Амалиётда ходимларга уларнинг асосий иши билан бир қаторда қўшимча иш берилади- масалан, таътилга чиққан ходим ўрнига ишлаш ёки тегишли номзод-мутахассисни излаш даврида бўш лавозим бўйича ишлаш.
Бир неча лавозимда ишлаш деганда нима тушунилади
Бир неча касбда/лавозимда ишлаш тартибини МК 116-моддаси ҳамда Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги Низом (18.10.2012 йилдаги ВМҚ-297-сон қарор билан тасдиқланган) тартибга солади.
Бир неча касбда ва лавозимда ишлаш – бу ходимнинг ўзининг асосий ишидан ташқари бошқа касб ёки лавозим бўйича қўшимча ишни бажаришидир. Бунда у қўшимча ишни битта ташкилотда бир вақтнинг ўзида бажаради. Қўшимча иш учун ходимга алоҳида ҳақ тўланади .
Шуни ҳам назарда тутингки, бир неча лавозимда ишлашдан ташқари ходимга қуйидагиларни расмийлаштириш мумкин:
ўша касб бўйича хизмат кўрсатиш доираларини кенгайтириш;
вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажариш. Бундай ҳолатда қўшимча иш бошқа касб бўйича ҳам амалга оширилиши мумкин.
Эътибор беринг
Агар вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятлари унинг ўринбосарига юклатилган бўлса, у ҳолда бир неча касбда ишлашни расмийлаштирманг.
Бир неча касбда ишлаш муддати, қўшимча ишнинг мазмуни ва ҳажмини фақат ходимнинг ёзма розилиги билан белгиланг.
Бир неча лавозимда ишлаш учун ходимнинг розилигидан ташқари, қўшимча шартларни ҳам инобатга олиш лозим:
Ходимнинг зиммасига юклаш режалаштирилаётган лавозим ташкилотнинг штат жадвалида мавжуд.
Лавозим бўш ёки вақтинча бўш – масалан, агар асосий ходим таътилда ёки узоқ муддатли хизмат сафарида бўлганда ва ҳоказо.
Қўшимча ишнинг мажбуриятлари, ҳажми ва муддати иш берувчининг буйруғида аниқ белгиланган ва кўрсатилган.
Қўшимча ишга ҳақ тўланиши шарт.
Ходим қўшимча ишни қайси муддат ичида бажарадиган бўлса, ўша муддатни иш берувчи ҳамда ходим ўртасидаги келишув бўйича:
Ҳисоб-китоб бухгалтерига болани парваришлаш таътилида бўлган кадрлар бўйича инспекторнинг қўшимча ишини олиб боришни таклиф қилишди. Қўшимча ишлов қандай расмийлаштирилади: бир неча касбда (лавозимда) ишлашми ёки ички ўриндошликми?
Жавоб бухгалтернинг топширилган ишни қачон бажаришига боғлиқ.
Агар бухгалтер ўзининг одатдаги иш куни давомида қўшимча ишларни бажаришни режалаштираётган бўлса, бир неча касбда (лавозимда) ишлашни расмийлаштиринг. Бунинг учун буйруқ чиқаришнинг ўзи кифоя. Буйруқда бухгалтер қанча вақт давомида кадрлар бўйича инспектор вазифасини бажариши ва қўшимча ҳақ миқдорини кўрсатинг (МК 116-моддасининг 3 ва 5-қисмлари).
Бироқ, ходим асосий ишдан бўш вақтда қўшимча иш бажарадиган бўлса, ички ўриндошлик расмийлаштирилсин. Бунинг учун алоҳида меҳнат шартномаси тузинг (МК 435-моддаси 1-қисми). Бунда асосий ходим бўлмаган вақтга муддатли меҳнат шартномаси тузиш мумкин (МКнинг 435-моддаси 4-қисми).
Kadrovik.uz тавсия қилади
Ўриндошлик асосида ишловчи билан меҳнат шартномасини тузишнинг МКда қандай хусусиятлари назарда тутилганлиги ҳақида экспертлар тавсияларида батафсил ўқинг.
Бир неча лавозимда ишлаш ўриндошликдан қандай фарқ қилади
Амалиётда ўзиниг иш вақтида асосий иши билан бир қаторда бошқа касб ёки лавозим бўйича қўшимча ишни бажарадиган ходимларни кўпинча ички ўриндошлар деб аташади. Бу нотўғри. Бир неча касбда ишлашни ўриндошликдан фарқлаш керак.
Жадвал
Бир неча касбда ишлашнинг ўриндошликдан фарқлари
Бир неча касбда ишлаш
Ички ўриндошлик
Фарқлари
Ходим бир ташкилотда иш куни давомида асосий иши билан бир қаторда, асосий иши бўлган ўша касб бўйича ёки бошқа касб бўйича қўшимча ишни ҳақ эвазига бажаради. Алоҳида меҳнат шартномаси тузилмайди.
Ходим ўзининг асосий ишидан ташқари, алоҳида меҳнат шартномаси шартлари бўйича асосий ишидан бўш вақтида бошқа мунтазам ҳақ тўланадиган ишни ўша ташкилотнинг ўзида бажаради.
Расмийлаштириш
Агар янги ходимни ишга қабул қилаётган бўлсангиз ва унинг бир неча касбда ишлаши ёки қўшимча ишни доимий асосда бажариши назарда тутиладиган бўлса – бир неча лавозимда ишлаш шартлари шу меҳнат шартномасида қўшимча шартлар сифатида келишилади.
Агар тарафлар ходимнинг доимий асосда қўшимча ишни бажариши тўғрисида иш жарёнида келишишган бўлсалар, келишув амалдаги меҳнат шартномасига қўшимча келишув билан расмийлаштирилади.
Ходимнинг вақтинча қўшимча ишни бажаришга розилиги меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритишни талаб қилмайди ва раҳбарнинг буйруғи билан расмийлаштирилади. Иш берувчи ходимни буйруқ билан таништиради, ходим рози бўлган тақдирда, уни имзолайди.
Агар ўрнини босувчи шахснинг лавозим мажбуриятларига вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини асосий ишдан озод этилмаган ҳолда бажариш киритилган бўлса, бундай бир неча лавозимда ишлаш:
- иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади;
- ходимнинг қўшимча розилигини олишни талаб этмайди;
- қўшимча равишда ҳақ тўланмайди.
Алоҳида меҳнат шартномаси тузилади. Унинг асосида иш берувчи ўриндошлик асосида ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради. Унда у мажбурий тартибда қуйидагиларни кўрсатади:
– ишнинг ўриндошлик асосида бажарилиши;
– иш вақтининг давомийлиги ва иш тартиби.
Иш вақти табелда асосий иш бўйича иш вақтидан алоҳида ҳисобга олинади .
Бекор қилиш
Тарафлар бир неча лавозимда ишлашни бекор қилиш тўғрисида бир-бирларини ёзма равишда 3 кундан кечиктирмай огоҳлантиради. Вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятлари штатдаги ўрнини босувчи ходимга юклатилган вазиятлар бундан мустасно.
Меҳнат шартномаси турли асосларга кўра бекор қилинади. Шу жумладан:
– агар мазкур ишга асосий ходим ишга қабул қилинса;
– агар қонунчиликка мувофиқ ўриндошлик асосида ишлашга чекловлар жорий этилган ёки иш берувчи уларни локал равишда белгилайдиган бўлса .
Қўшимча ҳужжатлар
Агар бир неча лавозимда ишлаш ёки ўриндошлик асосидаги иш махсус билим ёхуд махсус тайёргарликни талаб қилса, ходим уларни тасдиқловчи ҳужжатларни – дипломлар, сертификатлар ва ҳоказоларни тақдим этади .
Т-2 карточкаси
Бир неча лавозимда ишлаш бўйича ёзувни киритиш мумкин, аммо бу шарт эмас
Амалиётда алоҳида Т-2 карточкаси юритилади
Таътил
Асосий лавозимдан алоҳида таътил тақдим этилмайди, таътил пуллари ўртача иш ҳақи бўйича ҳисобланади
Таътил асосий иш жойи бўйича таътил билан бир вақтда тақдим этилади (МК 439-моддаси) ва қуйидагича расмийлаштирилади:
–асосий ишдан алоҳида буйруқ билан;
– умумий буйруқда алоҳида банд билан.
