Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган Давлат талаблари (ЎзР ВМ 30.07.2018 й. 599-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 30 июлдаги

599-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида

бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш

ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган

ДАВЛАТ ТАЛАБЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур ҳужжат (кейинги ўринларда - давлат талаблари) Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида (кейинги ўринларда Академия деб юритилади) банк, молия, солиқ тизимлари ва иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларидаги ташкилотларнинг бошқарув кадрлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларини белгилайди.


2. Академияда давлат талаблари банк, молия, солиқ тизимлари ва иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг бошқарув кадрлари ва мутахассисларини (кейинги ўринларда бошқарув кадрлари ва мутахассислари деб аталади) қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини узлуксиз оширишни таъминлашга йўналтирилган.


3. Академияда давлат талаблари бошқарув кадрлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда ўқув режалари ва дастурларини, шунингдек, қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш бўйича ўқув жараёнини, таълим сифатини назорат қилиш ва баҳолашни, уларни аттестациядан ўтказишни тартибга соладиган ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланади.


4. Қуйидаги ҳужжатлар давлат талаблари асосида тегишли буюртмачилар билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади:

мутахассисликлар бўйича ўқув режаси ва ўқув режасидаги фанлар бўйича ўқув дастурлари;

умумий ва мавзули малака ошириш курсларининг ўқув дастурлари.


5. Давлат талаблари бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида Академиянинг таълим фаолиятини ташкилий, илмий-методик таъминлаш учун қўлланилади ҳамда бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг:

асосий турлари ва шаклларини;

мазмуни ва сифатига қўйиладиган асосий талабларни;

ўқув юкламаси ҳажмини;

таълим сифатини назорат қилиш, баҳолаш тартиби ҳамда амалга ошириш механизмларини белгилайди.



2-БОБ. БОШҚАРУВ КАДРЛАРИ ВА МУТАХАССИСЛАРНИ

ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ

ОШИРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


6. Академия бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича:

буюртмачининг аниқ йўналтирилган дастурлари асосида тегишли вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади;

ўқув жараёнини ташкил этади;

ўқув жараёнига замонавий билим ва малакага эга бўлган профессор-ўқитувчиларни, амалиётчи-мутахассисларни жалб этади;

ўқитишнинг интерактив методларини, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда,бошқарув кадрлари ва мутахассисларининг танқидий ва ижодий тафаккурини рағбатлантиришга, мустақил маълумот олишига йўналтирилган ахборот-коммуникация технологияларини жорий этади;

таълим сифатини таъминлаш мақсадида тингловчилар ўртасида анкета-сўровномаларини мунтазам ўтказиб боради, шунингдек, ўқув жараёнига янги педагогик технологияларнинг жорий этилиши юзасидан мониторинг олиб боради;

ўқув-методик асосларни кафедралар ва тегишли мутахассислар билан бирга ишлаб чиқишни ташкил этади;

банк, молия, солиқ тизимлари ва иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида мавжуд бўлган хорижий тажриба ва илғор ютуқларнинг ўқув жараёнига татбиқ этилишини мувофиқлаштиради.


7. Тингловчилар бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларига Академияга тингловчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ белгиланган тартибда қабул қилинади.



3-БОБ. БОШҚАРУВ КАДРЛАРИ

ВА МУТАХАССИСЛАРНИ

ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ


8. Бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш мамлакатда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилиш, давлат ва жамият бошқаруви соҳасида халқаро стандартлар ва талаблар ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган таълим дастурлари асосида давлат ва жамият бошқаруви бўйича замонавий зарур билим, кўникма ва малакаларни ўзлаштириш, янги касбий фаолиятга йўналтиришдан иборат.


9. Бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш, қоидага кўра, меҳнат бозорининг ёки буюртмачиларнинг талабларига биноан белгиланадиган айрим ходимларнинг қайта ихтисослашуви муносабати билан мутахассисликларнинг ўқув режаларига янги ўқув фанлари ёки курслар жорий этилиши асосида Академия маъмуриятининг ёки буюртмачиларнинг ташаббусига кўра ташкил этилади.


10. Бошқарув кадрлари ва мутахассисларни асосий ишидан ажралган (кундузги) ҳолда қайта тайёрланади.


11. Қайта тайёрлашнинг ўқув юкламаси тегишли буюртмачилар билан келишилган ҳолда Академия ректори томонидан тасдиқланадиган қайта тайёрлашнинг ўқув режаси асосида белгиланади.


12. Қайта тайёрлаш муддати 16 ҳафтани (2 ҳафталик тажриба орттиришни ҳисобга олган ҳолда, ўқув юкламасининг жами 576 соатдан кам бўлмаган ҳажмда) ташкил этади. Аудитория машғулотлари ҳафтасига 36 соатдан, ўқув юкламасининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 48 соатдан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади.


13. Қайта тайёрлаш курсини тўлиқ ўзлаштирган тингловчилар якуний аттестацияга киритилади.


14. Қайта тайёрлаш курсини ўзлаштирган ва якуний аттестациядан муваффақиятли ўтган тингловчиларга мазкур давлат талабларига 1-иловада белгиланган намунадаги диплом берилади.


15. Қайта тайёрлаш иккинчи олий таълим ҳисобланмайди.



4-БОБ. БОШҚАРУВ КАДРЛАРИ

ВА МУТАХАССИСЛАРИНИНГ

МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ


16. Бошқарув кадрлари ва мутахассисларининг малакасини ошириш тегишли таълим турлари бўйича давлат талабларидан келиб чиққан ҳолда, бошқарув кадрларининг малака ва кўникмаларини мунтазам равишда янгилаб бориш орқали касбий маҳорати ўсишини таъминлашдан иборат.


17. Малака ошириш асосий ишдан ажралган ҳолда ташкил этилади.


18. Малака оширишнинг ўқув юкламаси Академия ректори томонидан буюртмачи билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган ўқув режаси асосида белгиланади.


19. Малака ошириш буюртмачи билан келишилган дастур бўйича амалга оширилади ва қуйидаги мақсадларни назарда тутади:

бошқарув кадрлари ва мутахассисларининг аниқ мавзу бўйича билимларини ошириш;

аниқ мавзу бўйича касбий билим ва кўникмаларни чуқурлаштириш;

тегишли соҳадаги сўнги ютуқлар ҳамда илғор хорижий мамлакатларда соҳадаги муаммоларни бартараф этиш доирасида қўлланилаётган инновацион усулларнинг мазмун-моҳиятини англаш, танқидий таҳлил ва синтез қилиш кўникмасини шакллантириш.


20. Бошқарув кадрлари ва мутахассислари малакасини оширишнинг даврийлиги ва мазкур курсларнинг муддати уни ташкил этиш шаклларига, бошқарув кадрлари ва мутахассисларининг индивидуал касбий эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда буюртмачи томонидан белгиланадиган талабларга боғлиқ бўлади.


21. Бошқарув кадрлари ва мутахассислари малакасини ошириш ишдан ажралган ҳолда кўпи билан тўрт ҳафта (144 соат) этиб белгиланади.

Малака ошириш муддатлари, ўқув режаси ва фан дастурлари буюртмачи билан келишилади ҳамда Академия ректори томонидан тасдиқланади.


22. Малака ошириш курсидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга мазкур давлат талабларига 2-иловада белгиланган намунадаги сертификат берилади.



5-БОБ. БОШҚАРУВ КАДРЛАРИ

ВА МУТАХАССИСЛАРНИНГ

ТАЖРИБА ОРТТИРИШИ


23. Тажриба орттириш таълимнинг илм-фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциялашуви, таълим турлари бўйича ҳамда бошқарувчилик малакаси ва кўникмасини амалий жиҳатдан узлуксиз такомиллаштириб боришни таъминлаш, бошқарув кадрлари ва мутахассисларни банк, молия, солиқ ва иқтисодиётнинг реал секторидаги янги ютуқлар билан таништириш мақсадида аниқ йўналишлар бўйича касбий таълим дастурларини ўзлаштиришдан иборат.


24. Тажриба орттириш тингловчиларнинг давлат ва нодавлат ташкилотларида назарий ва амалий билимлари, малака ҳамда кўникмаларини чуқурлаштиришга қаратилгандир.


25. Тажриба орттиришни ташкил этиш, ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар Академия кенгаши томонидан тасдиқланади.


26. Тажриба орттириш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон банклари ассоциацияси ва иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари ҳамда бошқа манфаатдор буюртмачи ташкилотлар билан келишилган ҳолда хорижий давлатлар таълим муассасаларида, таълим тури йўналиши бўйича ихтисослашган бошқа муассасаларда ташкил этилиши мумкин.



6-БОБ. БОШҚАРУВ КАДРЛАРИ ВА

МУТАХАССИСЛАРНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ

ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ

КУРСЛАРИНИНГ МАЗМУНИ ВА СИФАТИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


27. Бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари мазмуни ва сифатига қўйиладиган умумий талаблар банк, молия, солиқ тизимлари ҳамда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари бўйича янги билим ва кўникмаларни ўзлаштириш ҳамда чуқурлаштиришга бўлган эҳтиёж даражаси, ҳажми ва мазмунини қамраб олади.


28. Қайта тайёрлаш мазмуни янги билим ва кўникмаларни ўзлаштиришга, малака ошириш эса касбий билим ва кўникмаларни чуқурлаштиришга йўналтирилади.


29. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг сифати тингловчилар тайёргарлигини зарурийлик ва етарлилик даражаси, уларнинг билимлари ва амалий маҳоратларини бошқарув кадрлари ва мутахассисларига қўйиладиган малака талабларига мувофиқлиги билан белгиланади.


30. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш мазмуни ҳамда сифати тегишли ўқув дастурлари асосида белгиланади.


31. Қайта тайёрлаш бўйича ўқув дастурлари белгиланган давлат имтиҳонларини топшириш ва битирув малакавий ишини ҳимоя қилиш билан якунланади.

Малака ошириш бўйича ўқув дастурлари ўқув режаларига мувофиқ белгиланган фанлардан якуний назорат топшириш билан якунланади.



7-БОБ. ТАЪЛИМ СИФАТИНИ НАЗОРАТ

ҚИЛИШ ВА БАҲОЛАШ


32. Бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш сифатини назорат қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

Академияда тасдиқланган тегишли ҳужжат асосида ўқув жараёни даврида амалга ошириладиган ички назорат;

қайта тайёрлаш курси тингловчиларининг фанлар бўйича аттестацияси ва битирув малакавий иши ҳимоясига қаратилган якуний давлат назорати;

ваколатли давлат органи, нодавлат нотижорат ташкилотлари, кадрлар буюртмачилари томонидан олиб бориладиган давлат-жамоатчилик назорати;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш бўйича давлат инспекцияси ва кадрлар буюртмачилари томонидан амалга ошириладиган ташқи назорат.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


33. Мазкур Давлат талабларини бузган айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Давлат талабларига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида

бошқарув кадрлари ва мутахассисларнинг қайта тайёрлаш

курсларини якунлагани ҳақида диплом тавсифи


ДИПЛОМ


Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг қайта тайёрлаш курсларини якунлаганлиги тўғрисидаги диплом А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун - қора рангда, расмлар тасвири учун - яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун - оч пушти рангда босиб чиқарилади. Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Давлат герби, паст қисмида эса - 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган. Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида "O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI" ва "Qayta tayyorlash haqida DIPLOM" сўзлари босилади. Диплом икки лотин ҳарфи - QТ ва етти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч пушти ранг фонда босиб чиқарилади. Диплом: босиб чиқаришнинг икки усули - офсет ва юқори усули; ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар; нақшли растр; ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш; махсус қоғозлар; ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.




Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби

O`zbekiston Respublikasi

Qayta tayyorlash haqida

DIPLOMQT N 0000000

             

(Tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi)

20____ yil ______ _______________ dan

20____yil ______ ______________ gacha

O`zbekiston Respublikasi Bank-moliya akademiyasida

(Qayta tayyorlash ta`lim muassasasining nomi)


soatga mo`ljallangan

       

(Qayta tayyorlash kursining nomi)

qayta tayyorlаsh kursida ta`lim olib,



mavzusida bitiruvishini Davlat attestatsiya

komissiyasida ______________________ bahoga himoya qildi va qayta tayyorlash o`quv kursini muvaffaqiyatli tamomladi.

Muhr o`rni




Davlat attestatsiya komissiyasi raisi





(imzo)


(F.I.О.)

Ta`lim muassasasi rahbari





(imzo)


(F.I.О.)

Shahar



Sana



Qayd raqami


    





Давлат талабларига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида

бошқарув кадрлари ва мутахассисларнинг малака ошириш

курсларини якунлагани ҳақида сертификат тавсифи


СЕРТИФИКАТ

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг Малака ошириш курсларини якунлаганлиги тўғрисидаги сертификати А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун - қора рангда, расмлар тасвири учун - яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун - оч кул рангда босиб чиқарилади. Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Давлат герби, паст қисмида эса - 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган. Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида "O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI" "Malaka oshirish haqida SERTIFIKAT" сўзлари босилади. Сертификат икки лотин ҳарфи - MO ва етти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч кул ранг фонда босиб чиқарилади. Сертификат: босиб чиқаришнинг икки усули - офсет ва юқори усули; ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар; нақшли растр; ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш; махсус қоғозлар; ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.




Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби

O`zbekiston Respublikasi

Malaka oshirish haqida

SERTIFIKAT MO N 0000000

     

(Tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi)

20____ yil ______ _______________ dan

20____yil ______ ______________ gacha

O`zbekiston Respublikasi Bank-moliya akademiyasida

(Malaka oshirish ta`lim muassasasining nomi)

jami


soatli


bo`yicha malakasini oshirdi.




(malaka oshirish kursining nomi)


Muhr o`rni




Ta`lim muassasasi rahbari





(imzo)


(F.I.О.)

Shahar



Sana



Qayd raqami


    

    

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 1 август