Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.04.2021 й. 231-сон "Сурхондарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасини моддий-техника базасини яхшилаш ҳамда давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.04.2021 й.

N 231




СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ

ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКЛАР ШИФОХОНАСИНИ

МОДДИЙ-ТЕХНИКА БАЗАСИНИ ЯХШИЛАШ

ҲАМДА ДАВЛАТ МУЛКИ ОБЪЕКТЛАРИДАН

САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШНИ ТАЪМИНЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Сурхондарё вилоятининг тиббий хизматга эҳтиёжи мавжуд бўлган аҳолисига замонавий ва қулай шароитлар яратиш, юқумли касалликлар шифохонасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Вазирлар Маҳкамасининг "Республика ҳудудларида коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 20 майдаги 306-сон қарорига асосан Термиз тумани "Қорахон" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 1000 ўринли карантинда сақлаш маркази ва 180 ўринли махсус шифохона барпо этилганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тасарруфига берилиши белгиланганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ-4936-сон қарорига асосан 2021 йил учун вилоят юқумли касалликлар шифохонасини реконструкция қилиш ишларига 5,0 млрд сўм ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Мудофаа вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Термиз шаҳар, Бинафша кўчаси, 92-уй, манзилида жойлашган вилоят юқумли касалликлар шифохонасини Термиз тумани, "Қорахон" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янгидан барпо этилган 180 ўринли махсус шифохона биносига жойлаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


3. Белгилансинки:

Термиз шаҳар, Бинафша кўчаси, 92-уй, манзилида жойлашган вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳудудида тиббий ўқув-симуляция маркази ташкил этилади ҳамда шифохонанинг 2019 йилда таъмирланган ҳаво-томчи инфекцияси бўлими биносига вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази оператив бошқарув ҳуқуқи асосида жойлаштирилади;

"2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш" дастури доирасида Сурхондарё вилояти юқумли касалликлар шифохонаси реконструкцияси қилиш ишларига ажратилган 5,0 млрд сўм маблағ Бандихон тумани тиббиёт бирлашмасини реконструкция қилиш ишларига қайта тақсимланади.


4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Термиз тумани, "Қорахон" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 1000 ўринли карантинда сақлаш марказини белгиланган тартибда оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги тасарруфига бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур объектни қабул қилиш-топшириш ишларини, шунингдек, ундан келгусида самарали фойдаланилишини таъминласин.


5. Вазирлар Маҳкамасининг "Республика ҳудудларида коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 20 майдаги 306-сон қарорининг 3-банди тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"карантин тадбирлари якунланиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган ва Самарқанд вилоятларидаги объектлар Мудофаа вазирлиги томонидан қабул қилиб олинганидан кейин объектларни сақлаш харажатлари республика бюджетидан Мудофаа вазирлиги учун ҳар йили ажратиладиган маблағлар ҳисобига амалга оширилади".


6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                    А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 22 апрель