Таътил даври ўриндошлик бўйича табелда албатта акс эттирилади.
Таълим олиш муносабати билан бериладиган таътил учун ҳақ асосий иш жойи бўйича – мазкур ташкилотдаги асосий лавозими бўйича тўланади
Меҳнатга ҳақ тўлаш
Ходим лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча ҳақ олади
Иш ҳақи асосий лавозим бўйича иш ҳақидан алоҳида ҳисобланади
Меҳнат дафтарчаси
Бир неча лавозимда ишлаш тўғрисидаги ёзувлар киритилмайди
Ўриндошлик асосида ишлаш тўғрисидаги ёзувлар ходимнинг ёзма аризасига кўра киритилади
ЯММТ
Бир неча лавозимда ишлаш тўғрисидаги ёзувлар киритилмайди. ЯММТда фақат тузилган меҳнат шартномалари рўйхатдан ўтказилади
Меҳнат кодекси барча меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказишни талаб қилади. Бироқ айни вақтда ички ўриндошларнинг меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказишнинг техник имконияти йўқ
Вазият
Меҳнат дафтарчасида бир неча лавозимда ишлаш тўғрисида ёзув
Меҳнат дафтарчаси ва ЯММТга бир неча лавозимларда ишлаш тўғрисидаги ёзувни киритиш керакми, йўқми? Агар киритиш керак бўлса, у ҳолда “Иш тўғрисидаги маълумотлар” устунида аниқ нимани ёзиш керак? Бундай ҳолатда бир неча лавозимларда ишлаш тўғрисида буйруқ расмийлаштириш керакми, йўқми ёки шунчаки меҳнат шартномасига бир нечта лавозимларда ишлаш тўғрисида қўшимча келишув тузиш керакми?
– Йўқ, бир неча лавозимларда ишлаш тўғрисидаги ёзувни меҳнат дафтарчасига ҳам, “ЯММТ” ИДАКга ҳам киритманг.
Меҳнат шартномаси шартлари ўзгарган тақдирда, хусусан, агар ишлаш жараёнида доимий асосда қўшимча ишни бажариш тўғрисида келишиб олинса, келишувни амалдаги меҳнат шартномасига қўшимча келишув билан расмийлаштиринг.
Келишувга ишнинг ҳажми, бажариш муддатлари ҳамда қўшимча ҳақ тўлаш тўғрисидаги шартларни киритинг . Бунда ходимнинг қўшимча ишни вақтинча бажаришга розилиги меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритишни талаб қилмайди ва иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Бир неча лавозимда ишлаш қандай расмийлаштирилади
1 қадам. Ходимнинг ёзма розилигини олинг
Бин неча лавозимда ишлашга кадрларга оид ҳужжатларни расмийлаштиришдан олдин, ходимнинг розилигини олинг. Бунда ташаббус фақат иш берувчидан эмас, балки ходимдан чиқиши ҳам мумкин.
МК бир неча касбда ишлаш тўғрисидаги таклифнинг қандай тарзда расмийлаштирилишини белгиламайди. Бироқ розиликни ёзма равишда расмийлаштириш хавфсизроқ бўлади.
Ходимга розилигини қуйидаги усуллардан бири билан расмийлаштиришни таклиф қилишингиз мумкин:
иш берувчининг қўшимча ишни бажариш тўғрисидаги таклифига тегишли ёзувни киритиш;
иш берувчига ёзма ариза тақдим этиш;
иш берувчининг буйруғига тегишли ёзувни киритиш
Иш берувчидан бир неча лавозимда ишлаш таклифи шаблонини юклаб олиш
Ходимдан бир неча ишда ишлаш учун ариза шаблонини юклаб олиш
2 қадам. Қўшимча келишув тайёрланг
Агар бир неча касбда ишлашни аввал бошдан ходимни ишга қабул қилиш чоғида назарда тутган бўлсангиз, у ҳолда асосий ва қўшимча лавозимлар, шунингдек иш шартлари меҳнат шартномасида белгиланиши керак. Бунда, ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқда ходимнинг қандай ишни қўшимча бажариши кўрсатилади.
Агар ходим корхонада ишлаётган бўлиб, бир неча касбда ишлашни кейинроқ расмийлаштираётган бўлсангиз – ходимнинг розилигини олинг ва меҳнат шартномасига қўшимча келишувни расмийлаштиринг. Келишувда қўшимча лавозим номини, у бўйича мажбуриятлар ва иш ҳажмини кўрсатинг. Шунингдек қўшимча ишни бажариш муддати ва тўлов миқдорини белгиланг.
Қўшимча келишув шаблонини юклаб олиш
3 қадам. Буйруқ чиқаринг
Ходимнинг зиммасига бир неча лавозимда ишлаш юклатилганда, иш берувчи буйруқ расмийлаштириши керак. Буйруқда қўшимча иш бўйича мажбуриятлар, унинг ҳажми ва муддати аниқ белгилаб қўйилади. Шунингдек, буйруқда қўшимча иш учун ҳақ миқдорини кўрсатинг.
Мисол
Бир неча лавозимда ишлаш тўғрисида буйруқдаги ифода
“Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик муносабати билан Р.Р. Эрматованинг йўқлиги даврида Н.Н. Тошматовага, унинг розилиги билан, қуйидаги биноларни тозалаш бўйича қўшимча мажбуриятларни унинг зиммасига юклаган ҳолда, хизмат кўрсатиш доираси кенгайтирилсин:.
Бухгалтерия Н.Н.Тошматовага кўрсатилган давр учун ___ миқдорда қўшимча тўловни амалга оширсин”.
Буйруқ шаблонини юклаб олиш
Бир неча лавозимда ишлаганлик учун қўшимча ҳақ миқдори қандай белгиланади
Бир неча лавозимда ишлаганлик учун қўшимча ҳақ миқдорини ходим билан келишувга кўра белгиланг. Бир неча лавозимда ишлаганлик учун қўшимча ҳақ тўлашнинг умумий тартибини МК 259-моддаси белгилайди:
бюджет ташкилотлари ходимлари учун — бир неча лавозимда ишлаганлик учун тариф ставкасининг /маошининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда;
бюджетдан молиялаштирилмайдиган ташкилот ходимлари учун — бир неча касбда/ лавозимда ҳақиқатда бажарилган ишга доир иш ҳақи миқдорида.
Вазият
Бир неча лавозимда ишлаганлик учун қўшимча ҳақ миқдори
Кадрлар бўйича мутахассис таътилда бўлган вақтда офис-менежер зиммасига қўшимча мажбуриятлар юклатилди. Биз офис-менежерга қўшимча тўловни кадрлар бўйича ходим маошининг 30 фоизи эмас, 100 фоизи миқдорида белгилашимиз мумкинми?
Ҳа, бир неча лавозимда ишлаганлик учун қўшимча тўловни , агар ташкилот бюджетдан молиялаштирилмайдиган бўлса, 100 фоиз миқдорида белгилашингиз мумкин.
МК 259-моддасига, Низомнинг 23 бандига (18.10.2012 йилдаги ВМҚ-297-сон қарорга илова) кўра, бир неча лавозимда ишлаганлик учун ходимга қўшимча ҳақ тўланади. Қўшимча тўловларнинг аниқ миқдори тарафларнинг келишувига кўра белгиланади. Бироқ бюджет ташкилотлари ходимлари учун бир неча лавозимда ишлаганлик учун қўшимча ҳақ қўшимча лавозим маошининг 50 фоизидан ошмаслиги керак .
Шунинг учун, агар бюджетдан ташқари ташкилот ходими бир неча лавозим бўйича мажбуриятларни тўлиқ ҳажмда бажараётган бўлса, сиз унга кадрлар бўйича мутахассиснинг лавозим маошининг 100 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ белгилашга ҳақлисиз.
Қўшимча ҳақни:
қатъий белгиланган суммада;
тариф ставкасига/маошига ёки ходимнинг иш ҳақига фоизларда белгилашингиз мумкин.
Қўшимча ҳақсиз бир неча лавозимда ишлаш тўғрисидаги келишувни расмийлаштириш мумкин эмас, чунки МК 116-моддасининг 1 қисми бундай иш учун қўшимча ҳақ тўланиши шартлигини аниқ белгилаб беради.
Эътибор беринг
Штатдаги ўринбосарнинг иши учун, агар у вақтинча йўқ бўлган раҳбарнинг вазифаларини бажараётган бўлса, ҳақ тўламанг.
Вазият
Таътил вақтида вақтинча ўрнига ишлашни расмийлаштириш ва ҳақ тўлаш
Иш берувчи ходим таътилдалиги вақтида унинг мажбуриятларини вақтинча бошқа ходим зиммасига, унинг розилиги ва вақтинча йўқ бўлган ходим маошининг 20 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўлаш билан, юклаш ниятида.
Бироқ, МК 259-моддаси бюджетдан молиялаштирилмайдиган ташкилот ходимлари учун бир неча лавозимда ишлаганлик учун қўшимча ҳақни қўшимча касблар (лавозимлар) бўйича ҳақиқатда бажарилган ишга доир иш ҳақи миқдорида белгилайди.
Агар иш учун ишбай ҳақ тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳақиқатда бажарилган ишни қандай ҳисобга олиш ва буйруқни қандай расмийлаштириш керак? Буйруқда бир неча лавозимда ишлаётган ходимга қўшимча ҳақни вақтинча йўқ бўлган ходим маошининг 20 фоизи миқдорида белгилаш мумкинми?
– МК 259-моддасининг мазмунидан келиб чиққан ҳолда, агар ходимга ишлар ҳажмининг ортганлиги учун қўшимча ҳақ таътилдаги ходим маошининг 20 фоизи миқдорида белгиланадиган бўлса, у ҳолда ходим таътилдаги ходим учун ишни тўлиқ эмас, балки унинг бешдан бир қисмини бажариши керак, чунки бир неча касбда/лавозимда ҳақиқатда бажарилган ишга доир иш ҳақи миқдори 20 фоизни ташкил қилади .
Ходимга қўшимча ишни топширишда, ходим бажарадиган мажбуриятларни, шунингдек, агар унинг зиммасига у ўрнини вақтинча эгаллаган ходим ишларининг тўлиқ ҳажмини юклайдиган бўлсангиз, қўшимча ҳақ миқдорини ҳам аниқ келишиб олишни тавсия қиламиз.
Таътилда бўлган ходим ўрнига ишлаш муддати тугаганидан кейин бажарилган ишлар далолатномасини тузишингиз мумкин, у мажбуриятларнинг муайян турининг бажарилганлигини тасдиқлайди .
Вақтинча бошқа ходим ўрнида ишлаш тўғрисидаги буйруқда ходимга вақтинча йўқ бўлган ходим вазифаларининг ҳаммасини бажариш топширилишини кўрсатманг, балки маълум бир иш ҳажми ва уни бажарганлик учун қўшимча ҳақ миқдорини белгилаб қўйинг.
Агар ходим таътилдаги ходим учун ишларнинг тўлиқ ҳажмини бажарадиган бўлса, қўшимча ҳақни вақтинча ўрни эгалланган ходимнинг иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида, ўрнида ишлаш вақтига мутаносиб равишда белгиланг.
Вазият
Бир неча лавозимда ишлаш, хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтириш ёки ишлар ҳажмини кўпайтиришни расмийлаштириш
Ташкилотда иккита фаррош ишлайди. Уларнинг бири касал бўлиб қолди ва унинг ишини иккинчи фаррош бажармоқда. Буни қандай расмийлаштирган маъқул – бир неча лавозимда ишлаш, мажбуриятларни бажариш сифатидами ёки қандайдир бошқача усулдами?
– Ходимга у ўзининг асосий касби ёки лавозими бўйича иш вақти давомида бажарадиган қўшимча мажбуриятларни юклашнинг учта усули бор:
бир неча касбда ёки лавозимда ишлаш;
хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтириш;
ишлар ҳажмини кўпайтириш.
Агар ходим бошқа касб ёки лавозим бўйича мажбуриятларни бажарадиган бўлса, бир неча касбда ишлашдан фойдаланинг. Масалан, юрист бир йўла кадрлар бўйича инспекторнинг ишини, бухгалтер кассирнинг ишини бажаради ва ҳоказо.
Хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтириш, ишлар ҳажмини кўпайтириш ходимнинг ўзининг асосий иши билан бир қаторда ва унинг учун белгиланган вақтда ўша касб ва лавозимдаги қўшимча ишларни бажаришини назарда тутади .
Меҳнат қонунчилигида “вазифаларни бажарувчи” тушунчаси йўқ. Бу норасмий атама бўлиб, унда одатда ходим томонидан ўзининг асосий вазифалари билан бир қаторда қўшимча меҳнат вазифаларини (юқорида кўрсатилган 3 усул) ёхуд асосий лавозимдан “озод этилган” ҳолда бошқа лавозим бўйича ишларни бажариш назарда тутилади.
Кўрилаётган мисолда хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтириш ёки ишлар ҳажмини кўпайтиришни расмийлаштиришни тавсия қиламиз:
агар тозаланадиган ҳудуд майдони ходималар ўртасида бўлинган бўлса: кабинетлар, участкалар, майдонлар ва ҳоказо – у ҳолда хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтиришни расмийлаштиринг;
агар ходималар иккиси битта ҳудудни биргаликда тозалаган, масалан, улардан бири пол ювган, иккинчиси мебелларни артган бўлса – у ҳолда ишлар ҳажмини кўпайтиришни расмийлаштиринг, чунки хизмат кўрсатиш доиралари аввалгисича қолган.
Вазият
Ходимга қўшимча мажбуриятлар юклатилганлиги учун ҳақ тўлаш
Ходимга йўқ бўлган ходим маошининг 50 фоизи миқдорида ҳақ тўлаш билан қўшимча мажбуриятлар юклатилди. Асосий лавозими бўйича у 8 соатли иш тартибидан 11 соатли иш тартибига ўтказилди. Бундай вазиятда қандай йўл тутиш керак – фақат мажбуриятлар учун 50 фоиз тўлаш керакми ёки иш вақтидан ташқари иш учун қўшимча ҳақ тўлаш керакми?
– Аввалом бор, қўшимча ишнинг қандай шартларда ва қандай тартиб бўйича юклатилганлигини тушуниб олиш керак.
1. Агар ходимга у асосий иши билан бир вақтда бажарадиган қўшимча мажбуриятлар унинг розилиги билан ва қўшимча ҳақ эвазига юклатилган бўлса, - бу бир нечта касбда ишлашдир . Мазкур ҳолатда ходимга қўшимча ҳақ белгилаш кифоя .
Мазкур ҳолатда иш вақтининг давомийлигини узайтириш мумкин эмас. Ходим ортиқча ишлаганда унга ортиқча ишлаб берилган вақтнинг ҳар бир соати учун ҳақ тўланг . Иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлиги ходим учун сурункасига икки кун давомида 4 соатдан ва йилига 120 соатдан ошмаслиги кераклигини эътиборга олинг. Меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда эса иш вақтидан ташқари иш — 2 кунда икки соатдан ошмаслиги керак.
Шунинг учун бир неча лавозимда ишлашда ходимни 11 соатли иш тартибига “ўтказиш” ғайриқонунийдир.
Шундай қилиб, ички бир неча касбда ишлашда, иш вақтидан ташқари ишга йўл қўйилган тақдирда, ходимга қўшимча ишлар ҳажми учун белгиланган қўшимча ҳақ ва иш вақтидан ташқари иш учун камида икки баравар миқдорда ҳақ тўланг .
2. Агар ходим қўшимча ишни асосий ишдан бўш вақтда ўша корхонанинг ўзида бажарадиган бўлса – бу ички ўриндошликдир .
