Пригодится каждому кадровику в декабре:
Интизомий жазо чораларини қўллашда йўл қўйиладиган 5 та хато
Амалиётда иш берувчилар томонидан ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари нотўғри қўлланилган ҳолатлар кўп учрайди. «Норма»нинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА энг кўп тарқалган хатолар ва улар иш берувчи учун қандай оқибатларни юзага келтириши мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди:
Ушбу мақолада биз фақат умумий интизомий жавобгарликни қўллаш тартибига тўхталамиз, булар:
- Меҳнат кодекси ва ташкилотнинг ИМТҚ томонидан тартибга солинади;
- ходимга янги МКнинг 312-моддасида назарда тутилган интизомий жазолардан бирини қўллашни назарда тутади;
- махсус интизомий жавобгарлик белгиланган ходимлардан ташқари бошқа барча ходимларга нисбатан татбиқ қилинади*.
* Ходимларнинг айрим тоифалари учун махсус интизомий жавобгарлик назарда тутилган. У тегишли қонунлар, низомлар ва интизом тўғрисидаги низомлар билан (масалан, ҳарбий хизматчилар, судялар, темир йўл транспорти ходимлари, давлат хизматчилари ва бошқалар учун) белгиланади. Бундай ходимларга янги МКнинг 312-моддасида назарда тутилмаган, аммо тегишли қонун, устав ва интизом тўғрисидаги низомда назарда тутилган бошқа интизомий чоралар қўлланилиши мумкин. Мисол учун, давлат хизматчилари учун ҳайфсан, жарима ва лавозимидан озод қилишдан ташқари малака даражасини пасайтириш, давлат фуқаролик хизмати лавозимини пасайтириш каби интизомий чоралар қўлланилиши мумкин .
1-хато. Ишга маст ҳолда келганлиги учун ходимга буйруқ билан қатъий ҳайфсан эълон қилинди
Янги МКнинг 312-м. 2-қ. бузилган. МКнинг 161-моддаси 2-қисми 4 ва 5-бандларига мувофиқ иш берувчи меҳнат интизомини бузган ходимга нисбатан қуйидаги интизомий жазо чораларидан бирини қўллашга ҳақли: ҳайфсан, жарима ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш. Ушбу моддада назарда тутилмаган бошқа чораларни қўллаш тақиқланади.
«Қатъий ҳайфсан» рухсат этилган жазо чоралари жумласига киритилмаган. Ҳайфсан эълон қилиш мумкин («қатъий» тушунчасини қўлламаган ҳолда).
Шунингдек «огоҳлантириш», «танбеҳ бериш», «тартибга чақириш» каби интизомий жазо чоралари мавжуд эмас.
Айбдор мансабдор шахсга МЖТКнинг 49-моддаси бўйича жарима солиниши мумкин.
Қандай тўғрилаш мумкин
Интизомий қилмиш аниқланган кундан эътиборан бир ойдан ўтмаган бўлса, Янги МКнинг 312-моддасида назарда тутилган «тўғри» интизомий жазо чораларини қўллаш ва аввалги буйруқ бекор қилиниши тўғрисида янги буйруқ расмийлаштиринг .
2-хато. Ходимга ишга кечикканлиги учун оғзаки танбеҳ берилди ва бу ҳолат такрорланадиган бўлса, ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантиришди. Ишга кечикиш ҳолати такрорланганидан кейин ходим меҳнат интизомини мунтазам бузганлиги учун ишдан бўшатилди
Янги МКнинг 313-м. ва 161-м. 2-қ. 4-б. бузилган. Биринчи ҳуқуқбузарлик бўйича интизомий жазо қўлланилганлиги ҳужжат билан расмийлаштирилмаган. Тегишинча, ходим ножўя хатти-ҳаракат содир этмаган ҳисобланади. Мазкур ҳолатда иккинчи марта ишга кечикиб келиш мунтазам равишда меҳнат интизомини бузиш деб эътироф этиш учун асос бўла олмайди.
