Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Фаолият кўрсатаётган деҳқон (фермер) хўжаликлари бошлиқларини аттестациядан ўтказиш ва ушбу хўжаликларни фермер хўжаликлари сифатида қайта рўйхатдан ўтказиш Тартиби (ЎзР ВМ 15.07.1998 й. 300-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 15 июлдаги

300-сонли қарорига

1-ИЛОВА



Фаолият кўрсатаётган деҳқон (фермер)

хўжаликлари бошлиқларини аттестациядан

ўтказиш ва ушбу хўжаликларни фермер хўжаликлари

сифатида қайта рўйхатдан ўтказиш

ТАРТИБИ


1. Ушбу Тартиб фаолият кўрсатаётган деҳқон (фермер) хўжаликлари бошлиқларини аттестациядан ўтказиш ва ушбу хўжаликларни фермер хўжаликлари сифатида қайта рўйхатдан ўтказиш механизмини белгилайди.

Ушбу Тартиб янгидан ташкил этилаётган фермер хўжаликларига татбиқ қилинмайди.


2. Туман ҳокимининг қарори билан туман ҳокимлиги ҳузурида деҳқон (фермер) хўжаликлари бошлиқларини аттестациядан ўтказиш ва ушбу хўжаликларни фермер хўжаликлари сифатида қайта рўйхатдан ўтказиш бўйича Комиссия (кейинги ўринларда "Комиссия" деб аталади) тузилади.

Комиссия таркибига қуйидагилар киради:

туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича биринчи ўринбосари - Комиссия раиси;

Ўзбекистон Республикаси деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмасининг туман вакиллиги директори - Комиссия раисининг ўринбосари;

туман иқтисодиёт ва статистика бўлими бошлиғи;

туман солиқ инспекцияси бошлиғи;

туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимининг масъул ходимлари;

қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассислар.


3. Комиссия фаолият кўрсатаётган деҳқон (фермер) хўжаликлари бошлиқларини аттестация ўтказиш жадвалини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, аттестация учун саволлар рўйхатини тайёрлайди, аттестация ўтказиладиган кунни белгилайди ва фаолият кўрсатиб турган деҳқон (фермер) хўжаликлари бошлиқларини аттестациядан икки ҳафта олдин бундан хабардор қилади.


4. Фаолият кўрсатаётган деҳқон (фермер) хўжаликлари бошлиқларини аттестациядан ўтказишда:

фермер хўжалиги фаолиятининг бизнес-режаси тузилиши ва унинг бажарилишига;

қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги ернинг кадастр баҳосидан кам бўлмаслиги таъминланишига;

фермер хўжалиги фаолияти бошқарилишига;

ердан ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланиш тартибига;

фермер хўжалиги ҳуқуқ ва мажбуриятларига;

фермер хўжалиги аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига, уларнинг фермер хўжалиги фаолиятида иштирок этиши тартибига;

фермер хўжалигини ташкил қилиш тартибига;

фермер хўжалиги даромади (фойдаси)ни тақсимлаш, зарарларини қоплаш тартибига;

фермер хўжалиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун жавобгарликка;

фермер хўжалиги тугатиш тартибига;

фермер хўжалиги уставини ўзгартириш тартибига алоҳида эътибор берилади.


5. Комиссиясининг фаолият кўрсатаётган деҳқон (фермер) хўжаликлари бошлиқларини аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги қарори туман ҳокими томонидан тасдиқланади.


6. Комиссия ҳар бир деҳқон (фермер) хўжалигидан унинг уставини, хўжалик фаолияти йўналиши ҳақидаги маълумотларни, хўжалик аъзолари таркибини, ер бериш бўйича ҳужжатларни талаб қилиб олади.

Комиссия ҳар бир деҳқон хўжалиги бўйича ҳужжатларни кўриб чиқади ва унинг "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса чиқаради.


7. Одатда, фақат "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасига мувофиқ тузилган деҳқон (фермер) хўжаликларигина фермер хўжалиги сифатида қайта рўйхатдан ўтказилади.

Мустақил хўжаликлар, айрим бригадалар, чорвачилик фермерлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг бошқа бўлимлари асосида ташкил этилган деҳқон (фермер) хўжаликлари қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги)га ёки хўжалик юритишнинг бошқа шаклларига бирлашишлари ва шунга мувофиқ қайта рўйхатдан ўтишлари мумкин.


8. Комиссия ҳар бир деҳқон хўжалиги бўйича ҳужжатлар олинган кундан бошлаб ўн беш кунда, деҳқон хўжаликларини фермер хўжаликлари сифатида қайта рўйхатга олиш тўғрисидаги ўз хулосасини туман ҳокимига тақдим қилади.


9. Туман ҳокими Комиссия тақдим қилган ҳужжатларни кўриб чиқиб ўн беш кун муддатда, қайси деҳқон (фермер) хўжаликлари фермер хўжаликлари сифатида қайта рўйхатга олиниши ҳақида қарор қабул қилади.

Ҳокимнинг қарори билан деҳқон (фермер) хўжаликлари бошлиқларига ер бериш ҳақидаги олдин қабул қилинган қарор бекор қилинади. Бу қарорда фермер хўжаликлари сифатида рўйхатга олинаётган деҳқон (фермер) хўжаликларининг рўйхати келтирилади. Ҳокимнинг қарори билан ҳар бир фермер хўжалиги бошлиғига ер участкаси майдони ва ижара муддати кўрсатилган ер участкаси ижарага берилади.

Илгари деҳқон (фермер) хўжалиги юритиш учун берилган ер участкасининг ижара муддати хўжалик бошлиғининг хоҳиши билан кўрсатиб ўтилган хўжаликларни "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ фермер хўжаликлари сифатида рўйхатга олишда ўзгартирилиши мумкин.


10. Туман ҳокимининг фаолият кўрсатаётган деҳқон (фермер) хўжаликларини фермер хўжаликлари сифати қайта рўйхатга олиш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин фермер хўжаликлари бошлиқлари ўзларининг уставларини қайта расмийлаштирадилар ва қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) бошқаруви билан янги ер ижараси шартномасини тузадилар ва у туман ҳокимлигида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.

Фермер хўжалиги сифатида қайта рўйхатдан ўтказилган хўжаликнинг устави ва бошқа таъсис ҳужжатлари "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда фермер хўжалигининг Намунавий уставига мувофиқ бўлиши лозим.


11. Қайта рўйхатдан ўтган фермер хўжалиги ҳозир эгаллаб турган ер майдонидан кўпроқ миқдорда ер участкаси олиш хоҳишини билдирса, қўшимча берилган ер участкасини расмийлаштириш фермер хўжалиги юритиш учун ер ажратиб бериш бўйича белгиланган тартибга кўра амалга оширилади.


12. Қайта рўйхатдан ўтган фермер хўжалик собиқ деҳқон (фермер) хўжалигининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади ва унинг барча мажбуриятлари бўйича амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.


13. Комиссиянинг фаолияти устидан назоратни туман ҳокими амалга оширади.


14. Деҳқон (фермер) хўжаликлари бошлиқлари уларни аттестациядан ўтказиш ва ушбу хўжаликларни фермер хўжаликлари сифатида қайта рўйхатга олиш бўйича қабул қилинган қарорлар устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори органга, мансабдор шахсга мурожаат қилишга ҳақлидирлар.