Таътил давомийлигини ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда қачон ва қандай ҳисоблаш керак

preview

Умумий қоидаларга кўра, ходим ҳатто тўлиқ иш йилида ишламаган бўлса ҳам, ҳар йилги меҳнат таътили тўлиқ давомийликда ва тўлиқ ҳақ тўланган ҳолда берилади. Аммо таътил ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда «ҳисобланганда» истиснолар мавжуд.

 

Биринчи иш йили учун ҳар йилги меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқи ходимда у ушбу иш берувчида узлуксиз ишлаган олти ой ўтганидан кейин юзага келади. Агар ходим ва иш берувчи бу ҳақда келишишган бўлса, таътил аввалроқ ҳам  берилиши мумкин . Баъзан эса бунинг учун фақат ходимнинг хоҳиши кифоя қилади, агар бу:

  • ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин таътил олмоқчи бўлган аёл;
  • ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган шахсларга (ёлғиз ота-онага, шу жумладан бева аёлларга, бева эркакларга, никоҳдан ажралганларга, муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчиларнинг  хотинларига, ота-онанинг ўрнини босувчи шахсларга);
  • ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахслар;
  • резервга бўшатилганидан кейин уч ойдан кечиктирмай ишга кирган муддатли ҳарбий хизматни ўтаган собиқ ҳарбий хизматчилар;
  • 1941 – 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахслар;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар;
  • ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида ўқиётганларга, агар улар ўзининг ҳар йилги меҳнат таътилини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, битирув малакавий ишларини, магистрлик диссертацияларини, курс, лаборатория ишларини ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласа;
  • бундай кафолат жамоа келишувларида, жамоа шартномасида ёхуд ички
  • ҳужжатларда белгиланган ходим бўлса .

Иш берувчи ушбу тоифадаги ходимларга биринчи иш йили учун олти ой ишламасидан илгари таътил беришни рад этишга ҳақли эмас.

Иккинчи ва кейинги иш йиллари учун ҳар йилги меҳнат таътили таътиллар жадвали билан белгиланадиган меҳнат таътилларини бериш навбатига мувофиқ берилади .

Эътибор беринг
Иш йили давомида меҳнат таътилидан қачон фойдаланилишидан қатъи назар – у тўлиқ давомийликда ва тўлиқ ҳақ тўланган ҳолда берилади .

Кўпгина кадрлар бўйича мутахассислар, агар ходим тўлиқ иш йилида ишламаган бўлса, унинг таътил муддати ишлаб берилган вақтга мутаносиб ҳисобланиши керак, деб ҳисоблашади. Бу тубдан нотўғри ва меҳнат қонунчилигини бузиш ҳисобланади. Меҳнат таътилининг давомийлигини ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда фақат янги Меҳнат кодексининг 223-моддасида белгиланган ҳолларда ҳисоблаш мумкин.

 

Қачон таътил ишлаб берилган вақтга мутаносиб деб ҳисобланади

Агар иш йили давомида ходимнинг меҳнат таътили давомийлиги ўзгарган бўлса, таътилнинг давомийлиги ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда аниқланади. Масалан:

  • вояга етмаган ходим 18 ёшга тўлди, шунинг учун у асосий узайтирилган меҳнат таътилини олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди (30 календарь кун);
  • ходимга I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланди ва шу сабабли унда узайтирилган таътил олиш ҳуқуқи пайдо бўлди (30 календарь кун);
  • ходим иш йилининг бир қисмида оддий меҳнат шароитида, қолган қисмида эса ноқулай меҳнат шароитида ишлаган, бу унга қўшимча таътил олиш ҳуқуқини беради;
  • ходимни иш йили давомида меҳнат таътилининг бошқа давомийлиги назарда тутилган бошқа ишга ўтказишди;
  • бошқа шунга ўхшаш ҳолатларда.

Бундан ташқари, таътил давомийлигини «мутаносиб» ҳисоблаш қуйидагиларни талаб қилади:

  • меҳнат шартномаси бекор қилинганда :

– фойдаланилмаган ҳар йилги меҳнат таътили учун компенсация миқдорини аниқлаш;

– жорий иш йилида ишлаб берилмаган таътил кунлари учун ҳақ ушлаб қолиниши керак бўлса;

  • биринчи иш йили учун ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда  таътил хақини тўлаш миқдорини аниқлашда :

–  биринчи иш йилида олти ойдан кам ишлаган ўриндошларга – асосий иши бўйича ҳар йилги меҳнат таътили билан бир вақтда меҳнат таътили берилганда;

Бу ҳолда, ўриндошлик асосидаги ишда меҳнат таътили тўлиқ берилади, аммо ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда тўланади;

– таълим ташкилотларининг ўқитувчилар таркибига ва услубиётчиларига. Уларга ҳар йилги меҳнат таътили ўқувчиларнинг ёзги таътили даврида – мазкур таълим даргоҳига қачон ишга жойлашганидан қатъи назар, берилади, аммо ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланган ҳолда.

 

Таътилни ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда қандай ҳисоблаш керак

Меҳнат таътили давомийлигини ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаш қоидаси янги Меҳнат кодексининг 224-моддасида белгиланган. Асосий ва қўшимча меҳнат таътилининг тўлиқ миқдорини ўн иккига бўламиз ҳамда тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтирамиз.