Ички ўриндошликни ходим билан муайян лавозимга ишга қабул қилиш тўғрисида алоҳида меҳнат шартномасини тузиш билан расмийлаштиринг . Агар бундай шартномани асосий ходим йўқ бўлган вақтга расмийлаштираётган бўлсангиз, у ҳолда муддатли шартнома тузинг .
Ички ўриндошликка алоҳида табель рақами берилади ва иш вақти асосий ишдан алоҳида ҳисобга олинади.
Ўриндошлик бўйича ишлаш тўғрисидаги шартномада, МК 104-моддаси шартлари билан бир қаторда, ўриндошлик бўйича иш вақти ва иш тартибини кўрсатинг.
Ўриндошлик асосида ишлаш чоғида ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг мазкур тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас . Бундан соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларининг шифокор ходимлари мустасно.
Ўриндошлик асосида ишловчи шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлашни ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда, ишлаб чиқариш натижасига ёхуд меҳнат шартномасида белгиланган бошқа шартларга қараб амалга оширинг .
Шундай қилиб, сизнинг ҳолатда ходимга 5-кунлик иш ҳафтасида соат 18:00 дан 21:00 гача бўлган 3 соатли иш кунини белгилаш мумкин.
Мазкур ҳолатда ички ўриндошлик асосидаги иш энди иш вақтидан ташқари иш ҳисобланмайди ва унинг учун меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ ҳақ тўланади. Асосий ишга қўшимча ҳақ тўлаш керак эмас.
Бир неча лавозимда ишлаш қандай бекор қилинади
Бир неча касбларда ишлашни қўшимча келишувда кўрсатилган муддатда ҳам, меҳнат шартномаси тарафларидан бирининг аризасига кўра муддатидан олдин ҳам бекор қилишингиз мумкин. Бунда, агар ходим вақтинча йўқ бўлган ходимнинг вазифаларини бажарадиган бўлса, бир неча касбда ишлаш асосий ходим ишга чиқиши билан дарҳол тугатилади.
Ходим бир неча касб асосида ишлашдан муддатидан олдин бош тортиши мумкин. Ўзининг қарори ҳақида у иш берувчини қўшимча мажбуриятларни бажаришни тўхтатишдан 3 кун олдин ёзма равишда хабардор қилади. Бунда иш берувчи ходимнинг илтимосини рад этиши мумкин эмас.
Шунингдек иш берувчи ҳам бир неча касбларда ишлашни муддатидан олдин, бу ҳақида ходимни 3 иш кунидан кечиктирмай огоҳлантирган ҳолда бекор қилиши мумкин.
Иш берувчи бир неча касбда ишлашни бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради. Айниқса, агар аввал бошдан унинг муддатлари аниқ белгилаб қўйилмаган ёки бир неча касбда ишлаш муддатидан олдин бекор қилинаётган бўлса.
Бир неча касбда ишлаш тўғрисидаги буйруқ шаблонини юклаб олинг.
Вазият
Бир неча касбда ишлаш муддатининг ўтганлиги ҳақида огоҳлантириш
Ходимга қўшимча мажбуриятлар юклатилди. Келишувда ишни бажариш муддати – бир ой деб кўрсатилди. Иш берувчи ходимни 3 кун олдин огоҳлантириши керакми?
Йўқ, керак эмас.
МК 116-моддасининг 7 қисмида кўрсатилган муддатлар айнан қўшимча ишни бажаришни муддатидан олдин бир томонлама бекор қилиш учун белгиланган. Иш берувчи ҳам, ходим ҳам, иккинчи тарафни ёзма равишда 3 иш кунидан кечиктирмай огоҳлантирган ҳолда, қўшимча ишни бажаришни муддатидан олдин рад этишга ҳақли.
Шундай қилиб, агар қўшимча ишни бажариш тарафлар томонидан келишилган муддатда бекор қилинадиган бўлса, Меҳнат кодекси бу ҳақида бир-бирини огоҳлантиришни талаб қилмайди.
Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал