Ходимликка номзод билан телефон орқали суҳбатни қандай ўтказиш керак

preview

Телефон орқали суҳбатни резюме танланганидан кейин биринчи суҳбат сифатида кўриш мумкин. HR-мутахассис Ирина ШАКИРОВА ёллашнинг ушбу босқичини батафсил кўриб чиқади ва ходимликка номзодлар билан самарали мулоқот стратегияларини мисолларда кўрсатади.

Нолойиқ номзодларни саралаш ва энг яхшиларини топиш учун телефон орқали суҳбатни қандай тўғри олиб бориш ҳақида билиб олинг.

 

Амалиётчи мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Телефон орқали суҳбатни икки турга бўлиш мумкин:

 

1 . Суҳбатга таклиф

Сиз иш излаш сайтида номзоднинг резюмесини кўриб чиқдингиз ва ходим изланаётган лавозимга талаблар ва резюме маълумотлари кўп ҳолларда мос келишини кўрдингиз. Сизни номзоднинг маълумоти, тажрибаси, номзод бажарган функционал қониқтиради ва сиз уни суҳбатга таклиф қилишга қарор қилдингиз. Суҳбатга таклифда биринчи навбатда номзодни бўш иш ўрнига қизиқтириш ва унинг суҳбатга келишига эришиш зарур.

 

Бундай суҳбатда энг аввало номзод ҳали ҳам иш таклифларини кўриб чиқаётганлигини аниқлаштириш ҳамда унинг иш жойи ва иш ҳақи бўйича кутаётганларини билиш керак. Агар бу икки жиҳат номзодга тўғри келса,  суҳбатни давом эттириш, қўшимча саволлар бериш мумкин:

  • У айни пайтда ишлаяптими? Нима учун ҳозирги иш берувчисидан кетишни режалаштирмоқда?
  • У аввалги иш жойида у ёки бу вазифаларни ҳал қилганми?

Молиявий директор бўш иш ўрнига номзод билан телефон суҳбати мисолларини кўриб чиқамиз.

 

Нотўғри

HR-мутахассис: Хайрли кун, бу Нигина Рустамовнами?

Номзод: Ҳа, менман.

HR-мутахассис: Сиз ҳали ҳам иш таклифларини кўриб чиқяпсизми?

Номзод: Ҳа, кўриб чиқяпман…

HR-мутахассис: Сизнинг резюмеингиз жуда тушунарсиз, бир қанча жиҳатларни аниқлаштириш керак..... 

Номзод: Сизга нима тушунарсиз?

HR-мутахассис: Сиз кредитлар билан ишлаганмисиз?

Номзод: Ҳа, ишлаганман

HR-мутахассис: Инвесторлар, таъсисчилар билан ишлаб кўрганмисиз?  

Номзод: Қайси маънода? Мен ҳужжатлар билан ишлайман... шу жумладан инвесторлар ва таъсисчилар учун ҳам

HR-мутахассис: Нега ишингизни ўзгартиришга қарор қилдингиз?

Номзод: Охирги иш жойимда 7 йил ишладим, янги вазифалар, янги муҳитни хоҳлаяпман…

HR-мутахассис: Ишхонамиз Тошкент вилоятида жойлашганини ҳисобга олинг, қатнай оласизми?

Номзод: Агар бепул қатнашимни таъминлай олсангиз, қатнайман... 

HR-мутахассис: Маошимиз _____дан юқори эмас. Бошқа таклиф қила олмаймиз.

Номзод: Менга маъқул.  

HR-мутахассис: Унда эртага соат 10:00 да сизни офисимизда кутаман, манзилни телеграм орқали юбораман…

Номзод: Эртага фақат куннинг иккинчи ярмида вақтим бўлади.  

HR-мутахассис: У ҳолда индинга соат 10: 00 да.

Номзод: Яхши.

HR-мутахассис: Сизни индинга кутаман!

 

Тўғри

HR-мутахассис: Хайрли кун, бу Нигина Рустамовнами?

Номзод: Ҳа, менман

HR-мутахассис: Менинг исмим Гулнора, мен «Глобал Трейд» компаниясининг рекрутериман, сизнинг резюмеингизни иш. уз сайтида кўрган эдим. Сиз ҳали ҳам таклифларни кўриб чиқяпсизми?