Эслатиб ўтамиз

Иш йили иш ҳақиқатда бошланган санадан бошлаб ҳисобланади. Тўлиқ иш ойларини ҳисоблашда қуйидаги даврлар ҳисобдан чиқарилади:

– узрли сабабларсиз ишда бўлмаган вақт;

– ишдан четлатиш (МКнинг 226-м. 1- қ. 4–6-хатбошида назарда тутилган айрим ҳоллар бундан мустасно);

– бола парвариши таътили .

Зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларидаги, шунингдек ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун ҳар йилги қўшимча меҳнат таътилларини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига фақат мазкур шароитларда ҳақиқатда ишлаб берилган вақт киритилади.

Иш ойлари сонини аниқлашда ўн беш ёки ундан ортиқ календарь кунга тенг бўлган ортиқчалар бир ойгача яхлитланади, ўн бешдан ками эса ҳисобга олинмайди. Меҳнат таътиллари кунларининг умумий давомийлигини ҳисоблашда олинган 0,5 ёки ундан кўпга тенг ўндан бир қисми бир кунгача яхлитланади, 0,5 дан камроғи эса ҳисобдан чиқарилади.

Мисол
Ишдан бўшатилганда фойдаланилмаган таътил учун пуллик компенсация миқдорини аниқлаш мақсадида таътил давомийлигини ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаш
1. Ходим 9 ой 17 кун ишлаб берди, меҳнат шартномаси бекор қилинган. Жамоа шартномасига кўра ходимга 24 календарь кундан иборат таътил берилиши керак, ходим жорий иш йилида ундан фойдаланмаган.

17 кунни бир ойгача яхлитлаймиз ва тўлиқ 10 иш ойини оламиз. Таътилнинг давомийлиги ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда қуйидагича бўлади:

24: 12 х 10 = 20 кун.

Ходим 20 кунлик фойдаланилмаган меҳнат таътили учун пуллик компенсация олиш ҳуқуқига эга.

2. Ходим ишдан бўшашидан олдин 7 ой 13 кун ишлаб берди. Жамоа шартномасига кўра, у жорий иш йилида фойдаланмаган 21 календарь кундан иборат асосий таътилга эга.

13 кунни ҳисобдан чиқарамиз ва 7 ойлик ишни оламиз.

Таътилнинг давомийлиги ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда қуйидагини ташкил қилади:

21: 12 х 7 = 12,25 кун.

Юқоридаги қоидага кўра  0,25 ни ҳисоб-китобдан чиқариб ташлаймиз ва 12 кунлик фойдаланилмаган меҳнат таътилини оламиз, бунинг учун меҳнат шартномаси бекор қилинганда пуллик компенсация тўланади.

3. Ходим 8 ой 12 кун ишлаб берди. Меҳнат шартномасига кўра, у 21 календарь кундан иборат асосий таътил ва иш жойларини аттестациядан ўтказиш асосида ноқулай меҳнат шароитида ишлаганлиги учун қўшимча таътил олиш ҳуқуқига эга – 6 календарь кун.

Асосий ва қўшимча таътил кунларини жамлаймиз – жами 27 календарь кун. Бу ҳолда, таътилнинг давомийлиги ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда қуйидагини ташкил қилади:

27: 12 х 8 = 18 календарь кун.

Улар учун ходимга ишдан бўшатилганда пулли компенсация тўлашингиз керак.

Мисол
Агар ходим турли давомийликдаги меҳнат таътиллари билан турли лавозимларни эгаллаган бўлса, таътил давомийлигини ҳисоблаш
Иш йили бошидан бери ходим иш йилининг 4 ойи давомида бўлим мутахассиси (таътил 22 календарь кун) ва 8 ой бўлим бошлиғи (таътил 24 календарь куни) лавозимида ишлади.

Бу ҳолда меҳнат таътилининг умумий давомийлиги ҳар бир иш даври учун алоҳида ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисобланган таътил давомийлигидан иборат.

Бўлим мутахассиси сифатида биринчи лавозимда ишлаган давр учун ходимга бериладиган таътилни ҳисоблаб чиқамиз:

22: 12 х 4 = 7,3 ёки 7 кун.

Бўлим бошлиғи сифатида иккинчи лавозимда ишлаган давр учун:

24: 12 х 8 = 16 кун.

Ходим таътилининг умумий давомийлиги 23 календарь кунни ташкил қилади: биринчи лавозим учун 7 кун, иккинчиси учун 16 кун.

Мисол
«Таътил пули»ни тўлаш учун ОТМ ўқитувчисига таътил давомийлигини ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаш
ОТМ ўқитувчиси 1 март куни ишга кирди. 56 календарь кундан иборат  биринчи таътил (тўлиқ давомийликда) унга ўша йили 1 июлдан бошлаб берилади.

Ташкилот ушбу ходимга таътилни тўлиқ 4 ойлик иш учун ишлаб берилган вақтга, яъни 19 календарь кунга (56 : 12 х 4) мутаносиб равишда тўлаши керак.

Ленара ХИКМАТОВА

 «Норма» эксперти, юрист