Пригодится каждому кадровику в декабре:
Кейинчалик ишдан бўшатиш шарти билан таътил қандай тақдим қилинади
«Ходим 8 ой-у 14 кун ишлагандан сўнг, кейинчалик ишдан бўшатиш шарти билан меҳнат таътилини тақдим қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди. Ушбу тартиб-таомилни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш керак? Ходим таътилининг умумий давомийлиги – 24 календарь кун».
Саволга 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК қоидаларини ҳисобга олган ҳолда «Нормa» эксперти Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:
– Сиз кейинчалик меҳнатга оид муносабатларни тугатган ҳолда ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилларини жамоа шартномаси ёки ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра тақдим қилишингиз мумкин. Бунинг учун ходимнинг ёзма аризаси асос бўлиб хизмат қилади . Меҳнат таътилининг охирги куни меҳнат шартномаси бекор қилинадиган кун деб ҳисобланади .
Ходимга кейинчалик ишдан бўшатиш билан таътилнинг барча ижобий ва салбий томонларини албатта тушунтиринг:
1. Ходимдан ишлаб берилмаган таътил кунлари учун тўловлар ушлаб қолинади
Ташкилотда ишлаган биринчи олти ой ўтганидан кейин ҳар бир ходим таътилдан тўлиқ давомийликда ва тўлиқ тўлов билан фойдаланишга ҳақли .
Аммо агар у иш йили тугагунига қадар ишдан бўшаса, бухгалтерия ундан таътилнинг ишлаб берилмаган кунлари учун тўловларни ушлаб қолади .
Ортиқча бухгалтерия ҳисоб-китобларининг олдини олиш учун бундай вазиятда ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда меҳнат таътилини расмийлаштиришни ва тақдим қилишни тавсия қиламиз .
Ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда унинг давомийлиги ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилининг тўлиқ миқдорини ўн иккига бўлиш ҳамда тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади.
Бунда ўн беш календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган ортиқча кунлар бир ой деб яхлитланади, ўн беш календарь кундан ками эса ҳисобга олинмайди.
Ҳисоб-китобда олинган 0,5 га тенг ва ундан кўп ўнликлар – бир кун деб яхлитланади, 0,5 дан ками эса – ҳисобдан чиқариб ташланади .
Эски МКда бундай яхлитлаш қўлланилмаган.
Кўриб чиқилаётган ҳолатда ходимга тўлиқ 8 ой учун 16 календарь кун ҳисобидан кейинчалик меҳнат муносабатларини тугатиш билан таътил берилиши керак. Ортиқча 14 календарь кун чегириб ташланади (24 : 12 х 8 = 16).
2. Ходим таътил даврида аризани чақириб ололмайди
Ходим ўзининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризасини фақат ариза ёзилган санадан меҳнат таътили бошланадиган кунга қадар чақириб олиш ҳуқуқига эга. Таътил бошлангандан сўнг аризани чақириб олиш мумкин эмас .
3. Ходим таътилда бўлиб турганида, лавозим банд бўлиб қолади
Бу иш берувчи учун фойдасиз, у ходим таътилда бўлганида бўш турган лавозимга янги ходимни қабул қила олмайди. У фақат ишдан бўшаётган ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейинги куни бўш бўлади.
4. Таътилда бўлиш вақти ходимнинг иш стажига киритилади, аммо у таътилда бўла туриб янги жойга ишга жойлаша олмайди
Меҳнат дафтарчасида меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги ёзув фақат таътил тугаганидан кейин пайдо бўлади. Шунинг учун ходим таътил тугамагунига қадар бошқа ишга чиқа олмайди .
5. Агар ходим таътилдан фойдаланмасдан ишдан бўшашга қарор қилса, у ишлаб берилган, аммо фойдаланилмаган таътил кунлари, 16 календарь кун учун пуллик компенсация олади.
У:
- дам олиши, компенсацияни эса «таътил пули» деб ҳисоблаши
ёки
- агар зарур бўлса, дарҳол бошқа ишга жойлашиши мумкин.
Кейинчалик ишдан бўшаш шарти билан таътилни қандай расмийлаштириш керак
1. Ходимдан унга тўлиқ давомийликдаги меҳнат таътилини тақдим қилиш тўғрисидаги аризани қабул қилинг ёки ариза ёзилган сана ва таътил бошланиш санасини кўрсатган ҳолда таътил бошланиш кунига ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда меҳнат таътили тақдим қилинг.
2. Қабул қилинган қарорга қараб буйруқ расмийлаштиринг:
а) агар таътил ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда тақдим қилинса, таътил вақти ходимнинг иш стажига киритилишини ҳисобга олинг. Шунинг учун меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда кўриб чиқилаётган вазиятда ходимда иш стажи 8 ой ва 14 кунни эмас, балки 9 ойни ташкил қилади. Шунинг учун унга қўшимча 2 календарь кун учун пуллик компенсация тўланиши керак;
б) агар таътил тўлиқ давомийликда (24 календарь кун) тақдим қилинса, тегишинча стаж худди шу вақтга оширилади ва меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга келиб 9 ой ва 8 кунни ташкил қилади. Бундай ҳолатда фойдаланилган, аммо ишлаб берилмаган 6 календарь кун учун тўловларни ушлаб қолиш керак бўлади
(24 (ишлатилган) – 18 (ишлаб берилган) = 6).
Ҳаракатнинг 2 варианти мавжуд:
1-вариант: дастлаб таътил бериш тўғрисида буйруқ расмийлаштириш. Кейин, унинг бошланиш кунида (чунки энди аризани чақириб олишнинг иложи йўқ ) – «таътилнинг охирги куни» бекор қилинган сана билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштириш ва ҳамма зарур ҳисоб-китоблар билан;
2-вариант: кейинчалик ишдан бўшатиш билан таътилга ҳаммасини битта буйруқ билан расмийлаштириш мумкин. Бухгалтерия бўлимига буйруқ асосида таътил пулини ўз вақтида ҳисоблаш ва тўлаш имконини бериб, буни энг камида таътилга чиқиш арафасида амалга ошириш керак .
Бундай буйруқни олдиндан расмийлаштиришни тавсия қилмаймиз, чунки ходим ўз аризасини чақириб олиши мумкин . Аммо бу ерда ҳам меҳнат шартномасини бекор қилиш санасини «таътилнинг охирги куни» деб кўрсатиш керак .
Ходимга тегишли бўлган барча суммаларни (таътил пулидан ташқари) меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда тўлаб беринг .
Ходимнинг меҳнат дафтарчасига меҳнат шартномаси таътил тугаган кунда бекор қилингани тўғрисида ёзув киритинг. Ёзув учун меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ (юқоридаги 1-вариантга қаранг) ёки ягона буйруқ (юқоридаги 2-вариантга қаранг) асос бўлади.