Пригодится каждому кадровику в декабре:
Бухгалтерга нисбатан қандай интизомий жазо чораларини қўллаш мумкин
«Бухгалтер тўлов қилишда адашиб пул маблағларини бошқа етказиб берувчига юборди. Натижада ташкилот катта миқдордаги банк комиссиясини тўлашига тўғри келди...
Бухгалтерларга нисбатан қандай интизомий жазо ва огоҳлантиришлар қўлланилиши мумкин?».
Kadrovik.uz тушунтиради:
– Интизомий жавобгарликнинг икки тури мавжуд: умумий ва махсус.
Умумий интизомий жавобгарлик Меҳнат кодекси ва Ички меҳнат тартиби қоидалари (ИМТҚ) билан тартибга солинади. У ходимга Янги Меҳнат кодексининг 312-моддасида назарда тутилган чоралардан бирини қўллашни назарда тутади.
Умумий интизомий жавобгарлик барча ходимларга нисбатан татбиқ этилади, бундан ўзи учун махсус интизомий жавобгарлик белгиланган шахслар мустасно.
Жавобгарлик нафақат ички меҳнат тартиби қоидаларини (кечикиб келиш ва б.) бузганлик учун, балки ўз меҳнат мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, бошқача қилиб айтганда, – ходим томонидан меҳнат мажбуриятлари бузилганда ҳам қўлланилади .
Махсус интизомий жавобгарлик фақат айрим тоифадаги ходимлар учун назарда тутилган. Уни интизом тўғрисидаги тегишли қонунлар, уставлар ва низомлар (ҳарбий хизматчилар, судьялар, темир йўл транспорти ходимлари, давлат фуқаролик хизматчилари ва бошқалар учун) белгилайди. Масалан, давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан ҳайфсан, жарима ва эгаллаб турган лавозимидан озод қилишдан ташқари малака даражасини пасайтириш, давлат фуқаролик хизмати лавозимини пасайтириш каби каби интизомий жазо чоралари ҳам қўлланилиши мумкин .
Қонунчиликда бухгалтерларга нисбатан махсус интизомий жавобгарлик назарда тутилмаган.
Хато қилган бухгалтерга нисбатан қандай йўл тутиш керак
Интизомий жазо чораларни қўллаш – бу иш берувчининг бурчи эмас, балки ҳуқуқидир. Ходимни интизомий жазога жалб қилиш ёки қилмаслик масаласини ҳал қилишда қуйидагиларни ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ:
- қилмишнинг оғир-енгиллиги;
- унинг содир этилиши ҳолатлари;
- ходимнинг аввалги иши, унинг хулқ-атвори ва бошқа омиллар.
Яъни, ҳар бир вазиятни индивидуал тартибда кўриб чиқинг. Қуйидагиларни тушуниш учун ходимдан тушунтириш хати олинг:
1) Нима учун хато содир бўлди. Бухгалтер шунчаки ўз мажбуриятларини эътиборсиз қолдирдими ва тўловни юбора туриб маълумотларни қайта текширмадими? Ёки у бошқа жиддий муаммолар ва топшириқлар билан ҳаддан ташқари юкланганми, хато айнан шунинг учун юз бердими?
2) Уни тузатиб бўладими-йўқми? Корхона учун унинг оқибатлари қанчалик жиддий?
Меҳнат интизомини бузганлиги учун (хусусан, тўловни юборишдан олдин маълумотларни қайта текшириш мажбурияти) иш берувчи Меҳнат кодексининг 312-моддасига асосан бухгалтерга қуйидаги интизомий чоралардан бирини қўллашга ҳақли:
1) ҳайфсан;
2) ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима. Ташкилотнинг Ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиниши ҳоллари назарда тутилиши мумкин;
3) меҳнат шартномасини бекор қилиш .
Огоҳлантириш каби интизомий жазо чораси янги МКда назарда тутилмаган , демак уни қўллашга йўл қўйилмайди .
Қандай интизомий жазо чорасини танлашни – содир этилган қилмишнинг оғир-енгиллиги, унинг содир этилиши ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда иш берувчи ҳал қилади. Баъзи ташкилотлар ички меҳнат тартиби қоидаларига интизомий жазоларни қўллаш тартиби тўғрисида алоҳида бобни киритишади. Масалан, иш берувчи қайси бири учун ҳайфсан, бошқалари учун жарима қўллаши мумкин бўлган қоидабузарликлар рўйхатини ёзади.
Ходим интизомий жавобгарликдан ташқари, моддий жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин . У янги МКнинг 337–350-моддаларида назарда тутилган умумий қоидаларга кўра ходимнинг иш берувчига тўғридан-тўғри етказилган ҳақиқий зарарнинг ўрнини қоплаш мажбуриятини назарда тутади.
Валерия ЛЯНДРЕС,
«Норма» эксперти
Ленара ХИКМАТОВА
«Норма» эксперти, ҳуқуқшунос