СУД АМАЛИЁТИ: ходим қўпол ҳуқуқбузарлик учун ишдан бўшатилди

preview

Иш берувчи меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлик учун ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилди. Ходим иш берувчининг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғини бекор қилиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш санасини суд қарори қабул қилинган кунга ўзгартириш, мажбурий прогул даври учун иш ҳақини ундириш ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

 

Даъвогар позицияси 

Иш берувчи ходим имзосини олган ҳолда меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг нусхасини бермаган. Иш берувчининг буйруғида ходим айнан қандай ҳуқуқбузарлик содир этганлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Ходимлар ва иш берувчи ўртасида жамоа шартномаси тузилмаган, корхонада ходимларнинг вакиллик органи мавжуд эмас. Иш берувчи ички меҳнат тартибини тасдиқламаган.

 

Жавобгар позицияси 

Ходим бир неча бор иш жойида бўлмаган, ўзига юкланган меҳнат мажбуриятларини бажармаган. Иш берувчи мессенжер орқали ходимни у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисида хабардор қилган. Бажарилган ишларга қараб, иш берувчи ва ходим ўртасида ишбай иш шароитлари келишилган. Бунда ходим маълум бир маҳсулотлар чиқарилишини исботлаб бера олмади.

 

Суднинг қарори 

Ходимнинг даъволари қисман қаноатлантирилади. Иш берувчининг ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғи бекор қилинади. Иш берувчига ишдан бўшатиш асослари ва санасини ўзгартириш мажбурияти юклатилади. Иш берувчидан ходим фойдасига ишга қайта тиклаш ўрнига 10 515 000 сўм уч ойлик иш ҳақи ундирилди.

Бунда, суд ходимнинг иш берувчидан мажбурий прогул вақти учун иш ҳақини ундириш, тўланмаган иш ҳақи ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъволарини қаноатлантиришни рад қилди.

 

Суд қарорининг асослари 

Иш берувчида бир марталик қўпол қоидабузарликлар рўйхати белгиланиши керак бўлган ички меҳнат қоидалари тасдиқланмаганлиги сабабли, у МК 100-м. 4-б. га асосан ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга эмас эди. Шунга кўра, иш берувчининг ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруғи ноқонуний ҳисобланади.

Иш жойига тиклаш ўрнига суд ходимнинг илтимосига биноан унинг фойдасига камида уч ойлик иш ҳақи миқдорида қўшимча товон пули ундириши мумкин . Ходим иш жойига қайта тикланиш ўрнига унга қўшимча товон пули тўлаш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилган. Суд уни қаноатлантирди.

Иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат шартномасида ойлик иш ҳақи тўғрисида келишув бўлмаганлиги сабабли, ҳамда ишбай иш ҳақи назарда тутилганлиги сабабли, ходимнинг мажбурий прогул учун иш берувчидан товон пули ундириш талаби асоссиздир.Ходим иш пайтида иш ҳақи тўланмаганлигини, шунингдек маънавий зарар еткалганлиги фактини исботлай олмади.

 

Эксперт шарҳи

МК 100-м. 1-қ. га биноан, номаълум муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек муддатли меҳнат шартномасини муддатидан олдин иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши керак.

Ходим томонидан меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўлади . Меҳнат шартномасини бекор қилиш билан якунланиши мумкин бўлган бир марталик меҳнат вазифаларини қўпол бузишлар рўйхати қуйидагича белгиланган:

  • ички меҳнат тартиби қоидалари;
  • корхона мулкдори билан корхона раҳбари ўртасида тузилган меҳнат шартномаси;
  • айрим тоифадаги ходимларга нисбатан қўлланиладиган интизом ҳақидаги низом ва уставлар билан белгиланади.

Иш берувчи ходимнинг иш жойида йўқлиги меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш эканлигини исботламади, чунки:

  • бир марталик қўпол қоидабузарликлар рўйхатини назарда тутувчи ички меҳнат тартиби қоидаларини тасдиқламаган;
  • ходимларни имзолатган ҳолда улар билан таништирмаган.

