Пригодится каждому кадровику в декабре:
Компаниядаги ўзгаришларга қаршиликни қандай камайтириш мумкин
«Компанияда автоматлаштирилган бошқарув ва назорат тизими жорий этилиши режалаштирилаётганидан хабар топган бир неча нафар ходим дарҳол ариза ёзди. Ўзгаришлар ҳали бошланмаган бўлсада, ходимлар ваҳимага туша бошладилар...»
HR-маслаҳатчиси Ирина ШАКИРОВА шарҳлайди:
– Ҳар куни турли ўзгаришлар рўй бераётган беқарор дунёда инсоннинг мослашиши тобора мураккаблашиб бормоқда. Жуда катта ахборот оқими, оила, иш ва жамият тарафидан кишига жуда кўп талаблар қўйилиши уни шошириши рост.
Инсон кўпинча ҳар қандай ўзгаришларни имконият сифатида эмас, балки кўпроқ таҳдид сифатида қабул қилади. Сиз ишга келасиз, хонангизда эса таъмирлаш ишлари бошланган, стол коридорга олиб чиқилган. Илк ҳиссиёт салбий бўлиши шубҳасиз, фақат вақт ўтиб хона таъмирдан кейин шинам ва ёруғ бўлиши ҳақида ўйлайсиз.
Ўзгаришларга қаршилик кўрсатишнинг бир неча сабаблари бор:
- Янгиликни қабул қилмаслик. Инсонлар ўзларининг барқарор вазиятига, иш услубига ёки машғуллик шароитларига салбий таъсир кўрсатади деб ўйлайдиган ҳар қандай нарсага шубҳа билан қарайдилар.
- Ишончсизлик. Одамлар раҳбарларга ишонмайдилар, ўзгаришлар ходимлар ва ташкилот манфаати учунлиги ҳақида айтилаётганларга ҳам ишонмайдилар.
- Иқтисодий қўрқув. Бунга пулни йўқотиш қўрқуви, кафолатланган иш билан таъминлаш таҳдиди сабаб бўлади.
- Ноқулайлик. Ҳар қандай ўзгаришлар ҳаётни мураккаблаштиради, моддий ва руҳий ресурсларни талаб қилади. Ишнинг мазмуни, ўзаро алоқа қоидалари, жараёнлар, тартиб-таомиллар қайта кўриб чиқилади.
- Ноаниқликдан қўрқиш. Ўзгаришларни тўлиқ назорат қилиб бўлмайди. Ҳар доим ҳаммаси режалаштирилганидек кетмайди, турли хил омиллардан келиб чиқиб доимий тузатишлар киритилади. Бу эса одамни безовта қилади, уни «мавҳум» ҳолатга туширади.
- Мақом ва шахслараро муносабатларга таҳдид. Ўзгаришлар жараёнида касбий роллар, функциялар, масъулият ва ваколат соҳалари қайта кўриб чиқилади, ходимларнинг жойи алмаштирилади, одатдаги алоқалар йўқ қилинади, ишчи гуруҳлар таркиби ўзгартирилади – буларнинг барчаси қаршиликка сабаб бўлади.
- Номувофиқликдан қўрқиш. Ходимлар янги талабларга мос келиш учун етарли билим ва кўникмаларга эга бўлмаслигидан хавотирга тушади. Шунинг учун улар кетиш ҳақида шошилинч қарор қабул қилишади.
«Ўзгартириш» ва «яхшилаш» – бу икки хил нарса
НАТИЖАЛАРГА олиб келадиган ўзгаришлар бор, ОҚИБАТЛАРГА олиб келадиганлари ҳам бор. Шунинг учун ҳар қандай ўзгаришларни бошлашдан олдин қуйидагиларга риоя этиш керак:
1. Ўзгаришларнинг мақсадини аниқлаш.
Баъзи ўзгаришлар зарур, улар объектив ташқи омиллар – технологиядаги ўзгаришлар, рақобат, янги Қонунчилик ҳужжатлари, мижозларнинг талаблари ва шикоятлари билан белгиланади. Ёки жиддий ички муаммолар –самарадорликнинг пасайиши, юқори харажатлар, кадрлар қўнимсизлиги, бўлинмалар ўртасидаги низолар, ходимларнинг норозилиги.
Муаммоларнинг аниқ таҳлили ўзгаришларнинг мақсадларини аниқлашга ёрдам беради. Таҳлил қилиш учун маълумот тўплар экансиз анонимлик тамойилига риоя қилинг ва турли томонларнинг нуқтаи назарини ҳисобга олинг. Буни ходимлар орасида сўров ўтказиш, ақлий ҳужум ёки асосий ходимлар билан иш учрашуви орқали амалга оширинг. Қоида тариқасида, жараён «юқоридан» бошланади, аммо албатта «қуйидан» маълумот олиш учун у компания иерархиясининг қуйи даражасига тушиши керак. Шунда сиз ўзгаришларнинг мақсадларини тўғри аниқлайсиз ва улар компаниядаги мавжуд вазиятга мос келади.
2. Ўзгаришлар жараёнини ташкил этиш.
Ўзгаришлар зўриқиш ва йўқотишларсиз ўтиши учун:
- ўзгаришлар етакчисини аниқланг (ўзгаришларга раҳбарлик қиладиган асосий ходимлар);
- ўзгаришлар жараёнида роль ва функцияларни барча иштирокчилар, уларнинг масъулият ва ваколат соҳалари ўртасида тақсимланг, уларни ҳужжат билан мустаҳкамлаб қўйинг;
- ресурсларни олинг ва тақсимланг: молия, ахборот, инсон-соатлар, моддий-техника воситалари;
- ахборот алмашиш тартибини белгиланг;
- оралиқ ва якуний натижаларнинг ўлчанадиган кўрсаткичларини белгиланг.
Асосий вазифалар, иш режаси ва бюджет тавсифи билан лойиҳа шаклидаги ўзгаришлар жараёнини тартибга солинг.
Бундай лойиҳани ишлаб чиқиш учун вақтни аямаслик керак. Ушбу иш жараёнида натижага сезиларли даражада таъсир кўрсатадиган кўплаб муҳим ўзига хос жиҳатлар ва омилларни ҳисобга олишингиз мумкин. Ишлаб чиқилган ва қоғозга туширилган ўзгаришлар лойиҳаси унга тузатиш киритишни ҳам, вазифалар назоратини ҳам осонлаштиради.
3. Ўзгаришлар жараёнида инсонларни бошқариш.
Энг аввало, ноаниқлик ва номувофиқлик қўрқувидан халос бўлинг – ўзгаришлар иш жойидаги ҳаётни қандай яхшилашини кўрсатинг. Агар ўзгаришлар иш мазмунига, билим ва кўникмаларга таъсир қилса, фаол тайёргарлик зарур, акс ҳолда ходимлар ўзгаришларни саботаж қиладилар. Ходимларнинг мақоми ва ўз вазифасидаги самарадорликни ошириш масалаларини диққат билан ўйлаб чиқинг. Бу ерда бир нечта тушунтиришлар ва қўллаб-қувватлаш фойдалидир.
Хулосалар
Ўзгаришларни амалга оширишга шошилиш ярамайди. Оптимал ёндашув – бу ўзгаришлар босқичма-босқич, барча иштирокчилар учун тушунарли бўлган қадамлар орқали, натижаларни кузатиш, доимий қайта алоқа ва тузатиш киритиш билан бажариладиган тизимли иш.