Айбдор мансабдор шахсга МЖТКнинг 49-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиши ёки агар у илгари ноқонуний равишда бирор ходимни ишдан бўшатганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, ЖКнинг 148-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Ходим даъво аризаси билан судга мурожаат қиладиган бўлса, ишдан бўшатиш ноқонуний деб тан олинади ва ходим ишга тикланади, иш берувчининг зиммасига эса ходимга етказилган зарарни қоплаш юклатилади:
- мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш;
- ишдан бўшатилганлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (мутахассислардан маслаҳат олиш, иш юритиш учун кетган харажатлар ва бошқалар) учун компенсация тўлаш;
- маънавий зарар учун компенсация тўлаш**.
** Маънавий зиённи компенсация қилиш миқдори иш берувчининг ҳаракатларини баҳолашни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан белгиланади, лекин бу миқдор ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас .
Ходимнинг илтимосига кўра суд ишга тиклаш ўрнига унинг фойдасига камида уч ойлик иш ҳақи миқдорида қўшимча ҳақ ундириб бериши мумкин .
Қандай тўғрилаш мумкин
Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни бекор қиладиган ва ходимни ишга тиклайдиган буйруқ расмийлаштиринг. Унинг етказилган моддий зарар ва маънавий зиённи қоплаш тўғрисидаги талабини қондиринг. Қоплаш миқдори тўғрисидаги масалани ходим билан келишган ҳолда ҳал қилинг.
Агар охирги марта ишга кечикиб келинган пайтдан 1 ой ўтмаган бўлса, ушбу ҳуқуқбузарликни ҳужжатлар билан расмийлаштиринг ва янги МКнинг 312-м.да назарда тутилган интизомий жазо чорасини қўлланг. Ходим томонидан интизомий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида содир этиладиган ножўя хатти-ҳаракатларни энди меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузиш деб ҳисоблаш мумкин.
3-хато. Иш берувчи ходимдан меҳнат интизомини бузганлиги учун тилхат ёзишни талаб қилмаган ва буйруқни расмийлаштираётганда унинг иш ҳақидан жаримани ушлаб қолган
Янги МКнинг 313-м. бузилган: ходимдан ёзма тушунтириш талаб этилмаган ва буйруқ расмийлаштирилмаган.
Айбдор мансабдор шахсга МЖТКнинг 49-моддаси бўйича жарима солиниши мумкин.
Қандай тўғрилаш мумкин
Ходимдан тушунтириш олинг (агар у тилхат ёзишни рад қилса – гувоҳларни кўрсатган ҳолда далолатнома тузинг) ва интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг . Иш берувчининг ходимга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида, ходим ишда бўлмаган вақт ҳисобга олинмасдан, унга жазонинг сабаблари кўрсатилган ҳолда имзо қўйдириб эълон қилинади. Ходимнинг интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги буйруқ билан танишишни рад этиши ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади. Бундай ҳолда ходим буйруқ билан таништирилган деб ҳисобланади.
4-хато. Ходим илгари прогул учун бир неча марта интизомий жазога тортилган, охирги прогул учун ундан жарима ундирилган ва меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги учун ишдан бўшатилган
Янги МКнинг 313-м. 3-қ. бузилган. Ушбу ҳуқуқбузарлик учун фақат битта интизомий жазо қўлланилиши мумкин.
Айбдор мансабдор шахсга МЖТКнинг 49-моддаси бўйича жарима солиниши мумкин.
Қандай тўғрилаш мумкин
Жарима қўллаш ҳақида гап борган аввалги буйруқ қисмини бекор қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг. Меҳнат шартномасини бекор қилишга тааллуқли буйруқнинг бошқа қоидаларини ўз кучида қолдиринг Ходимга жарима суммасини қайтаринг.
5-хато. Иш берувчи ходимга ножўя хатти-ҳаракати учун бу ҳолат аниқлангандан кейин 2 ой ўтгач ҳайфсан эълон қилди. Ходим бу вақт ичида ишда бўлган: унга касаллик варақаси очилмаган, таътилга чиқмаган
Янги МКнинг 314-м. 1-қ. бузилган. Интизомий жазо ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, бир ой ўтгандан кейин қўлланилиши мумкин эмас. Интизомий жазо қўллаш тартиби бузилганлиги учун ходим интизомий жазо олган деб ҳисобланмайди.
Айбдор мансабдор шахсга МЖТКнинг 49-моддаси бўйича жарима солиниши мумкин.
Қандай тўғрилаш мумкин
Интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги буйруқни бекор қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг.