Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.06.2010 й. 119-сон "Вазирлар маҳкамасининг "Республика олий таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида" 2008 йил 1 августдаги 164-сон қарорига ўзгартириш киритиш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

18.06.2010 й.

N 119


ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

"РЕСПУБЛИКА ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШНИНГ

ТАКОМИЛЛАШТИРИЛГАН ТИЗИМИНИ

ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА" 2008 ЙИЛ

1 АВГУСТДАГИ 164-СОН ҚАРОРИГА

ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИШ ҲАҚИДА



Олий таълим даражаси ва сифатини янада ошириш, иқтисодиётда талаб қилинаётган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш учун замонавий шарт-шароитлар яратиш, олий таълим муассасаларида инновация фаолиятини ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Республика олий таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида" 2008 йил 1 августдаги 164-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2008 й., 8-сон, 40-модда) 4-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, олий таълим муассасаларига эга бўлган вазирликлар ва идораларнинг кундузги ўқиш бўйича олий таълим йўналишлари ва мутахассисликларига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг чекланган нормативларини:

2009/2010 ўқув йилидан бошлаб - 1:10,5;

2014/2015 ўқув йилидан бошлаб - 1:12,5 нисбатида белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин".


2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, олий таълим муассасаларига эга бўлган вазирликлар ва идоралар, 2014/2015 ўқув йилидан бошлаб бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг чекланган нормативларини 1:12,5 нисбатида белгилаш учун республика олий таълим муассасаларида ташкилий-методик ва тушунтириш ишлари олиб борсинлар ҳамда зарур шарт-шароитлар яратишни таъминласинлар.


3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                              Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 24-25-сон, 196-модда.