Бир марталик қўпол қоидабузарликлар рўйхати белгиланган ички меҳнат тартиби қоидасининг йўқлиги иш берувчини қоидабузарликни ходим томонидан меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш сифатида баҳолаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.

Бундан ташқари, МК 100-м. 2-қ. 4-банди асосида меҳнат шартномасини бекор қилиш – бу интизомий жазо чораси  ҳисобланади . Интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим.

Интизомий жазони қўлланишда содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.

Интизомий жазо берилгани тўғрисидаги буйруқ (фармойиш) ёки қарор ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади .

Иш берувчи ушбу талабларни бажармаган, шу асосда меҳнат шартномасини бекор қилиш тартибини бузган.

Шунингдек, иш берувчи ходимга меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни бермади.

Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодекси нормаларини қўпол равишда бузган ҳолда бекор қилинганлиги сабабли, суд меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни ҳақақий эмас деб топиб бекор қилди.

Ходим иш жойига қайта тиклаш ўрнига иш берувчидан камида уч ойлик иш ҳақи миқдорида қўшимча товон пули ундириш тўғрисида судга даъво билан мурожаат қилишга ҳақли .

Иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат шартномасида иш ҳақи миқдори ишлаб чиқарилган маҳсулот миқдорига қараб белгиланиши назарда тутилган. Шунинг учун суд ходимнинг даъвосидаги мажбурий прогул учун иш ҳақи ундириш талабини қаноатлантиришни рад қилди. Бундан ташқари, ходимга маънавий зарарни қоплаш рад этилди, чунки у унга жисмоний ва руҳий азоб-уқубатлар етказилганлигини исботлаб бера олмаган.

 

Эксперт тавсияси

Ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш билан якунланиши мумкин бўлган бир марталик қўпол  ҳуқуқбузарликларни, қуйидагиларда назарда тутинг:

  • ички меҳнат тартиби қоидасида;
  • мулкдор ва корхона раҳбари ўртасида тузилган меҳнат шартномасида;
  • ходимларнинг айрим тоифаларига нисбатан интизом йўриқномалар ва низомларда.

Ушбу маҳаллий ҳужжатларни меҳнат соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлари хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда тасдиқлаш ва ходимларни имзо қўйдирган ҳолда таништириш тавсия этилади.

Ходимнинг меҳнат вазифаларини қўпол равишда бузганлиги тўғрисидаги масала ҳар бир алоҳида ҳолатда ҳуқуқбузарликнинг оғирлиги ва у олиб келган ёки у олиб келиши мумкин бўлган оқибатларга қараб ҳал қилинади.

Агар ходим бир марта ўз меҳнат вазифаларини қўпол равишда бузган бўлса, буни таркибий бўлинма бошлиғининг билдиргиси, махсус тузилган комиссия далолатномаси ва бошқалар билан қайд этинг.

Интизомий жазо чораси қўллашдан олдин ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилинг. Агар ходим бундай тушунтириш хати беришдан бош тортса, буни далолатнома билан қайд этинг. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши жазони қўллаш учун тўсиқ бўла олмайди.

Эътибор беринг
Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмаганда узоғи билан бир ой ичида қўлланилади .

Интизомий жазони қўллаш, шу жумладан битта қўпол қоидабузарлик учун ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ билан ходимни имзо қўйдирган ҳолда таништиринг.

Ходимнинг имзо қўйган ҳолда буйруқни қабул қилишдан бош тортганлигини далолатнома тузиб қайд этинг ва ходимнинг почта манзилига юборинг.

Бир марталик қўпол қоидабузарликларнинг рўйхати тасдиқланган ИМТҚ йўқлиги, шунингдек ходимга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тартибига риоя қилмаслик – меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлик учун ходимни интизомий жавобгарликга тортиш тўғрисидаги қарорни суд томонидан бекор қилиш учун асос деб ҳисобланади.


Суд амалиёти ва меҳнат низолари Суд амалиёти ва меҳнат низолари Суд амалиёти ва меҳнат низолари /publish/doc/text178363_sud_amalieti_hodim_qupol_huquqbuzarlik_uchun_ishdan_bushatildi