Пригодится каждому кадровику в ноябре:
Меҳнат муҳофазаси бўйича қайта аттестациядан ўтказишда нимани ҳисобга олиш керак
«Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларни ўқитиш ва текширишни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий қоидалар талабларига мувофиқ корхона текширув ташкил қилди, аммо ундан ҳамма ходимлар ҳам ўта олмади. Агар ходим текширув пайтида қониқарсиз билимларни кўрсатган бўлса, у 2 ҳафтадан кечиктирмай қайта аттестациядан ўтказилиши белгиланган. Бироқ ходимлар смена алмашиб ишлашади (2 ҳафта – иш, 2 ҳафта – дам олиш). Биз қандай йўл тутишимиз керак?».
Саволга эксперт ва «Нормa» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:
– Иш берувчи ходимларга меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқитишни таъминлаши ва уларнинг билимларини текширувдан ўтказиши шарт . Ушбу тадбирларни ўтказиш тартиби (ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ёки сменалараро дам олиш даврида) жамоа шартномасида назарда тутилиши керак.
Одатда, ходимлар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимлар текширувининг қайта ўтказилиши биринчиси билан бир хил тартибда амалга оширилади.
Иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган тартибда ўқувдан ўтмаган, йўл-йўриқ олмаган ва билимлари текширувдан ўтмаган шахсларни ишдан четлаштириши шарт .
Янги Меҳнат кодексининг 152-моддасига кўра ишдан четлаштириш даврида ходимга иш ҳақи ҳисобланмайди. Аммо, агар ходим айбсиз равишда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ўқувдан ҳамда билим ва кўникмалари текширувидан ўтмаган ёки мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган бўлса, ишдан четлаштирилган давр учун ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади.
Билимларнинг қайта текширувига келмаслик ёки узрли сабабларсиз текширувга тайёр бўлмаслик меҳнат интизомининг бузилиши ҳисобланади. Бунга йўл қўйган ходимларга нисбатан ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидаларида назарда тутилган интизомий чоралар қўлланилиши мумкин.