Номзод: Ҳа, кўриб чиқяпман…

HR-мутахассис:  5-10 дақиқа вақтингиз борми, бир нечта саволларим бор эди…

Номзод: Ҳа, албатта.

HR-мутахассис: Агар компания сизга автомашинада ишга бориш ва ишдан қайтишни таъминласа, Тошкент вилоятида ишлашга тайёрмисиз? Бу бир томонга 40 дақиқани ташкил қилади.

Номзод: Ҳа, тайёрман.

HR-мутахассис: Сиз _________ суммадаги ўзингиз истаётган маошни кўрсатгансиз, биз _________таклиф қиламиз, яна қўшимча тўловлар ва ижтимоий пакет ҳам мавжуд.

Номзод: Менга маъқул.

HR-мутахассис: Резюмеингизда молиявий ҳисоботларни МҲХСга айлантириш тажрибангиз борлигини кўрсатгансиз. Сиз акциядорлар учун  ҳисоботларни тайёрлаганмисиз ва тақдим этганмисиз, улар билан бевосита мулоқотга киришганмисиз?

Номзод: Ҳа, бир неча бор...  Раҳбарият талаб қилган турли ҳисоботларни тайёрлашга тўғри келган

HR-мутахассис: Сизда кредитлар билан ишлаш тажрибаси борми?

Номзод: Ҳа, шахсий учрашувда бу ҳақда гапириб беришим мумкин…

HR-мутахассис: Ҳозирги иш жойингиз билан боғлиқ саволим бор. Сиз ҳали ҳам «Аланга» МЧЖда ишлаётганингиз кўрсатилган, бу тўғрими?

Номзод: Ҳа.

HR-мутахассис: Иш жойини ўзгартириш истаги нима билан боғлиқ?  

Номзод: Тизимли ишлашни хоҳлайман, бу ерда бундай имконият йўқ, раҳбариятни қонунчилик, молиявий оптималлаштириш бўйича масалаларда ишонтириш қийин... Умуман олганда кенг миқёсдаги иш ва юқори маошни хоҳлаяпман.

HR-мутахассис: Сизни суҳбатга таклиф қилмоқчи эдим, ҳафтанинг қайси куни сизга қулай?

Номзод: Эртага куннинг иккинчи ярмида боришим мумкин.

HR-мутахассис: У ҳолда эртага соат 15: 00 да. Илтимос, диплом ва сертификатларнинг асл нусхаларини ўзингиз билан олиб келсангиз.

Номзод: Яхши.

HR-мутахассис: Суҳбатдан сўнг  сизга телеграм орқали геолокация ва компаниямиз ҳақидаги маълумот билан ҳаволани юбораман. Илтимос, сайтимизни ўрганиб чиқинг. Суҳбатда лавозимга қўйиладиган талаблар ҳақида гаплашамиз. Агар сизга ҳаммаси маъқул келса, эртагаёқ тестлардан ўтишингиз ва ишчи топшириқларни бажаришингиз мумкин. Шунинг учун, илтимос, учрашув учун камида 2 соат ажратсангиз.

Номзод: Яхши, эртага соат 15: 00 да айтилган жойда бўламан.

HR-мутахассис: Раҳмат. Омон бўлинг, кўришгунча!

 

Учрашув вақтини келишаётганда номзодга танлаш имкониятини тақдим қилган афзал. Бу арзимасдек бўлиб туюлади, лекин номзод буни ижобий баҳолайди ва унинг суҳбатга келиш эҳтимоли сезиларли даражада ошади.

Учрашув ҳақида келишиб олганингиздан сўнг номзодга суҳбатга келиш манзилининг батафсил тавсифини юбориш керак. Мазкур хатга барча алоқа манзилларингизни илова қилиш ва номзоддан, агар унда бирон бир ўзгариш бўлса ва учрашувни кечиктириш ёки бекор қилиш керак бўлса, сиз билан боғланишини сўрашингиз керак. Агар номзод келмаса ва учрашувни бекор қилиш ҳақида огоҳлантирмаса, қайта қўнғироқ қилишнинг маъноси йўқ. Агар номзод «киришда» энг оддий шартлашувларни бажармаса, у ҳақиқатан ҳам иш берувчи излаётган номзод эканлиги даргумон.

