хусусан, карантин чоралари амалга оширилаётган, фавқулодда ҳолат жорий этилган даврда ва бутун аҳолининг ёки унинг бир қисмининг ҳаётига ёхуд нормал яшаш шароитларига таҳдид солувчи бошқа ҳолларда таътилнинг узлуксиз ёки жамланган давомийлиги кўпи билан олти ойгача оширилиши мумкин.
Умумий қоидаларга кўра, иш ҳақи сақланмайдиган таътил ходимнинг ёзма аризаси асосида томонларнинг келишуви бўйича тақдим қилинади. Аммо иш берувчи уларнинг илтимосига кўра бундай таътилни беришга мажбур бўлган ходимлар тоифалари мавжуд. Бундай шахсларнинг рўйхати тузатилди ва эндиликда у шундай кўринишда:
- 1941 – 1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахслар ;
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
- икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани ҳақиқатда парваришлаётган боланинг ота-онасидан бири (васийси);
- қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек меҳнат шартномаси шартларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ходимларга.
Ходимнинг хоҳишига кўра таътил ҳар йили ўн тўрт календарь кунгача бўлган давомийликда мажбурий тартибда берилади. Агар ходим кўпроқ муддат сўраса, масала томонларнинг келишуви билан ҳал қилинади (28.10.2022 й. 798-сон ЎРҚ янги МК 242-м.).
Бундан ташқари, иш берувчи икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани ҳақиқатда парваришлаётган боланинг ота-онасидан бирига (васийсига), бувисига, бобосига ёки бошқа қариндошига иш ҳақи сақланмайдиган таътилни беришга мажбур (28.10.2022 й. 798-сон ЎРҚ янги МК 405-м.).
Иш ҳақи қисман сақланадиган таътил (28.10.2022 й. 798-сон ЎРҚ янги МК 240-м.).
Амалдаги МКда бундай таътил йўқ. Янги Меҳнат кодексига кўра, агар бу маҳаллий тартибда – жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида назарда тутилган бўлса, ходимга берилиши мумкин.
Ходимга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериш ва унинг давомийлиги тўғрисидаги масала ҳар бир муайян ҳолда меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра ҳал этилади. Ходимнинг унга бундай таътил берилишига розилиги иш берувчига ёзма ариза бериш орқали билдирилади.
Яъни, иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлгани каби ходимнинг аризасисиз, мажбуран иш ҳақи қисман сақланадиган таътилга чиқариш ман қилинади.
Бунда ҳар бир ташкилот маҳаллий тартибда қуйидагиларни белгилайди:
1) бундай таътилнинг календарь йил давомидаги энг кўп давомийлиги;
2) иш стажига иш ҳақи қисман сақланадиган таътилни қўшиш ёки қўшмаслик тўғрисидаги масала;
3) ходимнинг сақланиб қоладиган иш ҳақи миқдори. Аммо бунда у қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас. Агар ходим иш ҳақи қисман сақланадиган таътилда бўлган даврида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори оширилган бўлса, ушбу оширилишни ҳисобга олган ҳолда ходимга тегишли иш ҳақи миқдори қайта ҳисоб-китоб қилиниши керак.
Шунингдек, маҳаллий тартибда иш берувчи ходимнинг илтимосига кўра унга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериши шарт бўлган ҳоллар назарда тутилиши мумкин.