Жамоа (бригада)нинг моддий жавобгарлиги қандай расмийлаштирилади
Тавсияда:
– жамоанинг жавобгарлигини қачон белгилаш мумкин;
– жамоанинг жавобгарлигини қандай расмийлаштириш керак;
– жамоанинг моддий жавобгарлигида зарар қандай қопланади.
Жамоанинг моддий жавобгарлигини қачон белгилаш мумкин
Жамоа (бригада)нинг моддий жавобгарлиги сиз моддий қимматликларни ишониб топширган бир гуруҳ шахслар, жамоа (бригадалар) учун белгиланади.
Бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартлар мавжуд бўлган тақдирда жамоанинг жавобгарлигини жорий этиш мумкин:
- жамоа (бригада) ходимлари ўз лавозим вазифаларига мувофиқ уларга топширилган қимматликларни сақлаш, қайта ишлаш, сотиш (бериш), ташиш, қўллаш ёки улардан бошқача тарзда фойдаланиш билан боғлиқ ишларни биргаликда бажарадилар;
- ҳар бир ходимнинг зарар етказганлик учун жавобгарлигини чегаралаш ва у билан тўлиқ индивидуал моддий жавобгарлик тўғрисида алоҳида шартнома тузиш мумкин эмас;
- жамоа (бригада) аъзолари – 18 ёшдан кичик бўлмаган ходимлар.
Жамоанинг моддий жавобгарлиги жорий этилиши мумкин бўлган бўлинмалар рўйхати жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, ходимларнинг вакиллик органи билан келишувга биноан иш берувчи томонидан белгиланади МК 343-м.9-қ.