Агар суҳбат давомида номзод сизга мос келмаслигини тушунган бўлсангиз, суҳбатни тўғри тугатишингиз керак. Буни қандай қилишга мисолларни бу ерда қаранг.

 

2. Интервю-суҳбат

Teлефон орқали интервью-суҳбатнинг тузилиши одатда суҳбатга таклиф билан бир хил кўринишда, аммо шахсий суҳбатдаги саволларга ўхшаш кўргазмали баҳолаш саволлари билан тўлдирилади.

Қоида тариқасида, кўргазмали баҳолаш саволлари қуйидаги жиҳатларга тегишли бўлиши мумкин:

  • бир иш берувчидан бошқасига ўтиш сабаблари;
  • номзоднинг касбий тажрибаси бўйича асосий жиҳатлар;
  • аввалги ишдаги махсус тайёргарлик ва амалий вазифалар.
  • иш шартларини муҳокама қилиш (график, хизмат сафарлари ва ҳ.к.).

Батафсил телефон суҳбатлари фақат ўта зарур ҳолларда ўтказилиши керак, номзодни шахсий учрашувга таклиф қилиш афзалроқ. Кўпинча телефон ёки скайп-интервью бошқа шаҳарлик номзодлар билан мулоқот қилиш учун ишлатилади. Бундай суҳбат юзма-юз суҳбатдан ҳам кўпроқ вақт олиши мумкин. Номзод ижобий таассурот уйғотишни хоҳлайди ва кўпинча, ўзининг профессионал тажрибаси ҳақида батафсил гапириб бера туриб, ташаббусни ўз қўлига олади.  Шунга қарамай, ҳеч қандай техник ютуқлар шахсий мулоқот ўрнини боса олмайди. Кўпгина баҳолаш воситаларини фақат «жонли» мулоқотда қўллаш мумкин. Масофадан туриб номзоднинг реакциясини баҳолаш, хулқ-атвор хусусиятларини кузатиш қийин.

 

Teлефон орқали суҳбатда нимани аниқлашимиз мумкин

Номзод билан телефон орқали мулоқот қилиш жараёнининг ижобий томонлари дарҳол сезилади: номзоднинг қизиқиши, саволларингизга жавоб беришга тайёрлиги, суҳбатга келишга тайёрлиги.

Қуйидагилар мунозарали жиҳатлар бўлиши мумкин: номзоднинг шубҳалари, унинг хавотири, масалан, номзод ижтимоий пакет, иш ҳақини ошириш, мартаба кўтарилиши ҳақида бир неча бор сўрайди, шу билан бирга ўзининг лавозим мажбуриятлари, масъулият соҳаси, ишчи топшириқларини аниқлаштирмайди. Ишчи мутахассисликлар учун бу нормал ҳолат, аммо бу бошқа тоифалар – мутахассислар, линия раҳбарлари бўлса, бу ҳушёр торттириши керак. Демак, номзодга қаерда ишлаши аҳамиятсиз, маош тўлаб, лавозимини оширишса бўлгани.  

Ёки  беодоб оҳанг, эътирозга ўрин қолдирмайдиган баёнот, тажовузкор муносабат – буларнинг барчасини зиддиятли хатти-ҳаракат сифатида баҳолаш керак.

 

Телефон суҳбатига қандай тайёргарлик кўриш керак

Сизга резюме бўйича қайд этилган белгиларингиз ва саволларингиз, суҳбатдан сўнг шарҳларингиз ва таассуротларингизни дарҳол ёзиб қўйиш учун эса номзодлар учун қўнғироқлар бланки керак бўлади.

Агар сиз  бир нечта номзодларга қўнғироқ қилишга қарор қилган бўлсангиз, бланкка асосий саволларни киритишингиз мумкин:

Номзоднинг Ф. И. Ш.

Резюмени баҳолаш

Телефон суҳбати давомида сиз бермоқчи бўлган саволлар

Қўнғироқдан кейинги шарҳлар, таасуротлар


М (талабларга мос келади)




Қ (қисман мос келади)






 

 

Teлефон қўнғироғи алгоритми

  1. Саломлашинг, ўзингизни таништиринг (албатта исмингизни, лавозимингизни ва компаниянгизни айтинг).
  2. Ҳозир гаплашиш қулай-қулаймаслигини аниқлаштиринг.
  3. Унинг резюмесини олган манбаларни келтиринг.
  4. Резюме таҳлили натижаларига кўра тушунтиришни талаб қиладиган саволларни беринг.
  5. Сиз учун муҳим бўлган 2-3 жиҳатни текширинг (профессионаллик, мотивация, хизмат сафарларига тайёрлик, яшаш жойининг узоқлиги).
  6. Иш кўникмалари, шу жумладан вакансияда талаб қилинадиган ўзига хос кўникмалар ҳақида сўранг.
  7. Номзод нима учун янги иш қидираётганини сўранг.
  8. Номзоднинг нутқини баҳоланг. Агар у мижозлар билан ишлайдиган бўлса, бу айниқса муҳим.
  9. Агар суҳбат давомида сиз номзодни касбий билимларни текшириш ва суҳбатга таклиф қилиш тўғрисида қарор қабул қилган бўлсангиз, унга бу ҳақда хабар беринг. Сана ва вақтни белгиланг. Учрашувга қандай тайёргарлик кўриш кераклиги ҳақида тавсиялар беринг (ўзи билан нималар олиши зарур, қандай маълумотлар билан танишиш керак ва ҳ.к.).
  10. Агар суҳбат давомида сизда номзодни рад этиш тўғрисида қарор шаклланган бўлса, вакансия талабларини рўкач қилиб, буни мулойимлик билан бажаринг: «Бизнинг компаниямизга эътиборингиз учун ташаккур, афсуски, вакансия талаблари ва сизнинг маълумотларингиз тўлиқ мос келмайди, шунинг учун биз сизга иш таклиф қила олмаймиз».
  11. Агар суҳбат давомида сизда якуний қарор шаклланмаган бўлса, номзодни кейинги ҳаракатлар тартиби ҳақида огоҳлантиринг – у нима кутиши керак ва қачон.
  12. Юзма-юз суҳбатда таассуротларингизни текшириш учун таклиф қилинган номзодлар ҳақида резюме ёки бланкда эслатмалар килинг.
  13. Номзод рад этилган тақдирда резюме ва бланкда рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда эслатма ёзиб қўйинг.

Яхши муомала қоидалари ҳақида унутманг:

  • ишчи қўнғироқлар вақти 9.00–10.00 дан 18.00-20.00 гача, ундан кеч эмас;
  • дам олиш кунлари ва байрамларда қўнғироқ қилиш тақиқланади;
  • агар суҳбат узилиб қолса, биринчи қўнғироқ қилган қайта қўнғироқ қилади;
  • биринчи бўлиб қўнғироқ қилган биринчи бўлиб хайрлашади.

 

Эътибор беринг

Norma касбий ривожланиш марказининг «Ходимларни қидириш ва саралаш” масофавий курси сизга ходимларни малакали танлашни ўрганишга ёрдам беради.

Долзарб мавзуларни танланг ва уларни ўзингизга қулай вақтда ўрганинг!

 

 

 

Ўзбекистонда кадрлар бошқаруви-кадрлар менежери вазифалари, кадрлар бошқаруви жараёни кадрлар бошқаруви, ўзбекистонда кадрлар бошқаруви, ходимларни бошқариш жараёни, ходимларни ҳужжатлаштириш Ўзбекистонда кадрлар бошқаруви. Ушбу саҳифада Ўзбекистонда кадрлар бошқаруви вазифалари келтирилган. Сиз ҲР менежерининг иш жараёни билан танишишингиз мумкин бўлади. Кадрлар бошқаруви жараёни ҳақида батафсил маълумот /ru/publish/doc/text192978_hodimlikka_nomzod_bilan_telefon_orqali_suhbatni_qanday_utkazish_kerak